Сиси 23 июл инқилобини пуч ёнғоқдек мурожаатлар билан эсламоқда

Сиси 23 июл инқилобини пуч ёнғоқдек мурожаатлар билан эсламоқда
Миср президенти Сиси 1952 йилги 23 июль инқилобининг 74 йиллиги муносабати билан расмий телевидение орқали узатилган нутқида бир қанча мурожаатларни йўллади. Уларнинг аксарияти 2014 йилдан бери ички жабҳада эришган «ютуқлари»ни кўз-кўз қилишга уриниш атрофида айланди. У: «Миср 2014 йилдан бери ўз мавқеи ва халқига муносиб бўлган кенг қамровли тараққиёт ва ривожланиш йўлини босиб ўтиш учун бўшашмайдиган азму қарор билан йўлга чиқди», ва «қурилиш ва бунёдкорликни тўхтатмаган ҳолда терроризмга қарши курашди ва уни мағлуб этди», деди. У бу билан эътиқод эркинлиги ниқоби остида давлатни дунёвийлаштиришни мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияни рағбатлантириш эвазига исломчиларни бошқарувдан четлатиш, уларга қарши курашиш ва уларни таъқиб қилишни назарда тутмоқда. Шу сабабли у: «Бундан ташқари, биз эътиқод эркинлигини мустаҳкамладик», деди.
Одамларнинг ишларини бошқаришдаги ва мамлакатни қашшоқлик ва маҳрумлик ҳолатидан чиқаришдаги ўз муваффақиятсизлигини оқлаш учун ўзича эришган «ютуқлари»ни санаб ўтди, жумладан, шундай деди: «Биз замонавий инфратузилмани барпо этдик, тартибсиз ҳудудларни мағлуб этдик, янги шаҳарлар қурдик, чўлларни ўзлаштирдик, анъанавий ва қайта тикланадиган энергия станцияларини бунёд этдик ҳамда минтақавий энергия маркази сифатидаги мавқеимизни мустаҳкамлайдиган нефть ва газ қидирув саъй-ҳаракатларини жадаллаштирдик».
У ушбу сўзлари билан одамлар ўз кўзларига ишонмаслигини ва ўз туйғуларига шубҳа қилишини истайди, ваҳоланки, қашшоқлик, касаллик, очлик ва энг оддий ҳаёт манбаларидан маҳрумлик Мисрдаги кундалик ҳаётнинг белгиларига айланиб қолган. Миллионлаб одамлар оч ва бемор ҳолда ухламоқдалар, юзлаб минглаб кишилар бошпана топа олмаяптилар, миллионлаб одамлар эса озиқ-овқат нархларининг ҳаддан ташқари қимматлиги туфайли кундалик егулик кўплаб оилалар учун орзуга айланиб қолган бир шароитда фақат лойдан қилинган уйлар, қабристонлар ва хароба биноларда яшашга мажбур бўлмоқда. Миср аҳолисининг ҳаёти секин ўлим барзахларидан бирига айланди, сўнгра эса Сиси қаршимизга чиқиб, ўз ютуқлари ва Мисрнинг аҳволи ҳақида гўё у биз билмайдиган бир мамлакатдек гапиради!
Ташқи жабҳада эса, у минтақадаги урушлардан — яҳудий вужудининг Ғазога қарши уруши ҳамда Америка ва яҳудийларнинг Эронга қарши урушига ишора қилиб — мамлакатни четда ушлаб тургани учун ўзини “қаҳрамон” деб ҳисоблади. Лекин у яҳудий вужудининг Ғазога қарши урушида ўйнаган бетарафлик, балки тил бириктирувчи позицияси шармандалик ва хорлик позицияси эканини унутди. Миср аҳли ва дунё мусулмонлари Миср армиясини Ғазодаги бечора биродарларига ёрдам беришдан тўсиб қўйганида, балки яҳудий вужудига у ердаги мужоҳидларни каттиқ сиқувга олишига ёрдам берганида унинг жинояти қай даражада бўлганини эслаб қолмасликлари учун бунга шама қилишдан ҳам уялиши керак эди.
Бас, у яҳудий раҳбарларининг Икки дарё (Дажла ва Фрот) оралиғидаги давлат ҳақидаги тавротий орзуларини ошкора айтаётганини эшитаётган бир пайтда, уларнинг орзуларини барбод қилиш ёки шайтоний васвасаларни уларнинг калласидан ҳайдаш учун ҳеч нарса қилмаяпти. Ҳатто Синай ярим ороли ҳануз қуролсизлантирилган зоналигича қолмоқда. Бу эса, яҳудий вужуди чегараларини Миср томонидан хавфсиз бўлишини таъминлаш учун ҳамда Синай Миср учун ҳар онда тажовуз қилиниши мумкин бўлган заиф нуқта бўлиб қолиши учундир. Сиси Ғазо мужоҳидлари бошлаган Умматдаги жиҳодий руҳдан ҳамда яҳудий вужуди жиноятларига нисбатан халқда ва дунё бўйлаб юзага келган ғазаб тўлқинидан фойдаланиб, буюк Миср армияси билан отилиб чиқиб, Ғазодаги ва бутун Фаластиндаги аҳлимизнинг азоб-уқубатларига чек қўйиш ҳамда уларни яҳудийлардан озод қилиш ўрнига, яҳудийлар билан тузилган хорлик тинчлик келишувини сақлаб қолганини мақтаниб чиқди.
Америка ва яҳудий вужудининг Эронга қарши уруши масаласида эса, у Эрон режими ўнлаб йиллар давомида кўрсатган барча катта хизматларига қарамай, Америка Эронга қандай ташланганини кўриб турибди, чунки АҚШ ундан итоаткор хизматкорга айланишни ва мамлакатни ўзининг нефть ва газ бойликлари билан бирга — худди Венесуэлада қилганидек — Америка компанияларига талон-торож қилиш учун топширишни талаб қилди. Гарчи Сиси буни ва ҳеч қандай аҳдга ҳам, яхшиликка ҳам риоя қилмайдиган Америкага суянишнинг оқибати нима бўлишини кўриб турган бўлса-да, барибир у Америка ва яҳудий вужуди билан бўлган муносабатини хорлик, таслимият ва итоат ҳамда садоқат қурбонликларини тақдим этиш ҳолатида сақлаб қолишда оёқ тираб турибди. Америка ундан қутулишга қарор қиладиган ҳар қандай дақиқада бошига тушиши мумкин бўлган оқибатлар билан иши ҳам йўқ. У фахрланиб шундай дейди: «Миср кўплаб давлатларни вайрон қилган кетма-кет урушлар ва инқирозлар билан қайнаётган минтақада ўзини ўраб турган оғир шароитлар, улкан босимлар ва мисли кўрилмаган чақириқларга қарамай, ўз йўлида давом этди. Катта иқтисодий йўқотишларга қарамай, Миср келажакни барпо этиш ва ўз имкониятларини муҳофаза қилиш мақсадидан оғмади».
У ўзининг калтафаҳмлиги ва ношудлиги билан етти қават қалай билан ўралган юмшоқ таҳдидли иборалар яҳудий вужудидек ваҳший жиноятчи вужудга ёки Америкадек мутакаббир, мустамлакачи давлатга таъсир қилиши мумкин деб ўйлайди! У шундай дейди: «Халқининг онги ва аскарларининг қудрати туфайли ҳеч ким Мисрга ва унинг имкониятларига дахл қила олмайди», ва у «хавфсизлик ва барқарорликнинг мустаҳкам қалъаси бўлиб қолаверади». Буларнинг барчаси орасида Сиси учун муҳими — хавфсизлик идоралари ва армия қўмондонларининг ўз атрофида жипслашишини кафолатлашдир, шунинг учун у уларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Бас, Сиси мутакаббир Трамп раҳбарлиги остида Мисрни ва минтақани ўраб турган катта хавф-хатарларни пайқамоқда ҳамда яҳудий вужудининг ҳаддан ошишини ва унинг Яқин Шарқ қиёфасини ўзгартириш ҳамда Миср ва Туркияни жиловлашга тайёргарлик кўриш ҳақидаги мунтазам гап-сўзларини кузатмоқда. Лекин у агар тажовуз содир бўлса, Мисрнинг унга қарши туришга тайёрлиги билан ўзини ва атрофидагиларни тинчлантиришдан нарига ўтмаяпти, гўё тайёргарлик амал билан эмас, балки қуруқ хоҳиш-истак билан бўладигандек!
Оқил киши бошқадан ибрат олган кишидир. Воқелик шуни тасдиқлайдики, яҳудийларнинг Мисрга тажовуз қилиши — фақат вақт масаласидир. Тажриба шуни исботладики, Сиси дўст тутинаётган Америка, агар Ғарб Яқин Шарқдаги ўзининг илғор базаси бўлиши учун тайёрлаган яҳудий вужудининг режаларида ўз манфаатини кўрса, унга ҳам, унинг ёрдамчиларига ҳам ачинмайди. Агар Сиси ва унинг режими ақл юритганида эди, яҳудий вужуди уларга ҳужум қилишидан олдин ўзлари уларга қарши ҳужум қилган бўлар эдилар.
Лекин малайлик уларнинг қалблари ва ақлларини кўр қилиб қўйган бўлса, уларда қаердан ҳам ақл ва тафаккур бўлсин?! Натижада улар ортда қолганлардек бўлдилар:
﴿رَضُوابِأَن يَكُونُوا مَعَ الْخَوَالِفِ وَطُبِعَ عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ فَهُمْ لَايَفْقَهُونَ﴾
«Ортда қолгувчилар билан бирга бўлишга рози бўлдилар ва қалбларига муҳр босилди, бас, улар англамайдилар» (Тавба сураси, 87-оят).
Бу эса, Миср армиясидаги холис зобитлар ва штаб бошлиқларидан вақт ўтиб кетишидан аввал мамлакатни Ислом, азизлик ва озодлик сари етаклаш учун ташаббусни ўз қўлларига олишларини шарт қилади:
﴿كَمْ أَهْلَكْنَا مِن قَبْلِهِم مِّن قَرْنٍ فَنَادَوْا وَلَاتَحِينَ مَنَاصٍ﴾
«Улардан илгари қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилдик, бас, улар дод-вой солдилар, лекин қочиб қутулиш вақти ўтган эди» (Сод сураси, 3-оят).
Муаллиф: Ҳизб ут-Таҳрир Миср вилояти Матбуот бўлими аъзоси
Устоз Саид Фазл
Роя газетасининг 2026 йил 12 август чоршанба кунги 612-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ