Эроннинг бугунги воқелиги ва у билан АҚШ ўртасидаги зарбаларнинг янгиланиши

Саволга жавоб
Эроннинг бугунги воқелиги ва у билан АҚШ ўртасидаги зарбаларнинг янгиланиши
Савол: [Икки кун ичида АҚШ ва Эрон ўртасида иккинчи бор ўзаро зарбалар алмашиниши ортидан.. Инқилоб Муҳофизлари бугун, якшанба кунги баёнотида: «Қўшма Штатлар томонидан ўт очишни тўхтатиш тартибининг бузилиши Трамп ва Масъуд Пезэшкиан ўртасида 18 июнда имзоланган ўзаро англашув меморандумининг биринчи моддасига зиддир», деб ҳисоблади. Бунинг қаршисида Трамп урушга қайтишга шама қилиб, бугун ўзининг «Truth Social» платформасидаги постида шундай ёзди: «Шундай вақт келиши мумкин, биз унда оқилона ҳаракат қила олмай қоламиз ва вазифани катта муваффақият билан бошлаганимиздан кейин, уни ҳарбий йўл билан якунлашга мажбур бўламиз…». АҚШ армияси шанбадан якшанбага ўтар кечаси, Эрон Ҳурмуз бўғозида нефть танкерини нишонга олганидан бир неча соат ўтиб, Қешм оролидаги позицияларга ҳаво зарбалари берилганини эълон қилган эди… Ал-Арабия.нет, 28/06/2026].. Ваҳоланки, Трамп ўз шериги Нетаньяху билан биргаликда 2026 йил 28 февралда Эронга ҳужум уюштирган бўлиб, унда Олий раҳбар ва қирққа яқин юқори мартабали мулозимлар ҳалок бўлган, вайронгарчиликлар ва вайроналар содир этилган эди.. Шунга қарамай, Эрон худди тўкилган қонлар ва вайрон қилинган объектлар гўёки бўлмагандек, улар ўртасида тинчлик ўрнатиш учун 2026 йил 18 июнда Трамп билан ўзаро англашув меморандумини имзолади!! Қолган мусулмонлар эса — хоҳ Эронга яқин бўлсин, хоҳ узоқ — худди Эрон ва АҚШ ўртасидаги бетараф томондек, балки мусулмонлардан кўра АҚШга яқинроқдек бўлиб, содир бўлаётган воқеаларни кузатиб туришибди! Ўз даврида нур ва адолат билан дунёни бошқарган мусулмонлар қачонгача мустамлакачи кофирларнинг шамол-довуллари қаршисида тарқоқ бўлиб қолаверадилар?! Сиздан воқеаларнинг ҳақиқатини баён қилувчи жавоб умид қиламан? Сўнгра, бу уммат қандай қилиб яна тирик ва азиз ҳолига қайтади? Жавоб учун ташаккур.
Жавоб: Юқоридаги саволларга жавоб бериш учун воқеалар ҳақиқатини ҳамда умматнинг қайта тирик ва азиз бўлишини кўриб чиқамиз.. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир:
Биринчидан: Воқеалар ҳақиқати:
1- Американинг «Bloomberg» агентлиги 2026 йил 17 июнда АҚШ ва Эрон ўртасидаги 14 моддадан иборат ўзаро англашув меморандуми лойиҳасини эълон қилди. У мазмун жиҳатидан Эроннинг ярим расмий «Mehr» ахборот агентлиги 2026 йил 14 июнда Эрон музокаралар гуруҳига яқин манбага таяниб тарқатган хабарга тўлиқ мос келади.. Шундан сўнг, кутилмаганда Эрон Президенти Масъуд Пезэшкиан ва унинг америкалик ҳамкасби Трамп ўртасида, Трамп «Катта еттилик» (G7) саммити доирасида Франциянинг Версаль саройида бўлиб турган бир пайтда, 2026 йил 18 июнда ушбу ҳужжат тўсатдан имзоланди.. Аслида имзолаш маросими Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган бўлса-да, диктатор Трамп мусулмонларга биринчи жаҳон урушидан кейин мусулмонлар давлати бўлмиш Халифалик давлатини тугатишни чизиб берган ва уларнинг бирлигини парчалаб ташлаган Версаль тинчлик шартномасини эслатиб қўйишни истади.. Трамп илгари Халифаликни тугатиш билан тарих оқимини ўзгартирган Версаль саройини танлаш орқали, ўзини худди ўтмишдошлари изидан бориб тарих яратаётган раҳбар сифатида кўрсатишга уринмоқда! Шундай қилиб, икки томон ўртасидаги воситачи — Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф назорати ортидан Версаль саройида меморандум онлайн (электрон) тарзда имзоланди. Бу билан унинг расман кучга киргани эълон қилинди..
Бу келишув АҚШ ва Эрон ўртасида содир бўлди, ваҳоланки, АҚШ ўзининг «арзандаси Нетаньяху» билан биргаликда ўтган февраль ойининг охирида тўсатдан ҳарбий амалиёт бошлаб, Эрон режимининг сиёсий ва ҳарбий йирик раҳбарларини, энг аввало, биринчи қарор соҳиби бўлмиш Олий раҳбарни нишонга олган эди. Улар урушни тўрт кун қилиб белгилаган бўлсалар-да, у қирқ кун давом этди ва мавжуд режимни ағдариш ёки ўзига тобе раҳбарларни олиб келиш каби мақсадига эриша олмади; мақсад — Эронни АҚШ орбитасида юрувчи давлат мақомидан чиқариб, унга мутлақ тобе давлатга айлантириш эди. Чунки Эроннинг 47 йил давомида АҚШ орбитасида ҳаракат қилгани АҚШда уни бутунлай тобе давлат қилиб олиш иштаҳасини уйғотди, айниқса, бу иш АҚШ Эронни ўзи билан бирга ишлашига рухсат берган ҳудудлардан — Сурия, Ироқ, Ливан ва Ямандан чиқаришни бошлаган бир пайтга тўғри келяпти. Бироқ бу вазият Эронда мустақил бўлиш ҳақида ўйлайдиганларни пайдо қилди.. Бунда Инқилоб Муҳофизлари корпуси катта рол ўйнади, биз бу масалани 2026 йил 3 июнда чиқарган саволга жавобимизда батафсил баён қилган эдик. Жумладан, шундай деган эдик: («..Худди Венесуэлада АҚШ кучлари унинг президентини ўғирлаб кетганда, унинг ўринбосари ва атрофидагилар АҚШга таслим бўлгани каби. Бироқ Эронда унинг олий раҳбари Али Хоманаий ва режимнинг баъзи раҳбарлари ўлдирилганидан кейин бундай бўлмади. Инқилоб Муҳофизлари маҳкам туриб, ушбу тажовузга қарши туриш ва душманларга ҳужум қилишга қарор қилди.Шу билан бирга у АҚШ билан камида тобе давлат эмас, балки унинг орбитасидаги давлат сифатида келишиб ишлашни хоҳлайдиган сиёсий кучлардан фарқли ўлароқ, АҚШдан мустақил бўлишга интилмоқда…»).
Инқилоб Муҳофизларининг мустаҳкам позицияси, кучи ва таъсири уларнинг Олий раҳбар Мужтабони танлашда пешқадам бўлганликлари сабаблидир. Янги раҳбар ўз ҳокимиятини сақлаб қолишда уларни қўллаб-қувватлар ва уларга суянар эди, қолаверса улар собиқ Олий раҳбар — ўз отасини ва бир қанча мулозимларни ўлдирганларидан кейин АҚШ билан ўзаро англашув меморандуми ва тинчлик тузишга рози эмас эди.
2- Бироқ, Эрон ҳокимиятидаги сиёсий қанот (Республика Президенти, Парламент Раиси ва Ташқи ишлар вазири) Олий раҳбарни ушбу англашув меморандуми Эрон манфаатларига хизмат қилишига ишонтира олганидан кейин бу вазият ўзгарди ва бу борада Республика Президенти катта куч сарфлади. Шундан сўнг, Олий раҳбарнинг 2026 йил 18 июнда Х (Твиттер) ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган ёзма розилиги пайдо бўлди. Унда Олий раҳбар шундай деган эди: («АҚШ билан музокаралар олиб бориш борасида менинг позициям бошқача эди, бироқ Эрон Президенти Масъуд Пезэшкиан ва бошқа мулозимлар Эрон миллати ҳамда қаршилик кўрсатиш фронти (Жабҳатул-муқовама) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммаларига олишлари ҳақида ваъда берганларидан кейин мен ушбу ўзаро англашув меморандумига розилик бердим»). Бу билан у худди келишув натижасида Эрон учун келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оқибатлар учун масъулиятни ўз мамлакати президенти ва бошқа мулозимлар зиммасига юклаётгандек бўлди..
Шу тариқа меморандум имзоланди ва Эрон Президенти Масъуд Пезэшкиан 2026 йил 18 июнда имзолаш маросимидан сўнг дарҳол Х платформасида баёнот бериб, шундай деди: («Бу тарихий ҳужжат ва қудратли Эроннинг йўллаган мактубидир. Тинчлик ўзаро ҳурмат соясида қарор топади. Эрон қадр-қиммат, мустақиллик, тараққиёт ва минтақавий ҳамкорликни сақлаган ҳолда, халқаро тинчликка доимо содиқдир. Эришилган бу натижа миллий бардош, сиёсий мафкура ва масъулиятли дипломатиянинг мевасидир»).. Шундан сўнг, Олий раҳбарга итоат юзасидан Инқилоб Муҳофизларининг овози пасайди.. Эрон Исломий Шўро мажлиси (Парламенти) аъзоси Муҳаммад Манон Раисий ўз тарафдорларининг йиғилишида Олий раҳбарнинг позициясига тўхталиб, унинг меморандумга қарши бўлганлигини очиқлади ва шундай деди: («Олий раҳбар Мужтабо Хоманаий Миллий хавфсизлик олий кенгаш аъзоларидан ушбу (ўзаро англашув меморандумига оид) саволларга алоҳида-алоҳида жавоб беришларини талаб қилди ва одатдан ташқари равишда, меморандумни маъқуллаш учун кенгаш аъзоларининг 75 фоизи рози бўлишини шарт қилиб қўйди. Миллий кенгашнинг фақат биргина аъзоси унга қарши чиқди, қолган барча аъзолар эса уни ёқлаб овоз беришди.. Олий раҳбар ушбу келишувни тўлиқ мамнуният билан қабул қилди, деб айтиб бўлмайди, бироқ уни унга қарши бўлган деб ҳам ҳисоблаб бўлмайди…» — Эрон Интернешнл, 18/06/2026).
Уларнинг биргина истиснодан ташқари ушбу англашув меморандумини маъқуллашлари ва АҚШ билан якуний битим имзолашга тайёр эканликлари, бу жараён уларнинг мамлакатини яна орбитадаги давлат сифатида қайтишига йўл очаётганидан далолат беради. Бу эса Инқилоб Муҳофизларининг бундан олдинги мустақилликка интилиш ҳақидаги қарашларига мутлақо зиддир!
3- Шу тариқа, ҳокимиятдаги сиёсий қанотнинг дастаги устун келди. Бу қанотнинг энг катта истаги — Эрон худди илгаригидек АҚШ орбитасида айланувчи давлатга, яъни Туркия каби давлатга айланишидир, минтақадаги Миср, Сурия ва шу каби бошқа давлатлар сингари унга мутлақ тобе малай давлат бўлиш эмас. Шу боис, ҳокимиятдаги сиёсий қанот воқеалар ва музокаралар саҳнасида олдинга чиқди, Инқилоб Муҳофизлари эса бир оз ортга чекинди.. Мен «бир оз» деяпман, чунки Муҳофизларнинг олови ҳали бутунлай ўчгани йўқ, улар сиёсий томон билан ихтилофдадир. Жумладан, олдинроқ («Эрон телевидениеси жума куни Ҳурмуз бўғози бўйича АҚШ билан алоқа линияси ишга туширилганини эълон қилган эди» — Ал-Арабия, 26/06/2026), бироқ Инқилоб Муҳофизлари буни рад этди: («Эрон Инқилоб Муҳофизлари матбуот котиби Ҳусайн Муҳиббий жума куни кечқурун америкалик мулозимларнинг Эрон ва АҚШ ўртасида Ҳурмуз бўғози бўйича қайноқ линия ташкил этилгани ҳақидаги даъволарини рад этиб, бу мутлақо ёлғон эканини таъкидлади.. Эроннинг „Press TV“ телеканали эса жума куни Ҳурмуз бўғозида Эрон ва АҚШ ўртасида алоқа линияси ташкил этилгани ҳақида хабар берган эди» — Ал-Арабий ал-Жадид, 26/06/2026).
Шунингдек, Инқилоб Муҳофизлари АҚШнинг Эрон шарқий қирғоқларига қилган ҳужумларига жавоб қайтарди.. («„Sepah News“ сайти Эрон Инқилоб Муҳофизларининг баёнотини эълон қилди, унда шундай дейилади: Қўшма Штатлар Эрон қирғоқларига ҳужум уюштирди, бу эса ўз навбатида жавоб қайтаришга мажбур қилди, натижада Муҳофизлар ҳарбий-денгиз кучлари АҚШ армиясининг минтақадаги жойлашув нуқталарини ўққа тутди. Баёнотда Вашингтон икки томон ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандумидаги мажбуриятларини бузганликда айбланди…» — Ал-Жазира, 26/06/2026).
4- Ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши Эроннинг ўзига тажовуз қилганлар билан ўт очишни бутунлай тўхтатишни қабул қилганини ҳамда уларга қарши урушмаслик мажбуриятини олганини англатади. Зеро, меморандумнинг биринчи моддасида ушбу келишув («Ливанни ҳам ўз ичига олган ҳолда, барча фронтларда ўт очишни зудлик билан ва бутунлай тўхтатишни қамраб олиши, АҚШ ва Эрон бир-бирларига қарши ҳеч қандай душманлик ҳаракатларини амалга оширмаслик мажбуриятини олиши ҳамда иккинчи томонга қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан ёки куч ишлатишга мурожаат қилишдан тийилиши…») баён қилинган. Бу эса, Эрон ўзига тажовуз қилган, йирик раҳбарларини ўлдирган ва ядровий ҳамда ҳаётий муҳим реакторларини вайрон қилган АҚШга қаршилик кўрсатишдан воз кечганини англатади.. Гарчи иккинчи моддада ички ишларга аралашмаслик белгиланган бўлса-да, битимнинг бошқа моддаларида келган бандлар буни инкор этади!
Масалан, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандумининг саккизинчи моддасида: [«Эрон ядровий қуролга эга бўлиш ёки уни ривожлантиришга интилмаслигини яна бир бор таъкидлайди ва Қўшма Штатлар ҳамда Эрон захирадаги бойитилган материаллар масаласини ўзаро келишилган механизм асосида ҳал қилишга келишиб олдилар…» — Аш-Шарқ, 18/06/2026] деб қайд этилган. «Sky News» эса 24/06/2026 йилда шундай хабар тарқатди: [«АҚШ Президенти Дональд Трамп сешанба куни Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўйилмаслигини айтиб, армияси ва салоҳияти вайрон қилинган Эрон, музокаралар олиб бориш учун яхши ҳолатда эмаслигига ишора қилди.. Трамп, шунингдек, тегишли вақтда ядровий инспекторлар Эрон ҳудудида бўлишини қўшимча қилди..]. Буни матнда шунчаки қайд этилишининг ўзиёқ ички ишларга аралашишдир.
Шунингдек, олтинчи модда ҳам АҚШнинг Эрон ички ишларига аралашиши учун йўл очади, чунки унда шундай дейилган: («АҚШ ўз минтақавий шериклари билан ҳамкорликда, Эронни қайта тиклаш ва уни иқтисодий ривожлантириш бўйича икки томонлама келишилган, камида 300 миллиард доллар ажратилишини кафолатлайдиган кенг қамровли режа тайёрлаш мажбуриятини олади. Ушбу режани амалга ошириш якуний битимнинг бир қисми сифатида 60 кун ичида белгиланади»). Бу аралашиш учун очиқ бир йўлдир, балки ундан ҳам юқорироқдир!
5- Буларнинг барчаси билан бирга, ушбу келишувда сўз ўйинлари ҳам мавжуд бўлиб, бир томондан ундан Эрон манфаатларига хизмат қилиш тушунилса, бошқа томондан АҚШ манфаатларига хизмат қилиш тушунилади. Яъни, у миналаштирилган бўлиб, ундаги миналарни зарарсизлантириш учун белгиланган 60 кун кифоя қилмаслиги ва бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин! Бунга қамалнинг бекор қилиниши ва Ҳурмуз бўғозининг очилиши кабилар мисолдир… [«Эрон бўғоз бўйи давлати сифатида Ҳурмуз бўғозидан ўтишга тааллуқли „ноаниқ тартиб-қоидалар“ ҳақида огоҳлантирди…» — Sky News, 26/06/2026].
Ушбу ноаниқлик бугун Эрон ва АҚШ ўртасидаги тўқнашувларда ўз исботини топди: («Инқилоб Муҳофизлари бугун, якшанба кунги баёнотида: Қўшма Штатлар томонидан ўт очишни тўхтатиш тартибининг бузилиши ўзаро англашув меморандумининг биринчи моддасига зиддир ва бу музокаралар жараёнининг бутунлай тўхташига олиб келади, деб ҳисоблади. Шунингдек, у Трамп ва Масъуд Пезэшкиан ўртасида 18 июнда имзоланган меморандумга мувофиқ, Ҳурмуз бўғозидаги кемалар қатновини назорат қилиш учун зарур тартиб-қоидалар Эрон қўлида эканини даъво қилди» — Ал-Арабия.нет, 28/06/2026)..
Шунингдек, меморандумда: («АҚШ якуний битим тузилганидан кейин 30 кун ичида Эрон атрофидаги ҳудудлардан ўз кучларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олади») деб келган. Ваҳоланки, Эрон илгари АҚШ кучларини бутун минтақадан олиб чиқиб кетилишини талаб қилар эди… Қолаверса, АҚШ Эроннинг музлатилган 12 миллиард доллар маблағини қайтаради, бироқ бу Эроннинг АҚШ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиши шарти билан амалга оширилади! Трампнинг ўринбосари Вэнс душанба кунги матбуот анжуманида журналистларга шундай деди: («„Музлатишдан чиқариладиган Эрон активлари“ Эрон халқи манфаати учун „АҚШ сояси, маккажўхориси ва буғдойини сотиб олишга“ ажратилади…» — Ал-Арабия, 25/06/2026). Эрон эса буни рад этди.. Паҳлавий (Қолибоф) пайшанба куни: («Қўшма Штатлар томонидан Теҳрон музлатишдан чиқарилган активлардан АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун фойдаланиши ҳақида эълон қилинган баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмайди…» — Ал-Арабия, 25/06/2026) деб таъкидлади.
Сўнгра, якуний битимнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланган! Буни бир томон Эроннинг ушбу битим ижросидан қутила олмаслиги деб талқин қилса, бошқа томон АҚШнинг унга амал қилишини кафолатлаш деб талқин қилади, худди бу битим АҚШ манфаатларига зиддек! Бундан ташқари, «Reuters» агентлиги 2026 йил 18 июнда хабардор манбага таяниб, ўзаро англашув меморандумида назарда тутилган «Қайта тиклаш ва тараққиёт жамғармаси» лойиҳаси борлигини хабар қилди ва шундай деди: («Жамғармадан мақсад Теҳрон ва Вашингтон ўртасида якуний битимга эришиш учун иқтисодий рағбат яратишдир ва бу жамғарма фақат якуний битим имзоланган тақдирдагина ташкил этилади»). Демак, бу Эронни фойдасидан кўра зиёни кўпроқ бўлган жамғармани кутиш орқали якуний имзогача музокаралар йўлидан юришга қизиқтириш учун қўйилган – безатилган бир минадир! Буларнинг барчаси миналаштирилган, мавҳум (муаллақ) моддалардир!
6- Трамп ҳарбий ҳаракатлар орқали ўз мақсадларига эришолмай муваффақиятсизликка учраганини англаб турибди, шунингдек, у ўзининг тажовузига қарши Инқилоб Муҳофизлари томонидан кутилмаган қаттиқ қаршиликка учради. Ўзи бошлаган бу урушда кўп нарса йўқотган Трампга бугун воқелик босим ўтказмоқда; унинг обрўси пасайиб, бутун дунёда ҳатто АҚШ ичкарисида ҳамда ўз партияси ва тарафдорлари сафида унга бўлган ишонч заифлашди. Бу эса, шубҳасиз, келаси ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конгрессга оралиқ сайловларга, сўнгра икки йилдан кейин ўтказиладиган умумий (президентлик) сайловларига ўз таъсирини кўрсатади.. Англашув меморандумининг «Ҳурмуз бўғозига тааллуқли бўлган» тўртинчи ва бешинчи моддалари АҚШдаги Конгресснинг оралиқ сайловлари билан билвосита боғлиқдир.
Маълумки, Эроннинг Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйиши ва АҚШ унга денгиз қамалини жорий этиши — ваҳоланки, бу бўғоз орқали жаҳон нефть ва суюлтирилган табиий газ ҳажмининг бешдан бир қисми ўтади — денгиз қатновини фалаж қилиб қўйди. Бу эса ёнилғи ва газ нархининг кескин кўтарилишига олиб келди, бунинг ортидан табиий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам унга параллел равишда ошди. Бу эса ўз-ўзидан оралиқ сайловларга таъсир қилади, шу боис Трамп бўғозда ҳаракатнинг давомлилигини қайта тиклаш учун Эрон билан келишув имзолашга катта эътибор қаратди. Чунки Ҳурмуз бўғозининг қайта очилиши жаҳон нефть нархини тез фурсатда пасайтиради.. Шу тариқа, Трамп музокаралар ва ўзаро англашув меморандумидан ўз қидирган нарсасини топди, яъни ҳарбий тажовуз билан эришолмаган ғалабасини музокаралар орқали қўлга киритмоқчи бўлди! Инқилоб Муҳофизлари ўз қаҳрамонликлари билан унинг қаршисида турганда, у ўзи учун режимнинг сиёсий қанотидан (Республика Президенти, Парламент Раиси ва Ташқи ишлар вазиридан) бошпана топди. Олий раҳбарни музокаралар ва ўзаро англашув меморандумига ишонтиришда, демакки Инқилоб Муҳофизлари овозининг пасайишида айнан мана шулар энг катта ролни ўйнади..
АҚШнинг Эрон билан келишувга эришишга қанчалик интилаётганини учинчи моддада келган ушбу матн ҳам тасдиқлайди: («Эрон ва АҚШ музокаралар олиб бориш ҳамда энг кўпи билан 60 кун ичида якуний битимга эришиш мажбуриятини оладилар, бу муддат ўзаро розилик билан узайтирилиши мумкин»). Яъни, муддатни узайтиришни тақозо этса муддат узайтирилади! АҚШ режимни ўзгартириб, уни бутунлай тобе давлатга айлантириш борасидаги ҳарбий вариантда муваффақиятсизликка учраганидан кейин, музокаралар олиб бориш ва якуний битимга эришишга кучли иштиёқ кўрсатди ҳамда айниқса, Инқилоб Муҳофизлари томонидан АҚШдан бутунлай мустақил бўлишга чақирувчи овозлар чиққанидан сўнг, Эроннинг илгаригидек орбитадаги давлат сифатида қайтишига рози бўлди.. Трамп буни ғалаба деб ҳисоблади ва унга бу ишни сиёсий қанот, хусусан, Республика Президенти енгиллаштириб берди! Эроннинг АҚШ унга қарши урушда ўз мақсадларига эришолмаганини кўриб туриб, музокараларга ва шундан сўнг якуний битимни имзолашга тайёр эканлиги — унинг яна орбитадаги давлат сифатида биринчи нуқтага (дастлабки ҳолатига) қайтишини англатади.
7- Трамп келишув имзоланганидан кейин, хусусан Эрон билан ва умуман мусулмонлар билан муҳитни юмшатишга уринди.. Бир томондан, Трамп 2026 йил 19 июнда Американинг «Axios» сайтига: «Афсуски, мен Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийга озор етказдим», деди. Бу Олий раҳбарнинг англашув меморандумига розилик берганидан кейин содир бўлди, гўёки у унга миннатдорчилик билдираётгандек.. Бошқа томондан эса, у яҳудий вужуди (Исроил) урушда ҳам, тинчликда ҳам унинг буйруғи билан ҳаракат қилаётган бир пайтда, гўёки унга босим ўтказаётгандек кўрсатади!
Трамп Нетаньяхуни ошкора койиди. У 2026 йил 16 июнда Франциянинг Эвиан шаҳрида, «Катта еттилик» (G7) саммити доирасидаги матбуот анжуманида баёнот бериб, шундай деди: («У Исроилга унинг Байрутга қилган ҳужуми ўзига ёқмаганини ва Нетаньяху энди Ливанга нисбатан масъулиятлироқ бўлиши кераклигини айтган… Менсиз Исроил мавжуд бўлмас эди…» — «Ал-Арабия», 16/06/2026).
Унинг ўринбосари Вэнс ҳам матбуот анжуманида шундай деди: («Исроил ҳукуматининг Трампни танқид қилаётган аъзоларига айтаманки, сўнгги уч ой давомида Исроилни ҳимоя қилган қуролларнинг учдан икки қисми америкаликлар қўли билан ишлаб чиқарилган ва америкалик солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан тўланган… Агар мен Исроил ҳукуматининг аъзоси бўлганимда, бутун дунёда ўзим учун қолган ягона кучли иттифоқчига ҳужум қилмаган бўлардим» — The New York Times, 18/06/2026).
Агар улар содиқ бўлганларида, Трамп ва унинг ўринбосарининг гаплари тўғри бўлар эди. Бироқ қандай қилиб яҳудий вужуди Фаластин, Ливан ва ҳар бир жойдаги тажовузида фақат АҚШнинг арқони (ёрдами) билангина ҳаракат қилади?! Яҳудий вужуди ўз ҳолича бирор вазнга эга бўлишдан ожиздир, у Аллоҳ таоло айтганидекдир:
لنْ يَضُرُّوكُمْ إِلَّا أَذًى وَإِنْ يُقَاتِلُوكُمْ يُوَلُّوكُمُ الْأَدْبَارَ ثُمَّ لَا يُنْصَرُونَ
«Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан уришсалар, орқаларига қараб қочадилар, сўнгра уларга ёрдам берилмайди» [Оли Имрон, 111].
Яҳудий вужудини Аллоҳнинг арқони ва инсонларнинг арқонисиз ҳеч қандай ўз куч-қудрати йўқдир. Улар пайғамбарлари давридан бери Аллоҳнинг арқонини узишган ва уларда фақат инсонларнинг арқони (ёрдами) қолган! АҚШ уларни Ливанга бўлган тажовузларида ва улар «буфер зона» деб атайдиган нарсада қўллаб-қувватламоқда. Демак, уларнинг тажовузлари ва вужудларининг сақланиб туриши ортида, юқорида зикр қилганимиздек, Трампнинг баёнотлари турибди… Аллоҳ уларни лаънатласин, қаёққа бурилиб кетмоқдалар?! Улар ҳануз Ливаннинг айрим қисмларини босиб олиб, Ливан ҳудудларини Америка қуроллари ва Американинг «ўзини ҳимоя қилиш» деган баҳонаси билан ўққа тутмоқдалар!
8- Бу — воқеалар моҳиятининг қисқача баёнидир. Аслида Трампга уруш орқали ололмаган нарсасини музокаралар билан бериб қўйилмаслиги лозим эди, айниқса Эрон кичик ёки заиф давлат эмаслигини ҳисобга олганда. Зеро, у узоқ давом этадиган урушда матонат билан маҳкам туриш, АҚШни мағлуб этиш ва худди 2021 йилда Афғонистондан чиқиб кетгани каби, уни минтақадан хорлаган ҳолда чиқариб юбориш қудратига эгадир. Шундан сўнг у ўз сиёсатида бутунлай мустақил бўлар, қайта орбитадаги давлатга айланмас ва тобе давлат тубанлигига қуламас эди. Чунки у 1,6 миллион квадрат километрни ташкил этувчи кенг ҳудудга, тоғлар, саҳролар, водийлар ва денгиз қирғоқларидан иборат турли хил рельефга эга; аҳолиси қарийб 90 миллион кишини ташкил қилади; у стратегик чуқурликка ва кўплаб давлатлар билан чегарадош бўлиб, бу чегаралар ҳар қандай қамалга қарши туришда унинг учун чиқиш йўллари (дарчалари) ҳисобланади. Шунингдек, у нефть ва газ каби энергия ресурсларига, бошқа табиий бойликларга эга, ўз-ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш салоҳияти мавжуд, зеро деҳқончилик учун етарли ерлари бор. Шу билан бирга, у ўзини ҳимоя қилиш учун қурол ишлаб чиқаришга қодир бўлган ҳарбий саноатга — узоқ масофали ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ишлаб чиқаришга қодир. Буларнинг барчасини ва фуқаролик саноатини янада ривожлантириш мумкин.. Ҳатто ядровий саноатга ҳам улар қодирдирлар: Трамп 2018 йилда 2015 йилги ядровий келишувдан чиққандан сўнг, Эрон (уранни) 440 килограмм атрофида қарийб 60 фоизгача бойитишга муваффақ бўлди, ваҳоланки 2015 йилги келишувда бу кўрсаткич 3,67 фоиздан ошмас эди!
Шу боис, ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши ва шундан сўнг меморандум бандларини якуний тарзда имзолаш учун музокараларнинг бошланиши — бу катта ён беришдир! Бу Эрон билан жангда ютқазган, ушбу урушга ботиб, 4 ойдан ортиқ вақт давомида у билан банд бўлган АҚШни қутқариб қолишдир. Бироқ, Эрон сиёсий раҳбарларида ҳақиқий мабдаий тўғри ирода заифлашди, ҳатто улар Инқилоб Муҳофизлари АҚШ таъсиридан мустақил бўлишга интилиб, АҚШ ва унинг арзандаси яҳудий вужудининг тажовузини қайтариш йўлида қурбонликлар беришга тайёр турган бир пайтда, уларнинг йўлига тўсиқ бўлдилар. Бунинг ўрнига Республика Президенти меморандумни имзолади ва Трамп урушда эришолмаган нарсани унга тақдим этди!
Иккинчидан: Ислом уммати ўзи яшаётган ушбу хорликдан кейин қандай қилиб яна тирик ва азиз ҳолига қайтади, деган масалага келсак, бу иш номаълум эмас, балки у Қудратли ва Азиз Аллоҳнинг Китобида ҳамда Содиқ ул- Амин Расулуллоҳ ﷺнинг суннатларида битилгандир. У ҳам бўлса, мусулмонларни Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар билан бошқарадиган Халифаликдир:
وَأَنِ احْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَنْ يَفْتِنُوكَ عَنْ بَعْضِ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ إِلَيْكَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَاعْلَم| أَنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُصِيبَهُمْ بِبَعْضِ ذُنُوبِهِمْ وَإِنَّ كَثِيرًا مِنَ النَّاسِ لَفَاسِقُونَ
«Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қил ва уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма. Аллоҳ сенга нозил қилган нарсаларнинг баъзисидан сени фитнага (жамиятдан буриб) солишларидан эҳтиёт бўл! Агар юз ўгирсалар, билгинки, Аллоҳ уларга баъзи гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шундоқки, инсонлардан кўпи фосиқдирлар» [Моида, 49]
Ҳамда улар билан Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган Халифадир. Муслим Абу Ҳурайрадан, у зот эса Набий ﷺдан ривоят қилади, айтдилар:
إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ
«Албатта, Имом (Халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади».
Қолаверса, узоқ асрлар Ислом давлати бўлмиш Рошид Халифаликнинг улуғлиги, мусулмонларнинг азизлиги ва адолатини сўзлаб келди.. Улар Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар билан ҳукм юритиб, Аллоҳга ёрдам бердилар, У Зот ҳам уларга ёрдам берди.. Қачонки, мустамлакачи кофирларнинг мусулмон ўлкаларидаги малайлари билан биргаликда уюштирган тил бириктиришлари (фитналари) натижасида уларнинг давлати вайрон қилингач, мусулмонлар хорлик, тубанлик ва оғир турмуш шароитида қолишди:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا
«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор (бахтсиз) ҳаёт бўлур» [Тоҳо 124]
Бироқ бу ҳолат Аллоҳнинг изни билан узоқ давом этмайди, зеро Халифалик Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси билан қайтажакдир:
وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُمْ مِنْ بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا وَمَنْ كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга, худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, ер юзида халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни барқарор қилишини ва уларга хавф-хатарларидан кейин омонлик (тинчлик) қилиб беришни ваъда қилди. Менга ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Ким бундан кейин кофир бўлса, ана ўшалар фосиқлардир» [Нур, 55].
Ва У Зотнинг Расули ﷺ биз яшаётган ушбу жабрия (зўравон) бошқарувдан кейин рўй берадиган хушхабар – башоратдир; Аҳмад Ҳузайфадан ривоят қилади, айтди: Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ تَكُونَ ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ ثُمَّ سَكَتَ
«…Сўнгра зўравон подшоҳлик (бошқарув) бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Кейин Аллоҳ уни кўтаришни хоҳлаганда кўтаради. Сўнгра пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин у зот сукут қилдилар». Демак, Халифалик, Аллоҳнинг изни билан, қайтажакдир ва Аллоҳнинг Ўз динига ёрдам берганларга нусрат бериши Аллоҳ томонидан бўлган ваъдадир:
وَلَيَنْصُرَنَّ اللَّهُ مَنْ يَنْصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ
«Албатта, Аллоҳ Ўзига (динига) ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ Кучли ва Азиздир» [Ҳаж, 40]
Бироқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нусратни биз ўтирган жойимизда фаришталари кўтариб тушиб, бизга Халифаликни барпо қилиб беришини тақдир қилмаган. Балки, биз ҳаракат қиламиз, тиришамиз ва интиламиз, қилаётган амалларимизда содиқлик ва ихлосни излаймиз ҳамда Аллоҳнинг иймон келтириб, солиҳ амал қилганларга Ер юзини бошқаришни ваъда қилган ҳақ ваъдаси билан хотиржам бўламиз. Мана шундай икки иш – иймон ва солиҳ амал билан. «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга, ер юзида халифа қилишни ваъда қилди…» Буларнинг барчаси Расулуллоҳ ﷺнинг сийратларида — у зотнинг қандай ҳаракат қилганлари ва қандай озорларга дуч келганлари — то Аллоҳ субҳанаҳунинг нусрати келгунига қадар очиқ-ойдин кўриниб турибди. У зот Аллоҳга (динига) ёрдам бердилар, Аллоҳ ҳам у зотга ёрдам берди. Бу Аллоҳ субҳанаҳунинг ўзгармас қонунидир:
سُنَّةَ اللَّهِ الَّتِي قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلُ وَلَنْ تَجِدَ لِسُنَّةِ اللَّهِ تَبْدِيلًا
«Бу Аллоҳнинг илгаридан жорий бўлиб келаётган қонунидир. Аллоҳнинг қонунида ҳеч қандай ўзгартиш топа олмассан» [Фатҳ, 23].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай амал қилдилар, у зотнинг саҳобалари (розияллоҳу анҳум) ҳам у кишидан мана шундай ўрнак олдилар ва биз ҳам худди шундай бўлишимиз вожибдир. Шунда Аллоҳнинг нусрати, ҳеч шак-шубҳасиз, У Зотнинг изни билан, келади ва у шояд яқин бўлса.
Мана шу нарса умматни қутқарадиган, унга ўз азизлигини қайтарадиган, куч-қудратини оширадиган ва душманлари унга тажовуз қилишдан олдин минг бор ўйлайдиган қилиб қўядиган ягона йўлдир. Бу фақат ва фақат Халифаликнинг янгидан қайтиши ҳамда Ер юзи унинг хайр-баракаси, адолати билан чароғон бўлиши орқали амалга ошади. Худди Халифалик илгари цезарлар ва кисроларнинг кибрига чек қўйганидек, уларнинг издошлари бўлмиш диктатор Трамп ва унга ўхшаш мустамлакачи кофирларнинг кибр ва манманлигига ҳам чек қўяди..
وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар. (Аллоҳ) хоҳлаган кишисига нусрат берур ва У Азиз ва Раҳимдир» [Рум, 4-5]
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ
«Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи гувоҳ бўлган ҳолда қулоқ тутган киши учун эслатма бордир» [Қоф, 37]
13 Муҳаррам 1448ҳ
28 июн 2026м



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ