Дуода қўлни юзга суртиш тўғрисидаги саволга жавоб

Дуода қўлни юзга суртиш тўғрисидаги саволга жавоб
Таҳририятимизга Абдулмажид исмли мухлисимиздан келган саволга жавоб.
Савол:
Ассалому алайкум. Саволим қуйидагича, ҳаммамизга маълумки, дуо қилганимизда қўлларимизни юқори кўтариб, кейин қўлни юзимизга суртамиз. Баъзи биродарларимиз ана шу амални (яъни дуода қўлни юзга суртишни) бидъат, шариатда йўқ амал деб айтишмоқда. Илтимос шу масалани ёритиб берсангиз.
Жавоб:
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ.
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”. (Бақара. 186)
Мусулмонлар Роббисига дуо қилганларида қўлларини юқорига кўтаришлари тўғрисида ихтилофлар бўлсада, лекин жумҳур олимлар бу амални суннат эканига иттифоқ қилишган. Бунинг сабаби, дуода қўлларни юқорига кўтариш тўғрисида келган ҳадисларнинг саҳиҳ эканлигидир.
أن النبي صلى الله عليه وسلم قال : إن الله حيي كريم يستحي إذا رفع الرجل إليه يديه أن يردهما صفراً
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ Таъоло Ҳайй ва Карим зотдир. Бандаси Унга зорланиб қўлларини кўтарса, уларни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади”. Термизий ва Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти. Саҳиҳ.
Аммо дуода кўтарилган қўлларни қайтаришда юзга суртиш тўғрисида ихтилофлар кўп бўлган. Қуйида дуода юқорига кўтарилган қўлларни юзга суртиш тўғрисида тўрттала мўътабар мазҳабларнинг раъйларини келтириб, сўнгра бу ҳусусда ўзимнинг тўғрига яқин деб билган раъйимни айтиб ўтаман.
Ҳанафий мазҳаби раъйи. Ҳанафий мазҳабининг энг эътиборли китобларидан бири бўлган “Фатво Ҳиндия”да айтилади: “Дуо қилиб бўлгандан кейин қўлни юзга суртишга келсак, у ёмон иш эмас. Кўп машойихларимиз роҳимаҳумуллоҳ бу тўғрида хабар келгани учун саҳиҳ деб эътибор қилишган. Шунингдек “Алғиёсия”да ҳам шундай дейилган”. Ҳаскафийнинг шарҳида қўлни юзга суртишни суннат дейилган. Демак, Ҳанафий мазҳабида дуодан кейин қўлни юзга суртиш суннатдир.
Шофеъий мазҳаби раъйи. Шофеъий мазҳаби мужтаҳидларидан аллома Ибн Ҳажарнинг фатволарида шундай келган: Мендан сўрашди: “Дуодан кейин қўлни юзга суртишнинг бирон далили борми?” Шундай жавоб бердим: “Бу тўғрида кўп бахс ва изланишлар қилганимдан кейин, бирон саҳиҳ ҳам, заиф ҳам далил кўрмадим, бу ишни қилишни кераги йўқ”.
“Муғнийул муҳтож”да Аллома Ибн Абдуссаломнинг аввал бу ишдан қайтариб, кейин қилиш кераклигига фатво бергани айтилган.
“Алманҳажнинг шарҳи” китобида шундай дейилади: “Намозда дуо қилганда қўлларни юзга суртилмайди, балки ман қилинади. Намоздан кейин эса, дуодан кейин қўлларни юзга суртиш суннатдир, дуодан кейин қўлни суртганда қўли теккан ҳар бир туки инсон учун Аллоҳдан мағфират сўраши тўғрисида хабар келгани сабабли”.
Демак, Шофеъий мазҳабида дуодан кейин қўлни юзга суртиш суннатдир.
Моликий мазҳаби раъйи. “Алфавокиҳ ад Девоний”да шундай дейилган: “Дуода қўлларни кўтариш ёки кўтармаслик ва дуодан кейин қўлларни юзга суртиш ёки суртмаслик тўғрисида ихтилофлар қилинган. Термизийда келган Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки дуо учун қўлларини кўтарсалар, юзларига суртмагунча ортга қайтармас эдилар” ҳадисидан билинадики, дуода қўлларни кўтарилади ва қайтаришда юзга суртилади ҳам”. Демак, Моликий мазҳабида дуодан кейин қўлларни юзга суртиш суннат.
Ҳанбалий мазҳаби раъйи. Ибн Қуддоманинг “Алмуғний” китобида айтилади: “Бизнинг бу масалада (дуодан кейин қўлни юзга суртиш тўғрисида) далилимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар Аллоҳга дуо қилсанг, кафтингни ичкари томони билан дуо қилгинг, кафтингни орқаси билан дуо қилмагин. Ва дуодан бўшаганингда иккала кафтингни юзингга суртгин”. Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти. Бундан ташқари кўплаб саҳобалар ҳам шундай қилгани ривоят қилинган. Ҳанбалий мазҳаби аксар уламолари наздида дуодан кейин қўлни юзга суртиш суннатлиги айтилган.
Лекин Ҳанбалий мазҳаби мужтаҳидларидан аллома Ибн Таймия бошқача раъй айтган. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Алфатово алкубро” китобида шундай дейди: “Дуода қўлларни тепага кўтариш ҳақида кўп саҳиҳ ҳадислар келган. Лекин кейин қўлларни юзга суртиш ҳақида эса бир дона ёки икки дона ҳадис келган, уларни ҳужжат қилишга яроқли эмас”.
Хозирги кунда Ҳанбалий мазҳабига эргашганларнинг аксари Ибн Таймиянинг раъйини қабул қилишган.
Бу тўғрида менинг раъйим. Дуодан кейин қўлларни юзга суртиш тўғрисида келган ҳадисларни жамлаб қараб чиқилса, уларнинг кўпларини устида заиф деган фикрлар айтилган бўлсада, бир бирига шоҳид бўлиши натижасида далил қилиш яроқлилик даражасига чиқади.
عن عمر رضي الله عنه قال كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا مد يديه في الدعاء لم يردهما حتى يمسح بهما وجهه
Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки дуога қўлларини очсалар, уларни юзларига суртмасдан туриб ортга қайтармас эдилар”. Термизий ривояти. Ҳасан. Термизий ўзи саҳиҳ деган.
عن السائب بن يزيد عن أبيه أن النبي صلى الله عليه وسلم كان إذا دعا فرفع يديه مسح وجهه بيديه
Соиб ибн Язид отасидан ривоят қилади, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон дуо қилсалар, қўлларини кўтарар ва юзларига суртар эдилар”. Абу Довуд ривояти. Ҳасан лиғойриҳи.
عن الزهري قال : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يرفع يديه عند صدره في الدعاء ثم يمسح بهما وجهه
Зуҳрий айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўтарар эдилар, кейин уларни юзларига суртар эдилар”. Абдурраззоқ “Мусаннаф”ида ривоят қилган. Бу ҳадис санади саҳиҳ, лекин мурсал ҳадис. Мурсал ҳадис имом Шофеъий ва баъзи аҳли ҳадислардан (имом Ибн Хазм Зохирий каби) бошқа жумҳурнинг наздида қабул қилинади. Демак, бу ҳадис қўлларни дуодан кейин юзга суртиш учун қабул қилинувчи ҳадис ҳисобланади.
Бухорий ўзининг “Аладаб алмуфрад” китобида Ибн Зубайр ва Ибн Умарларнинг дуода қўлларини юзларига суртганларини ривоят қилган. Бу ривоят ҳадис саналмасада, юқоридаги ҳадисларга шоҳид бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Энди Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг дуо қилганларида қўлларини юзларига суртмаганлари тўғрисида айтилган муттафақун алайҳ ҳадисларга келсак.
أنَّ الرسول صلّى الله عليه وسلّم يدعو ويرفع يديه ولا يمسحُ بهما وجهه
“Албатта Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилардилар, қўлларини кўтарардилар ва юзларига суртмас эдилар”. Муттафақун алайҳ.
Бундан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзида дуо қилганларида қўлларини юзларига суртганлар, баъзи ҳолларда эса, юзларига суртмай қўяверганлар. Ҳар саҳоба ўз кўрганини ривоят қилган. Чунки ушбу ҳадисда дуода кўтарилган қўлни қайтаришда юзга суртмаганлик воқеси айтиляпди, бу ишдан қайтариш ёки тақиқлаш маъноси айтилаётгани йўқ. Бу юзга суртишни инкор қилмайди, фақат баъзи ҳолда юзга суртмаганликни билдиради холос.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон банда Роббисига илтижо қилиб, ёлвориб дуо қилиши машруъ амаллиги аниқ. Бу тўғрида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Дуо қилганда қўлларни юқорига кўтариш ҳам яхши амал бўлиб, саҳиҳ ҳадисларда келгани сабабли, бу амалга ҳам банда ажр-савоб олади, ин ша Аллоҳ. Дуо қилиб бўлиб қўлларни юзга суртиш ҳам, бу тўғридаги ҳадис ва ривоятлар бир бирини шоҳид бўлиб қувватлаб ҳасанга айлангани сабабли, машруъ амал бўлиб, бу амал билан банда ажр-савобга эришади, ин ша Аллоҳ.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
10.04.2017й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ