Тошкентнинг АСЕАН маконига кириб бориши нимани англатади?

Тошкентнинг АСЕАН маконига кириб бориши нимани англатади?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Халқаро майдонда кучлар мувозанати қайта қурилаётган бир паллада, Марказий Осиё ҳукуматлари таназзулдаги дунё низоми ичидан ўзларига «паноҳ» қидиришда давом этмоқда. Малайзиянинг «Bernama» расмий ахборот агентлиги тарқатган ва 2026 йил июнь ойида ОАВ кундалигига чиққан сўнгги хабарларга кўра, расмий Тошкент жорий йилнинг июль ойида Манилада бўлиб ўтадиган АСЕАН Ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида 1976 йилда таъсис этилган Жануби-Шарқий Осиёда дўстлик ва ҳамкорлик шартномасига (TAC) қўшилиш жараёнини узил-кесил расмийлаштириш ниятида.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Куала-Лумпурда ўтган “HUITM — Умра плюс 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмаси чоғида ушбу қадамни «янги тарихий саҳифа» дея баҳолаб, саноат, банк-молия ва туризм соҳаларида йирик капитал лойиҳаларига йўл очилишини мақтаб ўтди.
Бироқ империалистик тузилмаларнинг асл табиати нигоҳидан қаралганда, расмий Тошкентнинг АСЕАН макони томон ташлаётган қадами — Ғарб капитали ва қонунчилигига янада кўпроқ боғлайдиган навбатдаги стратегик хатоликдир. Чунки, 1967 йилда АСЕАН ташкил этилган илк даврлардан бошлаб, унинг ортида АҚШ бошчилигидаги Ғарбнинг геосиёсий манфаатлари устувор бўлган. Совуқ уруш йилларида коммунизм ёйилишига қарши геосиёсий «тўғон» сифатида ташкил этилган бу блок, моҳиятан Ғарб империализмининг капиталистик дунё тартиботини ҳимоя қилиш қуроли бўлиб келди. Гарчи ушбу иттифоқ дастлаб Малайзия ва Индонезия ташаббуси билан тузилгандек кўринса-да, унинг парда ортида Британиянинг яширин неоколониал режалари турган эди. Кейинчалик АҚШ ўз малайлари бўлмиш Филиппин ва Вьетнам каби давлатларни ушбу блокка сингдириш орқали минтақадаги ўз гегемонлигини буткул мустаҳкамлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон қўшилиши кутилаётган 1976 йилдаги Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси (TAC) ташқи кўринишда давлатлар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва суверенитетни ҳурмат қилиш тамойилларини тарғиб қилса-да, амалда минтақа давлатларини мустамлакачи кучлар белгилаб берган сиёсий қолип доирасида сақлаб туришга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизм вазифасини бажаради. Бу ҳужжат орқали давлатлар белгилаб берилган қоидаларга янада чуқурроқ боғланади ва уларнинг ташқи сиёсий ҳаракат майдони чекланиб боради. Бугунги дунё харитасида АСЕАН мустақил тузилма эмас, балки йирик империалистик давлатларнинг тўқнашув полигонига айланиб улгурган. Вашингтон ушбу блокдан Хитойнинг Тинч океанидаги иқтисодий ва ҳарбий қудратини жиловлаш ҳамда уни Жанубий Хитой денгизидаги минтақавий можаролар гирдобида банд қилиб туриш учун геосиёсий қурол сифатида фойдаланмоқда. Ўз навбатида, чуқур иқтисодий инқироздан чиқа олмаётган Россия ҳам АСЕАНнинг 2,5 триллион доллардан зиёд ялпи ички маҳсулотидан умидвор бўлиб, ушбу бозорларда «тошдан сув чиқаришга» уринмоқда. Мураккаб сиёсий воқелик шуни кўрсатадики, АСЕАН блокига аъзо ўлкалар тўғридан-тўғри ёки билвосита Ғарб гегемонлигига бўйсундирилган бўлиб, уларнинг иқтисодий ва хавфсизлик сиёсати Вашингтон диктати асосида, «аксилтеррор» ва «мўътадиллик» ниқоблари остида Ислом ва мусулмонларнинг асл мафкуравий уйғонишига тўсиқ қўйиш учун ишлатилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ушбу шартномага интилиши мустамлакачи кучларнинг глобал режалари контекстида таҳлил қилинади. Бундай қарашга кўра, АҚШ Марказий Осиё давлатларини, хусусан, Ўзбекистонни, Россия ва Хитой таъсир доирасидан узиб, ўз назоратидаги кўп томонлама халқаро институтларга боғлаш орқали минтақа устидан ўз сиёсий таъсир тизимини легаллаштириш ва мустаҳкамлашга интилмоқда.
Хитой бугунги кунда Американинг тизимли инқирозлари фонида ўзини асосий рақобатчи куч сифатида намоён этмоқда. Ўз навбатида,
Жануби-Шарқий Осиёда Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати кенгайиб бораётгани АҚШни жиддий хавотирга солмоқда. АҚШ АСЕАН блокидан айнан Хитойнинг Тинч океанидаги таъсирини камайтириш ва унинг ролини минималлаштириш учун геосиёсий қурол сифатида фойдаланиб келмоқда. Вашингтон Жанубий Хитой денгизидаги Парасель ва Спратли ороллари атрофидаги ҳудудий низоларни узил-кесил ҳал қилишни истамайди, балки бу можароларни доимий равишда муаллақ ҳолатда ушлаб туриш орқали Хитойни минтақавий можароларга тортиб, унинг глобал миқёсда АҚШ билан рақобат қилиш имкониятини бўғмоқчи. Бу Американинг «стресс-менеджмент» сиёсати бўлиб, минтақа давлатларини, жумладан, Индонезия ва Малайзия каби мусулмон ўлкаларини Хитой хавфи билан қўрқитиш орқали уларни ўз атрофида жипслаштириш ва ўзига қарам ушлаб туришни кўзлайди.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик ва ҳарбий рақобатнинг энг нозик қисми — ярим ўтказгичли чиплар ва муҳим минераллар таъминотидир. Бугунги кунда Хитой нодир ер элементларини қайта ишлаш ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш занжирида мутлақ монополияни сақлаб турипти. АҚШ мана шу Хитой занжирларига бўлган қарамликни камайтириш ва ўз мудофаа саноатини таъминлаш учун Остонадаги «C5+1» диалоги орқали Марказий Осиёнинг литий, уран ва кобальт каби муҳим минералларига кўз тикмоқда. Тошкентнинг АҚШ ва АСЕАН блоклари билан олиб бораётган иқтисодий музокаралари, аслида, Хитой ва АҚШ ўртасидаги мана шу глобал ресурс урушида минтақани Ғарбнинг хомашё базасига айлантиришга хизмат қилади.
Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам мавжуд, яъни бу жараён «терроризмга қарши кураш», «мўътадилликни тарғиб қилиш», «экстремизмнинг олдини олиш» каби шиорлар остида минтақадаги исломий сиёсий онг ва мусулмон халқларнинг ўз эътиқодлари асосида ҳаёт кечиришга бўлган интилишларини назорат қилиш механизми сифатида ҳам қўлланилмоқда. Бу ҳолатда мусулмонлар учун ҳақиқий сиёсий ечим ва ягона шаръий вазифаси – мустамлакачи кучлар режаси асосида минтақавий ёки халқаро блоклар ичида ўрин излашда эмас, балки пайғамбарлик минҳожи асосида Рошид Халифалик Давлатини барпо этишдадир. Зеро, тарихдан аёнки, куч-қудрат ва адолат манбаи бўлган Халифаликни қайта тиклаш орқалигина Уммат ўзининг йўқотилган шаъни, куч-қудрати ва бирлигини қайтариб олади. Фақатгина мазкур давлат соясида мусулмонлар халқаро майдонда йирик империалистик кучларнинг геосиёсий ўйинчоғи бўлишдан қутилиб, бутун инсониятни зулмат ва мустамлакачилик исканжасидан қутқарувчи, эзгулик ва адолат сари етаклаб борувчи етакчи кучга айланади.
Иззатуллоҳ
30.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ