Мелони ташрифи: Ўзбекистон табиий ресурслари устидаги кураш
Мелони ташрифи: Ўзбекистон табиий ресурслари устидаги кураш
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия бош вазири Жоржа Мелони 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Самарқанд халқаро аэропортида бош вазирни президент Мирзиёев кутиб олди. Италия бош вазирини президентнинг шахсан ўзи кутиб олиши ташрифга юқори даражада аҳамият берилганига далолат қилади. Бунинг бир неча сабаблари бор:
1. Ўзбекистон ва Италия ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари. 2023 йил 8 июнь куни расмий ташриф билан Италияга борган Президент Мирзиёев Италия Бош вазири Жоржа Мелони билан икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация имзолади. Шу йил 10 ноябрда эса, “Италия – Марказий Осиё” мулоқотини Ўзбекистондан бошлаган Италия президенти Сержо Маттарелла билан президент Мирзиёев ўртасида Тошкентда ўтказилган музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтирувчи ҳужжатлар пакети имзоланди. Сержо Маттарелла Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш ва Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимни қабул қилиш истагини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан олдин эса, Люксембургда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика, муҳим хом-ашёларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, рақамли алоқалар ҳамда хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “йўл харитаси” 2023 йил 23 октябрда бўлиб ўтган 19-Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлар учрашувида тасдиқланган эди. Мазкур “Йўл харитаси” 2025-2027 йиллар давомида Европа Иттифоқининг “Global Gateway” ташаббуси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган.
“Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган улкан салоҳиятга эга стратегик ҳамкор мамлакатдир”, – деди Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли.
2. Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялар пакети ҳамда ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган икки мақсадли (dual-use) технологиялар, электрон компонентлар ва бошқа санкцияланган товарларнинг учинчи давлатлар орқали кириб келишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлари туфайли Ўзбекистон босимга учраётганлиги.
Украинада уруш бошланган ойда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2021 йил февралига нисбатан икки баробар ўсди. Ўзбекистон учун асосий савдо ҳамкори Россия бўлди, ҳатто Хитойни ҳам ортда қолдирди. Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 9 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди. Бу эса Ўзбекистоннинг умумий товар айланмасининг деярли бешдан бир қисмига тўғри келади. Очиқ манбаларда Россия билан савдо айланмасининг тафсилотлари йўқ. Ҳатто 2022 йил февралидан бошлаб Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги бутун мамлакатнинг ташқи савдоси бўйича тафсилотларни эълон қилишни тўхтатди. Шу сабаб, таниқли ахборот сайтларида ҳам фақат умумий ҳисоботлар бор, холос. Масалан, Forbes таҳлили бўйича Россия Федерациясига қилинган экспорт статистикасига кўра, 2022 йилда Туркия, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан ушбу мамлакатга йўналтирилган энг йирик савдо оқимлари ортиши кузатилган. Шу билан бирга, Ғарб давлатларидан ушбу мамлакатларга бўлган экспортда ҳам сезиларли ўсиш рўй берган.
Ёки The Wall Street Journal нашри ёзишича, Европа ва АҚШдан Россияга санкцияланган товарлар собиқ совет республикаларидан бири бўлмиш Ўзбекистон орқали ҳам олиб кирилмоқда. Бундай йўл билан олиб кирилаётган маҳсулотлар орасида микросхемалар ва лазерлар ҳам бор.
Нашр маълумотларига кўра, Россия учун санкцияланган товарларни унга қўшни бўлган мамлакатларга олиб кириш кескин ошган. Масалан, 2021 йили Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Грузия каби давлатларга бундай маҳсулотлар $14,6 миллиард қийматда етказилган бўлса, 2022 йилда бу сумма $24,3 миллиардгача ўсган. Шу билан бирга, мазкур постсовет давлатларидан Россияга экспорт ҳажми ҳам ўсишни бошлаган. Бу кўрсаткич қарийб 50 фоизга ошиб, $15 миллиардга етган.
Шунингдек, портал АНТИКОР хабарига кўра, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик экспортёрлар санкция остидаги, қурол-яроғ учун портловчи моддалар ишлаб чиқарадиган россиялик заводлар билан ҳамкорлик қилаётгани сабаб янги можаро юзага келган. Қозоғистон ва Ўзбекистон расман Россия-Украина урушига нисбатан нейтрал позицияни сақлаб келса-да, маҳаллий компаниялар Кремлга Украинага қарши уруш олиб боришда ёрдам бермоқда. 2022 йил 24 февралдан сўнг бу давлатлар Россияга пахта целлюлозаси ва ундан тайёрланадиган нитроцеллюлоза – портловчи моддалар ва оқ порох ишлаб чиқариш учун асосий компонентлар – экспорт ҳажмини сезиларли даражада оширган. Оммавий коррупция ва уюшган жиноятчиликни таҳлил қилиш лойиҳаси (OCCRP), Vlast ва iStories’нинг маълумотларига кўра, Россия Федерацияси пахта целлюлозасининг 98 фоизини Қозоғистон ва Ўзбекистондан олади. Ўзбекистон бу маҳсулотни экспорт қилиш бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Шунингдек, БМТнинг ташқи савдо маълумотлар базаси (UN Comtrade) маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон Россияга 4 миллион долларлик пахта целлюлозаси етказиб берган. 2022 йилда, яъни катта уруш бошланган биринчи йилда бу рақам 150 фоизга ўсиб, 10 миллион долларни ташкил этган. 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида эса фақат Ўзбекистоннинг ўзи Россияга 9 миллион долларлик пахта ва целлюлоза экспорт қилган, яъни йиллик ҳажм яна чоракка ошган. Ваҳоланки, 2023 йил ноябр ойида Европа Иттифоқининг санкциялар масалалари бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан Тошкентга ташриф буюриб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиб, Россияга нисбатан жорий этилган чеклов чораларини четлаб ўтишда ёрдам бермасликка ваъда бергани учун миннатдорчилик билдирган эди.
“Биз Ўзбекистоннинг нейтралликни сақлаш истагига ҳурмат билан қараймиз. Шу билан бирга, унинг ҳудуди санкцияларни айланиб ўтиш учун фойдаланилишини қўллаб-қувватламаслиги борасида билдирилган кафолатларни катта мамнуният ва миннатдорлик билан қабул қилдик”, – деди у.
О'Салливаннинг сўзларига кўра, Брюссель Ўзбекистон расмийларига Европа Иттифоқи санкцияларига тушадиган товарлар рўйхатини тақдим этган. Ушбу рўйхатга блок-схемалар, микрочиплар ва оптик ускуналар каби маҳсулотлар ҳам киради. Европа расмийлари бу масалага алоҳида эътибор қаратишни сўрашган, чунки шундай маҳсулотларнинг Ўзбекистон орқали экспорти 126 фоизга ошгани қайд этилган.
Шунга қарамай, кутилган натижаларга эришилмагани учун Европа Иттифоқининг санкциялар пакети Ўзбекистоннинг бир қатор компанияларига таъсир қилди. Жумладан, Trade Engine System, Alfa Beta Creative LLC, GFK Logistics Asia LLC, Mvizion LLC, UZSTANEX LLC каби компаниялар.
2025 йилнинг март ойига келиб эса, Еврокомиссия ва ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Ўзбекистон расмийлари билан яна музокара ўтказди. Унда реэкспорт фаолиятини назорат қилиш учун электрон божхона маълумотларини ЕИ билан ўзаро бўлишиш тизими муҳокама қилинган. Шунингдек, ЕИ Ўзбекистоннинг техник маҳсулотлар экспорт ҳажмида кескин пасайишни қайд этган. [Euractiv]
ЕИнинг санкциялар бўйича мониторинг гуруҳи ҳисоботига кўра, 2024 йилда Россияга икки мақсадли маҳсулотлар экспорт қилган Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон улуши 2023 йилга нисбатан 40% камайган. Шунингдек, Ўзбекистон орқали Россияга электрон компонентлар ва микрочиплар олиб кириш ҳолатлари камайган, айрим транзит йўллари ёпилган. [International Working Group on Russian Sanctions, Annual Report 2025]
Жорий йил 20 май куни Евроиттифоқнинг Ташқи ишлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Ёпиқ йиғилишда юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича комиссари Дэвид О’Салливан ва Евроиттифоқ Разведка координация маркази (INTCEN) директори Даниэль Маркич иштирок этган. Йиғилишда Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича комиссари Дэвид О’Салливан сўзга чиқиб, Ўзбекистон унинг барча шартларини бажарганини маълум қилди. Бу ҳақда tagesschau.de хабар берди. Нашрнинг келтиришича, Евроиттифоқ қатор учинчи давлатлар орқали Россияга санкциялар остидаги товарлар етказиб беришнинг қисқарганини қайд этган. Шунингдек, О’Салливан Ўзбекистон ва Арманистондаги жиддий музокараларда сезиларли ютуқларга эришиб, бу мамлакатлар орқали етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Бироқ О’Салливан сўзларига кўра, ўзини Россиянинг иттифоқчиси деб ҳисоблайдиган Қозоғистон, шунингдек, мустақил сиёсат юритаётган БАА ва Туркия билан қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.
Демак, мана шу икки сабаб Мирзиёевнинг Италия бош вазири Жоржа Мелонини шахсан ўзи кутиб олишига туртки бўлди, дейиш мумкин. Мелони эса, Ўзбекистон билан ўрнатилган стратегик шерикликдан кўзланган асосий мақсад ЕИнинг геосиёсий стратегиясига ҳамоҳанг минтақадаги стратегик хомашёни қўлга киритиш бўлгани ҳолда Марказий Осиёга кириш дарвозаси қилиб Ўзбекистонни ва ЕИ тадбирларига мезбонлик қилаётган Самарқанд шаҳрини танлади. Чунки Италия ЕИнинг ташқи сиёсатини шакллантиришда ўз ўрнига эга бўлгани ҳолда Франция ва Германиядан кейин Европа Иттифоқининг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан муҳим иштирокчиси ҳисобланади. У Европа Иттифоқини тузган асосий давлатлардан бири бўлиб, иттифоқнинг фаолиятида катта роль ўйнайди. Италия еврозонада учинчи йирик иқтисодга ҳамда Европарламентда кўп сонли вакилларга эга бўлиб, бу орқали ЕИ қонунчилик жараёнига таъсир ўтказа олади.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Мирзиёев билан Жоржа Мелони стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга келишиб олди. Шунингдек, стратегик аҳамиятга эга хомашё соҳасида ҳамкорлик, икки давлат ўртасида миграция ва ҳаракатланиш эркинлиги, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди. Бошқача айтганда, Жоржа Мелони ЕИ санкциялари босимининг таъсири остидаги Мирзиёев билан қўлга киритган келишувлар ёрдамида, Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказиладиган “Марказий Осиё – Италия” биринчи саммити натижалари учун замин ҳозирлаб олди. Чунки ЕИ ва шу жумладан, Италия Ўзбекистонга минтақавий сиёсатини Марказий Осиёда юргизувчи давлат сифатида қарайди. Бу эса, Ўзбекистоннинг минтақадаги географик жойлашуви, шунингдек, Россиянинг постсовет ҳудудидаги давлатларни ўз таъсир доирасида ушлаб туриш ва Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун хавфсизлик ва иқтисодий жиҳатдан ташкил қилган КХШТ ва ЕОИИга аъзо бўлмагани ҳамда “Шуша декларацияси”га қўшилиб, ҳозирда ЖСТга аъзо бўлиш учун жиддий интилаётгани сабаблидир.
Ўз навбатида, Россия ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ. Президент Администрациясининг раҳбарига айлангач, у ҳақида “ворислик” баҳс мавзусига айланган Саида Мирзиёеванинг, Италия бош вазири Ўзбекистонда бўлиб турган бир пайтда, амалий ташриф билан Россияда бўлиши Путиннинг Мирзиёевга “огоҳлантириш сигнали” бўлиши мумкин. Чунки 28 май куни Владимир Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли ва ҳозирда Тожикистон Олий Миллий мажлиси (парламент юқори палатаси) раиси ҳисобланган Рустам Эмомали билан Кремлда учрашди. Учрашувда Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам иштирок этди. Ҳокимиятни ўғлига топшириш ҳақидаги гап-сўзлар бир неча йилдан бери юрган бўлса-да, жорий йилда бу миш-мишлар янада кучайди. Шунинг учун бу учрашув баъзи ахборот каналларида Эмомали Раҳмон ўғлини Москвага “кўздан кечириш” учун юборган деб ёритилди.
Дунёда ўрмон қонуни ҳукмронлик қилаётган бугунги кунда Россия каби мустамлакачилар ва улар томонидан қўйилган ва қўллаб-қувватланаётган мусулмонлар устидаги режимлардан халқ билан ҳисоблашмасдан амалга оширилаётган бундай хиёнаткор қадамлардан ажабланмаса ҳам бўлаверади. Нажот йўли эса ягона, у ҳам бўлса, қамоқхоналарида “Роббим Аллоҳ” дегани учун жазоланаётган мухлис йигитларнинг фикрига қулоқ солиш ҳамда Аллоҳга ва У Зотнинг ҳукмига бўйсунишдир.
وَمَن يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَخْشَ اللَّهَ وَيَتَّقْهِ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْفَائِزُونَ
– “Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина нажотга эришувчилардир”. (Нур:52)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Иззатуллоҳ
01.06.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми