Шу йигитга ўхшасанг бўлмайдими болам!

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Шу йигитга ўхшасанг бўлмайдими болам!
بسم الله الرحمن الرحيم
Уйга келишим билан онам менга бошдан оёқ разм соларди. Ва бошларини сараклатиб: “Аҳволингга қара болам, кимларга тортдинг сен! Уруғ-аймоғимизда сенга ўхшаб ичиб, чекадиган, бировларнинг беҳуда бурнини қонатган аҳмоқ чиқмаган”, – деб бошидаги рўмолининг учи билан кўз ёшларини артарди. Бошимни эгиб тураверсам, оналик меҳри жўшиб, “ўчоқбошида овқатинг турибди, совиб қолмасидан еб ол” деб, ортидан ҳар доимгидек: “Болам, улфатинг ола қарға бўлса емоғинг ахлат, деб аввалгилар бежиз айтмаганлар. Соли тоғанинг ўғлини қара, юзидан нур томади. Шу йигитга ўхшасанг бўлмайдими болам?!” – дея жойнамози устидаги тасбеҳини қўлига олиб бир нималарни пичирлай бошларди… Мен эса у кишига ўхшашни хоҳламасдим. Чунки бировга ўхшаб яшаш табиатимга тескари эди. Қолаверса, у кишининг ҳаёти зерикарлидек туюларди менга. Одамлар боримча танишларини хоҳлардим. Лекин кунларнинг бирида нима бўлди-ю, кечга яқин маҳалламизда ёш келин-куёв ўртасида жанжал кўтарилди. Худди шу воқеа туфайли ҳаётим мутлақо ўзгариб кетди. Бошқача айтсам, онам ҳавасидаги ўша кишига ўхшагим келди. Келинг, яхшиси шу воқеани сизга айтиб бера қолай!
Хуллас, анави жанжалга маҳалла оқсоқоллари аралашди. Улар ҳар икки тарафни инсофга чақира бошладилар. Лекин ҳеч бири насиҳат олмади. Куёвбола тенгдошим бўлгани учун уни четга тортиб: “Қўйсангчи ошна, хотин киши билан баробар бўласанми?” – деб унга танбеҳ бергандим, таъсирим ўтмади. Аксига олиб бўйнидаги томирлари бўртиб чиқди. Аёлларнинг беўхшов бақир-чақирлари эркакларнинг овозини босиб кетди. Шу вақт онам ёқтирган, Соли тоғани ўғли Аҳмад ака келиб қолди. У анча ёш бўлишига қарамай оқсоқолларнинг барчаси бирдек ҳурматлаб: “Болам, ўзинг бир нарса деб буларнинг ўртасини ўнглаб қўй”, – дейишди. Ўшанда эсимда қолган Аҳмад аканинг гаплари менда у йигитга нисбатан бир илиқлик пайдо қилганди. У дона-дона қилиб аёлларга бир неча оғиз гапиргач, аёллар “босилиб” уйларига кириб кетишди. Шунча оқсоқоллар эплай олмаган аёллар шовқинини қисқа сўзлари билан нима деб “ўчирди”, мен билолмадим. Кейин у эркакларга қараб: “Икки мўмин урушса, уларнинг ақллиси айбдор”, – деди. Ва куёвболага: “Хўш, бу жанжалда аёлингиз айбдорми ёки сизми?” – деб савол ташлади. Мен унинг зукколигига қойил қолдим. Куёв Аҳмад аканинг саволига жавобан “аёлим айбдор” деса, хотинини ақлли санаб, ўзини аҳмоққа чиқаргандек бўларди. Айбни ўзига олса яна ноқулай. Орада бир муддатлик жимлик пайдо бўлди. Барчанинг диққати беихтиёр ўша акага қаратилди. У шунчалар ёқимли овози билан сўзлай бошладики, атрофдагиларнинг ёшу қариси жим туриб тинглашга тушди. У ота-оналаримиз, фарзандларимиз, ака-ука, опа- сингилларимиз ва хотинларларимиздан ҳар бирининг ҳаётдаги ўрнидан сўзлади. Ҳар биримизга Аллоҳ таоло тарафидан белгилаб қўйилган ўринни шундай очиб бердиларки, ҳатто мен ҳам оиламдагиларнинг ҳам, ўзимнинг ҳам ўрнимни тиниқ тушуниб олдим. Ажойиб суҳбатни бирданига келган участка нозири машинасининг шовқини бузди. Кимдир хабар берган шекилли. У бирга келган икки ёрдамчисини машинасида қолдириб, ўзи ёнимизга келди. Ва оқсоқолларга қараб, ”нима гап акалар” деди. Оқсоқоллар “ҳеч гап йўқ” деб, бўлиб ўтган ишга енгил изоҳ бериб ўтдилар. Сўзларини “эр-хотинни уруши дока рўмолнинг қуриши” билан якунладилар. Нозир эса ўзини гўё ўт кетган уйга кеч келган “пожарний”лардек ҳис қилди. Машинасига қайтаркан негадир Аҳмад акага ғалати қараб: “Бунақа ишларни ҳал қилиш бизнинг ишимиз, кераксиз жойларга бурнингни тиқма”, – деди ва машинасига ўтирди. Калитни бураб машинасини жиғиллатганди, ўт олмади. У яна бир неча бор уриниб кўрди, бўлмади. Шундан кейин бизларга қараб: “Қани йигитлар туртиб юборингларчи”, – деган эди, ажабки биров қўзғолмади. Аксинча, Ғани “пиён” лақабли тандирчи тоға уларга қараб: “Мелиса болам, ўзинг итарса юрадиган бўпқопсану, одамларга тепадан гапирасан”, – деб “чақиб” олди. Унинг гапи ҳаммани кулдирди. Бундан жаҳли чиққан нозир машинаси ичида ястаниб ётган икки ходими ёрдамида машинасини туртиб ўт олдирди-ю, маҳалладан чиқиб кетди. Ҳозиргина анави жанжал туфайли тундлашган оилалар даврасида “портловчи” кулги кўтарилди. Ҳаммалари тандирчи тоға бошлаган пайровни давом эттириб кетдилар. Кимдир “шу баҳона “туртиб олсак” яхши эди” деса, бошқаси “булар аслида халқ туртмаса тебранмайди” деб кулгуни аланга олдирди. Аммо бу пайров авж олган пайтда Аҳмад ака даврани тарк этганди. Шу воқеа баҳона бўлиб ўша акага кўнглим илиди. У билан бир неча бор суҳбат ҳам қилиб улгурдим. Ҳар соҳадан гап очсам, ўша ҳақида гапириб мени қаноатлантирарди. Ўша пайтларда эр йигит деганда кўз олдимга келадиган Америка киноларидаги “қаҳрамонлар” бу ака таништирган боболаримиз олдида шунчаки бир аҳмоқ бузғунчиларга айланиб қолганди. Мен жўраларим ва кўчадаги улфатларимга ундан эшитганларимни мақомига етказиб айтиб бера бошладим. Ажабки, озгина муддат ўтмай барча улфатларимда у аканинг фикрларига қизиқиш кучайди. Дунё ҳаёти, борлиқнинг Яратувчиси ва ўлимдан кейинги абадийлик ҳақида шундай қаноатли фикрлар берардики, ҳатто мактабда ўн йил ўқиб ҳам бундай фикрларни эшитмагандик. Мен ошналарим йиғилган жойларга Аҳмад акани таклиф қила бошладим. Бирин-кетин саждага пешоналаримиз қўйилганидан хабар топган ота-оналаримизни қувончи ичига сиғмай қолганди. Навбатдаги йиғинларимиздан бирида суҳбатлардан терисига сиғмай қолган бир шошқалоқ жўрам Аҳмад акага савол берди: “Юртимиздаги каллабузар нодонларни, бойликларимизни бошқаларга талатиб юбораётган маразларни битта-битта “тинчитиб” ташласак бўлмасмикин?”. Аҳмад ака бу саволга жавоб беришдан аввал одатича мустаҳкамроқ ўрнашишга урингандек енгил чайқалиб олгач, жавобга ўтиб: “Бизлар оламга раҳмат қилиб юборилган сўнгги Пайғамбар ﷺнинг меросхўр издошларимиз. Ва барча золиму зўравонларни ўлимидан кўра ҳидоятланишини кўпроқ яхши кўрувчилармиз”, – деди. Шошқалоғимиз эса бу жавобдан кейин бизларга қаради-да, аттанг қабилида бошини чайқаб лабини қимтиб қўйди. Чунки унинг наздида анча-мунча зўравонлар калтакдан кейин ақли “ишлаб кетадиган”дек эди. Хуллас, бизларнинг дунёқарашимиз, юриш-туришларимиз қишлоққа овоза бўлиб кетди. Ўша даврларда ўрис босимларида вайрон қилинган масжидлар қайта тикланди. Ҳамма маҳаллада масжидлар очилди. Ёшлар ўзларининг мазмунсиз ҳаётига маъно киритиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб масжидларни тўлдира бошлади. Қишлоқдаги кўнгилочар масканлар ҳувиллаб қолди… Кўчаларда, мактабларда ҳижобли қизлар кўпайди. Ўқувчилардаги ҳаё таъсирида ўқитувчилар ҳам сочларини рўмол остига яшира бошладилар. Катта жомелардаги эски имомлар эса ёшларнинг кетма-кет бераётган саволларидан шошиб ҳам қолардилар. Тошкент, Андижон ва бошқа шаҳарларда диний назорат қолипига тушмайдиган очиқ даъватлар юриб кетди. Исломдан ўзга нарса билан яшашдан чарчаган ёшлар жомеларни тўлдирди…
Аммо орада бўлиб ўтган Наманган воқеалари ўша давр президентини саросимага солиб қўйди. Шу баҳона бўлди-ю эл севган жомеларнинг имомлари сирли равишда йўқола бошлади. Тошкентда режалаштирилган портлашлар амалга оширилгач эса, 1999 йилнинг 16 февралидан оммавий қамаш бошланди. Юзларига маска тақиб олган ҳарбийлар ва милиция ходимлари кимнидир “ваҳҳобий”, яна кимнидир “ҳизбий” деб уйларига бостириб кириб олиб чиқиб кета бошлади… Аҳмад акага ўхшаганларни шу портлашлар баҳонасида қамаб ташлашди. У киши ҳам пайшанба кечаси “йўқолиб” қолди. Ачинарлиси, улар ҳақида куракда турмас бўҳтонлар телевидение ва радио орқали шиддат билан тарқатила бошланди. Менга оғир ботгани, Аҳмад ака ҳақида маҳалламизнинг баъзи кишилари, “одамни оласи ичида бўларкан-да” дегани бўлди. Шу гапни айтган кишини анави шошқалоқ жўрам бир сўз демасдан дўппослаб кетди. Нимагадир ҳеч ким уларни ажратай деб уринмади. Бироз тепа-тепдан дилларим яйрагач, жўрамни четга тортиб, “бу касофат қамалишингга арзимайди” деб, уни уйигача кузатиб қўйдим. Уйга келганимда тун яримлаганди. Шунга қарамай онам саҳарликка турган кишидек супада ўтирардилар. Онам мени кўрибоқ: “Аҳмад акангдан дарак борми?” – деди. Мен қисқа қилиб, “йўқ” деб қўяқолдим. Эртасига саҳар тонгда бир неча машина эшигимиз олдида тўхтаб эшиклари очилди. Ва қўшниларим ва оиламнинг қий-чувига қарамай, бир гала “олатўнли”лар уйимизга бостириб кириб тинтув ўтказишди. Ёстиғим остидан битта граната ва портловчи пакет (!) “топишди”. Соддагина онам лаблари титраганча: “Болам, мен сени Соли тоғани ўғлига қўшилиб яхши бола бўлди, десам яна нима қилиб қўйдинг?” – дедилар. Мен чорасизгина титраб турган онамни қулоғига: “Қўшилдим онажон, қўшилдим! Лекин ундайларни ва уларга қўшилганларни бугунги ҳукумат қамамоқда”, – дедим…
Азиз ўқувчи! Бу ҳикояни сўзлаб берган йигит ҳозирда Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги махсус режимли ёпиқ зонада 25-йилини ўтказмоқда. Отаси ҳам ва муштипар онаси ҳам дийдорни қиёматга қолдириб вафот этиб кетдилар. Тобора тубанлашиб кетаётган ёшларимиз бу каби азиз рижолларимизга нақадар муҳтожлигини билсангиз эди…
(“…ўхшадим, лекин қамаб қўйишди…”, – дегувчини эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
17.06.2024й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ