ЕВРОПА: БОҒБОНЛИКДАН ҚУРБОНЛИККАЧА

ЕВРОПА: БОҒБОНЛИКДАН ҚУРБОНЛИККАЧА
Стратегик ишонч таг-туги билан емирилаётган ва Америка гегемонлиги кун ботишига яқинлашаётган бугунги глобал тартибсизликда Европа ўзини ҳар бир халқаро жараёнга «ҳакамлик» қилишга иштиёқманд иқтисодий гигант сифатида кўрсатмоқда. Бироқ Ғарб геосиёсий онг-у шуурининг цивилизацион таҳлили шуни фош этмоқдаки, аслида «Кўҳна қитъа» — омонат пойдевор устида одимлаётган ва демографик инқироз гирдобида жон таслим қилаётган кекса бир кучдир.
Эрон атрофидаги кескинлик нафақат Ғарбнинг «тийиб туриш» (deterrence) доктринаси чиппакка чиққанини, балки «Европа лойиҳаси»нинг нақадар мўрт ва омонат эканини ҳам яланғочлаб қўйди. Бугунги Европа — бир томондан Америка билан уруш гирдобига киришдан ваҳимага тушадиган, бошқа томондан НАТОнинг «вассали» бўлишни истамайдиган, Хитой шартлари асосидаги тинчликдан сесканадиган ва Россия ҳарбий экспансияси қаршисида лол қолган бечораҳол бир қитъадир. У энергетик ва ҳарбий суверенитет тугул, ўз ошқозонини (озиқ-овқат хавфсизлигини) таъминлашдан ҳам ожиз.
Эрон муаммоси Ғарб сиёсий тафаккуридаги тизимли нуқсонлар ва Европанинг кўп қатламли заифлигини фош этувчи кўзгуга айланди. Денгиз қатновидаги таҳдидлар ва «прокси» кучларнинг бўй кўрсатиши фонида Европа ҳеч қандай мустақил қарши чора ярата олмай, шунчаки қуруқ сиёсий ваъзлар ва рамзий мудофаа ҳаракатлари билан чекланмоқда. Бунинг боиси ресурс тақчиллиги эмас, балки қитъа ичидаги ягона геосиёсий ироданинг фалаж бўлиб қолганидир.
Европа пойтахтлари Эрон билан кутилаётган тўқнашувнинг «қўшалоқ портлаш»га айланишидан ҳадиксирамоқда: бу ҳам энергия инқирози, ҳам ядровий келишув қолдиқларининг буткул йўқ бўлишидир. Бироқ энг тубдаги ваҳима бошқа: Кўрфаздаги ҳар қандай уруш Европани яна Американинг «хавфсизлик соябони» остига судраб киради. Макрон «стратегик мустақиллик» ҳақида бонг ураётган бир пайтда, Польша ва Болтиқбўйи давлатлари ҳамон Вашингтоннинг этагидан қаттиқ тутиб олган.
Ушбу ички парокандалик «мустақиллик» ғоясини амалий лойиҳадан кўра кўпроқ баландпарвоз ва қуруқ шиорга айлантирмоқда. Кекса қитъа бугун Американинг сиёсий «болғаси» ва Хитой иқтисодиётининг «тўқмоғи» орасида тиқилиб қолган: Вашингтон ўз иттифоқчиларини жанг майдонига итараётган бўлса, Пекин сиёсий сукут эвазига иқтисодий жаннат ваъда қилмоқда. Натижада Европа Яқин Шарқдек муҳим нуқталарда суверен қарор чиқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб бормоқда.
Европа инқирози — бу шунчаки геосиёсат эмас, балки мафкуралар тўқнашувидир. Ғарб элитаси инсон ҳуқуқларидан қанчалик ваъз ўқимасин, дунёни ҳамон «имтиёзли марказ» ва унга бўйсуниши шарт бўлган «итоаткор чеккалар»га ажратиб кўради. Евроиттифоқ мутасаддиси Жозеп Боррель Европани — яшнаган «боғ», қолган дунёни эса ўша боққа ёпирилиб кирувчи ваҳший «чангалзор» деб таърифлаб, Ғарбнинг ичидаги мағрур ва мутакаббир қиёфасини очиб ташлади.
Бу шунчаки тил учида айтилган гап эмас, балки ўзгаларни «тартибсиз тўда» деб билувчи Ғарб стратегик тафаккурининг асл моҳиятидир. Ғарб ёндашуви оддий: куч етса — бостириб кириш, куч етмаса — санкциялар билан бўғиш. Икки ҳолатда ҳам мақсад — қонунийликни ўз монополиясига олиш ва қолганларни ўзлари иштирок этмаган «ўйин қоидалари»га бўйсундиришдир. Айни дамда эса, яҳудий вужуди минтақада ҳар қандай халқаро меъёрни оёқости қилиб, ўзбошимчалик билан қон тўкишда давом этмоқда.
Бироқ дунё амалдаги халқаро тартибот билан алоқаларни узиш босқичига кирди. Америка ва унинг эркатойи — яҳудий вужудининг халқаро ҳуқуқни намойишкорона топташи бу жараённи тезлаштирувчи туртки бўлди. Эрон, Хитой ва Россия каби давлатлар Ғарбни энди ягона «қутб» деб билмайди, балки унга айланиб ўтиш мумкин бўлган тўсиқ сифатида қарайди. Шу боис, Осиё иқтисодий тармоқлари ва БРИКС каби блоклар юксалган сари, Ғарбнинг «санкция калтаги» аввалгидек таъсир кучини йўқотмоқда.
Европа бу улкан бурилишни англаса-да, уни тан олишга юраги бетламайди. У бир томондан Американинг ҳарбий «қалқони»га муҳтож, бошқа томондан Осиё бозорларига қарам. Натижада Брюссель иккиланиш исканжасида қолган: у на мустақил қадам ташлай олади ва на Ғарб гегемонлигидан кейинги дунёни қабул қилишга руҳан тайёр. Бу орада Евроиттифоқдан қадамини узиб чиққан Британия, иқтисодий таназзул оғриғига «малҳам» қидириб, Кўрфаз давлатлари билан тарихий савдо битимини имзолашга улгурди.
Бугунги Европа ташаббус кўрсатишдан кўра, ўз соясидан қўрқадиган кучга айланди. У энергия танқислигидан, миграция тўлқинларидан, ўз бағрида мусулмонлар сони ортишидан, популистик ўнг қанот кучларидан ва сунъий интеллектдан ортда қолишдан ваҳимада. Энг асосийси, қитъа асрлар давомида мустамлакачилик орқали тўплаган «имтиёзли ҳаёти»ни бой беришдан қўрқмоқда. Ҳатто «Европа қадриятлари» ҳақидаги ваъзлар ҳам энди рамзий устунликни сақлаб қолишга бўлган сўнгги нажот чорасидек кўринмоқда.
Эрон муаммоси ўз соясидан сесканадиган Европанинг ожизлигини фош этди, бироқ бу инқироз кўлами анча теранроқдир. Биз бугун замонавий халқаро тизимнинг ахлоқий ва сиёсий ўзаги босқичма-босқич чириётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Америка дунёни «куч ва манфаат» тарозиси билан ўлчамоқда, Хитой эса «ваҳший капитализм» воситасида глобал таъсирини кенгайтирмоқда. Глобал Жануб эса энди империяларнинг «ўйин майдони» бўлишни истамаяпти.
Якка қутбли дунё тарихи тугади, аммо барқарор ва адолатли янги тартибот ҳали барпо этилгани йўқ. Ҳозирги тартибсизлик — бу шунчаки ўтиш даври эмас, балки улкан «стратегик бўшлиқ»дир. Бу бўшлиқ ичида ҳарбий ва иқтисодий мушаклари бақувват, аммо бутун инсониятга нажот бера оладиган мафкуравий нурдан маҳрум кучлар бир-бирининг томоғини ғажимоқда.
Эндиликда ҳақиқий савол Ғарбнинг Эронга жавоби ҳақида эмас, балки дунё гегемонлик ва тартибсизлик исканжасидан қутула оладими, деган мазмунда бўлиши керак. «Эпштейн цивилизацияси»нинг иркит маҳсулотларидан холи, инсон шаъни ва адолатни байроқ қилувчи янги тизимни ким тақдим эта олади? Мавжуд қонун ва меъёрларни тубдан ислоҳ қила оладиган ҳақиқий муқобил куч борми?
Бугунги таҳликали дамлар XXI аср учун хавфсизлик ва суверенитет тушунчаларини қайта таърифловчи янги мафкуравий лойиҳанинг туғилиши учун ноёб тарихий имкониятдир. Бу лойиҳа зўравонлик, талон-торож ёки сиёсий товламачилик пойдеворига қурилмайди. У халқларни санкциялар ёки «воситачи (прокси) урушлар» орқали бўйсундиришдек разил мантиқни инкор этади.
Зеро, инсон қадри ҳар тонг оёқости қилинаётган бугунги дунё «қудрат инқирози»дан эмас, балки «маъно ва моҳият инқирози»дан тинкаси қуримоқда. Шу сабабли, Ислом Уммати ўз ҳокимиятини қайта тиклаш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик давлатини барпо этиш орқали янги дунё тартиботини тақдим этишга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъул ва муҳтождир. Зеро, инсонга унинг инсонийлигини ва асл шаънини қайтара оладиган ягона қудрат — Ислом низомидир!
Устоз Муҳандис Висом Ал-Атраш
Роя газетасининг 2026 йил 10 июн, чоршанба кунги 603-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ