Янада қоронғу кунлар кутмоқдами?
Янада қоронғу кунлар кутмоқдами?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси бошқарувчи директори ва ҳамкори Игорь Алексеев 23 октябр куни Тошкентда ўтказилган Investor Day тадбири доирасида Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ўзгаришлар ва режаларга бағишланган тақдимот билан чиқиш қилди.“Ўзбекистоннинг 2035 йилгача энергетикани ривожлантириш стратегиясида:
– электр энергияси улгуржи бозорини ташкил этиш;
– соҳага хусусий операторларни жалб қилиш;
– “Миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари”ни IPO орқали хусусийлаштириш режа қилинмоқда”, – деди Игорь Алексеев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетика соҳасида “ислоҳот”, “ривожланиш” сўзлари энг кўп ишлатиладиган иборага айланди. Бу атамалар ортида гўёки “самарадорлик ва халқнинг ёруғ келажаги” яширингандек кўрсатилади. Аммо воқеликда бу жараён энергетика соҳасини ташқи мустамлакачи молиявий марказлар назоратига топширишнинг институционал схемаси бўлиб бораётгани шубҳасиз.
BCG – АҚШда жойлашган йирик халқаро консалтинг компанияси бўлиб, Жаҳон банки, ЕТТБ ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) каби институтлар билан ҳамкорлик қилади. Унинг асосий вазифаси – энергетика ва инфратузилмани “ижтимоий самарадорлик” шиори остида хусусий капиталга очишдир.
BCG 2024 йилда тақдим этган Қорақалпоғистоннинг 2035 йилгача ривожланиш стратегиясида “яшил кластер” ташкил этилиб, энергиянинг 90% қайта тикланувчи манбалардан олиниши кўзда тутилади. Бироқ амалда бу лойиҳалар орқали табиий ресурслар хорижий компаниялар назоратига ўтади.
BCGнинг бошқарув директори ва катта ҳамкори Рза Нуриев Тошкент халқаро инвестиция форумида Қорақалпоғистонни узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси тақдимотида:
“Географик жиҳатдан ҳудуд ғарбда жойлашган, барча газ импорт линиялари эса айнан мамлакат ғарбидан ўтади. Бу ёқилғи билан таъминлашнинг қулайлигини англатади. Бундан ташқари, айнан шу ерда янги газ конларини қидириш учун энг истиқболли ҳудудлар жойлашган”, – деган эди.
Кўриниб турибдики, BCG “тавсиялари” ортида мустамлакачилик таъмалари ётибди.
BCG тавсия этаётган RAB тизими эса, яъни “тартибга солинадиган активлар базаси” Ғарб мамлакатларида хусусий инвесторларни ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган тариф моделидир. Унга кўра, хусусий оператор инфратузилмага киритган сармояси учун давлат томонидан кафолатланган йиллик даромад олади. Бу маблағ эса, аҳоли ва корхоналар тўлайдиган энергия тарифи орқали қопланади, яъни аҳоли ўз тўловлари орқали хусусий компанияларга барқарор ва хавфсиз даромад яратиб бериши керак бўлади. Натижада, RAB тизими амалда халқ ҳисобига хусусий фойда кафолатланадиган механизмга айланади. Россия, Руминия, Украина ва Грузияда бу тизим жорий этилганда электр нархлари кескин ошган ва оммавий норозиликлар кузатилган эди. Аҳоли энергия учун солиқ даражасида тўлай бошлаган.
Ҳукумат “рақобат ва самарадорлик” деган шиор билан хусусий операторларни жалб қилиши ортидан:
– давлат инфратузилмасини уларнинг бошқарувига ўтказади;
– тарифлар янги ташкил этилган агентлик орқали инвестор манфаатига мос белгиланади;
– монопол хусусий тузилмалар шаклланади;
– аҳолининг тўлов қобилияти пасайиб, бозордан сиқиб чиқарилади.
Натижада, фойда хусусий секторга, юк эса аҳоли ва кичик бизнес зиммасига тушади.
Электр энергияси улгуржи бозорини ташкил этиш режасига кўра, бозорда энергияни ишлаб чиқарувчилар, узатувчилар ва сотувчилар эркин савдо қилади, дейилади. Бундай “эркин бозорлар” Польша, Руминия ва Украина каби давлатларда ҳам жорий этилган, лекин 3-4 йил ичида йирик корпорациялар бозорни тўлиқ қўлга киритди. Аҳоли учун тарифлар 2-3 баробарга ошди, давлат эса “бозор қоидалари”ни баҳона қилиб, нархни назорат қилиш имконидан маҳрум бўлди.
Ўзбекистонда ҳам бу сценарий қайтарилиши мумкин. Чунки “улгуржи бозор”ни назорат қилувчи асосий тузилмалар – “Ўзэнергосотиш” ва “Миллий электр тармоқлари” – келгусида IPO орқали хусусий қўлларга ўтказилиши режалаштирилган. Яъни стратегик тармоқлар мустамлакачи инвесторларга берилмоқда. Натижада, ҳукумат стратегик қарорларни ўзи қабул қилолмай, “инвестор манфаати” билан ҳисоблашишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон энергетика тизими тарихан Россияга тобе бўлиб келган. Аммо сўнгги пайтда Трамп маъмуриятининг Марказий Осиёдаги энергетика лойиҳалари ортидан АҚШнинг геосиёсий мақсадлари очиқ кўриниб қолди. Украинадаги вазиятдан фойдаланиб, Вашингтон Россия ва Хитой компанияларини минтақадан сиқиб чиқариш учун иқтисодий санкциялар ва консалтинг лойиҳаларидан бир вақтда фойдаланмоқда. BCG ташаббуслари ҳам шу режанинг бир бўлаги, яъни энергетика бозорини Ғарб моделига мослаштириш, кейин эса молиявий бошқарувни Америка ва Европа сармоядорларига топшириш. Бу йўл билан Вашингтон нафақат Москва, балки Пекиннинг ҳам таъсирини камайтирмоқчи. Шунинг учун бу “ислоҳотлар” шунчаки эксперимент эмас, балки Ўзбекистон энергетикасининг келажакда қайси “лагер”га қарашли бўлишини белгилайдиган стратегик бурилиш нуқтасидир.
Ўз навбатида, газ ва электр учун лимитлар, тариф ошиши, ҳисоблагич муаммолари халқ орасида кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бироқ бу муаммолар ҳали “ислоҳотлар”нинг бошланғич босқичидаги оқибатлари холос. RAB ва улгуржи бозор тўлиқ ишга тушгандан сўнг, халқни янада қоронғу-чироқсиз кунлар кутмоқда. Чунки электр нархлари инвестор хоҳиши асосида оширилади, хусусий операторлар ўз сарфини тариф орқали халқ ҳисобидан қоплайди, давлат “бозор эркинлиги” баҳонаси билан нарх сиёсатидан четлашади ва тўлов қобилияти паст қатламлар энергиясиз қолиш хавфи кучаяди. Натижада “энергетик ислоҳот” халқ учун эмас, инвестор учун қулай тизим сифатида ишлайди.
Электр энергияси — Аллоҳ таоло инсонлар манфаати учун яратган табиий неъматлардан биридир. Ундан фойдаланиш ҳуқуқи Умматга тегишли умумий мулкдир. Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
“Мусулмонлар уч нарсада: сувда, яйловда ва ўт-оловда шерикдирлар”. (Абу Харрош ривояти)
Демак, нефт, газ, электр ва табиий бойликлар ҳеч бир шахс ёки хорижий компаниянинг хусусий мулки бўлиши мумкин эмас. Аммо бугунги капиталистик тузумда энергетика сиёсати ташқи молиявий марказлар ва геосиёсий кучлар томонидан бошқарилмоқда, Умматнинг мулки хусусий қўлларга топширилмоқда. Ҳукуматнинг “ислоҳот” деб атаётган сиёсати аслида Уммат бойлигини хорижий мустамлакачилар манфаатига хизмат қилувчи тузилмаларга бўйсундириш шаклидир. Шунга кўра, энергетика соҳасини ташқи консалтинг марказлари, банклар ёки корпорациялар қўлига топшириш – омонатга хиёнат ва Уммат мулкини зое қилишдир. Бу ҳолда ҳукумат мустамлакачига гумашта, халқ эса ўз мулки учун тўловчига айланади.
Шундай экан, энергетика Уммат мулки бўлиши, уни хусусийлаштиришнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланиши, ҳукумат уни адолатли тақсимлаши ва бунда ташқи босим ва молиявий боғлиқликлардан холи бўлиши шарт. Бу эса, фақат бир ҳолатда, яъни Рошид Халифалик давлати томонидан Исломни тузум сифатида ҳаётнинг барча соҳаларига тўлиқ татбиқ қилиниши билангина амалга ошади.
28.10.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми