Сиёсий онг
Сиёсий онг
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Биз сиёсий онг ҳақида сўз юритганимизда, аввало Ислом борасидаги онг ҳақида сўз юритаётган бўламиз. Чунки Ислом ўз табиатига кўра сиёсийдир. Зеро, унда ҳаёт, жамият ва давлатга оид низом мавжуд бўлиб, Аллоҳ таоло инсонларнинг ишларини айнан шу низом асосида ва унга кўра барпо этиладиган давлат орқали бошқаришни амр қилган. Бу эса Исломнинг ўз табиатига кўра сиёсий фикр эканини англатади. Шунинг учун Уммат Исломни ҳаёт, жамият ва давлат низоми сифатида тушунишининг ўзиёқ сиёсий онгнинг бошланишидир.
Бугунги кунда мусулмонларда сиёсий онг заиф бўлгани сабабидан улар намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, Қуръон ўқийдиган, Исломий шиорларни кўтариб чиқадиган ва нутқида баъзи Қуръон оятларини келтирадиган мусулмон шахснинг ҳокимият тепасига келиши билан давлат исломий давлатга айланди, деб хаёл қиладилар. Улар давлат моҳиятига тааллуқли бўлган энг муҳим жиҳатга эътибор бермайдилар. У жиҳат – давлат Исломий бўлиши учун қуриладиган асос, яъни Исломий ақидадир. Улар давлат татбиқ этиши лозим бўлган низомлар ва қонунларга ҳам эътибор бермайдилар. Бу низом ва қонунлар Шариат аҳкомларидир. Шу сабабли, уларнинг ҳоким шахсга – фақат унинг ташқи диний кўринишига асосланиб – садоқат билдиришга тайёр эканликларини кўрасиз. Ваҳоланки, у Аллоҳ нозил қилмаган қонунлар билан ҳукм юритаётган бўлади. Шунинг учун мусулмонларнинг сиёсатга, сиёсий арбоблар, давлатлар ва режимларга нисбатан шу асосда муносабатда бўлишаётганини, яъни ҳодисаларга нисбатан фақат: ҳокимимиз ким ўзи, у мусулмонми ёки алавий ё друзми? У намоз ўқийдими ёки диндор эмасми? – деган нуқтаи назардан қарашаётганини кўрсангиз, билингки, уммат қаршисида – у сиёсий онг даражасига эришиши учун – ҳали узоқ масофа бор.
Сиёсий онг, мусулмонлар бутун оламга ўзларининг исломий ақидалари нуқтаи назаридан туриб боқишлари билан ҳосил бўлади. Яъни динлари буюрган сиёсий мансублик нуқтаи назаридан туриб боқишлари билан ҳосил бўлади. Мусулмонларда сиёсий онг – исломий ақида ҳаётларида ҳукмрон бўлиши ҳақида, умматнинг Ер юзида шариат ҳукмронлигини қайта тиклашга ва Ер юзи ўлкаларида бошқарув тизгини яна шариат қўлида бўлишига эришиши ҳақида фикрлаш нуқтаи назаридан туриб боқишлари билан ҳосил бўлади. Сиёсий онг Исломий даъватни оламга кўтариб чиқиш, Исломга душман бўлган ғоявий оқимларга қарши курашиш, мустамлакачининг умматимиз, юртларимиз ва бошқа мамлакатлар устидан ҳукмрон бўлиб олишга оид режаларига қарши кураш олиб бориш нуқтаи назаридан қараш билан ҳосил бўлади… Бугун мусулмонларда мана шу қараш ҳукмрон бўлса, ўшанда Уммат қайсидир даражада сиёсий онгга эга бўлди, деб айтиш мумкин.
Пайғамбаримиз ﷺ сийратига синчиклаб назар ташласак, кўрамизки, У зот пайғамбар этиб юборилган кунданоқ Ислом ҳукмрон бўладиган Кунга кўз тиккан эдилар. Бу эса кўпчилик одамларнинг – Пайғамбар ﷺ даъватни кўтариб чиқар экан, Ислом ва мусулмонларнинг ҳукмрон бўлишини мақсад қилмаганлар, ҳодисалар ривожининг ўзи У зотнинг кутмаган жойдан – Мадинаи Мунавварада нусрат ва давлат соҳиби бўлишига олиб келган, деб ўйлаётганига бутунлай хилофдир. Аксинча, Набий ﷺ пайғамбар этиб юборилган илк кунданоқ даъватни олиб боришида эътиборини Макка жамиятидаги жамоатчилик фикрини ўзгартиришга қаратган эдилар. Бу ўзгариш жамиятнинг жоҳилий ўзлигидан воз кечиб, Исломий ўзликка ўтиши учун зарур эди. Зеро, ана шунда Ислом учун бир диёр (Дорул Ислом) ва исломий жамиятда исломий ҳаёт барпо бўлар эди. Пайғамбаримиз ﷺ ўз қаршисида Макка жамиятининг қотиб қолганини кўргач, бошқа жамиятларни излашга тушдилар. Бу ҳол Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Мадинадан бўлган бир гуруҳ кишилар кўксини иймонга очгунга қадар давом этди. Шундан кейин Мадинада даъват кенгайиб, у Дорул Исломнинг аввали бўлиб қолди ва у ерда илк Исломий ҳаёт барпо бўлди. Ана шундан кейин даъват бутун дунёни ўзгартириш вазифасини бажаришга киришди. Пайғамбаримиз ﷺ ҳатто давлат раҳбари бўлишидан олдин ҳам давлат арбоби сифатида иш юритар эдилар. У зотдан кейин халифалар ҳам – хоҳ рошид халифалар бўлсин, хоҳ улардан кейин келганлар бўлсин – худди шу тарзда иш юритдилар. Золим подшоҳлик пайдо бўлиб, Исломий давлат бошидан кечирган тойилишга қарамай, Исломий умматдаги бошқарув ва сиёсий доирадан сиёсий онг йўқ бўлиб кетмади. Бану Умайя халифалари замонида ҳам, Бану Аббос халифаларининг илк даврларида ҳам, кучли Усмоний султонлар даврида ҳам бундай ҳол кузатилмади. Аксинча, тарих уларнинг кўпчилигидаги юксак сиёсий даҳоликка, сиёсий манёврларга, давлатлар ва подшоҳлар билан Исломий ақида нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабат ўрнатилганига ва Исломни оламга рисолат сифатида олиб чиқилганига гувоҳдир. Исломий давлат ўзининг кўп даврларида оламдаги энг кучли давлат бўлишига олиб келган омил мана шудир.
Биз айтган маънодаги сиёсий онг ҳар бир мусулмонга вожибдир. Зеро, бу иш инсонлар ўртасидаги фикрий савиянинг турличалиги билан боғлиқ эмас. Зеро, одамларнинг ақлий қувватлари, сиёсий ҳодисаларни кузатиб боришлари ва уларни таҳлил қила олишлари ўртасида ҳар қанча тавофут мавжуд бўлса-да, лекин барчалари сиёсий ҳодисаларга нисбатан Исломий ақида нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабатда бўлишларидан манфаатдор ва бунга шаръан мукаллафдирлар. Шунинг учун сиёсий ҳодисаларга нисбатан региончилик (маҳаллийчилик) нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабатда бўлиш ва уларга бу Ливанга ёки Сурияга, Фаластин ёки Ироққа тегишли, деб қараш ҳеч бир мусулмонга мутлақо жоиз эмас. Демак, бу иш инсоннинг қанчалик қудрат-қобилиятга эгалигига боғлиқ эмас, аксинча унинг Исломни қанчалик тушуниши ва англашига, Исломга қанчалик амал қилишига, бинобарин қанчалик тақво ва вараъ соҳиби эканлигига боғлиқдир. Албатта, ҳар бир жамиятда сиёсий ҳодисалар жараёнини тушунишга, таҳлил қилишга ва бўлаётган нарсаларни тушунишга қодирроқ сара қатлам мавжуд бўлади. Бунда ҳеч шубҳа йўқ. Бу сара қатлам жамоатчилик фикри билан қанчалик боғлана олса, унга шунчалик таъсир кўрсата оладиган ва унга ўз онгини кўчира оладиган бўлади. Бу таъсир ўтказиш сиёсий ҳодисаларни онгли тушунадиган онгли шахсларга, сиёсий жамоатларга, сиёсий институтлар ва мактабларга вожибдир.
Шубҳасиз, ҳар бир жамиятда сиёсий жараёнларни чуқурроқ англай оладиган, воқеаларни таҳлил қилишга ва юз бераётган ҳолатларни идрок этишга қодир бўлган муайян зиёли қатлам – элита мавжуд. Бу элита жамоатчилик фикри билан қанчалик узвий боғлиқ бўлса, шунчалик унга таъсир кўрсатади, ўз онгини жамоатчиликка етказади ва тарқатади.
Сўнгги пайтларда Суриядаги ҳодисалар кўпчилик мусулмонларда сиёсий онгнинг заифлигини яққол кўрсатди. Зеро, Суриядаги жиноятчи тоифачилик режими қулаши биланоқ, у ер аҳолисининг кўп қисми ва у ердаги воқеалар жараёнидан таъсирланган қўшни ўлкалар аҳолисининг аксари: мақсадга эришилди, инқироз тугади, шунинг учун эндликда уларга ўз давлатларини қуришга эътибор беришдан бошқа иш қолмади, чунки ўз давлатларига эга бўлиб қолдилар, деб ҳисоблади. Улар Суриядаги янги ҳукумат ўзи билан бирга Исломий сиёсий лойиҳани олиб келмаганига эътибор бермадилар. Аслида, бу ҳукумат уларга ҳеч қандай сиёсий лойиҳани олиб келгани йўқ. Чунки ҳозирда минтақада, жумладан, Сурияда амалга оширилаётган сиёсий лойиҳа америка лойиҳасидир. Улар бунда – модомики, улар анави жиноятчи тоифачилик режимидан халос бўлган эканлар – ҳеч бир катта зарар ва зиённи кўрмадилар. Бу эса уларнинг ҳозиргача ўзларининг Аллоҳ таоло бутун башарият устидан гувоҳ бўлувчи васат уммат қилиб қўйган Уммат сифатидаги вазифаларини тушуниб етмаганликларини англатади. Улар ўзларининг юртлари ва потенциаллари Американинг глобал мустамлакачилик системасининг бир қисмига айланиб қолиши нақадар хатарли эканини ҳам тушуниб етмадилар. Улар Фуротдан Нилга қадар чўзилган давлат бўлишни режалаштираётган яҳудий вужуди билан ёнма-ён яшаш нақадар хатарли эканини, Америка минтақани бўйсундириш учун уни қўлидаги бир қуролга айлантирганини тушуниб етмадилар. Улар ўзларининг мустамлакачи кофир чизиб қўйган сохта чегара ажратиб турган Сурия халқи эмас, балки Умматнинг ажралмас бир қисми эканликларини ва Исломий уммат масаласи устида Шариат ҳукмрон бўладиган, Исломий ҳаёт кечирадиган, ишларини Аллоҳнинг шариати билан бошқарадиган ва Исломни оламга кўтариб чиқадиган бир бутун, ягона Уммат эканлигини тушуниб етмадилар. Улар бошларидан кечираётган иқтисодий инқирозларини ҳал қилиб берадиган, камбағаллик муаммосига барҳам берадиган ва уларни глобал капитализм системсига умид боғлаш зулматидан олиб чиқадиган иқтисодий низом ўз шариатларидаги иқтисодий низом эканини англаб етмадилар.
Бунинг барчасидаги аламли нарсалардан яна бири, бу сиёсий заифликни янада чуқур томир оттираётган кимсалар салла ўраган муфтийлар эканлигидир. Улар Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан бошқараётган бу бошқарувнинг гуноҳини, модомики, ҳоким намоз ўқувчи мусулмон экан, демак, у – гарчи Аллоҳ, Росули ва мўминлар душманларини дўст тутаётган бўлса ҳам – итоат этиш вожиб бўлган валийюл-амрдир, деб енгил қилиб кўрсатишмоқда. Ваҳоланки, у Аллоҳ таоло наздида улкан мункардир!
Шайҳ Аҳмад Қасос
22.12.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми