Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳамда бунинг кўлам ва оқибатлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳамда бунинг кўлам ва оқибатлари
Савол:
Барча нарсалар шуни кўрсатмоқдаки, Украинадаги ҳозирги кризис Россия-Украина кризиси эмас, балки, Россия билан Ғарб ўртасидаги кризисдир. Баъзилар буни 1939 йилда нацистлар Германиясининг иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар аввал Чехословакияни бўлакларга бўлиб босиб олганига, сўнг эса, Полшага бостириб кирганига ўхшатишмоқда… Шу эътибордан, Россиянинг 2022 йил 24 февралда бошланган ва ҳозиргача давом этаётган Украинага қилган ҳужуми жаҳон урушига олиб келиши мумкинми? Америка ва Европанинг ҳарбий аралашувсиз фақат санкциялар билан берган жавоби Россия ҳужумига қарши етарли жавобми? Ёки бу билан Россияни Украина ботқоғига босқичма-босқич тортишмоқчими? Агар шундай бўлса, бундан нима кўзланган? Жавоб учун олдиндан миннатдорчилик билдираман.
Жавоб:
Ушбу саволларнинг жавоби тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Сўнгги кунларда Россия президентининг буюклик васвасасидан азият чекаётгани аниқ кўриниб қолди. Путин Россияни ҳозирги халқаро шароитда Америка билан ёнма-ён турадиган буюк давлат сифатидаги ўзининг халқаро мақомини қайта тиклай олади, деб ўйлаяпти. Шунинг учун Ғарбнинг Россияга нисбатан номақбул муносабатини, халқаро масалаларда четга суриб қўйилаётганини ҳамда НАТОнинг Шарққа қараб илдамлашини қаттиқ танқид қилмоқда… Бунга қўшимча, Америка ҳарбий базаларини Польша ва Руминия каби 1997 йилдан кейин НАТОга қўшилган Шарқий Европа давлатларидан олиб чиқиб кетишни ҳам талаб қиляпти. Хуллас, Путиннинг буюклик васвасасидан азият чекаётганини қуйидагилар кўрсатиб турибди:
1 – Путин Франция, Германия ва Эрон раҳбарларини, шунингдек, бундан бироз олдин Туркия президентини дипломатияга нолойиқ суратда қабул қилди. Баъзилари Россиянинг ғалаба рамзлари билан тўлдирилган залларда Путинни керагидан ортиқча кутиб туришга мажбур бўлди. Рус хавфсизлик хизмати Франция президенти Макрондан у Россия аэропортига келиб тушган пайтда, коронавирусга тест топширишни талаб қилди. Путин улардан олти метрлик масофада ўтирди. Ваҳоланки, ўша пайтда ўзининг қабулига келган Қозоғистон ва Белорусия раҳбарларига нисбатан бундай муносабатда бўлмаган эди. Шунингдек, Германия канцлери билан берган матбуот конференцияси ортидан орқасига ўгирилиб, унга қўли билан ўзининг ортидан юришга ишора қилди!
2 – Путиннинг нуқтаи назари бўйича Украина давлат деб ҳисобланмайди. Бу унинг баёнотларидан очиқ кўриниб турибди. Путинга кўра, Россия давлат қуриш учун Украинага ўз ерларидан бериб, ўнлаб йиллар давомида 150 миллиард доллар билан қўллаб-қувватлаб келган. Путин шунингдек, Украина ҳукмдорларини Киевдаги ҳокимиятни босиб олганлар, деб атади. Буларнинг барчаси шуни кўрсатадики, Путин Евроосиё минтақасида (Европа ва Осиё туташган жойда) Россиядан бошқасини давлат ўрнида кўрмайди. Зеро, Евроосиё минтақаси ва у ердаги Россиянинг марказий ўрни ҳақидаги бундай назария Путинни 2022 йил бошида Қозоғистонда юз берган қўзғолонни бостириш учун КХШТ кучларини жалб қилишга ундади…
3 – Путин Европа хавфсизлиги европаликлар қўлида бўлиши керак, деган баъзи Европа давлатларининг, хусусан, Франциянинг кескин танқидларига қарамай, Россиянинг Европадаги хавфсизлик кафолатларини Америкадан талаб қилди. Бу билан барча Европа давлатларининг ҳақоратланишига ҳам парво қилмади. Зеро, Путин ўзини Европа давлатларига эмас, балки Америкага тенг деб билади. Шунинг учун Россия сафари чоғида воситачилик қилиб беришни таклиф қилган Макронга Франция НАТОга етакчилик қилмайди, деб жавоб қилди…
Иккинчи: Кремл баёнотига кўра, Россия президенти Путин 2022 йил 28 февралда франциялик ҳамкасби Макрон билан бўлган телефон мулоқотида урушни тўхтатиш учун «Россиянинг Қримдаги суверенитети тан олиниши; Украина давлатининг қуролсизлантирилиши; Украинанинг нацизмдан воз кечиши ва унинг нейтрал мақоми кафолатланиши»дан иборат Россиянинг шартларини маълум қилган. (Франс Пресс, 2022 йил 28 феврал). Биз 2021 йил 22 декабрдаги саволга жавоб нашримизда бундай деган эдик: (Шундай қилиб, ҳозирги кризис шуни кўрсатмоқдаки, Россия биринчи навбатда, Қрим ярим оролининг Россия таркибида қолиши борасида ҳеч қандай шубҳа қолмаслигини ва буни Америка ва Европанинг халқаро эътирофи асосида амалга ошишини хоҳламоқда. Иккинчидан, Москва Украинанинг шарқий вилоятлари Киев ҳокимиятидан мустақил бўлишини, балки Россия назорати остида қолишини истаяпти. Учинчи ва энг самарали мақсад эса, Россия Украинанинг НАТОга қўшилишини олдини олмоқчи ва бунинг учун ёзма кафолатлар талаб қиляпти). Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу буни қуйидагича таъкидлади: «Россия қуролли кучлари Украинадаги махсус ҳарбий амалиётларни ўз мақсадларига эришгунга қадар давом эттиради. Ғарб давлатлари НАТОга аъзо бўлмаган постсовет давлатларда ҳарбий объектларни қуришни тўхтатиши лозим. Бутун Ғарб дунёси Россияга қарши курашда Украина халқидан фойдаланмоқда. Биз учун энг муҳими, Ғарб давлатлари келтираётган ҳарбий таҳдиддан Россияни ҳимоя қилишдир». (Анадолу, 2022 йил 1 март). Демак, бу кризис яқинда юзага келган энг йирик глобал кризислардан бири бўлиб, Россия билан Ғарб ўртасида шиддатли зиддиятни келтириб чиқаради. Шу боис, Россиянинг ўз мақсадларига эришмагунча урушни тўхтатиши жуда қийин нарса, акс ҳолда, унинг йўқотишлари даҳшатли бўлади… Ғарбнинг мазкур шартларни қабул қилиши ҳам ақлга сиғмайди… Шу сабабли, ҳозирги вазият айни кризиснинг жиддийлигини шу даражада кучайтирдики, ҳатто ядровий қурол билан таҳдид қилишгача етиб борди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Президент Владимир Путин Россиянинг стратегик «тийиб турувчи кучлар»ини жанговар шай ҳолатга келтиришга буйруқ берди», дея маълум қилди. (ТАСС, 2022 йил 28 феврал). Буйруқда ҳужумкор эмас, мудофаа қилувчи ядровий қуроллар назарда тутилган. Зеро, «стратегик тийиб турувчи кучлар» икки қисмдан иборат бўлиб, таркибига стратегик ҳужумкор кучлар ва стратегик мудофаа кучлари киради. Россия мудофаа вазирлиги «Стратегик ракета кучлари, Шимолий ва Тинч океан флоти ва стратегик авиация шай ҳолатга келтирилгани»ни хабар қилди. (Новости, 2022 йил 28 феврал). Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «НАТО давлатлари томонидан мажбурий хавфсизлик кафолатларининг қонуний тарзда тақдим этилиши Россия учун муҳим аҳамиятга эга», дея Россия талабларини таъкидлади. (ТАСС, 2022 йил 1 март). Шунинг учун ҳозирги вазиятда Россия томонидан ўз мақсадларидан чекиниш ҳолати кузатилаётгани йўқ. Фақат ўтган асрнинг саксонинчи йилларида афғон мужоҳидлари Совет Иттифоқига қаршилик кўрсатганидек, украиналиклар ҳам Россияга кучли қаршилик кўрсатсалар ва қаршилик кўрсатишда давом этсалар Россия ўз мақсадларидан чекиниши мумкин.
Учинчи: Америка позицияси: Америка алдов ва провокация билан Россияни Украина ботқоғига тортиш учун бор кучини сарфлагани кўриниб турибди:
1 – АҚШ Россиянинг хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги талабларига жавоб бермай, уни Украинада боши берк кўчага киритиб қўйишга ҳаракат қилди. Шунинг учун Украина ҳукуматини Шарқий Донбасс минтақасига ҳужум қилиш билан Россияни провокация қилишга ундаган бўлса, бошқа томондан ўз баёнотлари орқали бу провокацияни янада кучайтирди. Мисол учун Байден 2022 йил 19 январдаги матбуот конференциясида бундай деди: «Ўйлайманки, (Путин) яқин орада ҳаракатга келади. У нимадир қилиши керак. Агар Россия бостириб кирадиган бўлса, албатта жавобгарликка тортилади. Зеро, бизнинг жавобимиз унинг қилган ишига қараб белгиланади. Яъни унинг агрессияси чекланган миқёсда бўлса, кенг қамровли агрессиядан фарқли ўлароқ бадали оғир бўлмайди». (Си-Эн-Эн, 2022 йил 20 январ). Бу ҳақда кейинроқ Си-Эн-Эн телеканалига исмини ошкор этмаган украиналик мулозим «Байден Россия президенти Путинга Украинага кириши учун яшил чироқ ёқиб бермоқда. Киев бундай баёнотдан ҳайратга тушди», дея билдирди!
2 – Россия Украинага қарши ҳарбий амалиётларни бошлаган пайтда, АҚШ раҳбари Байден «Қуролли кучларимиз Украинада Россия билан зиддиятга киришмайди. Лекин Шарқдаги НАТО иттифоқчиларимизни албатта ҳимоя қиламиз», дея таъкидлади. У шунингдек, «Германияга 7000га яқин америкалик аскарларни юбориши»ни билдирди. Маълумки, Қўшма Штатлар бундан олдин Польша, Германия ва Руминияга 5000га яқин америкалик аскар жойлаштирган эди. Бундан ташқари, Байден Россияга қарши санкциялар пакетини ҳам эълон қилди. У шунингдек, «Аскарларимиз Европага Украинада жанг қилиш учун эмас, балки НАТОдаги иттифоқчиларимизни мудофаа қилиш, Шарқдаги иттифоқчиларимизни эса, тинчлантириш учун кетмоқда», деб айтди. (Ал-Жазира, 2022 йил 24 феврал). Байден «Мамлакатнинг ҳолати» ҳақидаги йиллик мурожаати чоғида «АҚШ кучлари Россияга қарши ҳеч қандай урушга киришмайди. Лекин рус қўшинларининг Ғарб, яъни Европа давлатлари томон илдамлашига тўсқинлик қилиб, НАТОга аъзо давлатларнинг ҳар бир қарич ерини мудофаа қилади», дея таъкидлади. (Ал-Жазира, 2022 йил 2 март). У Европа давлатлари ва Канада қилгани каби, НАТО ҳаво ҳудуди Россия самолётлари учун ёпилганини билдирди. АҚШ президенти ўзининг бу баёнотлари билан Россияни гижгижлаб, уни Украинада ҳарбий амалиёт ўтказиш ва давом эттиришга ундади. Бунинг ортидан НАТО баёнотлари янгради. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 2022 йил 1 март куни Польша президенти билан пойтахт Варшавада берган матбуот конференциясида бундай деди: «НАТО бу курашда иштирок этмаса-да, лекин Украинага барча турдаги ҳарбий ёрдамларни тақдим этади. У Украинага бирорта ҳам аскар юбормайди. Чунки НАТО мудофаа алянси бўлиб, Россия билан уруш қилишга ҳаракат қилмайди. Биз Украинага имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. НАТО иттифоқчилари Россияга оғир бадал тўловини юкладилар». (Анадолу, 2022 йил 1 март). Столтенберг айнан Америка кўз-қарашини ифода этди.
3 – Америка Россияга нисбатан провокацион муомала қилиб келди. Зеро, Россия Лавровнинг 2022 йил 24 феврал куни Женевада АҚШ давлат котиби Блинкен билан бўладиган учрашувини кутаётган эди. Блинкен эса, учрашувни бекор қилди: (Москва Украина шарқидаги икки бўлгинчи вилоят мустақиллигини тан олиб, уларга қўшин юборганидан кейин, кеча сешанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан режалаштирилган учрашувни бекор қилганини маълум қилди. Блинкен Вашингтонда украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан берган матбуот конференциясида бундай деди: «Биз агрессия бошланганига ҳамда Россия ҳар қандай дипломатик вариантни рад этганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу боис, учрашув ўтказишнинг ҳозирда ҳеч қандай маъноси қолмади». (Ал-Баён газетаси, 2022 йил 23 феврал). Бу баёнотлар учрашувни барбод қилиб, сўнг Россияни провокация қилди. Кейин Америка бирин-кетин, провокацион тарзда Россияни Украинага бостириб кириши борасида огоҳлантира бошлади. Ваҳоланки, Россия Украинага бостириб кириш нияти йўқлигини айтиб келар эди. Вашингтон берган барча баёнотлар провокацион руҳда бўлиб, гўё Россияни Украинани босиб олишга ундарди. Зеро, Америка Украинанинг НАТОга аъзо бўлмагани сабабли, у ерда урушга кирмаслиги ҳақида берган бир қанча баёнотлари билан Россияни Украинага бостириб киришга ундаб келди. Бир вақтнинг ўзида, Украинага самолётлар ёрдамида ҳар куни янги қуроллар, «Stinger» ракеталари ва танкка қарши қуролларни етказиб беришни жадаллаштириб юборди!
4 – Кейин Америка Россия босқининг яқинлашиб қолгани ва бу нарса разведка маълумотларига асосланганлиги ҳақидаги баёнотларини оширди. Бу билан давлатлараро хавотир ҳиссини кучайтириб юборди… АҚШ президенти Байден, шунингдек, АҚШ давлат котиби, мудофаа вазири, матбуот воизлари, ҳатто Америка матбуоти томонидан берилган баёнотлар таъсирида ҳамма Россия босқинини соатма-соат кутадиган бўлиб қолди. Америка Украина билан бўлгинчилар ўртасидаги баҳсли Донбасс минтақасида фаолият қилаётган махсус Мониторинг миссиясидаги ўзининг ходимларини олиб чиқиб кетиш билан Украинадаги уруш хавфини янада оширди. Бу америкалик ходимлар Европада Хавфсизлик Ҳамкорлиги Ташкилоти таркибида фаолият қилар эди. Россия уларнинг олиб чиқиб кетилишидан қаттиқ хавотир ҳис қилди. Шунинг учун Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Захарова («Айрим давлатлар» «хавфсизлик вазиятининг кескинлашиши», деган баҳона билан ўзининг Украинадаги Европада Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус Мониторинг миссияси таркибида фаолият қилаётган ходимларини олиб чиқиб кетишга қарор қилибди», деди. Захарова бундай қарорлар Москвани жиддий ташвишга солаётганини қўшимча қилиб, «Миссия Вашингтон томонидан қўзғатилган милитаристик психозга қасддан тортилиб, эҳтимолий провокация учун восита сифатида ишлатилмоқда», дея огоҳлантирди. (Sada El Balad, 2022 йил 13 феврал). Яъни Россия АҚШнинг 2015 йилдан бери музлатиб келинаётган Донбассдаги жуда нозик можарони қўзғатмоқчи бўлаётганини англаб етган бўлиши мумкин.
5 – Американинг Россияни провокация қилишни кучайтириши унинг бошқа бир баёноти билан бир вақтга тўғри келди. Қўшма Штатлар Россия томонидан тўхтатиб қўйилиши ёки Украина орқали ўтадиган қувурларга уруш сабабли зарар етиши кутилаётган Россия табиий газига муқобил равишда Европа қитъасига газ етказиб беришни деярли таъминлаб қўйганини билдирди. Бу эса, Россиянинг Европа бозоридан маҳрум бўлишини, шунингдек, Америка ва Қатар газидан ҳамда осиёликлар, хусусан, газ фьючерсларига эга бўлган японияликлар томонидан бир қанча альтернативалар майдонга келаётганини англатади. Бу баёнотлар қиш тугаб, баҳор яқинлашгани учун табиий газга бўлган эҳтиёж бироз камайган пайтда берилди. Кейин, Россиянинг Узоқ Шарқида жуда хавфли воқеалар содир бўлганига гувоҳ бўлдик. Россия мудофаа вазирлиги Курил ороллари яқинидаги Россия ҳудудий сувларига АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли сув ости кемаси кирганини, у Россиянинг огоҳлантирувларига эътибор бермаганини, шунда Россия кемаси уни орқага қайтариш учун қўпол усуллардан фойдаланганини, шунингдек, сув ости кемасини Россия ҳудудий сувларидан чиқариб юбориш учун қилинган саъй-ҳаракатлар уч соат давом этганини билдирди. Маълумки, Курил ороллари иккинчи жаҳон уруши пайтида Россия томонидан босиб олинган Япония оролларидир. Япония бу оролларни ҳалигача талаб қилиб келади. Россия Япониянинг талабларига жавоб бермагани сабабли Токио 1945 йилдан бери ўт очишни тўхтатиш бўйича Россия билан ҳеч қандай келишувни имзоламаган. Бошқача қилиб айтганда, Япония 1945 йилдан бери Россия билан расман уруш ҳолатида. Бу эса, Россиянинг Америка Курил оролларини босиб олишга Японияни ундаши мумкинми, деган хавотирлари кучайганини англатади.
6 – Шундай қилиб, Россияни Украина ботқоғига ботириш учун провокация ва кескинлаштирув ишлари босқичма-босқич олиб бориляпти. Америка провокациялари билан бир қаторда Британия провокациялари ҳам давом этмоқда. Бунга Германиянинг «шимолий оқим 2» лойиҳасини тўхтатиб қўйиши билан Европа ҳам қўшилди. Дарҳақиқат, Америка Россияни Украина урушида тинимсиз гижгижлаб турибди. Шунинг учун ҳам фақат санкциялар билан чекланиб, Россияга тўғридан-тўғри таҳдид қилмаяпти. Шу сабабдан АҚШ давлат котиби Блинкен ҳам Россиянинг ҳарбий тайёргарлигини «Украинадаги муваффақиятли ҳужумга тайёргарлик», деб атади! Бошқа томондан эса, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ҳамда Ғарбдан ўзини қурол-яроғ билан таъминлаш тўғрисидаги талаблари ортиб бормоқда. Бу эса, Россия учун қатор хавф-хатарларни ошириб, янада тезлаштиряпти. Шу боис, Россия учун Украина билан боғлиқ хавфсизлик хавотирларини ҳал этишнинг ягона йўли босқин, уруш ва ботқоққа ботиш бўлиб қолгунига қадар бу ҳолат шундай давом этаверади. Зеро, Россия учун Украинани тузоқ қилган Америка айна шу нарсани хоҳлайди. Афтидан, Россия ўзининг аҳмоқона режаси тўрига тушиб қолганидан кейин, бундан осонликча чиқолмайдиган кўринади!
Тўртинчи: Европа позицияси:
2022 йил 22 февралда Европа Иттифоқи олий вакили Жозеп Боррель Россия Донеск ва Луганск республикаларини тан олган кун Европа учун қора кун бўлганини айтди. Бир неча кун олдин Британия бош вазири Жонсон эса, бундай деди: «Биз Россия билан янги стратегик рақобатга кирдик. Бу давр ҳатто тўлиқ бир авлодни ҳам қамраб олиши мумкин. Буларнинг барчаси барча эҳтимоллар эшигини очади. Ядровий таҳдидлар ҳам бундан мустасно эмас».
Шунга қарамай, Европа вазиятни юмшатишга ва Россия билан келишишга ҳаракат қилди. Франция ва Германия раҳбарлари Россия билан доимий алоқада бўлди. Масалан, Франция президенти Макрон Москвага сафар қилди. Сўнг Путин билан бир неча бор телефон орқали боғланди. Улар ўртасидаги охирги мулоқот Россия Украинада ҳарбий амалиёт бошлаганидан кейин бўлиб ўтди. Елисей саройининг маълум қилишича, Макрон «Телефон мулоқоти чоғида Россиянинг Украинага қилган ҳужумини тўхтатиш бўйича халқаро ҳамжамият талабини бир неча бор такрорлаб, зудлик билан оташкесим амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, Макрон Путинни тинч аҳоли ва аҳоли пунктларига қилинаётган ҳужумларни тўхтатишга, фуқаролик инфратузилмасини сақлашга ва барча йўллар, трассалар, хусусан, Киев жанубидаги йўллар хавфсизлигини таъминлашга чақирган». (Франс Пресс, 2022 йил 28 феврал). Германия канцлери Олаф Шольц Москвага сафар қилиб, Путин билан вазиятни муҳокама қилди ва ўша ердан туриб бундай деди: «Биз немислар, ҳатто бутун европаликлар хавфсизлик ва барқарорликка Россияга қарши туриб эришиб бўлмаслигига ва фақат Россия билан биргаликда эришиш мумкинлигига шубҳа қилмаймиз… Биз Россия президенти билан Европадаги мавжуд кризисни ҳал этиш имкониятлари ҳали ҳам мавжуд экани ҳақида келишиб олдик». (RT Arabic, 2022 йил 15 феврал). Шунга қарамай, Европа АҚШ хоҳлаганидек Украина кризисига тортилди. Шу боис, Европа Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашини, ҳарбий техника ва замонавий қуроллар билан унга ёрдам кўрсатишини очиқ айтишга мажбур бўлди. Шу тариқа, Россияга турли соҳаларда санкциялар киритиб, Россияга қарши қўшин киритмасдан кенг қамровли уруш бошлади. Германия канцлери Олаф Шольц 2022 йил 26 февралда ўзининг Твиттердаги саҳифасида бундай деди: «Россиянинг Украинага қарши агрессияси бурилиш нуқтаси бўлиб, иккинчи жаҳон урушидан кейин юзага келган вазиятга таҳдид солмоқда… Бундай вазиятда биз Путиннинг бемаъни босқинига қарши туришда Украинага қўлдан келганча ёрдам беришимиз керак». Шундан сўнг Германия Украинага 1000та танкка қарши қурол ва 500та «Stinger» ракеталарини юборишга қарор қилди. Шольц парламентда сўзга чиқиб, бундай деди: «Украина босқинидан кейин биз янги даврга кирдик. Бугундан эътиборан, Германия ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизидан кўпроғини мудофаа соҳасига ажратади. Бу йил ҳарбий техникага 100 миллиард евро сарфлайди. Maқсад – бизни ишончли ҳимоя қила оладиган қудратли, замонавий ва илғор армияга эга бўлиш». (Франс Пресс, 2022 йил 27 феврал). Россиянинг ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг, Шольц Болтиқ денгизи орқали Россиядан Германияга ўтувчи «Шимолий оқим 2» газ қувуридаги ишлар тўхтатилганини билдирди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 2022 йил 27 февралда бундай деди: «Европа Иттифоқи Украинага 450 миллион евролик қурол-яроғ ва 50 миллион евролик ҳимоя воситаларини ўз ичига олган ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бу «Европа Тинчлик фонди» ва «Ҳукуматлараро Фонд» томонидан молиялаштирилади». (Анадолу, 2022 йил 28 феврал). Европа кенгаши раиси Шарль Мишель Европа Иттифоқининг Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда йиғинида «Бу санкциялар бизга ҳам таъсир қилади. Аммо бу эркинлигимизни ҳимоя қилишга арзийди», деди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича вакили Жозеп Боррель бундай деди: «Биз қаршимизда Европанинг янги туғилган геосиёсий тузилмасига гувоҳ бўляпмиз. Бугун Европа дуч келаётган фалокат уни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлашиш ва ҳамкорлик қилишга ундайди». Европа комиссияси раисаси Урсула фон дер Ляйен бундай деди: «Европа тақдири Украина уруши пайтида хавф остида қолди». (Ал-Жазира, 2022 йил 1 март).
Шундай қилиб, биз Европанинг Украина урушига тортилганини кўриб турибмиз. Зеро, бу уруш Европанинг Иккинчи Жаҳон урушидан кейин қўлга киритган тинчлик ҳолатини остин-устун қилиб, Россия таҳдиди остига солиб қўйди. Газ ва нефть каби энергия манбаларини йўқотгани сабабли кўрган катта иқтисодий йўқотишларини айтмасак ҳам бўлади. Маълумки, Европа Иттифоқи табиий газнинг қарийб 40 фоизини ва нефтнинг 27 фоизини Россиядан олади. Америка эса, ўзининг юқори нархидаги, сифати паст газига Европанинг қарам бўлишини истамоқда. Зеро, «Шимолий оқим 2» линияси Европа ташқи талабининг учдан бир қисмини Америка газидан 25 % арзонроқ нархда таъминлаган бўларди. Путин Германия канцлери билан ўтказган қўшма матбуот конференциясида бундай деди: «Немис истеъмолчиси – хоҳ саноат соҳасидаги истеъмолчи бўладими, хоҳ маиший истеъмолчи бўладими – Россия газини (ҳозирги нархдан) беш баравар арзон нархда олади. Немис фуқароси ўз ҳамёнини текшириб кўриб, газни 3-5 баробар қиммат нархда олишга тайёрми ёки йўқми, бир ўйланиб кўрсин… Шунинг учун «Шимолий оқим 1» лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Германиянинг собиқ канцлери Шрёдерга раҳмат айтишлари керак. Зеро, Германия «Шимолий оқим 1» орқали 55 миллиард куб метрга яқин газ оляпти ва бу газ узоқ муддатли шартномалар асосида етказиб берилмоқда». (RT Arabic, 2022 йил 15 феврал). Путиннинг таъкидлашича, Германия Россия бозорининг 60 фоизини ташкил қилади. Путин бу гапларни Европани Россия билан ҳамкорлик қилишга ва Америка томонида турмасликка ундаш учун ҳамда Россия Европа томонидан ўзини хавфсиз ҳис қилар экан, унга ҳужум қилмасликка ишонтириш учун айтди.
Бешинчи: Хитой позицияси:
Xитой бу масалада Россияга анча яқинлашди. У Ғарб давлатлари Россиянинг хавфсизлик талабларини жиддий қабул қилишлари кераклигини айтиб, Россияни қўллаб-қувватлади. Путин Украина масаласи бўйича халқаро қўллаб-қувватловга эришиш учун (қишки олимпиада ўйинлари пайтида) Пекинга сафар қилиб, 2022 йил 2 февралда Хитой раҳбари билан учрашди. Хитой икки давлат раҳбарлари ўртасида имзоланган қўшма баёнотда Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши эканини билдирди. Россия ва Хитой Америка гегемонлигига қарши бир хил позицияда эканликларини маълум қилишди ҳамда кўп қутблиликка чақириб, халқаро муносабатларда янги давр бошланганини таъкидлашди. Шунингдек, Россия гази ва нефтига сармоя киритиш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 200 миллиардга етказиш бўйича йирик шартномалар имзоланди. Шунга қарамай, афтидан, Хитой Тайванни аннекция қилиш учун худди шундай қадам ташлаш масаласида Россиянинг Украинадаги ишлари қай даражага етиб боришини кутаётганга ўхшайди. Ҳозир Хитойда «Тайванни қайтариб олишнинг қулай пайти», деган овозлар янграй бошлади. Бу твиттернинг Хитой сигментида тарқади. Хитой Тайванни куч билан босиб олгудек бўлса шундай муомалага дуч келмаслик учун Россияга қарши санкцияларга қарши чиқди. Лекин Россия агрессиясини қораловчи резолюция лойиҳасига вето қўйишдан ўзини тийди. У Ғарб давлатларининг ўзига қарши ҳужумидан сақланиш учун овоз бермасликни танлади. Шундай қилиб, Хитой Россияни қораловчи резолюция лойиҳасига вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланмаслик билан Россияни қўллаб-қувватламайдиган бўлиб кўринди. Маълумки, Хитой Россиянинг Украинага қилган агрессиясини танқид қилмай, бу борада Американи айблади. Бироқ, барқарорлик ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини қадрлашини билдирди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И украиналик ҳамкасби билан суҳбатда бундай деди: «Ҳозирги кризисга келсак, Xитой томони Украина ва Россияни музокаралар орқали кризисни ҳал қилиш йўлини топишга чақиради ҳамда вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган барча халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди». (ТАСС, 2022 йил 1 март). Хитой ташқи ишлар вазири ўз мамлакатининг санкцияларга қарши эканини билдириб, бундай деган эди: «Хитой муаммоларни ҳал қилиш воситаси сифатида санкциялардан фойдаланишни нафақат қўллаб-қувватламайди, балки, халқаро ҳуқуқ номаларига тўғри келмайдиган бир томонлама санкцияларга кескин қарши чиқади». (ТАСС, 2022 йил 27 феврал).
Олтинчи: Хулоса:
1 – Америка Россияни Украинага тўлиқ ёки қисман бостириб киришга жалб қилиш орқали «муваффақиятга эришди». Бу Россияни маҳаллий тарангликларга ҳамда сиёсий, иқтисодий ва эҳтимол ҳарбий тебранишларга дучор қилади… Бу ҳолат – Россия фақатгина Шарқий Украинани босиб оладими ёки Украинанинг тўлиқ ёки бир қисмини босиб оладими, бундай қатъий назар – узоқ йиллар давом этади. Бундан ташқари, Путиннинг ҳокимиятда қолишига таъсир қилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
2 – Россиянинг халқаро мавқеи – бира тўла қулаб кетмаса, агар – бу тебранишлардан таъсирланиши аниқ! Чунки АҚШ ва Европа босимлари остида Россияга қарши унинг суверен давлатларга ҳужум қилаётгани тўғрисида халқаро кампания бошланиб, анча кенгайиб кетди. Лекин Америка ва Европа ҳам ўзларининг Осиё ва Африкадаги жуда кўп суверен давлатларга қилган ҳужумларини унутишди ёки ўзларини унутганга солишди. Зотан, ушбу барча давлатларнинг, яъни Россия, Америка ва Европанинг зуваласи бир бўлиб, уларнинг наздида инсон ҳаётининг ҳеч қандай қадри йўқ!
3 – Энди, саволнинг бошида келганидек, 1939 йилда нацистлар Германиясининг Чехословакияга ҳужум қилиб, уни бўлакларга бўлиб, босиб олиши ортидан Иккинчи Жаҳон уруши бошлангани каби, бу ҳужумлар ҳам учинчи жаҳон урушига олиб келиши масаласига келсак, бу ерда ҳолат бироз бошқача… Гап шундаки, учинчи жаҳон уруши ядровий урушдан холи бўлмайди. Чунки бу давлатларнинг ҳаммаси ядровий қуролга эга. Улар ядровий қурол бошқаларни вайрон қилгани учун эмас, балки ўзларига ҳам қўлланиши мумкин бўлгани учун фойдаланишдан олдин минг марта ўйланишади. Зеро, бу давлатлар учун бошқаларнинг ҳеч қандай қадри йўқ бўлиб, ягона ташвишлари ўзгаларга зарар етса ҳам ўз манфаатларининг амалга ошишидир! Ал-Жазира телеканали 2022 йил 2 март куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров берган интерьвюни нашр қилди: (Лавров учинчи жаҳон уруши хавфи ҳақидаги саволга жавобан «Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган бешта давлат раҳбарлари жаҳон урушига йўл қўймаслик тўғрисидаги декларацияни имзолаганлар. Чунки жаҳон уруши ядровий уруш бўлади ва унда ғолиб бўлмайди», деб айтди. Бу билан Лавров АҚШ президенти Жо Байденнинг Россияга қарши санкциялар Учинчи Жаҳон урушининг ўрнини босувчи ягона чора, деб айтган гапларига ишора қилди». Мана шу гапларни айтган Лавровнинг давлати – модомики зарар ўзига эмас, бошқаларга етар экан – атом станциясини бомбалашдан ҳам тап тортмади. Ал-Жазира ўша куни яна қуйидаги хабарни нашр қилди: (Энг диққатга сазовор ҳодиса Запорожьедаги атом электр станцияси ҳодисаси бўлди… Украина томони атом станциясининг Россия томонидан бомбардимон қилиниши натижасида ёнғин келиб чиққанини, кейинчалик бу ёнғин назорат остига олинганини билдирди. Украина версиясига кўра, бу ҳодиса атом станция ишчилари ўртасида қурбонларни келтириб чиқарган. Бироқ, Россия мудофаа вазирлиги Украина кучларини айблади». (Ал-Жазира, 2022 йил 4 март).
4 – Булар бугунги кунда дунёдаги энг йирик давлатлардир. Улар худди ўрмон йиртқичларига ўхшайди. Кучлилари заифларини ейди, заифлар ёрдамга чақирса ёрдам берувчи бўлмайди… Тарих такрорланмоқда. Зеро, ҳозирги йирик давлатлар ўртасидаги кураш кечаги форслар ва румликлар ўртасидаги курашни такрорламоқда. Бу ишнинг аввали нима билан тузатилган бўлса, охири ҳам айни ўша нарса билан, яъни Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритиш ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш билан тузатилади. Ана шунда кучсиз ҳимоя қилиниб, мазлумга адолат қилинади. Шу билан Росулуллоҳ ﷺ
«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«… Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади», дея қилган башоратлари рўёбга чиқиб, Халифалик давлати барпо бўлади. Халифаликда Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганларидек, кучлилар то ундан заифларнинг ҳаққи олинмагунча кучсиз бўлади. «Канзул уммол ва сунанил ақвол вал афъол» китобида Абдуллоҳ ибн Аким бундай ривоят қилади: Абу Бакр байъат олгач, Росулуллоҳ ﷺнинг минбарларига чиқди. У Набий ﷺнинг жойидан бир поғона пастга тушиб, Аллоҳга ҳамду сано айтди, кейин бундай деди: «… Сизларнинг энг кучлигингиз менинг наздимда заифдир, токи ундан заифнинг ҳаққини олиб бермагунимча. Сизларнинг энг заифингиз менинг наздимда кучлидир, токи унга ҳаққини олиб бермагунимча».
Дорул Исломда эзгулик ва хайр-баракот мана шундай тарқалади.
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]
1 шаъбон 1443ҳ
4 март 2022м
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Муслима синглимиз Роҳиланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қиламиз