Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хитой билан навбатдаги хоинлик шартномаси
Хабар: Сенат Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой ўртасидаги Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. (kun.uz 05.10.2026й)
Изоҳ: Бу шартнома “Марказий Осиё – Хитой” (5+1) формати доирасида имзоланган биринчи кўп томонлама халқаро ҳужжат бўлиб, томонлар ўртасидаги савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Бугунги кунда глобал логистика, геоиқтисодиёт ва табиий бойликлар устидан назорат ўрнатиш катта давлатлар ўртасидаги рақобатнинг марказига айланди. Марказий Осиё минтақаси эса, географик жойлашуви ва бой ресурслари сабаб айнан шу геосиёсий курашларнинг қизғин майдонларидан биридир. Хитой ушбу майдоннинг энг фаол ва кучли ўйинчиларидан бири бўлиб, ўз геостратегик манфаатларини “Бир макон, бир йўл” каби глобал ташаббуслар ва “5+1” шартномалари орқали ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб бормоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, дипломатик тилда “абадий дўстлик” деб номланган шартнома аслида кучлар мувозанати тенг бўлмаган ва асосан бир томон – Пекиннинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган ҳужжатдир. Ташқи томондан минтақага миллиардлаб долларлик инвестициялар киритилаётгани, корхоналар ва логистика инфратузилмалари қурилаётгани иқтисодий ютуқ сифатида тақдим этилаётган бўлса-да, реал воқелик атрофлича ва чуқурроқ таҳлилни талаб этади: Халқаро валюта жамғармаси ва Center for Global Development тадқиқотларига кўра, Хитой инвестициялари ва инфратузилмавий кредитлари минтақа давлатлари ташқи қарзининг сезиларли қисмини ташкил этади. Бундан ташқари, Хитойнинг минтақадаги асосий манфаати энергоресурслар ва ноёб металларни арзон манбадан олишга қаратилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий қисми қайта ишлаш ёки юқори технологияларга эмас, балки қазиб олиш ва транспорт инфратузилмасига йўналтирилмоқда. Шунингдек, Хитой лойиҳаларида асосан Хитойдан олиб келинган ишчи кучи ва пудратчи компаниялар иштирок этади. Бироқ масаланинг энг оғриқли жиҳати, Шарқий Туркистонда миллионлаб уйғур ва марказий осиёлик мусулмонларнинг эътиқодига қарши уруш очган, масжидларни вайрон қилиб, Қуръон ва рўзани тақиқлаган Хитой режими билан шартнома тузишдир. Бу эса, зулмга сукут қилиш ва унга рози бўлишдан ташқари, мусулмонларга нисбатан улкан хиёнатдир.
Россиянинг энергетик қуроли “Лукойл” раҳбари билан навбатдаги учрашув
Хабар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни “Лукойл” компанияси асосчиси Вагит Алекперовни қабул қилди. (uza.uz 06.10.2026й)
Изоҳ: Учрашувда Вагит Алекперов давлат раҳбарига компания томонидан Ўзбекистон энергетика тармоғида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати, жумладан, геология-қидирув ишларини олиб бориш, истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш ҳамда нефт маҳсулотлари чакана савдоси тармоғини ривожлантириш режалари бўйича батафсил ахборот берди. Шунингдек, музокараларда компаниянинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ушбу учрашув шунчаки инвестициявий ҳамкорлик ёки иқтисодий келишув эмас, балки Ўзбекистон энергетик суверенитетининг тобора геосиёсий қарамлик тузоғига чуқурроқ тортилаётганини кўрсатувчи очиқ сигналдир. Украинадаги уруш ва Ғарбнинг кенг кўламли санкциялари сабабли халқаро бозорлардан сиқиб чиқарилаётган Россиянинг олигархик капитали учун Ўзбекистон ўзининг стратегик ресурслари, хомашёси ва молиявий оқимларини сақлаб қолувчи “хавфсиз паноҳ”га айлантирилмоқда. Мамлакатнинг энг бой газ ва нефт конлари узоқ муддатли ва асосан хориж манфаатларига хизмат қилувчи битимлар орқали Кремл назоратидаги тузилмаларга топшириб бўлинган бир пайтда, эндиликда “Лукойл”нинг ички чакана савдо ва АЁҚШлар тармоғидаги иштирокини кенгайтиришига йўл очиб берилмоқда. Бу – мамлакатнинг нафақат хомашё базасини, балки кундалик ички энергетика бозори ва логистикасини ҳам Кремлга яқин монополлар назоратига топшириш, бошқача айтганда, юртни ичидан қарам қилиш механизмидир. Ушбу жараён Марказий Осиё марказида кечаётган йирик мустамлакачи кучларнинг геосиёсий ва геоиқтисодий курашини аниқ ифодалайди. Кремл бу кўп векторликни синдириш, Ўзбекистонни Ғарб ва бошқа геосиёсий марказлар таъсиридан узоқлаштириш учун “Лукойл” ва “Газпром” каби геосиёсий дастакларни ишга солмоқда. Амалдаги режим эса, халқаро майдондаги сиёсий ва молиявий мавқеини сақлаб қолиш ҳамда маълум элита гуруҳларининг манфаатларини таъминлаш эвазига мамлакатнинг энергетик мустақиллигини қурбон қилмоқда. Афсуски, Ислом юртларининг тақдири тобе режимлар қўли билан, мана шу тарзда, мустамлакачи давлатлар иҳтиёрига топшириб қўйилмоқда. Бундай хорликдан эса, фақат Рошид Халифалик тикланиши билангина халос бўлиш мумкин.
Чириб битган суд-ҳуқуқ тизимидаги навбатдаги абсурд
Хабар: Бухоро вилоятида Д. Раҳматов исмли фуқаро тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш ва бошқа оғир айбловлар билан айбли деб топилиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. (aniq.uz 06.10.2026й)
Изоҳ: Президент Шавкат Мирзиёев минбарлардан туриб “жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, одил суд тизимини барпо этиш энг бош мақсадимиз” дея таъкидлаб келмоқда. Бироқ бу сўзлар ортида турган воқелик Ўзбекистон суд тизимининг нақадар адолатсизлигини, шунингдек, ожиз ва ноқис инсон томонидан чиқарилган қонунларнинг қай даражада тубанлигини кўрсатиб қўйди. Ҳимоя томонининг маълум қилишича, ишдаги энг асосий ашёвий далил – маҳкумнинг телефонини кўздан кечириш ва ундан “далил” олиш жараёнида терговчи ва суриштирувчилар томонидан “холис” сифатида кўзи ожиз шахслар иштирок эттирилган. Бу ўринда “столба”ларни ҳам қаматишга қодир тергов органининг “холис” сифатида кўзи ожиз одамни асосий гувоҳ сифатида келтириши бир абсурд бўлса, буни қабул қилган суд ҳақида нима дейиш мумкин?! Аммо адолатсизлик шуни ўзи билан тугамайди. Маҳкум ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, суд ҳукми устидан тафтиш шикояти берган пайтда, у сақланаётган жазони ижро этиш муассасасига (колонияга) бир гуруҳ шахслар ноқонуний кириб, ундан шикоятни қайтариб олишни талаб қилган ва очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказган. Бу манзара режимнинг қамоқхоналарни қонундан ташқари жазолаш ва синдириш масканига айлантирганини кўрсатади. Суд ва терговдаги бедодликлар юзага чиқишидан, сохта холислар билан қилинган жиноятлар ошкор бўлишидан қўрққан терговчи ва суд тизими маҳкумни мажбурлаш ва тазйиқ ўтказиш йўли билан овозини ўчиришга уринмоқда. Энг даҳшатлиси, мусулмонларга қарши “тақиқланган ташкилот” айбловини қўйишда бу каби сохта далиллар, “қўлбола” гувоҳлар ва сохталаштирилган баённомалардан фойдаланиш ўзбек режими учун аллақачон оддий ҳолга ва тизимли механизмга айланиб бўлган. Шу каби абсурд ва сохта тергов ҳаракатлари сабабли йиллар давомида минглаб айбсиз мусулмонларнинг умри ва ёшлиги панжаралар ортида чиритилди ва чиритилмоқда. Таъкидлаш лозим, жамиятда ҳақиқий адолат фақат Ислом низоми татбиқи натижасидагина ўрнатилади. Масалан, шариатда “ҳоким бир одамни адашиб жазолагандан кўра, уни адашиб кечириб юборгани яхшироқдир” деган мезон бунга ёрқин мисолдир!
Хусусийлаштириш очиқ ё ёпиқ бўлишидан қатъий назар хатарлидир
Хабар: Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбариятининг яқинда “UNG PETRO” АЁҚШлар тармоғи ҳамда Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи хусусийлаштирилиши юзасидан берган расмий баёноти жамоатчиликда жиддий саволларни келтириб чиқарди. (bakiroo 07.10.2026й)
Изоҳ: Ушбу стратегик объектлар бўйича салкам икки ярим йил давомида ҳеч қандай ахборот берилмай, сукут сақланганидан сўнг берилган ушбу расмий изоҳ – давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари қай даражада ёпиқ тарзда амалга оширилганини англатади. Шунингдек, таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров айтганидек, орадан икки ярим йил ўтиб “яширин хусусийлаштирилмаган” деган мантиқсиз оқловлар билан чиқиш қилишга Давактивни айнан ким ва нима ундагани жуда ғалати ва шубҳали саволларни келтириб чиқаради. Иқтисодчининг таъкидлашича, ҳар куни миллиардлаб нақд пул тушуми келтирадиган ва тайёр инфратузилмага эга бўлган “UNG PETRO” каби йирик активлар ва Чиноз заводи очиқ, тенг ва шаффоф аукционларсиз, жамоатчилик эътиборидан яширилган ҳолда маълум элита гуруҳларига бериб юборилган. Аммо масаланинг туб илдизига назар ташланса, бу каби ҳолатлар шунчаки айрим амалдорларнинг коррупцияси эмас, балки айнан капиталистик тузумнинг табиий меваси экани аён бўлади. Хусусийлаштириш тушунчасининг ўзи капиталистик иқтисодиётнинг асосий тамойили бўлиб, у халққа тегишли бўлган барча бойликларни, ҳатто стратегик манбаларни ҳам хусусий мулкка айлантириш ва улардан фойда олишни қонунийлаштиришни англатади. Paynet, Деҳқонобод Калий заводи ва “UNG PETRO” каби объектларнинг ёпиқ ва шубҳали тарзда топширилиши капитализмнинг аслиятини кўрсатиб бермоқда: бу тузумда қонунлар ҳамиша йирик капитал эгалари ва ҳокимиятдаги элитага хизмат қилади, умумхалқ манфаати эса ортда қолади. Бундай хусусийлаштириш ва капиталистик қайта тақсимлашнинг тўлови эса, пировардида оддий халқ зиммасига тушмоқда: бюджет камомадини ёпиш ва ташқи қарзларни тўлаш учун солиқларнинг оширилиши, бензин ва коммунал тўловларнинг қимматлашиши ҳамда ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағларнинг қисқартирилиши билан қопланмоқда. Исломда эса мусулмонларга тегишли бўлган ва умумхалқ манфаатига хизмат қиладиган стратегик ресурс ва мулкларни хусусийлаштириш ва сиёсий элиталарга бериб юбориш қатъиян ман қилинган бўлиб, омма-халққа нисбатан улкан зулм ҳисобланади.
“Янги Ўзбекистон”да болалар мактабга эшакда қатнамоқда
Хабар: Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманига қарашли Олмасувон қишлоғидаги «Бургансой» МФЙда истиқомат қилувчи 113 нафар мактаб ўқувчисининг 47 нафари, яъни қарийб 50 фоизи ҳар куни мактабга етиб олиш учун 5-6 километрлик тоғ сўқмоқларини эшакларда босиб ўтмоқда. (qalampir.uz 07.10.2026й)
Изоҳ: Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, чекка тоғли қишлоқлардаги ноқулай инфратузилма, йўлларнинг йўқлиги ва алоқа воситаларининг ишламаслиги сабабли болалар ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай мактабга эшакларда қатнашга мажбур бўлмоқда. Бу хабар инсониятга Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Имом Бухорий каби забардаст олимларни етиштириб берган, тарихда илм ўчоғи сифатида ном қозонган заминимизда ёш авлод таълимига ҳукуматнинг нақадар лоқайд қараётганини яққол кўрсатади. Шавкат Мирзиёев томонидан таълимни ривожлантириш, “Янги Ўзбекистон мактаблари” ва инфратузилмани модернизация қилиш ҳақида баландпарвоз нутқлар сўзланиб, соҳага триллионлаб сўм ажратилаётгани жар солинмоқда. Фақатгина 2024-2026 йилларда мактаб таълими ва йўл соҳасига давлат бюджети ва ташқи қарзлар ҳисобидан миллиардлаб долларлик ресурслар йўналтирилгани ҳақида оғиз кўпиртириб гапирилди. Бироқ пойтахтдан атиги бир неча юз километр узоқликдаги тоғли қишлоқларда болалар ҳамон ибтидоий шароитларда – эшак минган ҳолда таълим олишга мажбур. Бундай зиддият амалдаги режимнинг ваъдалари пучлигини ва маблағлар реал эҳтиёжларга эмас, балки юзаки кўзбўямачилик ҳамда коррупцияга ботган бир ҳовуч элита манфаатларига хизмат қилаётганини кўрсатади. Бироқ бу ердаги энг даҳшатли ва хатарли нарса фақатгина инфратузилма масаласи эмас. Асл фожиа – ўзбек режими Ғарб молиявий ташкилотларининг грантлари ва кредитларига ҳамоҳанг равишда, уларнинг гапини, яъни таълим тизими орқали фарзандларимиз онгига Ғарб сақофати ва секуляризмидан иборат бузуқ ғояларни сингдираётганидадир. Мактаблар ислоҳоти ва замонавийлик ниқоби остида ёшларимизни ўз эътиқоди ва диний илдизларидан узоқлаштириш, уларни Ислом аҳкомларига бегона қилиб тарбиялаш тизимли равишда амалга оширилмоқда. Агар бунга сукут сақланса, Бухорийлар юртида ўз дини ва қадриятларига бегона бўлган, Ғарбнинг таши ялтироқ, ичи қалтироқ маданиятига – бузуқ ҳаёт тарзига ҳавас қиладиган масъулиятсиз ва маънан тубан авлод шаклланади. Агар ислоҳот деб аталаётган бугунги таълим сиёсати мана шу бўлса, демак, у келажак авлодимизнинг эътиқоди ва маънавиятини барбод қилишдан бошқасига асло ярамайди!
Мисрга йўллар торайтирилмоқда
Хабар: 1 ноябрдан Ўзбекистон фуқаролари Синай яримороли, жумладан, Шарм-ал-Шайхга (Миср) олдиндан виза олмасдан кира олмайди. (kun.uz 08.10.2026й)
Изоҳ: Янги қоидаларга кўра, Шарм-ал-Шайх ва Синай яриморолининг бошқа ҳудудларига олдиндан виза олмасдан сафар қилиш тақиқланади ва сафарлар фақат ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилиши шарт қилиб белгиланади. Энг эътиборлиси, 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида ва камида 5000 доллар миқдорида нақд маблағга эга бўлган тақдирдагина киритилади. 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилардан эса камида 3000 долларлик нақд молиявий таъминот, меҳмонхона брони ва мобил алоқа маълумотлари тақдим этилиши талаб қилинади. Ушбу хабар ва ундаги сунъий молиявий ҳамда ёш билан боғлиқ чекловлар шунчаки оддий “туристик тартибни мустаҳкамлаш” эмас. Бу – ўзбек ва Миср режимларининг мусулмонлар устидан ўрнатаётган тизимли назоратининг навбатдаги кўринишидир. Маълумки, Ўзбекистонда Дин ишлари бўйича қўмита ва расмий диний муассасалардан ташқари мустақил равишда хорижда диний таълим олиш қонунан чекланган ва атайлаб бюрократик тўсиқларга солинган. Шу сабабли, йиллар давомида минглаб холис ва илмга ташна ўзбек ёшлари айнан Шарм-ал-Шайх каби курорт ҳудудларига бериладиган енгиллаштирилган визасиз режимдан фойдаланиб Мисрга кириб келган ва у ердан Қоҳирадаги араб тили ва Исломий илм марказларига йўл олган. Миср ва Ўзбекистон режимлари томонидан жорий этилаётган янги чекловлар айнан ана шу “туристик туйнук”ни ёпишга қаратилган. 40 ёшгача бўлган ёшлар учун оилавий ҳамроҳлик ва 5000 доллар нақд пул талабининг қўйилиши – айнан илм талабидаги, молиявий имконияти чекланган ва мустақил ҳаракат қилувчи ёш мусулмонларни Синай ва Миср ҳудудига умуман яқинлаштирмаслик учун махсус ишлаб чиқилган молиявий ва маъмурий чекловдир. Бундан аввал Миср ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида қатор учрашувлар ўтказилган эди. Мазкур янги тартиб ўша учрашувларнинг аччиқ меваси эканлигига асло шубҳа йўқ. Бу режимлар Ислом ва мусулмонлар манфаати учун эмас, балки ўз тахтларини сақлаб қолиш ва кофир хўжайинларини рози қилиш йўлида ҳамкорлик қилмоқдалар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى وَلاَ تَعَاوَنُواْ عَلَى الإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
– “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз, Аллоҳдан қўрқингиз, шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир!” (Моида:2)
“Бешлик” ёки “олтилик” бўладими, Ислом асос бўлмас экан, ҳақиқий бирлашишга олиб бормайди
Хабар: Марказий Осиё – “бешлик”дан “олтилик”ка. Озарбайжон тўлақонли иштирокчига айланди. (uza.uz 08.10.2026й)
Изоҳ: Шу тариқа, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати географик жиҳатдан кенгайиб, Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ ва Европа билан боғланган янги “Транскаспий олтилиги” маконини шакллантира бошлади. Бироқ Озарбайжоннинг ушбу форматга тўлақонли қўшилиши шунчаки “қардошлик” ёки “минтақавий ташаббус” эмас, балки айнан Ғарб давлатлари, хусусан, Американинг геоиқтисодий стратегиясига тўлиқ мос тушадиган қадамдир. Россия ва Хитой ўртасида сиқилган Марказий Осиёнинг углеводород ва стратегик хомашё ресурсларини Ғарб бозорларига хавфсиз олиб чиқиш учун Европа Иттифоқи ва АҚШга “Транскаспий йўлаги” (Ўрта йўлак) сув ва ҳаводек зарур. Озарбайжоннинг бу занжирга уланиши орқали Марказий Осиё табиий бойликлари – гази, нефти ва минералларини – Каспий ва Жанубий Кавказ орқали Европага мунтазам ва арзон ташиб кетиш учун қулай логистик йўлак яратилди. Яъни “минтақавий ҳамкорлик” деган жозибадор ниқоб остида маҳаллий режимлар юртимиз табиий бойликларини капиталистик қудратларга арзон баҳода сотиш учун шароит ҳозирланмоқда. Шу билан бирга, бу каби маслаҳат учрашувларини “минтақанинг ҳақиқий бирлашиши” деб аташ – соддадил одамларнинг онгини заҳарлайдиган сиёсий иллюзиядан бошқа нарса эмас. Ҳақиқий бирлашиш ва интеграция содир бўлиши учун мустамлакачи кучлар томонидан чизиб берилган сунъий чегаралар, миллатчилик кишанлари, божхона тўсиқлари ва виза чекловлари батамом йўқ қилиниши шарт. Бироқ бугунги “олтилик” форматидаги режимларнинг ҳеч бири ушбу сунъий чегараларни олиб ташлаш ва Ислом асосида бирлашиш ҳақида ўйлаётгани йўқ. Аксинча, бу саммитлар мавжуд режимлар ҳукмронлигини ва мустамлакачилар қолдириб кетган бўлиниш-парчаланиш ҳолатини қонунийлаштиришга хизмат қилмоқда. Инсон томонидан чиқарилган ва капиталистик манфаатларга асосланган бу каби сунъий форматлар мусулмон халқларга ҳеч қачон ҳақиқий адолат, барқарорлик ва фаровонлик келтирмайди. Марказий Осиё ва Кавказ мусулмонлари асрлар давомида ягона Уммат бўлиб, ҳеч қандай чегаралар ва тижорий тўсиқларсиз тинч-тотув яшаб келишган. Минтақа халқларининг ҳақиқий, холис ва мустаҳкам бирлашиши – Аллоҳ таолонинг арқонини биргаликда маҳкам тутишда, сунъий чегараларни бекор қилиб, ягона Ислом низоми ва Халифалик соясида бирлашишдадир.
Салоҳиддин
10.10.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ