Ўзбекистон бойликлари Ғарб картелларига инъом этилмоқда

Ўзбекистон бойликлари Ғарб картелларига инъом этилмоқда: «Иқтисодий очиқлик» ниқоби остидаги мустамлакачилик
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Самарқандда бўлиб ўтган «Америка–Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши»нинг навбатдаги йиғилиши, унда янграган расмий баёнотлар ва имзоланган келишувлар — маҳаллий бошқарувнинг мустамлакачи капиталистик кучнинг Марказий Осиёдаги геоиқтисодий манфаатларига бўйсундирилиши ва юрт хазиналарини Ғарб корпорациялари тасарруфига тутқазишининг навбатдаги очиқ намойишидир.
Президент Мирзиёев йиғилиш нутқида: «Ўзбекистон салмоқли табиий ресурсларга эга ва ушбу соҳада АҚШ учун ишончли шерик бўлишга тайёр. Биз учун бутун ишлаб чиқариш циклини — конларни ўзлаштириш ва хомашёни чуқур қайта ишлашдан тортиб, тайёр юқори технологик маҳсулотлар чиқаришгача бўлган жараённи ривожлантириш муҳимдир», – деди.
Бу — юрт хазиналарини савдога қўйишнинг энг очиқ тан олинишидир. «АҚШ учун ишончли шерик бўлиш» — аслида Американинг Хитойга қарши урушида Ўзбекистоннинг стратегик хомашёсини Вашингтон ҳарбий-технологик саноатига арзон ем қилиб беришга кафиллик беришдир.
У, шунингдек, таъкидлади: «Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳамкорлик тарихидаги энг юқори чўққига чиқди. Бу ривожланишда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови муҳим рол ўйнади. Орамизда мустаҳкам сиёсий шериклик қарор топди. Энди эса иқтисодий алоқаларимизни ҳам кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.»
Исломга ва мусулмонларга нисбатан очиқ адоватини ҳеч қачон яширмаган, Қуддусни яҳудий вужудининг пойтахти деб тан олган, Ислом Умматининг қонини ичаётган, Ғазодан тортиб Судангача қирғинлар уюштираётган салибчи Трампнинг «шахсий эътибори»га таяниш ва ундан мадад кутиш — очиқ шармандалик ва мустамлакачига қулларча суянишнинг ифодасидир. Қачондан бери бир мусулмон юрт раҳбари ўз иззатини қонхўр президентнинг марҳамати билан ўлчайдиган бўлиб қолди?!
Бундан ташқари Мирзиёев АҚШ бизнесига «Plant and Play» (кел ва ишла) тамойили асосида барча эшикларни ланг очиб, маъмурий бюрократиядан холи бўлган «чинакам механизм» ваъда қилмоқда. 12 миллиард долларлик 54 та битимнинг шакллантирилиши жамоатчиликка гўёки мисли кўрилмаган «иқтисодий юксалиш» сифатида тақдим этилмоқда.
Бироқ бу сиёсий савдолашувга яқин тарих призмасидан қаралса, бир вақтлар босиб ўтилган ва охири шармандали якун топган хатарли сўқмоқ яна такрорланаётгани яққол намоён бўлади.
Тарих такрорланмоқдами?
Бугунги бошқарув элитасининг АҚШ корпорацияларига конларни очиб бериши Ўзбекистоннинг яқин тарихида янги ҳодиса эмас. 2000-йилларнинг бошида Каримов режими ҳам худди шу йўлдан юрган эди.
2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг режим АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун Қарши–Хонобод (K2) авиабазасини Америка қуролли кучлари ихтиёрига берди. 2002 йилнинг мартида Вашингтонга борган Каримов АҚШ ишбилармонлари ва йирик корпорациялари олдида чиқиш қилиб: «Ўзбекистонга келинглар, сармоя киритинглар, биз сизлар учун барча имтиёзларни яратамиз, бойликларни, конларни очамиз ва қонунчиликни манфаатларингизга мослаб берамиз», дея юрт ресурсларини очиқ савдога қўйди. Бунинг ортидан «Newmont Mining» (Зарафшондаги Мурунтов кони), «Texaco» ва бошқа йирик Ғарб гигантларига стратегик захиралар сувтекинга берилди. Ўша йиллардаги матбуот ҳам худди бугунгидек АҚШ билан муносабатлар «мисли кўрилмаган чўққига чиққанини» жар солган эди.
Табиийки, капиталистик кучлар маҳаллий режимларнинг садоқатини қадрламайди, балки улардан маълум муддат ўз манфаатлари йўлида фойдаланади. 2003-2005 йиллардаги «рангли инқилоблар» (Грузия, Украина, Қирғизистон) тўлқини ортидан 2005 йил 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан кейин Ғарб Каримов режимига босим ўтказиб, санкциялар жорий қилди. Ҳокимиятини сақлаб қолиш таҳликасида қолган режим бир кечада ғарбпарастлик тўнини ечиб, шошилинч Москванинг этагини тутди: АҚШ базаси мамлакатдан чиқарилди, аммо мустақиллик тикланмади. Аксинча, юрт хавфсизлиги ва улкан газ-нефт конлари 30-40 йиллик «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар» (СРП) орқали «Газпром» ва «Лукойл» каби Россия монополиялари ихтиёрига ўтказилди.
Бугун Самарқандда кузатилаётган жараёнлар гўёки мана шу сиёсий чайқалишнинг навбатдаги ҳалқасидек: кеча Хонобод ва Мурунтов тарозига қўйилган бўлса, бугун литий, уран, камёб минераллар ва энергетика тизими Америка картелларига тутқазилмоқда. Бир мустамлакачининг этагидан иккинчисиникига сакраш — мустақил мафкуравий таянчга эга бўлмаган режимларнинг доимий касаллигидир.
Самарқанддаги «Америка–Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши» йиғилишида ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида муҳим минераллар, тоғ-кон саноати ва энергетика тармоқлари белгиланди. Бошқарув элитаси бутун ишлаб чиқариш циклини — конларни разведка қилиш ва ўзлаштиришдан тортиб хомашёни қайта ишлашгача бўлган жараённи Америка корпорациялари билан бирга олиб боришини эълон қилди. Ваҳоланки, Ислом Шариати буни қатъиян ман қилади. Унга кўра, ер ости қазилма бойликлари, энергия манбалари ва стратегик конлар хусусийлаштирилмайдиган ҳамда ташқи капитал ихтиёрига топширилмайдиган Уммат мулки, яъни «умумий мулк» ҳисобланади. Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қиладилар:
«الْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِي ثَلَاثٍ: فِي الْمَاءِ، وَالْكَلَإِ، وَالنَّارِ»
«Мусулмонлар уч нарсада — сув, яйлов ва оловда шерикдирлар»
(Абу Довуд ривояти)
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтоннинг Марказий Осиёга «анча олдинроқ ва фаолроқ кириши лозим бўлганини» айтиб, буни «миллий манфаатларнинг муштараклиги» билан хаспўшлашга уринди. Бироқ капиталистик дунёқарашда «тенг шериклик» (win-win) деган тушунча саробдир. Капитализм табиатан мустамлакачи ва заифроқ давлатларнинг хомашё базасини сўриб олишга асосланган тузумдир.
Шунга кўра, Американинг бугунги фаоллашуви минтақа халқларининг фаровонлиги учун эмас, балки қуйидаги аниқ геостратегик мақсадларга хизмат қилади:
– Хитой ва Россия билан кечаётган рақобат кураши шароитида Марказий Осиёнинг хомашё базасини Ғарб таъминотига бўйсундириш;
– Минтақа режимларини АҚШнинг молиявий, технологик ва савдо тизимига чамбарчас боғлаб, ўз орбитасида ушлаб туриш;
– Минтақанинг табиий бойликлари ва логистик тугунидан фойдаланган ҳолда, мусулмон юртларининг Исломий мабдаий бирлик сифатида қад кўтаришига йўл қўймаслик.
Ўз навбатида, расмий Тошкентнинг америкалик инвесторларга барча шароитларни муҳайё қилиб беришга шошилиши, махсус тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси орқали барча молиявий хатарларни давлат зиммасига олиш ваъдалари режимнинг ташқи капиталга нақадар муҳтож ва таслимчи эканини кўрсатади.
Исломда мустамлакачи кучларга мусулмон юртлари устидан ҳукмронлик ўрнатиш имконини берувчи ҳар қандай битим шаръан ботилдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:
﴿وَلَن يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلاً﴾
«Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига (ҳукмронлик) йўлини бермас». (Нисо: 141)
Ғарб корпорацияларини энергетика, тоғ-кон, инфратузилма ва сунъий интеллект каби давлат суверенитетини белгиловчи ҳаётий соҳаларига киритиш амалда мусулмон юртининг бошқарув тизгинини бегоналар ихтиёрига топшириш билан баробардир.
Бу ўринда кўзга ташланган зиддият шуки, ўз ҳудудидаги миллионлаб фуқароларини муносиб иш билан таъминлай олмай чет элларда арзон ишчи кучига айланишига кўз юмган, аҳолини қиш мавсумида энергетик танқислик гирдобида қолдирган бир режимнинг океан ортида «АҚШ корхоналарини тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаётгани ва янги иш ўринлари яратаётгани» билан фахрланишини қандай баҳолаш мумкин?!
Режим Жексон-Вэник тузатишини бекор қилишни ўтинмоқда, G20 саммитига кузатувчи мақомида таклиф этилишни эса «улкан муваффақият» деб талқин қилмоқда. Бироқ халқаро капиталистик тизимга бу тарзда интеграциялашиш «мустақиллик» бермайди, аксинча, қарз ва иқтисодий қарамлик занжирини янада маҳкамлайди.
Каримов ва Мирзиёев даврлари: Услублар бошқа, моҳият бир
Расмий тарғибот Каримов даври билан Мирзиёев бошқарувини кўпинча бир-бирига қарама-қарши қўйиб, «эски диктатура» ва «янги ислоҳотлар/очиқлик» сифатида тақдим этишга уринади. Бироқ бошқарув тизимининг табиати ва геосиёсий йўналиши таҳлил қилинса, улар ўртасидаги фундаментал ўхшашликлар яққол кўринади.
1. Ҳар икки даврда ҳам Ислом давлатнинг каттиқ назорати остидаги маросимчилик дини сифатида сақлаб қолинмоқда
Каримов даврида: Бошқарувда собиқ коммунистик номенклатура мероси ва қаттиқ дунёвийлик (секуляризм) ҳукмрон эди. Ислом давлатнинг каттиқ назоратидаги расмий муфтият доирасидагина чеклаб қўйилганди.
Мирзиёев даврида: Конституцияда «дунёвий давлат» мақоми кучайтирилди. Исломий кўринишлар (ҳижоб, соқол каби), шаръий билимларни ўрганиш ва холис даъватлар аввалгидек мунтазам назорат остида ушлаб келмоқда.
2. Ташқи кучлар ўртасида чайқалиш
Каримов даврида: 2001 йилда АҚШ билан яқинлашиб, Хонобод авиабазасини берди ва юрт бойликларини Ғарб инвесторларига очди; 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин Москва этагини тутиб, Путин билан иттифоқчилик шартномасини тузди ва Россия монополияларига стратегик ресурсларни тутқазди.
Мирзиёев даврида: Дастлаб Москва ва Пекин билан чуқур иқтисодий ва энергетика битимлар тузди; эндиликда геосиёсий вазиятга қараб, Вашингтонга юзланиб, муҳим ресурсларни АҚШга пешкаш қилмоқда.
3. Шаръан Умматга тегишли умумий мулкни ташқи сиёсий дастак олиш йўлида хорижий картелларга инъом қилинмоқда.
Каримов даврида: Мурунтов ва бошқа конлар «Newmont Mining»га, кейинчалик газ ва нефть конлари СРП шартномалари билан «Газпром» ва «Лукойл»га берилди.
Мирзиёев даврида: Энергетика тизими, инфратузилма ва ноёб минераллар янада кенгроқ кўламда хорижий картеллар ихтиёрига топширилмоқда.
4. Бошқарув монополиясини сақлаб қолиш ва халқ онгини сиёсий-мафкуравий уйғонишдан тўсиш.
Каримов даврида: Очиқ диктатура, қийноқлар ва даъват аҳлига қарши оммавий қатағонлар билан сиёсий майдонни тозалаш.
Мирзиёев даврида: Айрим расмий юмшатишлар эълон қилинганига қарамай, асл механизм ўзгармади. Ҳар қандай сиёсий ёки мафкуравий муқобил фикр эгалари, мустақил блогерлар ва танқидчилар тазйиқ остида ва турли баҳоналар билан қамоқларга ташланмоқда.
5. Оилавий бошқарув ва ҳокимиятнинг марказлашуви
Каримов даврида: Ҳокимият ва иқтисодий ресурслар тор оилавий клан атрофида жамланган эди.
Мирзиёев даврида: Давлат бошқарувининг энг юқори тизимларида оила аъзолари ва уларга яқин гуруҳлар асосий қарор қабул қилувчи мақомда.
Ушбу сиёсатларнинг омма–халқ учун оқибатлари ҳам муштарак:
- Иқтисодий таназзул ва қашшоқлик. Бойликлар ташқи картеллар ва маҳаллий монополиялар қўлида тўплангани сабабли, миллионлаб юртдошлар ўз юртида муносиб турмуш шароити топа олмай, хорижда (Россия, Туркия, Корея ва Ғарб давлатларида) арзон ишчи кучи бўлиб юришга мажбур.
- Энергетик инқироз. Нефть, газ ва уран каби улкан энергетик ресурсларга бой бўлган заминда оддий халқ қиш мавсумида совуқда қолиб, свет ва газ тақчиллигидан азият чекмоқда.
- Халқаро майдондаги қарамлик. Давлатнинг мустақил стратегик ва мафкуравий позицияси йўқлиги туфайли, у йирик кофир давлатларнинг геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиладиган тобе мамлакатга айланиб қолмоқда.
- Фикрий тутқунлик. Жамият капиталистик истеъмолчилик кайфияти, беҳуда кўнгилочар дастурлар ва секуляр ташвиқот билан фикрий инқирозга етакланди. Халқнинг ҳақиқий тамаддуний қудрати ва дини заифлаштирилмоқда.
Мирзиёев сиёсати Каримов режимининг муқобили ёки инкори эмас, балки Ғарб кучлари манфаатига янада мослашувчан ва ялтироқ шиорлар билан пардозланган узвий давомидир. Каримов даврида «ўзбек модели» ва қаттиққўллик ниқоби амал қилган бўлса, бугун «иқтисодий очиқлик» ва «янги ислоҳотлар» ниқоби тутилган. Бироқ моҳият ўзгармади: секуляр бошқарув, ташқи мустамлакачиларга тобелик ва халқ хазиналарини бегоналарга бой бериш.
Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё режимлари Ислом асосида бирлашиши, мустамлакачи капиталистик кучларга бўлган қулларча қарамлик занжирини узиб ташлаши ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини Ислом ақидасига бўйсундириши ўрнига, ўзининг беқиёс минерал ресурслари, стратегик жўғрофияси ва улкан инсоний салоҳиятини Ғарб ёки Шарқ картелларига ем қилмоқда.
Бу эса, ушбу имконият ва салоҳиятларни талон-торождан қутқариб, уларни оғир мудофаа ва технологик саноатни барпо этиш, халқ фаровонлигини тўлиқ таъминлаш ва дунё майдонида ҳеч кимга бош эгмайдиган азиз, қудратли давлатга айлантириш учун йўналтиришга фақатгина пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик давлатигина қодир эканлигининг яна бир бор исботидир.
Иззатуллоҳ
26.10.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ