СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ УММАТ ҲАЁТИДАГИ РОЛИ
СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ УММАТ ҲАЁТИДАГИ РОЛИ
Уммат ўз ҳаётида учраши мумкин бўлган энг қаттиқ мусибат унинг ўз мабдасидан воз кечишидир, чунки мабда унинг борлиғи ва ўзлигидир. Уммат халқаро сиёсий майдонда учрайдиган энг ёмон мусибат унинг давлати ва бирлигининг йўқ бўлиб кетишидир. Чунки давлат мавжуд бўлса Умматнинг халқаро майдонда вужуди бўлади, акс ҳолда бўлмайди.
Исломий Умматнинг табиий вазияти исломий ҳаёт кечиришидир. Бу гапнинг маъноси омма ишини бошқариш маъносидаги раҳбарлик Умматда исломий ақида асосига қурилган давлатга топширилган бўлишидир. У Халифалик давлатидир, бошқа нарса эмас. Давлат ўз вазифаси табиати билан шариат ҳукмларини ичкари ва ташқарида татбиқ этишга бошчилик қилади, ижро этишда жамиятдаги шахсларнинг шаръий ҳукмларга қанчалик амал қилишига, одамларнинг Ислом адолати юксаклигини қанчалик ҳис қилишларига ва айни вақтда Умматдаги султон қувватига таянади. Исломий ҳаёт бўлишининг маъноси мана шу. Бу билан эса Ислом соясида бутун Исломий Умматнинг ишлари тўғриланади ва одамлар дунёю охират саодатига эришадилар.
Исломий Умматдаги истисно ҳолати (йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат) ҳозирги аҳволдек шу давлатнинг йўқ бўлишидир. Одамларнинг жуда кўпи мусулмонлар бўлса ҳам бу давлат ҳозир мавжуд эмас! Бундай аҳволга Уммат кейинчалик тушиб қолди. Бу ғоятда ғайритабиий ҳолат бўлиб, у сақланиб тураверар экан Умматнинг биронта иши тўғриланиши асло мумкин эмас, ички ишлари бўладими, ташқи алоқалари бўладими, ҳеч бири тўғри бўлмайди. Аксинча бу ҳолатни бутунлай шол бўлиб қолиш ҳолати деса ҳам бўлади. У фалокатлар тушган пайтдаги фавқулодда ҳолатга ўхшайди. Шунинг учун – агар ҳислар ўтмаслашмаган бўлса – бу ҳолатни ўзгартириш учун барчанинг оёққа туриши зарур бўлади! Бундай нотабиий ҳолатда на жамоат ва на шахс қанчалик куч сарфламасин ўзининг ҳаётдаги мақтовли ролини ҳеч қайси йўналишда адо этолмайди. Бу аҳволни фақат Халифалик давлатини тиклаб вазиятни ўнглаш учун астойдил ҳаракат қилиш билангина ўзгартириш мумкин. Ана шунда ишлар ўзининг табиий ўзанига тушади. Шундай қилинмас экан шахслар ёки жамоатлар «ямаб» тузатиш ёки воқега ёпишиб олиш йўлида қиладиган барча нарсалар иккиламчи ёки арзимас нарса бўлади.
Исломий шариат замон ва макон устидан ҳакамлик қилади, замон ва макон унинг устидан эмас. Уммат фарзандлари орасидаги илм ва фаҳм аҳлидан иборат ақл арбоблари Қуръон ва Суннат матнларини ўрганишга киришишди. Улар Росулуллоҳ нинг Маккада биринчи кунданоқ жамиятни барча соҳаларда тубдан ўзгартиришни мақсад қилганларини топишди. Чунки ўша даврда Қурайшнинг ҳаёт мароми уммул қуро (шаҳарлар онаси) Макканинг сиёсий, сақофий, иқтисодий, ижтимоий нуфузи асосида кечарди. Макка олиҳалар қароргоҳи, ширк бошчилари ватани, бутларга ибодат қилиш макони, араблар эътибори қаратилган ўрин, мавсумлардаги тижорат маркази ва бошқа хусусиятларга эга сифатида ана шундай нуфузга эга эди. Пайғамбаримиз нинг иш олиб боришлари биринчи кунданоқ жамоий иш олиб бориш бўлди. Чунки Пайғамбаримиз жамиятнинг бутун структурасига қарши чиқиш учун ўз атрофидаги одамларни бир уюшмага бирлаштирдилар. Пайғамбаримизнинг даъватида ширк ақидасига, унинг натижаси бўлган низомларга қарши чиқишлари яққол кўзга ташланиши табиий эди, чунки шулар ўша жамиятнинг асослари эди. Намуна олиб эргашиш ўрни мана шудир. Набий барча қизиқтиришлар, савдолашишлар ва уринишларга қарамай, барча ташвиқот, миш-мишлар ва тазйиқларга қарамай Макка етакчилари томонидан таклиф қилинган ва ўша даврдаги мавжуд низомни сақлаб қоладиган ҳар қандай ўртача ечимни қабул қилмадилар.
Сиёсат – омма ишларини ғамхўрлик билан бошқаришдир. Шунинг учун Исломдаги сиёсий ҳизб (ёки сиёсий ҳизблар) бутун яхшилик мужассам бўлган Ислом асосида ва ҳаётга ҳукм юргизадиган сиёсий ақида ва низом сифатида Исломга даъват қилиш асосида уюшган бу ёки ана у имонли жамоатнинг ўзидир, ундан бошқа нарса эмас. Ислом давлати йўқ бўлиб тургани ҳозирги замонда Исломни ҳаёт майдонига қайтариш мақсадида сиёсий иш олиб бориш энг буюк амри маъруф ва наҳий мункардир, яхшиликка даъватдир. У Оли Имрон сурасининг 104 оятида келган амрдир. Унда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бундай дейди:
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир»[Оли Имрон 104]
Бу ояти каримага назар ташлаган киши қуйидаги олти ишни топади:
1 – Бу ишнинг вожиблиги, яъни бу оятда талаб қилинган ишнинг фарз эканлиги. Чунки бу оятдаги амр сийғаси билиттифоқ вожиблик мазмунини ифодалайди. У фарзи кифоялардан биридир. Мақсад Исломга даъват қиладиган ва амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир уюшмани вужудга келтириш ва тузишдир.
2 – Иш олиб боришнинг жамоий тарзда бўлиши: яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган жамоат бўлсин.
3 – Уюшма албатта сиёсий бўлиши лозим. Яъни бошқарувни мақсад қилиши, Умматдаги умумий бошқарув шаръий ҳукмларга мувофиқ бўлишини мақсад қилиши лозим. Зеро энг катта мункар ҳоким тарафидан шаръий ҳукмларни бир четга суриб қўйилишидир. У одамлар устидан умумий бошқарув соҳиби бўлгани учун шаръий ҳукмларни татбиқ этиши вожиб. Шунинг учун уюшма ёки ҳизб ҳаётнинг барча соҳаларига эътибор қаратиши шаръан лозим бўлади, Уммат ҳаётининг фақат биргина томонига чекланиб олиши ҳечам тўғри бўлмайди. Масалан энг катта фасоднинг натижаси бўлган ёки Исломни бошқарувдан бутунлай узоқлатишнинг маҳсули бўлган фасодларнинг баъзисинигина муолажа қиладиган ёки муолажа қилишга уринадиган хайрия ёки таълим ёки ахлоқий уюшма бўлиши ҳечам тўғри бўлмайди. Чунки булар ҳақиқатни қоронғулаштиради ва фасоднинг биринчи манбасини яширади. Қолаверса шуниси ҳам маълумки якка шахсларнинг турли яхши ва эзгу ишларни қилиши умуман мутлақо талаб қилинган ишдир.
Бу ерда бир ғалати иш бор мустамлакачининг сақофий, сиёсий ва ҳарбий босқини оқибатида бизга кек-адоватли душман Ғарб томонидан кириб келган ифлос мараз, динни ҳаётдан ажратиш маразидан қалби ва ақлида бирон нарса бор кўпчилик кимсалар жамоат ёки уюшмани сиёсий қилиб қўйиш уни Исломнинг фақат бир томонигагина чеклаб қўйишдир, деб ўйлашади. Бунга сабаб шуки, динни ҳаётдан ажратиб қўйиш натижасида бу кимсалар ақлларида динни сиёсатдан ва давлатдан ажратиш ўз-ўзидан келиб чиқди. Натижада уларнинг қалбида дин билан сиёсатнинг бир-бирига боғлиқлигини ҳис қилиш ва ҳис қилмаслик каби бир-бирига зид нарсалар пайдо бўлди. Шунинг учун уларнинг сиёсий ҳизблардан ўзларини олиб қочишлари табиий ҳол бўлиб қолди. Улар ўзларининг дин ҳақидаги нотўғри даъволарига маҳкам ёпишиб олиб сиёсатдан нафратланадиган ва қочадиган бўлиб қолишди. Шунингдек Исломий Уммат фарзандларининг кўпчилиги наздида ҳам сиёсат – улар сиёсатни Ғарбдаги сиёсат маъносига ва татбиқига ўхшатишгани учун – барча воситалар орқали манфаатларга эришиш мақсадида диндан қутилишдан бошқа маънони англатмайдиган бўлиб қолди. Ваҳоланки асл ҳақиқат уюшманинг сиёсий бўлиши шу уюшмада иш олиб борувчиларнинг Уммат ҳаётининг барча соҳаларига эътибор қаратишларининг ва ҳаётнинг барча соҳаларида иш олиб боришларининг шаръий ва ҳақиқий кафолатидир. Бунинг акси эмас. Бошқарув ишлари бўладими, ижтимоий, таълим, иқтисод ва бошқа ишлар бўладими, ҳеч фарқсиз буларнинг барчаси диндандир. Чунки Ислом шундай динки, давлат ундандир. Ислом давлатдан айри бўлган дин эмас. Сиёсий ҳизбнинг иши фикрий ва сиёсий бўлиб, Умматнинг барча ишларини Ислом билан бошқаришга йўналтирилади. Сиёсий ҳизб бу ишларнинг Китоб ва Суннатда келган ҳукмларга мувофиқ бўлишига қаттиқ интилади. Чунки Ислом ҳаёт соҳаларининг биронтасини қолдирмай барчасини қамраб олади! илмонийлик эса ширкнинг бир туридир, чунки у ҳаётнинг Аллоҳ амри ва наҳийларига мувофиқ боришига рози бўлмайди. Демак илмонийлик асосидан бошлаб Исломга бутунлай зиддир, унга фақат ҳалок бўлувчигина эътиқод қилади.
4 – Оятнинг мантуқидан эмас, мафҳумидан жамоатларнинг бир қанча бўлиши жоизлиги тушунилади. Чунки оят бу ишга мусулмонлардан лоақал битта жамоат киришишини талаб қиляпти. Ана шунда гуноҳ улардан ва бошқалардан соқит бўлади. Акс ҳолда ер юзида катта фитна ва фасод бўлади. Демак – агар зарур бўлса – жамоатларнинг кўп бўлишидан ва кифоя ҳосил бўлиши учун куч-ғайратларнинг кўп баробар сарфланишидан бошқа илож йўқ. (Ояти каримадаги «мин» калимасини муфассирлар табъиз (баъзи) маъносида деб тафсир қилишганини ҳам кўрсатиб ўтишга тўғри келади).
5 – Бу сиёсий уюшмаларнинг мавжуд бўлиши Умматнинг доимий ҳолати бўлиб қолиши талаб қилинади, шу даражадаки Уммат ўзининг барча вазиятлари ва ўзгаришларида бундай уюшмалардан холи бўлиб қолиши шаръан ҳечам жоиз эмас. Бу шу ўринда вожибнинг вожиб бўлиши маъносининг бир жузидир.
6 – Оятни диққат билан ўрганган киши Умматда бирон сиёсий ҳизбни тузиш учун – агар Исломий давлат мавжуд бўлса – ҳоким изнига муҳтож бўлинмаслигини ҳам топади. Сиёсий ҳизб тузиш учун Исломий давлат мавжуд бўла туриб ҳоким изнига муҳтож бўлинмас экан демак Исломий давлат мавжуд бўлмаган пайтда бу изнга аллақачон муҳтож бўлинмайди. Чунки Аллоҳ вожиб қилган нарсани бирон кимса ман қилиши ёки унга қаршилик қилиши ҳечам жоиз бўлмайди, бу тўғрида махлуқдан изн сўраш ҳам ҳечам тўғри бўлмайди.
Оят маъносини янада кўпроқ диққат билан ўрганиб чиқувчи киши уни ўқийдиган кўпчилик кўрмай ўтиб кетаверадиган яна бир муҳим ва асосий ишни ҳам кўради, у қуйидагидир:
7 – Шаръий нусусдан истинбот қилишга қодир бўлмайдиган муқаллиднинг Умматда бирон сиёсий ҳизбни таъсис этиши ҳечам тўғри бўлмайди! Бундай одамлар билан бу ҳизбнинг давом этиши ҳам ҳечам тўғри бўлмайди. Аксинча ҳизбни тузувчи киши қайсидир даражада илмга эга бўлиши, ижтиҳод, назар, ҳукмларни чигал, ўзгариб турувчи, турли-туман воқеда воқеа ва ҳодисаларга тушириб кўришга қодир бўлишнинг энг паст даражасига бўлса ҳам эга бўлиши зарур. Айниқса Умматнинг ҳозирги тубан ва касал ҳолатида бу жуда зарурдир. Чунки аввалги салафларнинг фиқҳидан Халифалик давлатининг мавжуд бўлмай қолиши ва исломий бошқарувнинг йўқ бўлиб кетиши ҳолатини муолажа қилиш муфассал шаклда ўрин олмаган. У даврда уламолар Шариат ҳукмронлиги ҳамда Уммат султонининг йўқ бўлиб қолиши муаммоси ва ҳолатига жуда кам тўхталганлар. Акс ҳолда уларнинг фиқҳи ёки ҳеч бўлмаганда бу фиқҳнинг баъзиси бу қийин муаммони ҳал қилишда бизга кифоя қилар эди, ижтиҳод қилиб ўтирмай шу фиқҳга эргашиб кетаверар эдик. Шундан келиб чиқадики, ҳозирда Уммат аҳволини ўнглашга ҳаракат қилаётган кишилар ҳукмни истинбот қилиш учун Китоб ва Суннатдаги, набавий сийратдаги, саҳобалар сийратидаги шаръий нусусни кўриб чиқишлари лозим бўлади. Бунга эса тақлид аҳли ярамайди. Бундан яна тубанлик даври фиқҳидан, айниқса Халифалик давлати йўқ бўлиб кетганидан кейинги давр фиқҳидан, яъни мужтаҳид уламолар бўлмаган муҳаддислар фиқҳидан – ҳатто гарчи улар Умматга мухлис-содиқ бўлсалар ҳам – эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳам келиб чиқади. Чунки бу фиқҳ ғолибнинг – у ҳозирда кек-адоватли Ғарбдир – мағлуб фикри ва сақофати устидан ғалабаси ҳукмронлигидан холи эмасдир. Шундай экан қарам давлатлардаги илмоний ҳукумат идораларидаги «фиқҳ»га нима дейсиз, малай, хоин ҳокимларнинг югурдаклари «фиқҳ»ига, уларнинг нусусни мавжуд бузуқ аҳволни сақлаб қоладиган тарзда ва кофирнинг мусулмонлар юртлари устидан ҳукмронлиги умрини узайтирадиган тарзда тафсир қилишдан ва ишларни аралаш-қуралаш қилиб юборишдан бошқа фиқҳга эга бўлмаган ёлланма «уломо»лардан иборат «карнай»лари «фиқҳ»ига нима дейсиз. Бу аҳвол бугун шундоқ кўз ўнгимизда гавдаланиб турибди, Ғарб доираларида ишлаб чиқилган ва тузилган «ислом»ни зўр бериб тарғиб қилинмоқда, душманлар Ислом ва мусулмонларга қарши мана шу тариқада уруш олиб боришмоқда, бу ҳол Аллоҳ бу Уммат ишини ўнглагунига қадар давом этади. Ўшанда Аллоҳ нусрати келиб Халифалик тикланади. Шунинг учун ихлос билан иш олиб борувчи онгли, содиқ, ҳақиқий мужтаҳид уламолар фиқҳи, илми ва тушунчаси ўта зарур бўлиб қолди.
Бу вазифанинг юзага чиқиши табиати сабабли киши дироя аҳлидан бўлган мужтаҳид олим бўлиши лозим. Ана шунда у билан ва унга эргашиш билан кифояга (фиқҳга бўлган эҳтиёжнинг етарли қондирилишига) эришилади. Муҳосабага қадам қўядиган ва амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган киши – айниқса бугунги воқеимизда – маъруфни маъруф, мункарни мункар деб биладиган олим бўлиши зарурдир. Шариат бўйича илм мункарларни, унинг мартабалари ва турларини, қайсинисини энг биринчи ўзгартириш кераклигини ва қандай ўзгартириш кераклигини белгилаб бериш тўғрисида кафилдир. Бу (яъни олим бўлиш зарурлиги) эса фиқҳдаги мана шу буюк фарзни адо этиш шартларида белгилаб қўйилган. Шунингдек Уммат уламоларидан бир мужтаҳид олим тузиб пайдо қилган бу ҳизб ҳам шу олимга ўхшаган олимларсиз давом эта олмайди! Зеро пайдо бўлиш асл-асосини ўрганадиган илм ва ижтиҳод ҳизбни бошиданоқ у асосланган фикрнинг асл-асосида хатога йўл қўйишдан ва тойилишдан асрайди ва уни келажакда чекинишлардан ва орқага кетишлардан сақлайди.
Лекин бундан Умматдаги якка шахсларнинг амри маъруф ва наҳий мункар билан шуғулланишлари жоиз эмас деган маъно мутлақо чиқмайди. Аксинча ҳамма ўз илми даражасига қараб қодир бўлганича амри маъруф ва наҳий мункар қилаверади. Чунки бу ўринда гап мункарнигина ўзгартириш ҳақида эмас, балки омма ишига киришадиган ва бошқарув тизгинини ўз қўлига олишга ҳаракат қиладиган сиёсий уюшмаларни пайдо қилиш ва таъсис этиш ҳақида боряпти. Мункарни ўзгартириш гарчи илмни талаб қилса ҳам лекин у қодирликка боғлиқдир ва унинг исломий фиқҳда тафсилот ўрни бор. Шуни ҳам кўрсатиб ўтиш керакки, исломий шариатда бошқарувни қўлга олишнинг аниқ белгилаб қўйилган тариқати бор. У – ҳозиргидек давлат йўқ бўлган пайтда ва Росул қилган ишдан маълум бўлганидек – қудрат ва қодирлик аҳли деган эътиборда армиялар қўмондонлари ва етакчилар каби қувват ва қудрат эгаларидан нусрат талаб қилишдир. Амри маъруф ишлари ва наҳий мункар ишларидан иборат мана шу юксак даражага, яъни Ислом Ислом давлатини ва мусулмонлар султонини тиклашга қодир кишилардан нусрат талаб қилишдир.
Сиёсий ҳизблар тирик Умматда амал қилувчи уламолар сабабли табиий пайдо бўлади. Чунки бу уламолар жамиятларда ишлар қай йўсинда бориши кераклигини, бу ишларнинг Ислом низоми ва шариатига қанчалик мувофиқ келишини биладиган, шу ҳақда қайғурадиган кишилардир. Бу уламоларнинг издошлари ҳам табиий равишда пайдо бўлади, улар шу уламолардек тушунадиган ва улардек ҳаракат қиладиган бўлишади. Хуллас, тирик Умматнинг амри маъруф ва наҳий мункар асосида жамланган кишилардан, яъни сиёсий ҳизблардан холи бўлиши мумкин ва жоиз эмас. Чунки бундай кишилар Умматдаги тириклик, ҳаёт аломатидир, улар уриб турган ҳаёт ва яхшилик томиридир. Улар – Ислом доираси ичида турли ва ҳар хил эканликларига қарамай – баъзилар бизни ишонтирмоқчи бўлаётгандек бўлиниш ва тарқоқлик аломати эмаслар.
Ҳизбларнинг роли назорат қилиш ва хатолар рўй берган пайтда уларни тўғрилаб қўйиш маъносидаги муҳосабадангина иборат бўлмайди, аксинча қайғуриш, муҳосаба, етакчилик, онгли равишда бошқариш, роий (ҳоким) ва раиятга насиҳат қилишнинг барча турларини қамраб олади. Тараққиётни, фикр ва ҳиснинг доимий юксалишини, шариатнинг гўзал татбиқ этилишини кафолатлайдиган, мусулмонлар ва уларнинг давлати оламда етакчи ўринни эгаллашини кафолатлайдиган ҳамда мусулмонларнинг фикрий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан устун бўлишларини кафолатлайдиган ва Исломий Умматнинг қулаш у ёқда турсин, пастлаб кетишига ҳам йўл қўймайдиган нарса билан қамраб олади.
Олим агар амал қилувчи, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи бўлса, яхшиликка даъват қилувчи бўлса унинг сақофати ўз табиати билан академик эмас, сиёсий бўлиб қолади, бундай сақофат воқени муолажа қилади. Одамлар муқаррар равишда бу олим атрофида уюшиб бирлашадилар, уни қўллаб-қувватлайдиган, у нима деса шуни айтадиган, нима иш қилса шуни қиладиган кишилар муқаррар равишда пайдо бўлади. Демак у сиёсий ҳизбдир.
Исломий Умматдаги сиёсий ҳизблар уйғониш ҳолатида ва давлат мавжуд бўлган пайтда жамиятга бош-қош бўлади. Бу ҳизблар одамларнинг тубан кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг орасида хормай-толмай ва малолланмай иш олиб боради ҳамда ҳокимларни Ислом асосида мукаммал йўсинда бошқариш борасида муҳосаба қилади. Аммо ҳозиргидек нотабиий истисноий ҳолатда – яъни Уммат Халифаликсиз қолган ҳолатда – бу ҳизбларнинг иши фақат Халифаликни тиклашга ҳаракат қилиш бўлиши лозим, бундан бошқа иши бўлмаслиги керак. Чунки Исломий давлат Халифаликнинг йўқ бўлиб кетишининг маъноси Исломни амалий жиҳатдан тарк этиш демакдир. Бу эса барча фасод ва мункарларнинг бошидир, мусулмонлар ҳаётининг издан чиқишига сабабдир, зое бўлиш, тарқоқлик, хорлик сабабчисидир, мусулмонларнинг – сонлари кўп бўлишига қарамай – халқаро майдондан қўрқинчли тарзда ғойиб бўлишларига сабабчидир, Ислом рисолатини бутун оламга шаръан талаб қилинган йўсинда етказишнинг тўхтаб қолишига сабабчидир.
Шундан келиб чиқиб ҳизбларнинг Ислом асосида сиёсий иш олиб боришига бутун эътиборни қаратиш вожиб бўлиб қолди. Яъни олий даражада Исломга даъват қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш вожиб бўлиб қолди. Акс ҳолда барча исломий юртлардаги мусулмонларнинг аҳволи мустамлакачи кофир пайдо қилган мана бу режимлар зулми остида янада ёмонлашади, уларнинг барча соҳалардаги вазиятлари кунлар ўтиши билан янада оғирлашади.
Халифалик Умматнинг илгаригидек азиз ва улуғвор бўлишига қайтишининг бошланғич нуқтасидир. Зеро Халифалик мусулмонлар охир замонда йўлиқадиган ниҳоя эмас, балки у бошланиш ва бўлиши шаръан вожиб бўлган доимий ҳолатдир. Чунки биз Аллоҳга ҳамд бўлсинки мусулмонлармиз, шунинг учун ҳозиргидек ғайриисломий ҳаёт кечиришимиз биз учун шаръан тўғри бўлмайди.
Содиқ Муҳйиддин – Жазоир
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми