Президентлик бошқарувига ўтгандан сўнг Туркия қаерга боради!
بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ
Роя газетаси:
Президентлик бошқарувига ўтгандан сўнг Туркия қаерга боради!
Асъад Мансур қаламига мансуб
2017 йил 16 апрел куни Туркияда парламент бошқарувидан президентлик бошқарувига ўтишга оид референдум натижалари эълон қилиниб, конституцион ўзгариш фойдасига 51,41 % бўлгани айтилди. Эрдўған тарафдорлари референдум натижасидан хурсанд бўлишди, юртда туб ўзгариш бўлади деб ўйлашди. Улардан айримлари бу Исломнинг бошқарувга келиши фойдасига бўлади, деган хаёлга борса, яна бошқалари бу Халифалик қайтишига замин тайёрлайди, деб ўйлади!
Биринчидан: Бу бошқарув ўзгариши, давлат пойдевори бўлган илмонийлик асосларига таъсир қилмайди. Буни Эрдўғаннинг ўзи таъкидлади. У 2017 йил 19 апрел куни Ал-Жазира каналига 1923 йил барпо бўлган илмоний бошқарув тизимида ҳаргиз ўзгариш бўлмаслигини ва бу тизимдан асло воз кечиш йўқлигини айтди. Балки бу ерда салоҳиятлар (куфр қонунларини бажариш учун) бош вазирдан республика президентига кўчди, холос. Куфр бошқаруви эса, қўпорилмаган ҳолда сақланиб қолди, Унинг қўпорилиши ва ҳаётдан йўқ бўлишини Аллоҳ кечиктирди.
Иккинчидан: Айни бошқарув ўзгариши АҚШ қўллаб-қувватлови остида амалга ошди. Эрдўғанни ютуқ билан энг биринчи табриклаганлардан бири президент Трамп бўлди. Эрдўған тарафдори бўлган «Сабоҳ» газетаси хабарига кўра, Трамп Эрдўған билан телефон орқали боғланиб, «Бу ишда жуда яхши кампания олиб боргани» учун уни мақтади, «Кампанияни шахсан унинг (Трампнинг) ўзи яқиндан кузатиб борганини» таъкидлади. Эрдўғанга «Дўстлигимизни қадрлайман, чунки олдинда бирга қиладиган жуда муҳим ишларимиз бор», деди. АҚШнинг Сурия режими базасига қилган ҳужумида қўллаб-қувватлагани учун Эрдўғанга ташаккур билдирди. Америка Эрдўғанни тўла ваколатларга эга бўлишини истайди. Токи Эрдўған Америка истакларини парламент тўсқинлигисиз тўла бажариб берсин. Зеро, турк парламенти анча вақтдан бери Америка режаларига тўсқинлик қилиб келади. Мисол учун, 2003 йил Эрдўған Американинг Ироққа қилган ҳужумида Туркиянинг ҳам иштирок этишини парламентдан талаб қилганда, парламент жамоатчилик фикридан таъсирланиб рози бўлмаган. Чунки ўшанда жамоатчилик фикри шафқатсиз Америка ҳужумига қарши чиққан, Эрдўған бўлса ҳужумни қўллаб-қувватлаган эди. Мана, Эрдўған парламентга мурожаат қилмаган ҳолда қарор қабул қилиш салоҳиятига эга бўлиб олди, энди Америка учун у истаган ҳамма ишларни бажара олади, масалан, Суриядаги ишларини бажариб бергани каби. Бу ишларнинг яқиндагиси, Эрдўғаннинг ўз таъсири остига тушиб қолган қўзғолон гуруҳларини алдагани ва уларни Ҳалабдан чиқариб юбориб, Ҳалабни Россия, Асад режими, Эрон ва унинг жангарилари қўлига топширгани бўлди. Қўзғолон ортидан пичоқ уриш ҳисобланган бундай шармандалик Эродоган пешонасидаги ўчмас шармандалик тамғаси бўлиб қолди. Бугун Трампнинг боши осмонда… Эрдўғанга биргаликда қиладиган жуда муҳим ишлар борлигини айтмоқда! Булар АҚШнинг минтақадаги нуфузи ва мустамлакачилигини мустаҳкамлаш ҳамда Исломнинг қайтишига йўл қўймаслик каби Америка манфаатлари билан боғлиқ ишлар, албатта. Чунки бугун Суриядаги кураш Уммат билан Америка ўртасида экани яққол намоён бўлиб турибди. Ҳатто барча давлатлар ҳам АҚШ билан биргаликда Умматнинг ўзгартириш истагига, мустамлакачилик ва унинг демократик тузумини қўпориб ташлаш ҳаракатига қарши турибди.
Учинчидан: Бу бошқарув ўзгариши, Европанинг Туркия ичкарисидаги нуфузига қарши қаратилган. Чунки бундай ўзгаришга қаршилардан бири Европа эди. Гап шундаки, бу ўзгариш аперикапараст Эрдўған салоҳиятларини мустаҳкамлаб, европаликларнинг сўнгги паккаси бўлган парламент салоҳиятларини чеклайди. Зеро, парламентда Европа тарафдорлари ва агентлари, хусусан, парламентдаги тўртдан бир ўринга эга англияпараст Жумҳурият Халқ партияси бор. Демакки, бу Америка-Европа ўртасидаги курашга киради. Америка Европанинг, айниқса, инглизларнинг армия, разведка, адлия ва олий таълимдаги нуфузига зарба бериб келганди. Энди бўлса, Парламентга зарба берди! Шунинг учун Европа бу зарбани кўтара олмади, худди Мисрда бўлгани каби, менинг сўнгги нуфузимгача заифлаштириб ташлайди деб билмоқда. Чунки Эрдўған Туркияда жорий қилишни истаётган Америкага тобе президентлик бошқарувини Миср ҳам қабул қилган.
Тўртинчидан: Бундай ўзгариш барқарор эмас. Масалан, Покистонда шундай бўлди, парламент бошқаруви президентлик бошқарувига ўзгарди, сўнг аксинча бўлди, яъни бир неча бор президентлик бошқаруви парламент бошқарувига ўзгарди… бу ўзгаришлар ҳокимият тепасидаги малайга қараб ва курашаётган мустамлакачи давлатлар (Америка-Британия) манфаатига қараб шундай бўлди. Чунки демократик тузум шунга рухсат беради. Зеро, демократия инсон тарафидан ишлаб чиқилган бўлиб, башарият тақдири билан ўйнашувчилар қўлидаги бир ўйинчоқ ҳисобланади! Шу боис Туркияда яна референдум ўтказилиши ёки инқилоб бўлиб, парламент бошқаруви қайта тикланиши ҳам мумкин!
Аммо Эрдўғаннинг «президентлик бошқаруви барқарорликни мустаҳкамлайди ва Туркиядаги кучли бўлинишни йўқ қилиб, юртнинг инқилобларга дуч келишига йўл қўймайди», деган даъвосига келсак, бу ишониб бўлмайдиган гап. Чунки референдум натижалари эълон қилинган биринчи соатданоқ шу кучли бўлиниш яққол намоён бўлди. Чунки халқнинг деярли ярми Эрдўғанни қўллаб-қувватламади ва унга қарши норозилик намойишлари ўтказди… Бу ҳаргиз инқилобларни олдини ололмайди. Ҳатто Туркиянинг уриб турган икки юраги бўлган ва Эрдўған тарафдорларининг макони ҳисобланган Анқара ва Истанбулдан иборат икки пойтахтда ҳам референдум натижалари тамоман аксинча бўлди. Бу эса келажакда Эрдўғаннинг мағлуб бўлиши, нуфузли кишилар ва фаоллар мана шу икки шаҳарда кўп бўлиб, бу шаҳарлар бутун Туркияга таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ўз навбатида, бу худди 2012 йилги Таксим-Гезида бўлган пикетлар шаклида ёки 2016 йил 15 июлдаги инқилобга уриниш кўринишида Эрдўғанга қарши ҳаракатлар содир бўлиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантиради. Ўша ҳаракатлардан олдин ҳам Эрдўған инқилоблар замони ўтди-кетди қайтиб келмайди, дея оғзини тўлдириб жар солганди, бироқ қайтиб келганини сезмай ҳам қолди ва муваффақиятли ўтишига, Эрдўғанни ағдаришига бир баҳя қолди…
Эрдўған курдлар муаммосини ҳал этиш учун – худди Америка истаганидек – федералга ўхшаш бошқарувни истаётганини очиқ айтди. Лекин бу бошқарув курдлар учун мустақил автономия ҳозирламоқда. Чунки автоном бошқарув остида – худди Ироқдаги каби – ички парокандалик, бўлиниш ва алоҳида мустақиллик хавф солиб туради.
Энди, Эрдўғаннинг «президентлик Туркия учун энг яхши бошқарув», «Мен бу бошқарувни ҳокимиятпарастлик каби шахсий ғаразлар билан ҳимоя қилаётганим йўқ», каби даъволарига келсак, бу ҳақиқатдан узоқ. Чунки бошқарув шакли, бугун Шарқ ва Ғарбдаги илмоний демократик давлатлардаги каби парламентлик, республикачилик, қироллик ва императорлик бўлишидан қатъий назар, воқеда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ҳокимиятни битта шахснинг ўзи бошқарадими, бир гуруҳ кишилар бошқаришга уринишадими, фақсиз, буларнинг ҳаммаси мустабид бошқарувдир. Чунки буларнинг пойдевори ботил илмонийликдан иборат, динни ҳаётдан, давлатдан ажратган. Бу эса очиқдан-очиқ куфр эътиқодидир, бунга асло шубҳа йўқ, бу борада тортишишга ҳам ҳожат йўқ. Аллоҳни яратувчи, дея тан олади, аммо ҳукм чиқарувчи деб тан олмайди. Аммо Аллоҳ Таоло бундай демоқда:
أَلَا لَهُ الْخَلْقُ وَالْأَمْرُ ۗ تَبَارَكَ اللَّـهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
«Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Робби-Аллоҳ буюкдир» [Аъроф 54]
Шунинг учун илмонийлар бузуқ демократияни бошқарув тузуми сифатида қабул қилишган. Чунки унда халқ ҳоким бўлиб, халқ ҳукм чиқаради, яъни ўзига-ўзи қонунлар ишлаб чиқади, дейилган ва бу Аллоҳга ширк келтириш демакдир. Бундай бошқарувда ижроий ҳокимият ё республика президентига берилади ёки қиролга ёхуд императорга ва ёки бош вазирга берилади. Бугун дунёдаги аксар давлатларда шундай. Хўш, бу давлатларнинг бирор яхши томони борми?! Асло. Уларнинг барчаси золим, мустабид бўлиб, Аллоҳнинг неъмат берувчи ва ҳукм юритувчи эканига куфр келтирган ҳамда ўз халқларини бадбахт қилган. Чунки уларнинг аксари, бахтсиз ҳаётдан, мисли кўрилмаган даражада руҳий, маънавий ва ахлоқий бузилишдан азият чекмоқда, барчасида моддий манфаатпарастлик қадрияти ҳукмрон. Лекин бу давлатлар ҳийла ишлатиб, халқнинг «портлаш»ига, қўзғолон кўтаришига ҳамда фуқарони қул қилиб, юрт бойликларини ўзлаштираётган бир сиқим элитадан иборат режимни ағдаришига нопок услублар билан йўл бермай туради. Зотан, бугун ушбу халқлар Ислом тузумини татбиқ ўрнига қайтаришларига ёрдам берадиган бирор альтернатив бошқарувни тополмаяптилар. Чунки илмоний давлатлар исломий тузумнинг қайтишига, уни қайтаришга даъват қилаётганларга қарши курашмоқда. Исломдан одамлар узоқлашиши, уни альтернатив сифатида қайтаришга уринмаслиги учун унинг номини қора қилиб кўрсатмоқда.
Модомики, Ислом ўн уч аср мобайнида башариятни бахт-саодатли қилиб келган альтернатив эканми, демак у энг яроқли тузум ҳамдир. Бинобарин, Туркия ва бошқа Ислом юртлари учун, олам учун Ислом яроқлидир, у Аллоҳнинг изни ила, яқинда барпо бўлажак Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликда гавдаланади. У ўзида барча халқларни мужассам этиб, ўзига мойил қилиб, Росулуллоҳ Aнинг мулки ер юзининг мағрибию машриқига қадар етиши тўғрисидаги башоратларини рўёбга чиқаради. Бу Аллоҳга ҳаргиз мушкул эмас.
Роя газетасининг 2017 йил 26 апрел чоршанба кунги 127-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми