Банк тизимига қарамликнинг асл моҳияти ва ҳалол луқма таҳдиди

Банк тизимига қарамликнинг асл моҳияти ва ҳалол луқма таҳдиди
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ниқоби остида кечаётган кенг кўламли ва мажбурий жараёнлардан бири — бу нақд пул муомаласини кескин чеклаш ва аҳолини банк тизимига тўлиқ боғлаш сиёсатидир. Хусусан, президентнинг 2024 йил 19 апрелдаги ПҚ-162-сонли ҳамда 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сонли фармон ва қарорлари билан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтиришнинг янги босқичига асос солинди. Ушбу ҳужжатларга кўра, 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган барча хизматлар учун тўловларни фақат нақдсиз шаклда қабул қилиш белгиланган бўлса, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдиси, ҳаттоки заргарлик буюмлари савдоси учун нақд пул ишлатиш қатъиян тақиқланди. Мазкур сиёсат 2026 йилда янада кучайтирилиб, янги таҳрирдаги солиқ ва банк қонунчилигига асосан, нафақат йирик олди-сотди, балки улгуржи ва чакана савдо объектларида нақд пул айланмаси устидан жарима санкциялари кескин оширилди ҳамда барча юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисоб-китобларни фақат рақамли идентификация асосида амалга ошириш мажбурий этиб белгиланди. Давлат статистика маълумотларига кўра, иқтисодиётдаги нақд пулсиз айланмалар ҳажми йилига ўртача 25-30% га ўсиб бормоқда ва тўлов терминаллари сони аллақачон 430 мингдан ошиб кетди. Расмий баёнотларга кўра, бу жараён «яширин иқтисодиётни қисқартириш», «солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш» ва «рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида аҳолига қулайлик яратиш каби эзгу мақсадларни кўзлайди. Оммавий ахборот воситаларида банк карталари ва мобил иловалардан фойдаланиш «замон билан ҳамнафаслик» ва «юксак маданият белгиси» сифатида талқин қилиниб, аҳоли онгига тизимли равишда сингдирилмоқда…
Бироқ бугунги нақдсизлаштириш сиёсати аслида халқни молиявий қарамликка тушириш, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тўлиқ назорат қилиш ва давлат ҳамда банклар манфаатини халқ манфаатидан устун қўйишдан иборатдир. Марказий банк томонидан картадан-картага (P2P) ўтказмалар устидан назоратнинг кучайтирилиши ва солиқ органларининг банк сири ҳисобланган маълумотларга тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлиши — бу инсон ҳаётини рақамли кузатув остига олишнинг аниқ исботидир.
Бугунги капиталистик дунёда давлатлар табиати солиқхўрлик принципига асосланган. Капиталистик тузум татбиқ қилинаётган муҳитда давлат халқнинг ҳожатини чиқарувчи эмас, балки халқни солиқлар ва жарималар орқали соғувчи бир машинага айланади. Шундай экан, халқни банкка қарам қилишдан мақсад асло енгиллик яратиш эмас. Бу ерда банк соҳасининг энг катта сир-асрори намоён бўлади: нақд пулнинг йўқолиши — бу давлат учун ҳар бир фуқаронинг чўнтаги устидан мутлақ ҳокимият ўрнатиш демакдир. Нақд пул давлат ва банк назоратидан ташқаридаги эркинлик эди. Энди эса, ҳар бир транзакция рақамли из қолдиради ва бу из давлатга сизнинг даромадингиз ва харажатингизни 100% кузатиш имконини беради. Бу солиқхўр давлат учун идеал шароитдир: у сизнинг ҳар бир топган тийинингиздан ўз улушини олишини кафолатлайди ва агар итоат этмасангиз, бир тугмани босиш билан сизни яшаш воситасидан маҳрум қила олади. Ўзбек ҳукуматининг бугунги ҳаракатлари, яъни нақд пулни муомаладан сиқиб чиқариши халқни банк занжири билан боғлаб, якунда уни итоаткор ва шаффоф истеъмолчига айлантиришга хизмат қилмоқда. Банклар эса аҳоли жамғармаларини тўплаб, уларни рибовий кредит тизимини ёғловчи ёқилғига айлантиради. Сизнинг картадаги пулингиз аслида банкка берилган муддатсиз қарз бўлиб, банк ундан фойдаланиб бойийди, сизга эса фақат виртуал рақамларни кўриш имконини қолдиради.
Халқни банк тизимига қарам қилишнинг оқибатлари нафақат молиявий, балки ундан анча ҳалокатлидир. Биринчидан, шахсий ҳаёт дахлсизлиги бутунлай йўқолади — нимага пул сарфлаётганингиз, қаерга бораётганингиз ва нима еяётганингиз давлат алгоритмлари учун очиқ китобга айланади. Иккинчидан, технологик қарамлик юзага келади — электр ёки интернет узилса, бутун бир халқ молиявий фалаж ҳолатига тушади. Ҳисоб рақами ноҳақ блокланган фуқаро ўз ҳаққини исботлагунча оч қолиши мумкин. Учинчидан, иқтисодий талон-торож кучаяди — банклар ҳар бир ўтказмадан комиссия олади, пластик карталар ва СМС-хизматлари учун ҳақ ундиради. Бу халқ ҳисобидан банк секторини бойитиш демакдир. Капиталистик дунёқарашда инсон фақат истеъмолчи сифатида кўрилади ва унинг бор-буди банк тизими орқали давлат назоратига ўтказилади. Бу сиёсат замирида халққа бўлган ғамхўрлик эмас, балки аҳолини иқтисодий жиловлаш ва солиқ базасини ҳар бир харид ҳисобига кенгайтириш мақсади ётибди.
Исломда инсоннинг шахсий мулки дахлсиздир. Пайғамбаримиз ﷺ мусулмоннинг моли, жони ва номуси бошқа мусулмон учун ҳаром эканини баён қилганлар. Ислом иқтисодиётида «рибо» (судхўрлик) лаънатланган амалдир ва бугунги банк тизими эса айнан рибо устига қурилган. Исломда пул — бу ҳақиқий қийматга эга бўлган олтин ва кумушдир. Бундай пул инфляциядан ҳимояланган ва давлат томонидан бир тугмани босиш билан йўқ қилиб бўлмайдиган ҳақиқий бойликдир. Ислом давлатида давлат фуқароларнинг харажатларини кузатмайди ва солиқхўрлик билан ҳам шуғулланмайди. Савдо-сотиқ эркин амалга оширилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Исломда давлатнинг табиати капиталистик демократиядаги каби «солиқхўр» ёки «инкассатор» эмас, балки чинакам ғамхўрликдир. Агар Ислом давлати бирор техник услубни қўлласа ҳам, бугунги тузум каби халқни моддий жиҳатдан соғиш ёки унинг шахсий ҳаётини назорат қилиш мақсадида эмас, балки аҳолининг ҳожатларини осонроқ ва адолатли қондириш учун қилади. Капитализмда давлат фуқаронинг ҳар бир топганига шерик бўлишни кўзласа, Ислом давлати халқнинг мулкини ҳимоя қилиш ва унинг фаровонлигини таъминлашни ўз зиммасидаги шаръий мажбурият деб билади. Исломдаги ечим — бу инсонни банкка эмас, балки Аллоҳга ва Унинг адолатли шариатига боғлашдир. Агар биз бугун банк тизимининг моҳиятини англамасак, эртага бутун ҳаётимиз битта компьютер алгоритмига қарам бўлиб қолади ва энг ачинарлиси, бу тизим мусулмонларнинг халқумини ҳам булғаб, уларни рибонинг нажосатига шерик қилади. Халқни тўлиқ судхўрликка асосланган банк тизимига занжирбанд қилиш нафақат моддий эркинликни тортиб олиш, балки мусулмон учун энг муқаддас бўлган "ҳалол луқма" тушунчасини йўқ қилиш ва халқумни ҳаромдан сақлаш имкониятини бутунлай йўққа чиқаришдир.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги капиталистик зулм ва банк қарамлигидан қутулишнинг ягона йўли — инсонни бандаларга қул бўлиб қолишдан асраб, Аллоҳнинг адолатига олиб чиқувчи Пайғамбарлик манҳажи асосидаги Рошид Халифалик давлатини қайта тиклашдир. Тўғри ечим Халифаликнинг рибодан холи, адолатли Иқтисодий низомидадир. Ушбу давлатни тиклаш — инсоннинг ўз қадр-қимматини ва охиратини асраб қолишнинг ягона кафолатидир. Аллоҳ таоло айтади:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
– “Аллоҳ савдони ҳалол қилди, рибони (судхўрликни) эса ҳаром қилди”. (Бақара:275)
Салоҳиддин
04.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ