Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларга қисқача назар
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларга қисқача назар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
АҚШ ташқи сиёсатининг Марказий Осиёдаги, хусусан Ўзбекистондаги хатти-ҳаракатлари — бу шунчаки дипломатик алоқалар эмас, балки Евроосиё юрагида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш ва асосий рақиблари бўлмиш Россия ҳамда Хитойни жиловлаш учун тизимли равишда амалга оширилаётган геостратегик мустамлакачиликдир. Вашингтон учун «Америка манфаати ҳар нарсадан устун» ғояси мутлақ мезон бўлиб, у Ўзбекистонни нафақат стратегик «буфер зона», балки иқтисодий жиҳатдан АҚШ саноатига боғланган муте ҳудуд сифатида кўради.
Вашингтон бу мақсадларига эришиш учун комплекс ёндашувдан фойдаланмоқда: биринчиси — бевосита таъсир ўтказиш, яъни юқори даражадаги саммитлар, ҳарбий қўмондонлик ташрифлари ва очиқ сиёсий босимлар орқали амалга ошириладиган экспансия бўлса; иккинчиси — билвосита таъсир механизмлари, яъни ўз орбитасидаги давлатлар, ХВЖ ва Жаҳон банки каби халқаро молиявий ташкилотлар ҳамда «юмшоқ куч» воситалари орқали мамлакатни ичидан жиловлашдир. Бу икки йўналишнинг мувофиқлаштирилиши Ўзбекистонни нафақат ташқи сиёсатда, балки ички иқтисодий ва маданий жабҳаларда ҳам мутлақ қарамликка етакламоқда.
Бу стратегиянинг энг юқори ва тарихий нуқтаси сифатида 2025 йил 6 ноябрда Вашингтонда, Оқ уйда бўлиб ўтган «С5+1» саммитини кўрсатиш мумкин. Мазкур учрашув ушбу форматнинг 10 йиллик юбилейига тўғрилаб ташкил этилди ва тарихда илк бор бошқа халқаро тадбирлар соясида эмас, балки айнан Марказий Осиё раҳбарлари учун махсус ташкил этилган алоҳида Оқ уй саммити сифатида қайд этилди. Ушбу саммитда Дональд Трамп минтақа раҳбарларини ўз ҳузурига жамлаб, Американинг янги прагматик истилосига асос солди. Трампнинг ўз ижтимоий тармоқларида қолдирган «Ўзбекистон келгуси 3 йил ичида 35 миллиард доллар, 10 йил ичида эса 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритади» деган баёноти Вашингтоннинг асл мақсадини очиқлаб қўйди: Ўзбекистон нафақат хомашё манбаи, балки АҚШ иқтисодиётини тиклаш учун ишлатиладиган улкан молиявий донорга айлантирилмоқда. 100 миллиард долларлик авиация (Boeing), автоқисмлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси харидлари ҳақидаги ваъдалар — бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ўнлаб йиллар давомида АҚШ корпорацияларига кишанланиши демакдир.
АҚШнинг бу геосиёсий шахмат тахтасида Туркия, Покистон, Жанубий Корея, Япония ва бошқа минтақавий давлатларнинг роли ҳам Вашингтон режаларига хизмат қилади. Шавкат Мирзиёевнинг шу кунларда Туркияга амалга оширган ташрифи ва Анқарадаги учрашувлар Вашингтоннинг минтақани ғарбга боғлаш режасининг бир қисмидир. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг энергия ва транспорт йўлаклари хавфсизлиги ҳақидаги баёнотлари АҚШнинг минтақани Россиядан «туркий бирлик» ниқоби остида узиб олиш стратегиясига тўлиқ мос келади. Озарбайжон эса ушбу занжирнинг навбатдаги бўғини сифатида Ўзбекистон ресурсларини Россияни четлаб ўтиб, ғарб бозорларига етказишда АҚШнинг стратегик воситасига айланган. Покистон билан ўрнатилаётган кенг қамровли алоқалар ҳам айнан шу занжирнинг муҳим ҳалқасидир. Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи ва Шаҳбоз Шариф билан имзолаган Стратегик ҳамкорлик кенгаши доирасидаги қатор битимлар — кончиликдан тортиб мудофаа ва ядро хавфсизлиги соҳасигача — Ўзбекистонни жануб йўналиши орқали Вашингтоннинг минтақавий малайлари билан янада жипслаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, ташқи сиёсатда АҚШнинг орбитасида айланувчи Жанубий Корея ва Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига, хусусан юқори технологиялар ва инфратузилма лойиҳаларига киритаётган сармоялари ҳам минтақани Россия ва Хитой таъсиридан узоқлаштириш ҳамда ғарб мафкураси ва иқтисодий андозаларига мослаштириш стратегиясининг ажралмас бўлагидир. Саудия Арабистонининг минтақага киритаётган йирик сармоялари ҳам кўп ҳолларда Вашингтон билан келишилган ҳолда, минтақани Россия энергия таъсиридан узоқлаштиришга қаратилган.
Бундан ташқари, АҚШнинг билвосита таъсир ўтказувчи молиявий қуроллари — Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки каби ташкилотлар ҳам Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан жиловлашда фаол иштирок этмоқда. Ушбу институтлар томонидан берилаётган кредитлар ва «ислоҳотлар» талаблари аслида мамлакат иқтисодиётини Вашингтон назоратидаги глобал тизимга тўлиқ қарам қилиш учун ишлатиладиган мустамлакачилик воситаларидир.
Бироқ бу экспансиянинг хавотирли нуқталаридан — 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилиши бўлди. Бу қадам мамлакатнинг ички бозори ва ижтимоий онгини Американинг маданий ва иқтисодий таъсири олдида мутлақо ҳимоясиз қолдирганини англатади. Виза тизими — бу давлатнинг суверен фильтридир. Унинг бекор қилиниши Американинг турли ННТ вакиллари, «мустақил» экспертлари ва маданий агентларининг минтақага тўсиқсиз кириб келишига йўл очди. Бу «юмшоқ куч» (Soft Power) орқали халқнинг, айниқса ёшларнинг диний ўзлигини сусайтириш, Америка турмуш тарзини ягона андоза сифатида сингдириш ва иқтисодий разведка маълумотларини бевосита «жойида» тўплаш учун яратилган ҳуқуқий йўлакдир.
Вашингтоннинг иқтисодий ва хомашёвий истилоси жорий йилнинг февраль ойида ўз авжига чиқди. 2026 йил 5 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтган ўта муҳим минераллар бўйича Вазирлар йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида «Муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандуми» имзоланди. Қалампир.уз ва UPL.uz нашрларининг хабар беришича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау билан ушбу ҳужжатни расмийлаштирган. Саидовнинг таъкидлашича, бу минераллар «нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли ҳамкорлик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун муҳим йўналиш»дир. Аслида эса, АҚШнинг «тоза энергетика» ва «таъминот занжирлари» ҳақидаги чиройли шиорлари ортида Ўзбекистоннинг стратегик хомашё базасини (уран, литий, мис ва бошқа нодир металлар) Америка саноатининг тўлиқ назоратига ўтказиш режаси ётибди.
Шунингдек, айнан шу куни Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва унинг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Қалампир.уз нашрига кўра, Марко Рубио билан бўлган «кенг қамровли ва мазмунли мулоқот»да нафақат икки томонлама кун тартиби, балки глобал миқёсдаги энг долзарб масалалар муҳокама қилинган. Учрашувда яқинда ташкил этилган «Тинчлик кенгаши» платформасининг «самарадорлиги» алоҳида таъкидланган бўлиб, у гўёки можаролардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорлик таъминлаши айтилган. Вазир Саидовнинг билдиришича, Кристофер Ландау билан музокаралар 2026 йилга мўлжалланган икки томонлама кун тартибини ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги кенгайтирилган стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Вашингтоннинг иқтисодий босими АҚШ Молия вазирлиги мулозимларининг Тошкентга тинимсиз ташрифларида ҳам ўз ифодасини топди. 2024 йил 13-14 ноябрь кунлари Вашингтонда бўлиб ўтган «Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти» (ESPD) доирасида АҚШ Давлат департаменти мулозими Николас Берлинснинг «Ўзбекистон ислоҳотлар йўлида давом этиши керак» деган баёноти аслида мамлакат иқтисодий жиловларини тўлиқ ғарб стандартларига топшириш талабидир. Ҳарбий соҳада эса CENTCOM қўмондони генерал Майкл Курилланинг 2023 йил 14-16 июнь, 2024 йил март ва октябрь ойларидаги ташрифлари Ўзбекистон ҳудудини АҚШнинг «уфқ ортидаги» разведка тизимига интеграция қилишни мақсад қилган.
Вашингтоннинг минтақадаги назоратини янада мустаҳкамлаш мақсадида АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серхио Горнинг фаоллиги диққатга сазовордир. У 2025 йил октябр ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 2026 йил 3-7 феврал кунлари яна минтақага — Ўзбекистон ва Қирғизистонга келди. Бишкекда ўтказилган «B5+1» бизнес форумида журналистлар билан учрашган Серхио Гор Трамп маъмуриятининг асл мақсадини очиқ-ойдин баён қилди:
«Менда президент Трампдан оддий мессеж бор — Қўшма Штатлар бу минтақа билан ишлашни хоҳлайди, Қўшма Штатлар бу минтақага устуворлик беради ва биз яқин уч йил ичида маъмуриятимиз сиёсатини айнан шу асосда қурмоқчимиз. Узоқ вақт давомида АҚШ бу минтақага лозим даражада эътибор бермаган эди. Президент Трамп раҳбарлигида биз буни ўзгартириш ниятидамиз. Ўтган йили Оқ уйдаги C5+1 саммитида ҳамма гувоҳ бўлганидек, бу устуворлик Овал кабинетдан чиқмоқда. Бу биз диқат-эътиборимизни қаратадиган ва сиёсатимизни қурадиган асосдир. Бу ўзаро манфаатли. Бизда энг яхши технологиялар ва энг яхши имкониятлар бор. Биз айнан шу асосда минтақа давлатлари ва ҳамкорлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Мен бугун форумда қатнашаётган компаниялар рўйхатига қарадим ва шуни айтишим керакки, бу минтақага келган компанияларнинг энг узун ва энг аҳамиятли рўйхатидир. Биз келгуси ойлар ва йилларда шунга таянамиз. Бу фақат бошланиши». (tv.akipress.org)
Серхио Горнинг Тошкентдаги ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева билан бўлган учрашуви Вашингтоннинг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий иштирокини янги босқичга кўтаришга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлди. Томонлар иштирокида «Ўзбекистон-АҚШ бизнес ва инвестициялар кенгаши»нинг илк йиғилиши ўтказилди. Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, муҳокамалар «маҳсулдор ва келажакка йўналтирилган муҳитда» ўтган бўлиб, икки давлат учун муҳим бўлган асосий йўналишлар бўйича «кенг кўламли ишлар кутилмоқда». Ушбу Кенгашнинг ташкил этилиши АҚШ капиталининг Ўзбекистон ички бозорига тизимли равишда кириб келиши ва мамлакатнинг иқтисодий бошқаруви устидан Вашингтон назоратини кучайтиришини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, Жо Байденнинг 2023 йил 19 сентябрдаги «Бу бизнинг ҳамкорлигимиздаги тарихий лаҳза бўлиб, у минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий интеграцияга хизмат қилади» деган баёнотидан бошлаб, Трампнинг 2025 йил 6 ноябрдаги 100 миллиард долларлик иқтисодий босими ва Серхио Горнинг Саида Мирзиёева билан ўтказган сўнгги музокараларигача бўлган жараён — бу Ўзбекистон суверенитетининг АҚШ геосиёсий амбицияларига тизимли равишда қурбон қилинишидир. Вашингтон ҳеч қачон тенг ҳуқуқли шериклик қилмайди. У фақат ўз глобал ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун янги вассаллар ва иқтисодий донорлар қидиради. Капитализмнинг бу мараз башарасига хушомад қилиш ва 100 миллиард долларлик ваъдалар эвазига мустақилликни савдога қўйиш — келажак авлодларни АҚШнинг иқтисодий ва маданий қулчилигига маҳкум этиш демакдир. Бу — демократик шиорлар билан безатилган, лекин моҳияти янги мустамлакачиликдан иборат бўлган замонавий империализмнинг энг юқори нуқтасидир.
Бу каби тизимли мустамлакачилик ва геосиёсий қамалга қарши ягона ҳақиқий ечим — мусулмонларнинг ўзларини бу кофир кучлардан ҳимоя қила оладиган, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан мустақил бўлган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатидир. Фақат Халифаликкина мусулмон ўлкаларининг табиий бойликларини Вашингтон корпорацияларига талон-тарож қилиш учун топшириб қўймайди, балки уларни Умматнинг туб манфаатлари, ҳақиқий фаровонлиги йўлида ишлатади. Ғарбнинг «визасиз истило» ва иқтисодий кишанларига фақат ягона Халифа бошқаруви остида бирлашган кудратли исломий давлатгина барҳам бера олади ва мусулмонларни бугунги хорликдан азизликка олиб чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилади:
وَلَن تَرْضَىٰ عَنكَ الْيَهُودُ وَلَا النَّصَارَىٰ حَتَّىٰ تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمْ
«Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам то уларнинг динига эргашмагунингча, ҳаргиз рози бўлмаслар». (Бақара:120)
Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қиладилар:
سَيَكُونُ أُمَرَاءُ، فَمَنْ صَدَّقَهُمْ بِكَذِبِهِمْ وَأَعَانَهُمْ عَلَى ظُلْمِهِمْ فَلَيْسَ مِنِّي وَلَسْتُ مِنْهُ وَلَا يَرِدُ عَلَيَّ الْحَوْض
«Яқинда шундай амирлар (раҳбарлар) бўладики, ким уларнинг ёлғонларини тасдиқласа ва зулмларига ёрдам берса (кўмаклашса), у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман. У (Қиёматда) Кавсар ҳавзимга яқинлаша олмайди» (Имом Термизий ривояти).
Салоҳиддин
16.02.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми