Уйғониш ва унинг аҳамияти

Уйғониш ва унинг аҳамияти
(4-қисм)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Биз олдинги мулоҳазаларимизда инсоннинг ташқи оламга муносабати ва ҳаётдаги “катта тугун”нинг ечими ҳақида сўз юритган эдик. Энди эса эътиборимизни ичкарига – ўзимизнинг вужудимизга қаратамиз. Нима учун инсон гоҳида тинчлик топмайди? Нима учун қорни тўқ, усти бут бўлса-да, қалби хотиржам бўлмайди, юрак сиқилишини ҳис қилади? Буни тушуниш учун инсонни ҳаракатга келтирувчи ички омилларни таниб олишимиз керак.
Маълумки, инсоннинг ғариза (инстинкт) ва узвий эҳтиёжлари бор. Узвий эҳтиёжлар инсонни тирик яшаши учун туртки берадиган омиллардир. Буларга очлик, чанқоқ, уйқу ва нафас олиш кабилар киради. Бу эҳтиёжларнинг хусусияти шундаки, улар инсон аъзолари талабидан туғилади. Масалан, ошқозонингиз бўшаса, сиз ташқи таъсирсиз ҳам очликни ҳис қиласиз. Агар бу эҳтиёжлар маълум муддат қондирилмаса, инсон ҳалок бўлади. Бу ерда ҳаммаси оддий ва тушунарли: оч қолдингми – овқатлан, чанқадингми – сув ич.
Энди ғаризаларга келсак, улар 3 та:
Бақо (ўзини асраш) ғаризаси: Бу инсоннинг яшаб қолиш, бошқалардан устун бўлиш ва бирор нарсага эгалик қилиш истагидир. Биздаги бойлик тўплашга бўлган ҳавас, мансабга интилиш, қўрқув, фахр ёки мақтанишни яхши кўриш – мана шу ғаризанинг турли кўринишларидир. Масалан, бир кишининг мол-дунё йиғиши ёки бир раҳбарнинг амал курсисига ёпишиб олиши – аслида ўз келажагини хавфсиз қилиш, яъни бақо ғаризасини қондиришга бўлган уринишидир. Агар бу ғариза илоҳий низом билан жиловланмаса, инсон очкўзлик ва зулм йўлига кириб кетади.
Нав (наслни давом эттириш) ғаризаси: Бу инсоннинг ўз турини сақлаб қолишга бўлган табиий мойиллигидир. Ота-онанинг фарзандига бўлган беминнат меҳри, оилавий туйғулар ва жинсий майл мана шу ғариза турткисидан келиб чиқади. У инсониятнинг давомийлигини таъминлайди, лекин у ҳам тартибга солинмаса, жамият ахлоқий инқирозга юз тутади.
Тадайюн (сиғиниш) ғаризаси: Бу инсоннинг ўзидан кучлироқ бўлган қудратга суяниши ва унга ибодат қилиш эҳтиёжидир. Инсон табиатан ўз ожизлигини ҳис қилади ва беихтиёр қаердандир нажот ва суянчиқ излайди. Ҳатто Яратувчини инкор қилувчи кимсалар ҳам аслида нимагадир (пулга, шахсларга ёки мафкураларга) сиғинадилар, чунки бу ғариза инсон фитратига муҳрланган ва уни инсондан суғуриб олиб ташлаб бўлмайди.
Ғаризаларнинг узвий эҳтиёжлардан энг катта фарқи шундаки, улар қондирилмаса инсон ўлмайди, лекин у безовталик, изтироб ва бахтсизлик ичида қолади. Бу ерда муҳим бир нозик жиҳат бор: ғаризаларни шунчаки “тўйдириш” кифоя қилмайди, балки уларни тўғри қондириш шарт. Агар ғаризалар нотўғри йўл билан ёки ўз табиатига зид равишда қондирилса, инсон барибир бахтсиз бўлади.
Бугунги кунда энг бой ва тараққий этган давлатларда инсонларнинг руҳий тушкунликка (депрессияга) тушиши ва ҳаётдан мазмун топмаслигининг асл сабаби ҳам шундадир. Улар ўзларининг узвий эҳтиёжларини ортиғи билан қондирганлар (қорни тўқ, уйи ҳашаматли), аммо ғаризаларини, айниқса тадайюн (сиғиниш) ғаризасини нотўғри қондирмоқдалар. Инсон ўзидаги сиғиниш эҳтиёжини моддий бойлик, шахсларга сиғиниш ёки беҳуда кўнгилочар нарсалар билан қондирмоқчи бўлса, унинг руҳи барибир оч қолаверади ва бу жараён ички изтиробга айланади.
Бу ҳақиқатни ҳатто Ғарбнинг энг буюк мутафаккирлари ҳам эътироф этганлар. Масалан, машҳур психоаналитик Виктор Франкл ўз кузатувларида шундай дейди: “Замонавий инсон яшаш учун воситаларга эга (пул, уй, овқат), лекин унда яшашдан мақсад йўқ”. У “экзистенциал бўшлиқ” деб атаган ҳолат аслида инсондаги сиғиниш ғаризасининг нотўғри қондирилгани натижасидир. Яна бир файласуф Жан-Поль Сартр инсон ичидаги бу бўшлиқни “кўнгил айниши” деб таърифлаган эди. Улар инсон руҳиятидаги бу кемтикликни кўра олишган, лекин унинг давоси фақат Яратувчининг низомига қайтиш эканини англаб етмаганлар.
Мисол тариқасида машҳур миллиардер ва филантроп Эндрю Карнегини олсак. У дунёнинг энг бой одамларидан бири бўлган, бақо ғаризасини (мулк тўплаш истагини) мутлақ даражада қондирган. Бироқ у умрининг охирида: “Миллионлар менга бахт келтирмади, улар фақат ташвиш ва масъулият юкини оширди холос”, – деб ёзган эди. Ёки машҳур санъаткорлар ва юлдузларнинг ҳаётига қаранг: уларда шон-шуҳрат ва бойлик (бақо ва нав ғаризасининг қондирилиши) бор, лекин сиғиниш эҳтиёжи илоҳий манбадан сув ичмагани учун улар кўпинча гиёҳвандлик, ичкиликбозликка бериладилар ёки ўз жонига қасд қилиш орқали бу изтиробдан қочмоқчи бўладилар.
Инсон ўз ғариза ва узвий эҳтиёжларини қандай қондириши керак? Агар биз уларни фақат нафсимизга ва вақтинчалик майлларимизга қараб қондирсак, ўзимизни бахтсизлик ва ҳалокат гирдобига ташлаган бўламиз. Шу боис, бизга Яратувчининг низоми керак. Илоҳий низом ғаризаларни бўғиб ташламайди ёки бутунлай бўш қўйиб юбормайди, балки уларни гўзал тарзда тартибга солади. Агар инсон қалб хотиржамлигини топмоқчи бўлса, у жисмоний вужудини овқат билан тўйдиргани каби, ғаризаларини ҳам, айниқса тадайюн ғаризасини тўғри иймон ва ибодат билан озиқлантириши шарт. Қуръони Каримда бу ҳақиқат шундай баён қилинади:
الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللَّهِ ۗ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
– “Улар иймон келтирган, қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билангина қалблар ором олур!” (Раъд:28)
Қачонки инсон ўз ғаризалари ва узвий эҳтиёжларини Яратувчининг кўрсатмалари асосида бошқарса, у нафсининг қули эмас, балки ўз ҳаётининг ҳақиқий эгасига айланади.
Давоми бор…
Салоҳиддин
11.03.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб