Сармоя ниқобидаги мустамлакачилик: Ўзбекистон иқтисодиёти кимнинг қўлига ўтмоқда?

Сармоя ниқобидаги мустамлакачилик: Ўзбекистон иқтисодиёти кимнинг қўлига ўтмоқда?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2026 йил 25 сентябрда Франция тараққиёт агентлиги (AFD) билан навбатдаги ҳамкорлик йўналишлари белгиланганини маълум қилди. 2027-2030 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 1,125 миллиард евро бўлган 11 та лойиҳа портфели тақдим этилган. Бу пакет энергетика, транспорт ва сув таъминоти билан бир қаторда, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат молиясини бошқаришни «такомиллаштириш»ни ҳам қамраб олади. Келишувлар ижроси қўшма мониторингга олинган.
Албатта, сув ва электр тармоқларини янгилаш, транспортни ривожлантириш халқ учун жуда зарур. Аммо асосий масала — бу миллиардлар ортида қандай сиёсий ва иқтисодий шартлар яширинганида! Кредит қайси «ислоҳот»ни мажбуран ўтказиш эвазига бериляпти? Уни кайтариш харажати кимнинг гарданига тушади? Мамлакатнинг иқтисодий қарорларини энди ким белгилайди — ҳукуматми ёки Ғарб кредиторларими?
AFDнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган «Яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш» дастури аслида бу «ёрдам»нинг ҳақиқий юзини очиб беради. Агентлик очиқчасига билдиришича, учта имтиёзли кредит маблағлари Ўзбекистон ғазначилигига фақатгина улар талаб қилган ислоҳотлар суръатига қараб ажратилади. Тўғрироғи, Ўзбекистон ҳокимияти AFDдан стратегияни тайёрлаш, молиялаштириш ва амалга оширишни ўзи сўраб олган. Бу шуни англатадики, хорижий кредитор шунчаки пул бермаяпти, балки давлат сиёсатининг жиловини ўз қўлига олмоқда. Ҳукумат навбатдаги молия траншини олиш учун кредиторнинг ҳар бир айтганини сўзсиз бажаришга мажбур. Агар бирор қарорни халқ манфаатига қараб ўзгартирмоқчи бўлса, дарҳол «хўжайинлар»нинг қадаб қўйган шартлари ва маблағ манбаидан айрилиб қолиш хавфи олдида ожиз қолади. Бу — молиявий эҳтиёж орқали бутун бир давлатни жиловлаб туришнинг замонавий усулидир.
Бунинг устига, Жаҳон банки 2025 йил 16 октябрда Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун яна 800 миллион долларлик кредит пакетини тасдиқлади. Бу дастурда давлат корхоналарини сув текинга хусусийлаштириш, телекоммуникация соҳасида алоҳида тартибга солувчи орган тузиш ва электр тақсимотини хусусий қўлларга топшириш талаб қилинган. Не ажабки, банкнинг 2025 йил 15 сентябрдаги дастурий ҳужжатида иситиш ва энергия тарифларини ошириш — бажарилган мажбурият сифатида, нархларни янада кўтариб бориш эса, кейинги пулларни олишнинг асосий шарти сифатида муҳрлаб қўйилган.
Мана, «ислоҳотлар»нинг асл баҳоси қаерда чиқмоқда! Қишда уйини иситиш учун охирги чақасигача тўлаётган оддий аҳоли аслида Жаҳон банки билан тузилган шу машъум шартномаларнинг оғир харажатини ўз пешона тери билан тўламоқда. Кам даромадлиларга бериладиган арзимас компенсациялар эса, халқнинг кўзини бўяш ва нархларнинг тўхтовсиз қимматлашишини хаспўшлашдан бошқа нарса эмас.
Иқтисодий қарамлик фақат кредитлар билангина чекланмаяпти, у ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланмоқда. Европа Комиссияси маълумотига кўра, Ўзбекистон–ЕИ Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими 2025 йил 24 октябрда имзоланиб, 2026 йил 1 мартдан вақтинча кучга кирди. Битимнинг 58-моддасига кўра, Ўзбекистон ўз техник регламентлари ва стандартларини босқичма-босқич Европа Иттифоқи талабларига мослаштириши шарт. 160-модда эса, давлат харидларида Европа компанияларига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир хил шароит яратиб беришга мажбурлайди. 337-моддага биноан, Ҳамкорлик кенгаши қабул қилган қарорлар Тошкент учун мажбурий ҳисобланади. Яъни «Европа бозорига чиқамиз» деган хомхаёл ортида маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан мутлақо маҳрум бўлиш ва ички бозорни Европа монополияларига топшириб қўйиш ётибди.
Бой бераётган сохта мустақиллигимиз шу билан ҳам тугамайди. Тошкент халқаро молия маркази хорижий капитал учун юртимиз бағрида алоҳида «давлат ичида давлат» яратиб бермоқда. 2026 йил 13 июлдаги ЎРҚ–1158-сон Конституциявий қонун билан ушбу марказда Англия ва Уэльс ҳуқуқини қўллаш белгиланди! Марказга 2076 йил 1 январгача — роса 50 йилга улкан солиқ имтиёзлари берилди. Президентнинг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–188-сон фармони билан бу марказни барпо этишни бевосита Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева назорат қилиши белгиланди. Демак, мамлакатнинг ўз қонунлари чеккага суриб қўйилиб, хорижий инвесторлар учун бегона ҳуқуқ тизими ва солиқсиз жаннат яратиш жараёни энг олий сиёсий даражада олиб борилмоқда.
Ҳатто мамлакатнинг олий молиявий захираларини бошқариш ҳам ташқи кучлар қўлига топширилмоқда. Марказий банкнинг 2026 йил 22 сентябрдаги хабарига кўра, 18 сентябрда АҚШнинг гигант инвестиция компанияси — BlackRock билан меморандум имзоланган. Эндиликда давлат захираларини тақсимлаш ва инвестиция хавфларини баҳолаш айнан шу ташқи компаниянинг таҳлиллари ва «маслаҳатлари» асосида амалга оширилади.
АҚШ бундан нима манфаат кўришини яшириб ҳам ўтирмайди. АҚШнинг DFC (Халқаро тараққиёт молия корпорацияси) ташкилоти 2026 йил 16 июндаги баёнотида Ўзбекистон билан қўшма платформа энергетика ва муҳим минералларни АҚШ таъминот занжирига боғлаш ва геосиёсий рақибларига қарши иқтисодий устунликни таъминлашга хизмат қилишини очиқдан-очиқ тан олди.
Мана, асл манзара! АҚШ стратегик бойликларимиз ва минералларимизни ўз манфаатларига бўйсундиряпти, Франция ва Жаҳон банки кредитлар орқали ички тариф ва нархларимизни белгилаяпти, Европа Иттифоқи эса, ҳуқуқий битимлар билан бозоримизни эгалламоқда.
Буларнинг барчаси — молиявий ва ҳуқуқий ниқоб остидаги замонавий мустамлакачиликнинг ўзгинасидир! Хориждан лутф кутиб, маблағга зориққан режим мамлакатнинг иқтисодий суверенитетини бўлаклаб сотмоқда ва у бунинг учун тўлиқ сиёсий жавобгардир. Улар қарз олади, дабдабали рақамларни кўз-кўз қилади ва имтиёзларни қонунийлаштиради; халқ эса қимматчилик, оғир тарифлар ва ўз юртида бегоналарнинг малайига айланиш азобини тортади. Ҳокимиятнинг муваффақияти хориждан олинган қарзлар ва имзоланган дабдабали қоғозлар билан эмас, балки халқнинг ўз бойлигига эгалик қила олаётгани ва тўқ яшаётгани билан ўлчаниши керак!
Ислом адолатида ҳокимият — халқнинг мол-мулки ва манфаатларини муҳофаза қилувчи омонатдир. Умматнинг стратегик ва умумий бойликлари шаръий манба сифатида фақат ва фақат халқнинг фаровонлигига хизмат қилиши, иқтисод эса мустақил бўлиши шарт. Рибога ботган қарзлар, мустамлакачи кучларга қарам қилувчи битимлар ва халқни эзадиган капиталистик ислоҳотлар ҳеч қачон тараққиёт келтирмайди.
Ҳақиқий ечим — иқтисодий қарорларни Уммат манфаати ва Ислом ҳукмларига тўлиқ бўйсундиришдир! Ташқи кучларнинг розилигини излашни тўхтатиб, ички ишлаб чиқариш, маҳаллий мутахассислар ва ўз бойликларимизни асраш орқали оёққа туришимиз лозим. Исломий бошқарув тизими — Халифаликкина Умматни ўз ресурсларининг ҳақиқий эгасига айлантиради, рибо ва мустамлакачилик занжирларини парчалаб, ҳақиқий сиёсий ва иқтисодий мустақилликни кафолатлайди!
Салоҳиддин
06.10.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ