Россиянинг империяча таҳдидлари ва Марказий Осиёнинг тарихий имконияти
Россиянинг империяча таҳдидлари ва Марказий Осиёнинг тарихий имконияти
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Сўнгги йилларда Россия марказий телеканалларида Соловьёв, Дугин ва Прилепин каби “Кремл карнайлари”нинг Марказий Осиё давлатлари суверенитетини шубҳа остига олиши, халқимизни таҳқирлаши ва “совет ерларини қайтариш” ҳақидаги сафсаталари одатий ҳолга айланиб қолди. Хусусан, шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Александр Дугиннинг “Марказий Осиё давлатлари Россияга қўшилиши керак, акс ҳолда уларнинг келажаги йўқ” қабилидаги империяча даъволари ёки Владимир Соловьёвнинг ўз кўрсатувларида Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни очиқчасига камситиб, уларни “ношукрлик”да айблаши Россия сиёсий элитасининг асл юзини кўрсатиб бермоқда. Михаил Смолиннинг “1917 йилгача ўзбеклар ва қозоқлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган” деган сафсатаси эса, бу шовинистик кайфиятнинг энг юқори нуқтаси бўлди. Аммо энг аянчлиси бу гаплар эмас, балки ушбу таҳқирларга нисбатан минтақа давлатлари томонидан берилаётган сукут ёки ўта эҳтиёткорона, “тишсиз” расмий баёнотлардир.
Россия ҳукумати ўз ичкарисида меҳнат муҳожирларига нисбатан нафақат қаттиқ сиёсат юритмоқда, балки уларни очиқчасига Украина урушига, “гўшт майдалагич”га улоқтирмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия қамоқхоналаридаги минглаб мусулмон маҳбуслар турли босим ва ваъдалар билан урушга мажбурланмоқда. Паспорт бериш ваъдаси, алдов ёки мажбурлаш йўли билан минглаб мусулмонлар бегона урушнинг қурбонига айланмоқда. Ҳатто Россия фуқаролигини янги олганларни ҳам масжидлар ва иш жойларидан тўғридан-тўғри ҳарбий комиссариатларга олиб кетиш ҳолатлари одатий тус олди. Бу вазиятда ҳукуматлар ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ўрнига, Россия билан иқтисодий ва сиёсий алоқалар совушидан қўрқиб, тилини тишлаганча турибди.
Ваҳоланки, бугунги кунда Россия, Украина уруши туфайли иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан сезиларли даражада заифлашган. Унинг бир вақтнинг ўзида иккита фронтда фаол ҳарбий ҳаракатлар бошлашга ресурси ҳам, имконияти ҳам йўқ. Британия разведкаси (MI6) ва Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертларининг таъкидлашича, Россия ўз армиясини тўлдириш учун мажбурий сафарбарлик ва муҳожирларни жалб қилишга муҳтож бўлиб қолган. Эстония ташқи разведка хизмати ҳисоботида қайд этилишича, Россиянинг ҳарбий салоҳияти Украинадаги катта йўқотишлар сабабли камида 5-10 йилга орқага кетган. Иқтисодий жиҳатдан эса, Оксфорд Иқтисодиёт институти таҳлилчилари Россия ЯИМнинг узоқ муддатли пасайиши ва технологик қарамлик кучайишини прогноз қилмоқдалар. Бу эса минтақа давлатлари учун бирлашиб, Россия босимидан чиқиш учун энг қулай фурсатдир. Бироқ бу бирлашиш бошқа бир мустамлакачи давлатнинг қанотига киришни ёки “хўжайинни алмаштириш”ни назарда тутмаслиги лозим.
Ҳозирги шароитда Марказий Осиё давлатлари учун амалга ошириш имкони бўлган энг самарали ечим – ички кучга таянган ҳолда “Жамоавий субъектлик”ни тиклашдир. Бу ерда “Жамоавий субъектлик” ибораси минтақа давлатларининг тарқоқ ҳолда йирик кучлар қўлида “объект” (қўғирчоқ) бўлиб қолишдан тўхтаб, халқаро майдонда ягона, мустақил ва ўз тақдирини ўзи белгиловчи яхлит куч (субъект) сифатида намоён бўлишини англатади. Бу стратегик ечимларни амалга ошириш учун минтақа раҳбарларидан, аввало, сиёсий жасорат ва дунёқарашни ўзгартириш талаб қилинади. Бу ерда дунёқарашни ўзгартириш деганда, минтақа раҳбарларининг ўзларини ҳали ҳамон “советдан қолган чекка ўлка” ёки “катта оға” (Россия) кўрсатмаларига муҳтож “кичик ука” сифатида кўришдан тамоман воз кечишлари назарда тутилади. Бу – мустамлакачилик занжирларидан руҳан озод бўлишдир. Биринчидан, раҳбарлар шахсий ҳокимият кафолатини Кремлдан излашни тўхтатиб, “Кремл қўрқуви”дан халос бўлишлари шарт. Иккинчидан, минтақавий суверенитетни шунчаки “президентлар учрашуви” форматидан юридик кучга эга бўлган Институционал блокка ўтказиш лозим. Бу блок Россиянинг ҳар қандай таҳқирига бешта давлат номидан ягона кескин жавоб бериши, миграция масаласида Россия билан алоҳида эмас, балки жамоавий шартлар асосида музокара қилиши керак. Учинчидан, стратегик ресурслар – олтин, газ, уран ва сув устидан назоратни хорижий корпорацияларга эмас, балки минтақавий ички назоратга ўтказиш, минтақа хавфсизлигини эса ҳеч қандай чет эл ҳарбий базаларисиз (на Россия, на АҚШ), фақат қўшма мудофаа тизими орқали таъминлаш шарт.
Шуни ҳам англаш керакки, кўплаб халқаро ташкилотлар (БМТ, ХВФ, Жаҳон банки) аслида мустамлакачи давлатлар манфаати учун хизмат қилувчи тизимлардир. Агар минтақа бирлашса, улар “инсон ҳуқуқлари” ёки “иқтисодий ислоҳотлар” ниқоби остида санкциялар билан таҳдид қилиши мумкин. Аммо Марказий Осиё блок сифатида ўз ички бозори ва олтин-валюта захираларини бирлаштирса, бу ташкилотларнинг “қарз тузоқлари”га эҳтиёж қолмайди. Халқаро ҳуқуқ фақат кучлилар тарафида эканини инобатга олсак, жамоавий бирлик бу ташкилотларнинг адолатсиз талабларига “йўқ” дея олиш имконини беради. Бирлашган минтақа ўз шартини қўйса, халқаро ташкилотлар жазолаш эмас, балки келишиш йўлини қидиришга мажбур бўлади.
Бироқ юқорида қайд этилган сиёсий ва иқтисодий қадамлар мустаҳкам мафкуравий пойдеворсиз вақтинчалик характерга эга бўлиб қоллаверади. Чунки фақат моддий манфаат ёки хавф-хатарга асосланган иттифоқлар манфаатлар ўзгариши ёки ташқи босимлар остида тез парчаланиб кетади. Бу боши берк кўчадан чиқишнинг мутлақ ва ҳақиқий ечими – минтақа халқларини асрлар давомида қон-қардош қилиб келган Ислом омилидир.
Исломий ечимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – мустамлакачилар томонидан чизилган сунъий чегаралар муаммосини илдизи билан ҳал қилишидир. Ислом давлатида бундай тўсиқлар олиб ташланади, зеро мусулмонлар ўртасида ер талашиш эмас, балки Аллоҳнинг ҳукми остида бирлашиш фарздир. Агар Мовароуннаҳр Халифалик давлатининг бир бўлаги бўлганида эди, на Россия ва на бошқа бирор мустамлакачи куч мусулмонларни ҳақорат қилишга ва уларнинг бойликларини талон-тарож қилишга ботинолмаган бўларди.
Бугун минтақа раҳбарларининг қўлида тарихий имконият турибди. Улар ўз халқларини мустамлакачилик кишанларидан қутқариш ва ҳақиқий азизликка қайтариш учун Исломдан бошқа нажот йўқлигини англаб етишлари шарт. Агар улар бу одил ечимга қўл уришса, нафақат тарих саҳифаларида буюк халоскор сифатида қоладилар, балки ўзларининг ва халқларининг икки дунёсини қутқарган бўладилар. Шунинг учун раҳбарлардан талаб қилинадиган энг катта масъулият – Исломни “хавф” деб билишни тўхтатиб, уни минтақани озод ва қудратли қилувчи ягона мафкуравий куч сифатида тан олишдир. Зеро, Халифалик халқаро майдонда мусулмонларнинг манфаатини ҳимоя қилувчи ягона қудратли давлатдир. Фақатгина мана шундай илоҳий тузум мустамлакачиларни ўз жойига ўтқазиб қўя олади. Зеро, ҳақиқий озодлик ва номус – инсонларга қул бўлишда эмас, балки Аллоҳнинг ҳукми остида азиз бўлишдадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ
– “Ҳолбуки, азизлик (куч-қудрат) Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”. (Мунофиқун:8)
Салоҳиддин
02.02.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми