Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги: Геосиёсий манфаатлар, ички хавфлар ва кутилаётган оқибатлар

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги: Геосиёсий манфаатлар, ички хавфлар ва кутилаётган оқибатлар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2026 йилгача Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш режаси расмий баёнотларга кўра, экспортни ошириш, инвестиция жалб қилиш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади. Бироқ бу баёнот халқ кўзи учун бўялган кўзлик бўлиб, ҳар қандай йирик иқтисодий интеграция нафақат имкониятлар, балки жиддий хавфларни ҳам келтириб чиқаради. Айниқса, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги сектори бу ўзгаришлар таъсирини биринчи бўлиб ҳис қилиши муқаррар.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий экспорт бозорларидан бири узоқ йиллар давомида Россия бўлиб келди. Бироқ сўнгги йилларда Москва миграция ва ташқи савдо воситаларидан сиёсий босим инструменти сифатида фойдаланиб, Ўзбекистон маҳсулотларининг чегараларда кечикиши, сифатининг пасайиши ҳамда айрим тадбиркорларнинг катта зарар ва ҳатто банкротликка учрашига сабаб бўлди. Шунинг учун Тошкентнинг муқобил экспорт бозорларини излашга интилиши иқтисодий эҳтиёждан ҳам, геосиёсий босимдан ҳам келиб чиққан ҳолатдир.
Ўзбек ҳукумати бюджет танқислигини қоплаш, экспортни ошириш ва инвестиция жалб қилиш мақсадида ЯИМ ўсишини устувор вазифа сифатида кўрмоқда. Ташқи қарз 48 миллиард доллардан ошгани учун ҳукумат иқтисодий кўрсаткичлар яхшилансагина қўшимча ташқи молиялаштириш имкони сақланади, акс ҳолда бюджет танқислигини қоплаш янада қийинлашади, деган ёндашувга амал қилмоқда.
Ўзбек ҳукумати ва жамияти учун сўнгги йилларда Европада кузатилган фермерлар намойишлари муҳим сабоқ бўла олади. Франция, Германия, Польша, Нидерландия, Бельгия, Италия ва бошқа давлатларда фермерлар ёқилғи, ўғит, солиқ юки, бюрократик талаблар ва импорт рақобатига қарши оммавий норозилик акцияларини ўтказдилар. Улар Европа Иттифоқининг айрим экологик сиёсати ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, маҳаллий фермерларни рақобатда заифлаштираётганини таъкидладилар. Намойишлар оқибатида айрим давлатлар солиқларни енгиллаштириш, экологик талабларни кечиктириш ва импорт сиёсатига ўзгартиш киритишга мажбур бўлди.
Яна бир муҳокама қилинаётган масала — урбанизация. Шаҳарлашув иқтисодий ривожланишнинг табиий қисми сифатида талқин қилинмоқда. Бироқ у қишлоқларда меҳнат ресурсларининг камайиши, ердан фойдаланиш самарадорлигининг пасайиши ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келса, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу жараённи тезлаштиришда «Европа стандартлари»га мослашиш шиори асосий далил сифатида илгари сурилмоқда.
Шу билан бирга, август ойидан ҳайвонларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш, идентификация қилиш ва ветеринария назоратини кучайтириш чоралари жорий этилмоқда. Расмий изоҳларга кўра, бу тизим тартиб ва назоратни яхшилашга қаратилган. Бу тизим ортидан давлат ўз манфаатини, яъни халқнинг қанча мол-мулки борлиги, солиқлар тушумини ошириш ва мутлақ назоратни кўзлаб иш тутган бўлса, Ғарб акулалари эса, капитализацияни мақсад қилгани аниқ.
Ҳукуматнинг бу кетишдаги сиёсатида Ўзбекистонда хорижий йирик компанияларнинг қишлоқ хўжалигида маҳаллий деҳқон ва фермерлардан устунлик қилиши ва у гигантларга тобе бўлиши хатари очиқ ҳақиқатдир. Бунинг айрим кўринишлари Хитой компаниялари ўзбек бозорига кириб келганида ҳам кузатилган, бундай жараён эса деҳқон ва фермерларнинг соҳани тарк этишига олиб келиши мумкин. Ғарбнинг асосий мақсади ҳам айни шундай холатни вужудга келтиришдир.
Бундай қарор ва талаблар ортида ким турибди?
Аввалги мақолада таъкидлаганимиздек, Ғарб капиталистик доиралари ўз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суришда айрим халқаро ташаббуслар ва экспертлардан фойдаланмоқда. Жумладан, Джеффри Сакс ва SDSN лойиҳаларининг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёдаги фаоллашуви ҳам шу жараённинг бир қисми сифатида баҳоланади. Ўзбек ҳукумати эса, бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Билл Гейтснинг баёнотларига кўра, унинг инвестиция жамоаси АҚШда катта ҳажмда қишлоқ хўжалиги ерларини харид қилмоқда. Бу фақат якка ташаббус эмас. Сўнгги 15-20 йилда қишлоқ хўжалиги ерлари стратегик актив сифатида йирик инвестиция фондлари ва пенсия жамғармалари томонидан фаол харид қилинмоқда. Улар орасида CalPERS, Cascade Investment, TIAA, Harvard University Endowment ва Farmland LP каби ташкилотлар бор. Бу фондлар АҚШ, Бразилия, Австралия, Канада ва Янги Зеландияда аграр активларга сармоя киритиб, Марказий Осиёни ҳам келгуси стратегик қизиқиш ҳудудларидан бири сифатида кўрмоқда.
Хулоса: Ўзбекистон учун энг муҳим вазифа — халқаро иқтисодий тизимга қўшилишдан аввал унинг узоқ муддатли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини чуқур таҳлил қилиб кўришдир. Чунки ташқи кучларга иқтисодий қарамликнинг бир шаклини бошқасига алмаштириш халқ фаровонлигини кафолатламайди. Аввалда Совет Иттифоқи, кейин Россия таъсири, эндиликда эса Ғарбга қарамликка суяниш мамлакатни мустақил тараққиёт йўлига асло олиб чиқмайди.
ЖСТга аъзолик маҳаллий ишбилармонлар, фермерлар ҳамда мамлакатнинг ер ости ва ер усти бойликлари манфаатлари ҳисобидан амалга ошмаслиги лозим. Давлат миллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобатбардош муҳит яратиб, стратегик бойликларни ўзгалар қўлига ўтишининг олдини олиши шарт. Миллий манфаатни ҳимоя қилиш шиорларда эмас, ана шундай амалий қарорларда намоён бўлади.
Мусулмон жамияти учун энг олий мезон эса, инсонлар тузган иқтисодий тизимлар эмас, балки Аллоҳ нозил қилган ҳукмлардир. Ислом иқтисоди бойликнинг озчилик қўлида жамланишига эмас, балки унинг адолатли тақсимланишига ва жамият манфаатига бирдек хизмат қилишига қаратилгандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ
“Токи (бойлик) сизлардан бўлган бойлар ўртасидагина айланиб (қўлма-қўл бўлиб) қоладиган нарса бўлиб қолмасин”. (Ҳашр:7)
Роя газетасининг 2026 йил 19 август чоршанба кунги 613-сонидан
Муаллиф: Ислом Абу Халил



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ