“Исломда таълим дастури асослари” туркумидан:

بسم الله الرحمن الرحيم
“Исломда таълим дастури асослари” туркумидан:
Ўқув дарслари (давоми)
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
– “(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни – хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”. (Алақ.1-5)
Уч босқичли мактаблардаги ўқув дарслари
Уч босқичли мактабларда қуйидаги ўқув дарслари ўргатилади:
1. Араб тили. Ўқиш, ёзиш, наҳв, сарф, балоғат (нотиқлик) илми, адабий матнлар, луғат ва бошқалар;
2. Исломий сақофат. Қуръони Карим, ақида, фиқҳ, суннат, тафсир, сийрат, фиқҳус-сийрат, Ислом тарихи, даъват фикрлари ва бошқалар;
3. Аниқ фанлар, билимлар, малакалар. Математика, физика, химия, компютер (информацион технология), зироат, саноат, тижорат, ҳарбий машқ ва бошқалар.
1. Араб тили. Араб тилини ўрганиш ҳар бир мусулмонга шаръан вожибдир. Чунки у Ислом ва Қуръон тилидир. У Қуръон мўъжизалигининг ажралмас қисмидир. Қуръоннинг Қуръон бўлиши у биландир. Биз шу тилда ибодат қиламиз. Усиз ижтиҳод ҳам қилиб бўлмайди. Чунки шаръий ҳужжатлар Аллоҳ тарафидан шу тилда келган. Шунга кўра, Халифалик давлатининг тили фақат араб тили бўлиши фарз. Халифалик давлатида таълим тили ҳам фақат араб тили бўлиши лозим. Уни ўрганишнинг вожиблиги «Вожиб нима билан адо бўлса, ўша иш ҳам вожибдир», деган шаръий қоидадан олинган. Шундай экан, мактаблар ва олий ўқув юртларида араб тилини пухта ўрганишга эътибор бериш вожиб. Зеро, у аниқ фанларни ёки сақофий фанларни ўрганиш манбаидир. Уни пухта ўрганиш учун самарали услублар ва муносиб воситаларни қўлламоқ лозим. Токи у давлатнинг барча фуқаролари учун муомала тилига ва фикр манбаига айлансин.
Араб тилини ўргатишдан мақсад ўқувчида шу тилда гапириш, ёзиш, тушуниш ва ифодалаш иқтидорини, кейин эса унда бадиий завқ олишни пайдо қилишдир. Чунки бадиий завқланиш шаръий ва адабий матнларни тушунишга кўмаклашиши билан бирга ўқувчида шу тил борасида кўпроқ билимга эга бўлишга қизиқиш уйғотади ва шу билан Қуръон ва Суннатни тушунишига ёрдам беради.
Бошқа тилларни ўрганиш эса фарзи кифоядир. Бу мақсадни юзага чиқариш, чет тиллари институтларини барпо қилиш каби давлатнинг вазифасидир. Бу институтлар давлатга умматнинг таржима ва бошқа ишларини бошқариш ҳамда даъватни ёйиш учун зарур бўлади.
2. Исломий сақофат. а) Исломий ақида:
Исломий ақидани ўргатишда бутун эътибор ақиданинг асосий фикрларига, яъни ақида ёки аҳкомларга оид барча Исломий фикрлар келиб чиқадиган асосий фикрларга қаратилади. Исломий ақида Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қазо ва қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ Таъолодан эканлигига иймон келтирмоқдир.
Ақидага оид фикрлар ўқувчининг ёшига қараб даражама-даража бериб борилади. Дастлаб ўқувчининг эътибори ўзини ўраб турган Аллоҳнинг ажойиб махлуқотларига қаратилади. Унинг беғубор ақли бу маҳорат хусусида тафаккур қилишга жалб этилади. Шу билан у ҳамма нарсани бошқариб турган Яратувчининг борлигини топиб олади. Аллоҳ инсонга бўйсундириб берган неъматлар хусусида фикр юритиб, улардан мақсад тоат-ибодат билан Аллоҳга шукр қилиб, ҳамд айтиш эканини англайди. Кейинги босқичларда ақида фикрларига оид қатъий ҳужжатлар, бу ҳужжатларнинг ақлийси ҳам, нақлийси ҳам баён қилиб борилади. Яъни Аллоҳнинг борлиги, Муҳаммад с.а.в. нинг пайғамбарлиги, Қуръоннинг Аллоҳ тарафидан нозил қилинганлигига оид ақлий ҳужжатлар ва фаришталарнинг мавжудлиги, қиёмат кунининг ҳақлигига оид нақлий ҳужжатлар баён қилиб борилади. Сўнгра эътибор қазо ва қадар ақидасига тааллуқли фикрга ва бу ақидага иймон келтириш мусулмоннинг амалларига, масалан ишлар сабабларига киришиш каби амалларига таъсир қилишига қаратилади. Кейин Аллоҳга таваккул қилиш, ажал ва ризқ Аллоҳ қўлида экани каби ақидага оид бошқа фикрлар тушунтирилади.
б) Қуръони Карим ва унинг илмлари:
Ёдлаш ва тиловат қилиш: Мактаб балоғат ёшидан аввалги фурсатни ғанимат билиб, ўқувчиларга мумкин қадар кўпроқ Қуръон ёдлатиши лозим. Айниқса ёдлаш қобилияти мумтоз бўлган ўқувчиларни мактабнинг Қуръон ёдлатиш бўлимига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Айни пайтда Қуръоннинг тажвид билан тиловат қилиниши учун ҳам алоҳида машқлар ўтказилиши керак.
Тафсир: Ўқувчиларга аста-секин Қуръоннинг маънолари тушунтириб борилади. Дастлаб умумий маънони айтиш, тушунилиши оғир сўзларни шарҳлаш, намоз ва таҳорат каби ўқувчилар учун зарур бўлган аҳкомларни шу аҳкомларга далолат қилувчи оятлар билан боғлаб тушунтириш билан чекланилади. Кейинги босқичларда эса тафсирга ва у ўз ичига олган ақидалар, шаръий амалий ҳукмлар, сабаби нузуллар ва насхларга ўтилади.
в) Суннати Набавийя:
Ўқувчига мактабга киришидан бошлаб суннати Набавийя ўқитилади. Бунда ёдлатиш ва тушунтириш услуби қўлланилади. Бошланишида гўдакнинг зеҳни кўтара оладиган, ёдланиши ва тушуниши енгил бўлган «Ислом беш асосга қурилган…», «Мусулмон мусулмоннинг биродари…» каби ҳадислар танлаб олинади. Сўнгра ўқувчига аста-секин ҳадислар ёдлатиб борилади ҳамда бу ҳадислар ва улар нима муносабат билан айтилганлиги тушунтириб берилади. Бунинг учун ўқувчининг ёшига мос шаръий ҳукмларга алоқадор ҳадислар танланади. Етти ёшли ўқувчига Пайғамбар с.а.в. нинг: «Болаларингизни етти ёшда намозга буюринглар…» ҳадиси ёдлатилса, вояга етган ўқувчига у зотнинг: «Қалам уч кишидан кўтарилгандир: гўдакдан то вояга етгунига қадар…» ҳамда «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўриш ёшига етгач…» ҳадислари ёдлатилади. Бошланғич мактаб босқичларида ўқувчиларга суннати Набавийяни ўргатиш жараёнида ҳадисларнинг муносабатларига боғлаб ҳамда ҳадислар улардан чиқариб олинган шаръий ҳукмларга боғлаб тушунтирилади.
г) Фиқҳ:
Фиқҳ Қуръон ва суннатдан олинган шаръий ҳужжатлар асосида ўргатилади. Ўқувчининг ёшига қараб унга зарур бўлган шаръий ҳукмлар ўқитилади. Чунки фиқҳнинг маъноси тафсилий далиллардан чиқариб олинган шаръий-амалий ҳукмларни билиш, демакдир. Ёш болаларга намоз, рўза, ота-она ва бошқа одамлар билан муомала қилиш одоблари каби ҳукмлар ўқитилса, вояга етган ўқувчиларга уларга зарур бўлган ғусл, жунуб, ҳайз, нифос ҳукмлари ўргатилади. Ахлоқ, садоқат, ҳалоллик, ҳақни айтишга журъат каби хислатларга алоқадор ҳукмларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Кейин жиҳод, унинг ҳукмлари, амирлик, унинг ҳукмлари сингари фиқҳни умумий тарзда ўргатишга ўтилади. Шу билан бирга «Зарар бериш ва зарарга зарар билан жавоб бериш йўқ», «Шубҳалар туғилганда ҳадлар қўлланмайди» ва «Вожиб нима билан адо бўлса, ўша нарса ҳам вожибдир» каби баъзи фиқҳий қоидалар ҳам ўқитилади.
д) Сийрати Набавийя:
Болага мактабга кирганидан бошлаб сийрати Набавийя ўқитилади ва уни ўқитиш аста-секин кенгайтириб борилади. Мактабнинг биринчи палласида Пайғамбар с.а.в. нинг бутун ҳаётлари – таваллуд топганларидан бошлаб вафот этгунларига қадар қисқача ўргатилади. Бу билим ўқувчининг ёшига қараб қайтадан чуқурлаштириб борилади. Сийрати Набавийянинг нозик нуқталари, фиқҳга оид ўринлари, ундан чиқариб олинган ҳукмлар ўқувчи мактабнинг уч босқичини тамомлагунига қадар тўла ўқитилиши лозим. Унинг даъватни кўтариб чиқиш, давлат барпо қилиш ва Исломни ёйиш хусусидаги ҳукмларига алоҳида эътибор қаратилади.
е) Мусулмонлар тарихи:
Худди сийрат ва фиқҳда бўлганидек, бунда ҳам ўқувчининг ёшига эътибор берилади. Саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги ҳокимлар ва олимлар каби мусулмон шахсларнинг эътиборга молик журъатли мавқеларини ўқитишга алоҳида аҳамият берилади. Абу Бакр р.а. нинг Пайғамбар с.а.в. ни ҳимоя қилганликлари ва муртадлар жангидаги тутган ўринлари, Умар р.а. нинг ҳижратга нисбатан тутган ўринлари, Усмон р.а. нинг саховатлари, Алий р.а. нинг шижоатлари, Билол р.а. нинг сабр-бардошлари, Умар ибн Абдул-Азизнинг адолатлари, Мўътасим Биллоҳнинг жасоратлари, Салоҳиддиннинг жанглари, Султон Абдул-Ҳамид II нинг Фаластинни сақлаб қолишда тутган ўрни, қози Шурайхнинг одиллиги, Шофеъийнинг фақиҳлиги, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг журъати, Холид ибн Валиднинг итоаткорлиги каби мисоллар орқали ўқувчиларнинг онгига ҳаёт ҳақидаги исломий тушунчалар сингдириб борилади.
Бошқа уммат ва халқларнинг тарихи эса мактабнинг учинчи босқичида ибрат ва насиҳат учун ўргатилади. Олий ўқув юртларининг айрим куллиётларида ҳам улар билан муомала қилиш ҳамда Исломий даъватни ёйиш мақсадида уларнинг тафаккурлари билан танишиш учун ўқитилади.
3. Фанлар, билимлар, малакалар:
Бу билимлар ҳаёт ҳақидаги нуқтаи назарга бевосита алоқадор бўлмайди, Исломий ақидадан келиб чиқмайди, балки улар ақидага асосланган бўлади холос. Ўқувчини амалий ҳаёт майдонига қадам қўйишга тайёрлаш учун зарур бўлган билим ва малакалар шу билимлар жумласига киради. Энг аввало, ўқувчиларга ўзлари яшаётган муҳит билан муомала юрита олишлари учун ҳисоб-китоб ва одамлар ҳаётда ишлатадиган асбоб-ускуналар ҳақидаги умумий билимлар каби зарурий илмлар ўргатилади. Электр асбоблар, электрон аппаратуралар, уй-рўзғор буюмлари, йўл қоидалари ана шу билимлар жумласига киради. Бу билимларни беришда ўқувчилар яшаётган жой ва муҳит ҳисобга олинади, яъни бу жойда саноат ривожланганми ёки қишлоқ хўжалигими ёки тижорат ривожланганми, бу жой тоғликми ёки паст-текисликми ёки денгиз соҳилида жойлашганми, иссиқми ёки совуқми, шу нарсалар ҳисобга олинади. Бу билимларни ўн ёшгача беришдан кўзланган ғоя ўқувчиларда ўз атрофларидаги нарсаларни ўзларининг ёшлари ва эҳтиёжларига қараб ишлата олиш ва улардан фойдаланиш малакасини ҳосил қилишдир.
Ўн ёшдан кейин эса математика, физика, химия, биология ҳамда сузиш, сакраш, мерганлик каби жисмоний тарбия дарслари ўргатилади. Балоғат ёшига етгач, армия назорати остида ҳарбий чиниқиш машқлари ҳам ўтказилади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Фаррух.
06.06.2017й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ