“Роббим Аллоҳ” деган 31 мусулмон йигитга яна узоқ муддатларга қамоқ жазоси ҳукми сўралди
Матбуот баёноти
“Роббим Аллоҳ” деган 31 мусулмон йигитга яна узоқ муддатларга қамоқ жазоси ҳукми сўралди
2024 йил 10 октябр кунги баёнотда, 31 собиқ сиёсий маҳбус устидан суд маҳкамаси бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Бир неча кун олдин бизга ишончли манбадан мазкур суд жараёни қандай давом этаётгани ҳақида маълумот келди. Манбага кўра, прокурор судьядан йигитларнинг аксар қисмига 18 йилдан махсус тартибли қамоқ жазоси тайинланишини, шундан 5 йили ёпиқ (крытый) режимда ўтказилиши шарт қилиб белгиланишини, қолганларига эса 13 йилдан махсус тартибли қамоқ, шундан 3 йили ёпиқ режимда бўлишини сўраган. Икки маҳкумга эса 7 йил қаттиқ тартибли қамоқ жазоси сўралган. Суд жараёни 22 апрель кунига қолдирилган.
Ушбу собиқ сиёсий маҳбуслар золим Каримов режими томонидан узоқ йилларга қамоққа ҳукм қилиниб, деярли йигирма йилга яқин умрларини Ўзбекистон зиндонларида ўтказган эдилар. Бу вақт мобайнида улардан айримлари ота-оналари ёки бошқа оила аъзоларидан айрилдилар, соғлиқларига зиён етиб, майиб-мажруҳ бўлдилар. Мирзиёев иқтидорга келгач, қамоқ муддати тугаган йигитлар озодликка чиқарила бошланди. Уларнинг ота-оналари ва аҳли оилалари кўп йиллик айрилиқдан сўнг беқиёс қувончга тўлди. Бироқ кўп ўтмай, Мирзиёевнинг “ислоҳот”лари поёнига етмай сўнди. Унинг ўзи “ахлат режим” деб атаган Каримов режимига қайтиб, эндигина озодликка чиққан собиқ сиёсий маҳбусларни яна қайта қамоққа олди.
Хўш, ўзбек режими бу йигитларни нима учун яна кўп йилларга панжара ортига ташламоқчи?! Ҳолбуки, улар қотил ҳам, фирибгар ҳам, порахўр ҳам, ўғри ҳам, зўравон ҳам эмаслар. Жамият уларнинг бирортасидан ҳеч бир соҳада зиён кўрмаган. Уларнинг ягона “айби” – “Роббим Аллоҳ” деганлари, яъни бутун дунёда Аллоҳнинг дини устун бўлсин, инсонлар ҳаётига Исломий қонунлар татбиқ қилинсин, деган қарашлари учундир. Бу инсонлар айнан шу даъватлари туфайли олдинги режим даврида ҳам узоқ йиллар давомида Ўзбекистон зиндонларида бўлган ва турли хил ғайриинсоний азоб-уқубатларга дучор қилинган эдилар.
Олинган хабарларга кўра, прокурор суддан узоқ йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганидан сўнг, айрим йигитларнинг оналари, сингиллари ва аёллари ўз эҳтиросларини боса олмай, маҳкамадаги барча масъулларни, хусусан, прокурор ва судьяларни қаттиқ қарғаганлар. Қандай қилиб қарғамасинлар, қандай қилиб ўзларини босиб турсинлар?! Ахир, уларнинг кўз ўнгида азиз инсонларини турли асоссиз, сохта айбловлар билан узоқ йилларга қамаб юбориш сўралаётган бўлса?! Албатта, Аллоҳ мазлумларнинг дуосини ижобат қилишига шубҳа йўқ. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
«اتَّقِ دَعْوَةَ الْمَظْلُومِ، فَإِنَّهُ لَيْسَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ اللَّهِ حِجَابٌ»
“Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки унинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ”.
Бундан ташқари, Аллоҳнинг изни ила, яқинда тикланажак иккинчи Рошид Халифалик давлати Мирзиёев ва унинг югурдаклари каби мусулмонларга зулм қилганлардан, албатта, ҳисоб сўрайди. У кунда Мирзиёевга на рус оғаси, на Хитой ва на Ғарбдаги хўжайинлари ёрдам бера олмайди.
Жаноб Мирзиёев! “Адолат – давлатнинг ўзаги, суд эса унинг юраги бўлмоғи лозим”, “Суд биносида фақат қонун эмас, ҳақиқат, виждон ва инсонийлик ҳам қарор топмоғи шарт”, “Суд залларида халқ овози эшитилмаса, давлат овози ҳам бир кун гўрдан чиқа олмайди”, “Судьянинг қаламида халқнинг тақдири, унинг овозида мамлакатнинг юраги уради”, “Адолат ўрнатилмаган юртда тараққиёт – пойдеворсиз иморат каби: у бир кун емирилади”. Бу сўзлар сизга тегишли. Наҳотки, уларни шунчаки пиар учун айтган бўлсангиз?! Сўзи бошқа, амали бошқа бўлган мунофиқлар қаторида бўлишдан қўрқмайсизми? Ёки сиз учун мустамлакачи ўрисни рози қилиш кучли, шарафли, ўз халқини қаттиқ туриб ҳимоя қиладиган бир сўзли бошлиқ бўлишдан аҳамиятлими?! Ғамхўр оила бошлиқларидан ажралиб қолаётган ушбу мазлумларнинг қарғишидан ва уларнинг дуоибадини тўсиқсиз қабул қиладиган Аллоҳнинг ғазабидан, интиқомидан қўрқмайсизми?! Аллоҳнинг интиқоми фақат Охиратга қолмайди, балки бу дунёда ҳам келади. Унутманг, Аллоҳ мазлумларни ҳимоя қиладиган ва золимлардан уларнинг ҳаққини битта қолдирмасдан ундириб берадиган одил имомни – халифани, албатта, чиқаради. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
«ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيًّا، فَيَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ يَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا اللَّهُ، ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
“Кейин зўравон подшоҳлик бўлади. Кейин у ҳам ўтади. Сўнгра яна Пайғамбарлик минҳожида Халифалик тикланади”.
Росулуллоҳ ﷺнинг ушбу ҳадисларига кўра, ҳозирги зулм подшоҳлиги охирги нафасларини олмоқда. Халифалик тонги отишига ҳар қачонгидан-да яқин турибди, иншаАллоҳ. Сизнинг олдингизда икки йўл бор: ёки зудлик билан қамоқдаги ва суд жараёни бўлаётган барча сиёсий маҳбусларни озод қилиб, ўзингизга нисбатан Халифа ва мусулмонларнинг ғазабини енгиллатасиз; ёки мусулмонларга зулм қилиш эвазига бўлса-да кофир мустамлакачиларни рози қилишда давом этиб, икки дунёда ҳам зиён-заҳматга қоласиз. Қарор, албатта, сизники!
Эй Ўзбекистон мусулмонлари! Мирзиёев режими Аллоҳ инъом қилган адолатли Ислом қонунлари билан яшашингиздан сизларни маҳрум қилмоқда. Исломни ҳаётга қайтариш йўлида ҳаракат қилаётган биродарларингизни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилмоқда. Бу ҳолатга кўз юмишингизда сизлар учун ҳеч қандай узр йўқ. Исломга мувофиқ ҳаёт кечириш барча мусулмонлар учун фарздир. Демак, Исломий ҳаётни қайта тиклаш учун ҳаракат қилиш айрим инсонларнинг эмас, балки барча мусулмонларнинг вожибидир. Шундай экан, бу йўлда ҳаракат қилаётган биродарларингизни қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳимоя қилиш сизнинг шаръий бурчингиздир. Бундан сиз Аллоҳ азза ва жалланинг олдида, албатта, сўраласиз! Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
«الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ، لَا يَظْلِمُهُ وَلَا يُسْلِمُهُ»
“Мусулмон – мусулмоннинг биродари. У на унга зулм қилади, на уни ёрдамсиз ташлаб қўяди”.
Сўнгги сўз ўрнида айтамиз, бу йўлда сусткашлик қилманг, ушбу савобли дамларни ғанимат билинг, мазлум биродарларингизни ёрдамсиз қолдирманг!!! Ва билингки, Аллоҳ таоло, шубҳасиз, Ўз ишида ғолибдир.
.وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَىٰ أَمْرِهِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ
– “Аллоҳ ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўпчилиги (буни) билмайдилар”. (Юсуф:21)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми