Судандаги вазият ва Америка мақсадлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Судандаги вазият ва Америка мақсадлари
Савол: (Судан армияси ва «Тезкор ҳаракат кучлари жангари гуруҳи» (RSF) орасидаги тўқнашувлар яқинда Суданнинг жанубий-марказий қисмидаги Шимолий Кордофан вилоятида энг юқори нуқтасига чиқди.. «Ал-Арабий ал-Жадид», 28.07.2026). Уруш бошланганига уч йилдан ошган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатлар ҳануз шиддат билан давом этмоқда. Айниқса, 2025 йил 26 октябрда «Тезкор ҳаракат кучлари» Ал-Фашир шаҳрини эгаллаб, армия у ердан чекингач, вазият янада кескинлашди. АҚШнинг махсус вакили Массад Булос томонидан 2026 йил 20 июнда уч ойлик сулҳ тузиш бўйича илгари сурилган таклиф ҳам жанглар шиддатини сусайтира олмади. Хўш, Судандаги вазият қай томонга қараб кетмоқда? АҚШ ушбу тинчлик таклифи орқали аслида қандай мақсадларни кўзламоқда? Бу режанинг яқин орада амалга ошиш эҳтимоли борми? Жазокаллоҳу хайрон (Аллоҳ сизни эзгулик билан мукофотласин)
Жавоб: Юқорида ўртага ташланган саволларга аниқ ва батафсил жавоб бериш учун қуйидаги жиҳатларни кўриб чиқамиз:
- 1- «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) 2025 йил 22 февралда Кения пойтахти Найробида «Судан конституциявий хартияси»ни имзолади.. Шундан сўнг расман «Судан таъсис коалицияси»га асос солинди.. Ушбу коалиция 2025 йил 26 июль, шанба куни мамлакатдаги расмий ҳукуматга муқобил равишда ўз муваққат ҳукумати тузилганини эълон қилди.. (Коалиция матбуот котиби Алоуддин Нақд Жанубий Дарфур вилояти маркази Нияла шаҳридан X (Твиттер) тармоғи орқали берган баёнотида шундай деди: Коалициянинг раҳбарият кенгаши йиғилиш ўтказиб, 15 кишидан иборат Президентлик кенгашини тузишга қарор қилди. Унга «Тезкор ҳаракат кучлари» қўмондони Муҳаммад Ҳамдон Дақло («Ҳамидти») раис, «Халқ ҳаракати – Шимол» раҳбари Абдулазиз ал-Ҳилу ўринбосар ҳамда Муҳаммад Ҳасан ат-Таайиший Бош вазир этиб тайинланди.. «Ал-Жазира», 27.07.2025).
- 2- 2025 йилнинг 26 октябрида «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) Судан ғарбидаги Шимолий Дарфур вилояти маркази бўлмиш Ал-Фашир шаҳрини эгаллаганини эълон қилди. Улар ушбу шаҳарни 2024 йилнинг май ойидан бери қамалда ушлаб турган эди. Ал-Фашир изчил стратегик жойлашувга эга — у Ливия ва Чад чегарадош ҳудудлари ҳамда Дарфурнинг ғарбий шаҳарлари туташган нуқтада жойлашган. Бундан ташқари, у минтақанинг сиёсий-маъмурий маркази ва тарихий Дарфур султонлигининг (1604–1874) пойтахти бўлгани боис, шаҳарнинг эгалланиши тузилган муқобил «Таъсис ҳукумати» учун жуда катта рамзий ва ғоявий аҳамият касб этади. («Тезкор ҳаракат кучлари бир йилдан ортиқ вақтдан бери қамалда ушлаб турилган Ал-Фашир шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатилганини якшанба куни эълон қилди. Бу воқеа RSF’нинг Дарфурнинг барча 5 та вилоятини тўлиқ эгаллаганини ҳамда мамлакат амалда иккига бўлинганини англатади: шарқий қисм Судан армияси, ғарбий қисм эса RSF назоратига ўтди».. «Ал-Жазира», 28.10.2025). Эътиборлиси, Ал-Фашир ўша пайтгача Дарфурдаги бешта вилоят ичида RSF ҳали бўйсундира олмаган ягона вилоят маркази эди.
- 3- «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) томонидан Дарфурнинг эгалланиши билан АҚШнинг ушбу минтақани Судан таркибидан ажратиб олиш бўйича узоқ вақтдан бери пишитиб келаётган режаси амалга оша бошлади. Судан армияси ҳам бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшди — у тизимли вайронгарчилик ва тинч аҳоли қирғинининг олдини олиш баҳонаси билан шаҳарни тарк этганини билдирди. Ваҳоланки, армия шаҳарни шунчаки тарк этгани йўқ, балки АҚШнинг бевосита топшириғи ва кўрсатмаси билан режанинг ижроси учун уни RSFга топшириб чиқди.
Биз бу масалани 2025 йил 3 ноябрда чиқарилган савол-жавобда аниқ тушунтириб ўтган эдик. Унда шундай дейилади: [Американинг ўз югурдаклари бўлмиш икки томон вакилларини Вашингтонда жамлагани ҳам буни яққол тасдиқлайди: («Дипломатик манбанинг пайшанба куни тасдиқлашича, тўртлик гуруҳи (АҚШ, Саудия Арабистони, БАА ва Миср) бугун Вашингтонда Судан армияси ва RSF вакиллари билан учрашиб, томонларни уч ойлик сулҳга ундаш масаласини муҳокама қилади. Манбага кўра, мақсад — ўт очишни тўхтатиш ва тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун муштарак босим ўтказишдир».. «Ал-Арабия», 24.10.2025).
Яъни, RSF’нинг Ал-Фаширга бостириб кириши ҳамда Судан армиясининг шаҳарни бўшатиб бериши Вашингтондаги учрашувга тўғри келгани шундан далолат берадики: ушбу стратегик шаҳарни топшириш ҳақидаги қарор айнан Вашингтонда қабул қилинган. Судандаги ҳар икки томон эса орадан икки кун ўтиб, жойларда ушбу қарор ижросига киришган ва учинчи куни кутилган натижага эришилган.] (Иқтибос тугади).
- 4 – «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) 2025 йил 26 октябрда Ал-Фаширни эгаллагач, 2026 йил 1 июнь куни муқобил ҳукуматнинг Президентлик кенгаши ўтиш даврида миллий хавфсизлик ва мудофаа ишларини мувофиқлаштириш мақсадида ягона миллий армия, хавфсизлик, мудофаа ҳамда разведка хизматларини шакллантириш бўйича бир қатор қарорларни эълон қилди («Sky News Arabia», 01.06.2026). Ушбу жараёнларнинг барчаси АҚШнинг Ал-Фашир шаҳрини RSF’га топшириш режасини жуда эрта босқичдаёқ пишитганини яққол кўрсатиб турибди. Вашингтон шунчаки қулай фурсат ва тегишли шароит пишиб етилишини кутган, холос. Бу воқеалар Американинг Суданни пухта назорат остида бўлиб ташлашга қаратилган аниқ стратегияга эга эканини англатади. Бу режа Найроби хартияси, муқобил ҳукуматнинг эълон қилиниши, вазирларнинг тайинланиши ҳамда армия ва разведка тузилмалари бўйича қарорлар орқали босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. АҚШ дастлаб Найроби хартияси орқали мамлакат ғарбида тузилажак янги субъектнинг конституциявий пойдеворини ҳозирлади. Кўп ўтмай, Ҳамидти раҳбарлигида муқобил ҳукумат тузилгани ва Таайишийнинг бош вазир этиб тайинланганини билдириб, ушбу тузилмани сиёсий-институционал даражага олиб чиқди. Бунинг ортидан вазирликлар ва банк тизимига оид қарорлар қабул қилинди. Эндиликда фақат бир муҳим қадам қолди — маркази Нияла шаҳрида жойлашган муқобил ҳукуматни катта рамзий аҳамиятга эга бўлган ҳамда вилоятнинг маъмурий-сиёсий пойтахти ҳисобланган Ал-Фашир шаҳрига кўчириш.
- 5- Бунинг ортидан, 2026 йил 20 июнь куни АҚШ президентининг Араб ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили Массад Булос орқали аслида мавжуд воқелик билан келишишга (таслим бўлишга) ундайдиган янги Америка тинчлик таклифи эълон қилинди. У Судан ҳукуматига тақдим этган янгиланган таклифлар ҳужжатида қуйидагиларни илгари сурди: Муҳтож аҳолига гуманитар ёрдам етказиб беришни енгиллаштириш, тинч аҳолини, инфратузилма ва давлат муассасаларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб зудлик билан 90 кунлик ялпи гуманитар сулҳ жорий этиш. Чекланган ҳарбий чекиниш жараёнларини қўллаб-қувватлаш учун БМТ шафелигида, шунингдек Африка Иттифоқи ва Араб Лигаси иштирокида махсус механизм тузиш. Бу орқали гуманитар кўмакни хавфсиз етказиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва қочқинларнинг ўз уйларига қайтиши учун шароит яратиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, келишув ижросини назорат қилиш ва сулҳ даврида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ҳал этиш учун мувофиқлаштирувчи комиссия ва мониторинг механизмларини тузиш таклиф этилди. Ушбу сулҳ давридан урушни тўлиқ ва доимий тўхтатиш ҳамда фуқаролик ҳокимияти бошчилигидаги ўтиш жараёнини бошлаш бўйича музокаралар ўтказиш учун унумли фойдаланиш. Доимий сулҳ шартлари ва унга алоқадор хавфсизлик чоралари бўйича музокаралар олиб бориш. Бунда биринчи босқичда Шимолий Дарфур ва Шимолий Кордофан вилоятларига устуворлик бериб, БМТ механизми асосида кучларни чекинтириш, қайта жойлаштириш, қуролсизлантириш ва ҳарбийларни лагерларга тўплаб, демобилизация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш назарда тутилади. Мустақил, сайланган фуқаролик ҳукумати олдида ҳисоб берадиган ягона миллий армияни сақлаб қолиш ва БМТ механизми асосида минтақага халқаро кузатувчиларни жойлаштириш.
- 6- Америка таклифида инсонпарварлик ёрдамларини етказиш баҳонасида илгари сурилган сулҳ режаси — «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) каби айирмачи исёнчилар билан тузилар экан, аслида бу уларнинг тузилмасини расман тан олиш ва мавжуд мақомини мустаҳкамлашни англатади. Шунингдек, ҳужжатда «кучларни чекинтириш ва қайта жойлаштириш бўйича хавфсизлик чоралари» ҳақида сўз бориши RSF’нинг мавжудлиги ва фаолияти давом этишини тасдиқлайди. Тинчлик ҳужжати ушбу ноқонуний тузилмани тарқатиб юбориш ва унинг мавжудлигига барҳам бериш масаласидан атайлаб қочади. Аксинча, RSF’ни ўз кучларини қайта жойлаштиришга чақириш орқали билвосита уларнинг мамлакатда қолишини талаб қилади. Бу эса расмий мамлакат армияси билан уни парчалашга уринаётган исёнчи гуруҳларни тенг ўринга қўйишдир. Ҳужжатдаги «гуманитар кўмак етказишни енгиллаштириш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва қочқинларни қайтариш» баҳонасида кўзда тутилган «чекланган ҳарбий чекиниш» даъвати ҳам ушбу қуролли кучларни тугатиш эмас, аксинча сақлаб қолишга қаратилганини кўрсатади. Бундан ташқари, ҳужжатда «бутун мамлакат бўйлаб зудлик билан 90 кунлик сулҳ эълон қилиш» ва «сулҳ давридан доимий оташкесим ҳамда фуқаролик бошқарувига ўтиш бўйича музокаралар учун фойдаланиш» ҳақидаги бандлар RSF’нинг мавжудлиги ва минтақадаги ҳукмронлигини легитимлаштиради. Сабаби, АҚШ таклифида RSF’га нисбатан «исёнчи ва айирмачи кучлар» баҳоси берилмаган, аксинча, Суданни бўлиб ташлашга қаратилган уларнинг айирмачи муқобил ҳукумати амалда тан олинган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Американинг ушбу сўнгги таклифи аслида янгилик эмас. У 2025 йил 12 сентябрда «Тўртлик» гуруҳи (АҚШ, Саудия Арабистони, Миср ва БАА) номидан эълон қилинган ҳамда доимий оташкесимга олиб борувчи 3 ойлик гуманитар сулҳ тузишни кўзда тутган аввалги АҚШ таклифининг шунчаки қайта янгиланган кўринишидир.
- 7- Судан ҳукумати АҚШ томонидан 2026 йил 20 июнда илгари сурилган сўнгги таклифга 25 июнда ўз жавобини билдирди. Ушбу жавобнинг тафсилотлари бироз кечиктириб нашр этилди — «Ал-Жазира» телеканали 10 июль куни Судан расмий манбаларига таяниб ҳукумат позициясини ёритди. Расмий манбаларга кўра, Судан ҳукумати урушни музокаралар йўли билан тугатиш ҳамда 90 кунлик гуманитар сулҳни жорий этиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаган. Бироқ бунинг учун «Тезкор ёрдам кучлари» 2023 йил 11 майдан, яъни АҚШ ва Саудия Арабистони ҳомийлигида Жидда баёноти имзоланган санадан бери эгаллаб олган барча шаҳарлардан тўлиқ чиқиб кетиши шарт қилиб қўйилган. Шунингдек, ҳукумат жавобида Суданнинг яхлитлиги ва суверенитетини кафолатлаш, миллий армияни ягона қуролли куч сифатида сақлаб қолиш, қолган барча ҳарбий тузилмаларни унга қўшиш ҳамда ташқи аралашувга чек қўйиб, исёнчиларни қурол ва ёлланма аскарлар билан таъминлашни тўхтатиш талаб қилинган. Жавоб ҳужжатининг иккинчи қисмида исёнчи кучларни уч босқичда шаҳарлардан чиқариш ва қайта жойлаштириш режаси баён этилган: биринчи 30 кунликда Мовий Нил, Шимолий Кордофан ва Дарфурнинг учта вилоятидан; иккинчи 30 кунликда Ғарбий Кордофан ва Жанубий Дарфурдан; учинчи 30 кунликда эса Шарқий ва Жанубий Кордофандан чекиниш назарда тутилган. Уларни тўплаш жойи сифатида исёнчиларнинг иттифоқчиси бўлмиш «Халқ ҳаракати – Шимол» гуруҳининг таянч нуқтаси — Кауда шаҳри белгиланган. Жавобнинг учинчи қисми эса кенг қамровли «суданликлар-суданликлар» мулоқоти орқали эркин ва шаффоф сайловларга қадар ишлайдиган муваққат фуқаролик ҳукуматини тузиш тафсилотларига бағишланган. Аслида, ҳукуматнинг исёнчи кучларни шаҳарлардан чиқариб, муайян жойларга тўплаш ҳақидаги талаби — уларнинг мавжудлигини тан олиш ва тугатилмаслигига рози бўлишдай гап. Ваҳоланки, «Тезкор ёрдам кучлари»нинг ҳукумат талабларига бўйсуниб, музокара йўли билан чекиниши амримаҳол. Агар улар муросага қобил бўлганида, исён кўтариб, миллионлаб инсонларнинг сарсон-саргардон бўлишига ва оғир жиноятлар содир этилишига сабабчи бўлмаган бўлар эди. Шундай экан, бу масалани фақат ва фақат қуролли куч ишлатиб, исёнчиларни узил-кесил ва супуриб ташлаш орқалигина ҳал қилиш мумкин.
- 8- Трампнинг Араб ва Африка мамлакатлари бўйича бош маслаҳатчиси Массад Булос 20 июнь куни Қоҳирада эълон қилган режа синчковлик билан таҳлил қилинса, ушбу ва ундан олдинги оташкесим ташаббуслари аслида Қўшма Штатларнинг Дарфурни Судан таркибидан ажратиб олишга қаратилган мақсадларига хизмат қилиши аён бўлади. Яъни, Вашингтон шу кунгача илгари сурган сулҳ лойиҳалари орқали асосан икки нарсани кўзламоқда: биринчидан, «Тезкор ҳаракат кучлари»ни (RSF) музокаралар столида тенг ҳуқуқли ўтирадиган, ўз маъмурий тузилмаси ва сиёсий дастурига эга муқобил сиёсий куч сифатида намоён этиш; иккинчидан, ўт очишни тўхтатиш келишувлари орқали Судан армиясининг Ал-Фашир шаҳрини қайтариб олиш имкониятини бутунлай йўққа чиқариш ҳамда Ҳамидтининг ушбу минтақадаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаб қўйиш. Шу сабабли, Америка хоҳ шахсан Массад Булос, хоҳ «Тўртлик» қўмитаси орқали ўртага ташлаётган тинчлик таклифларига айнан шу ракурсдан — Дарфурни Судан орасидан босқичма-босқич ажратиб олиш ва музокаралар кун тартибини бошқа низоли ҳудудларга боғлаб қўйиш стратегияси сифатида баҳо бериш зарур. АҚШ ўз вақтида Жанубий Суданни ажратиб олишда қандай узоқ муддатли йўл тутган бўлса, бу ерда ҳам айнан ўша тактикани қўлламоқда. Ҳужжатда бот-бот тилга олинган Судандаги гуманитар офат ва инсонпарварлик инқирозига келсак, бу масала на Американи ва на Трампни асло ташвишга солади!
- 9- «Тезкор ҳаракат кучлари» (RSF) томонидан Дарфурдаги назоратни мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар минтақа ташқарисига, хусусан, Кордофаннинг учта вилоятига кўчирилди. Бу вилоятлар Судан шарқи (бошида пойтахт Хартум) билан исёнчилар эгаллаб олган Дарфурнинг бешта вилояти ўртасидаги геостратегик тўсиқ ҳисобланади. Ҳарбий авиация исёнчиларни Шимолий Кордофан маркази — Ал-Убаййид шаҳрига зарба беришдан чекинтириш мақсадида уларнинг бир қанча шаҳар ва қишлоқлардаги тўпланиш нуқталарига ҳаводан шиддатли зарбалар бермоқда. RSF’нинг Кордофандаги ҳужумлари ва Ал-Убаййид шаҳрини эгаллашга бўлган уринишларидан асосий мақсад — тўқнашувлар ўчоғини Дарфурдаги эгалланган ҳудудлардан узоқлаштириш, жамоатчилик эътиборини чалғитиш ва одамларга Дарфур бой берилганини унуттиришдир. Яъни, исёнчилар ўзларининг асл нишони бўлмаган мутлақо бошқа фронтларда жанг олиб бормоқда. Эфиопия билан чегарадош Мовий Нил вилоятидаги аҳвол ҳам бундан мустасно эмас. Судан армияси 2026 йил 10 июль куни X (Твиттер) тармоғидаги расмий саҳифасида Мовий Нил вилоятидаги стратегик Ал-Курмук шаҳри қайтариб олинганидан сўнг, RSF ва «Халқ ҳаракати – Шимол» гуруҳларининг биргаликдаги ҳужумини қайтариб, Дейм Саад ва Яра ҳудудлари устидан назорат ўрнатилганини эълон қилди. Буларнинг барчаси шундан далолат берадики: ҳарбий тўқнашувлар бошқа минтақаларда атайлаб чўзилмоқда. Мақсад — RSF’нинг бутун Дарфур устидан тўлиқ ҳукмронлигини мустаҳкамлаб қўйиш ҳамда бўлажак музокараларда Дарфурни қайтариш масаласини умуман кун тартибига қўймасдан, фақат жанг кечаётган бошқа ҳудудлар бўйича муҳокама олиб боришдир. Айнан шу сабабли, Ал-Убаййид шаҳри бир неча ҳафтадан бери шиддатли ва қонли тўқнашувлар майдонига айланди. БМТ ўтган май ойида Кордофандаги тўқнашувлар кескинлашгани ва у 2026 йилнинг январь–апрель ойларида камида 880 нафар тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлганидан огоҳлантирган эди. Халқаро жиноий суд прокурори ўринбосари Нузҳат Шамим Хан 2026 йил 16 июль куни БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ахборотида шундай деди: («Судан жанубидаги Шимолий Кордофан вилояти маркази Ал-Убаййид шаҳрида энг мудҳиш халқаро жиноятлар содир этилиш арафасида турибди. Кейинги оммавий қирғинлар ва ваҳшийликларнинг олдини олиш мақсадида зудлик билан ҳаракат қилиш — Хавфсизлик Кенгаши ва барча давлатларнинг тўғридан-тўғри масъулиятидир».. «Анадолу», 16.07.2026). Аслида, асосий вазифа Суданнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва мамлакатнинг ҳар бир қарич ерини ҳимоя қилишдан иборат бўлиши керак эди. Бироқ асосий эътиборни Кордофан вилоятларига қаратиб, Дарфур вилоятларини унутиш ва армиядан ушбу вилоятни айирмачи кучлардан озод қилишни талаб қилмаслик — бу амалда Дарфурнинг ажратилишига рози бўлиш ва унга кўз юмиш ва бошқа вилоятларга эътиборни буришдир! Шу сабабли ҳам ушбу ҳудудларда атайлаб жанглар авж олдирилмоқда: («Судан армияси ва RSF жангари гуруҳи ўртасидаги тўқнашувлар яқинда Шимолий Кордофан вилоятида энг юқори нуқтасига чиқди».. «Ал-Арабий ал-Жадид», 28.07.2026). Шу тариқа, жанглар Дарфурдан ташқарида у ер ва бу ерларда сунъий равишда давом эттирилмоқда ва армия ўша минтқаларда жанг қилмоқда. Сулҳ битимини имзолаш вақти келганда, музокаралар фақатгина RSF’нинг Дарфурдан ташқаридаги ҳудудлардан чекиниши атрофида айланади ва оқибатда Дарфур Судан таркибидан бутунлай ажратилганча қолаверади.
- 10- Хулоса ўрнида, эй азиз Судан аҳли! Сизга илгари ҳам бир неча бор Аллоҳ ва Унинг Расули ﷺ йўлида холис ва самимий бўлган ҳолда қилган даъватимизни яна бир бор такрорлаймиз. Аллоҳ таолодан ушбу нидога оқилона қулоқ тутилишини ҳамда хайрли ижобат насиб этишини сўраймиз. Аллоҳ солиҳ бандаларнинг Мададкоридир!
[Буюк Ислом ўлкаси бўлмиш Судандаги муҳтарам аҳлимиз! Илк мусулмонлар Судан заминида бино қилган биринчи саждагоҳ — «Донқола» масжиди Судани! Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврларидаги буюк Исломий фатҳлар Судани! Ўшанда халифа Миср волисига Ислом нурини Суданга ёйишни буюрган, у эса Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ қўмондонлигидаги Ислом қўшинини юбориб, ҳижрий 31 йилда ушбу муқаддас фатҳга эришилган эди. Шу тариқа, Аллоҳнинг фазли-карами билан Ислом дини тез орада шимолдан жанубгача, шарқдан ғарбгача бутун Суданни қамраб олди ҳамда мусулмон халифалар даврида ҳам бу давом этди…
Эй 1896 йилдан то Биринчи жаҳон урушининг ўрталари — 1916 йилгача англиялик босқинчиларга қарши мардонавор курашган мужоҳид Судан аҳли! Ўша йили Дарфур волиси, тақводор ва кучли саркарда, олим мужоҳид Али ибн Динор шаҳид бўлди. У Мадина ва Шом аҳли учун миқот ҳисобланган «Зул-Ҳулайфа» масканини обод қилиб, ҳожиларни сув билан таъминлаш учун чуқур қудуқлар қаздирган эди. Ушбу маскан бугунги кунга қадар унинг шарафига «Абёр Али» (Али қудуқлари) деб аталиб келмоқда…
Эй азиз Судан аҳли! Биз сизга садоқат билан нидо қилмоқдамиз: сўнгги пушаймонлик фойда бермайдиган фурсат келишидан олдин ишни-вазиятни қўлга олинг! Уришаётган ҳар икки томоннинг бўйнидан тутиб, уларни адолат ва ҳақиқат йўлига мажбурлаб буринг! Рошид Халифаликни қайта барпо этиш йўлида Ҳизб ут-Таҳрирга ёрдам беринг ва уни қўллаб-қувватланг! Зеро, Халифаликда Ислом ва мусулмонларнинг азизлиги, куфр ва кофирларнинг хорлиги, энг муҳими, Аллоҳнинг улуғ розилиги бордир:
﴿إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِـيدٌ﴾
«Албатта, бунда қалби бор ёки ўзи гувоҳ бўлган ҳолда қулоқ тутган киши учун эслатма ва ибрат бордир» (Қоф сураси, 37-оят)].
Ана шунда Судан яна Ислом билан қайта куч-қудрат ва азизликка эришади, унинг самосида «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимаси битилган Уқоб байроғи баланд ҳилпирайди:
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيم﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати(ёрдами) сабабли шодланурлар. У Ўзи хоҳлаган кишисига нусрат-ёрдам берур. У қудратли ва раҳмлидир» (Рум сураси, 4-5-оятлар).
15 сафар 1448ҳ
29 июл 2026м



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ