ЁЛЛАНУВЧИНИНГ ҚИЛАДИГАН ИШИ

بسم الله الرحمن الرحيم
ЁЛЛАНУВЧИНИНГ ҚИЛАДИГАН ИШИ
Ибодат ва умумий манфаатларга ёллаш
(давоми)
(“Исломда иқтисод низоми” туркумидан)
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
– Аллоҳ сенга ато этган молу давлат билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма, чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас. (Қасос:77)
Аввалги мақоламизда Ибодат ва умумий манфаатларга ёллаш мавзуси билан танишишни болшаган эдик, бугунги мақоламизда ҳам ушбу мавзу билан таништиришда давом этамиз.
Таълим масаласида эса, киши фарзандларига ёки ўзига таълим берадиган муаллимни ёллаши мумкин. Чунки таълим мубоҳ (ҳалол) манфаат бўлиб, унинг эвазига ҳақ олиши жоиздир. Демак, таълим беришга ёллаш жоиз. Шунинг учун Шариат Қуръондан таълим бериш эвазига ҳақ олишга ижозат берди. Демак, Қуръондан бошқа нарсани ўргатгани учун ҳақ олиш ҳам мумкин бўлади. Бухорий ибн Аббосдан Расулуллоҳ с.а.в.:
أَحَقُّ مَا أَخَذْتُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا كِتَابُ اللهِ
“Ҳақ олишингизга энг лойиқ (ҳақли) нарса, Аллоҳнинг китобидир”, деганларини ривоят қилган. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ с.а.в. бир аёлни бир эркакка Қуръонни ўргатиш эвазига никоҳлаб қўйганлар. Буни Бухорий Саҳл ибн Саъд Саидийдан ривоят қилган. Саҳобалар таълим бергани учун байтулмолдан маош олиш мумкинлигига ижмо қилганлар, демак, таълим бергани учун ҳақ олиш мумкин. Ибн Абу Шайба орқали Садқа Дамашқийдан Вазийя ибн Ато: Мадинада учта муаллим бўлиб, гўдакларни ўқитишар, Умар ибн Хаттоб ҳар ойда ўн беш динордан уларга маош бериб турарди, деганини ривоят қилган. Буларнинг ҳаммаси таълим бериб ҳақ олиш жоизлигига далолат қилади.
Аммо бу тўғрида наҳий қилиб келган ҳадисларга келсак, бу ҳадисларнинг ҳаммаси Қуръонни таълим беришга ёллашдан қайтариш тўғрисида эмас, балки уни таълим беришга ҳақ олишдан қайтариш тўғрисида келган. Шунинг учун бу ҳадисларнинг ҳаммаси Қуръон ўрганиш учун муаллим ёллаш ҳаромлигига эмас, балки уни таълим берганлиги учун ҳақ олишнинг макруҳлигига далолат қилади. Ҳақ олишнинг макруҳлиги эса ёллашнинг жоизлигини бекор қилмайди. Демак, Қуръонни таълим берганлиги учун ҳақ олиш макруҳ бўлиб, шу билан бирга таълим учун муаллим ёллаш жоиздир.
Табиб (врач) ёллашга келсак, у ҳам жоиз. Чунки у ёлловчи тўла олиши мумкин бўлган манфаатдир. Лекин тузалиб кетишни шарт қилиб ёллаш жоиз бўлмайди. Чунки бундай ёллаш номаълум нарсага ёллашдир. Кўриб, текшириб қўйиш учун табиб ёллаш жоиздир. Чунки унда маълум манфаат бор. Маълум кунларда хизмат қилиши учун ҳам табиб ёллаш жоиз. Чунки у аниқ белгиланган ишдир. Парваришлаб, даволаши учун табиб ёллаш жоиз. Чунки унинг парваришлаши аниқ, маълум нарса бўлиб, бунда ҳеч қандай номаълумлик қолмайди. Ҳатто табиб касаллик турини билмаса ҳам жоиздир. Чунки у ёлловчининг касал эканлигини билса, шунинг ўзи кифоядир. Табобат ёлловчи тўла олиши мумкин бўлган манфаат бўлгани учун ҳам табиб ёллаш жоиз бўлди. Демак, унга ҳақ олиш ҳам жоиздир. Унинг жоизлигига яна бир далил Пайғамбар с.а.в.дан ривоят қилинган табобатга ёллаш жоизлигига далолат қилувчи ушбу ҳадисдир. Бухорий Анасдан шундай деганлигини ривоят қилди:
اِحْتَجَمَ رَسُولُ اللهِ فَحَجَمَهُ أَبُو طَيْبَةَ وَأَعْطَاهُ صَاعَيْنِ مِنْ طَعَامٍ وَكَلَّمَ مَوَالِيهِ فَخَفَّفُوا عَنْهُ
“Расулуллоҳ с.а.в. қон олдирдилар. Абу Тайба қон олди. Пайғамбаримиз унга икки соъ таом бердилар ва унинг эгалари билан гаплашдилар. Шундан сўнг улар Абу Тайбанинг ишини енгиллаштиришди”. Ўша замонда қон олдириш даволаниш услубларидан бири эди. Демак, қон олганлиги учун ҳақ олиш табиб ёллашнинг жоизлигига ҳужжатдир. Аммо Термизий Рофиъ ибн Хадиждан ривоят қилган:
كَسْبُ الْحَجَّامِ خَبِيثٌ
“Қон олувчининг касби ёқимсиз касбдир”, деган ҳадисдаги Пайғамбар с.а.в.нинг сўзларига келсак, бу ҳадис қон олувчини ёллаш ман қилинганига эмас, балки қон олишни касб қилиб олишнинг мубоҳ бўлиши билан биргаликда, макруҳ эканлигига ҳам далолат қилади. Бунга Пайғамбар с.а.в.:
سَمَّى الثَّوْمَ وَالْبَصَلَ خَبِيثَيْنِ مَعَ إِبَاحَتِهِمَا
“Саримсоқ ва пиёз ҳалол бўлиши билан бирга уларни ёқимсиз, деб атадилар”, деган ҳадис далилдир. Буни Муслим Маъдон ибн Абу Талҳадан ривоят қилган. Бу ҳукмларнинг ҳаммаси манфаати хос бўлган (яъни фойдаси айрим одамгагина тегадиган) ёлланувчи (ишчи) ҳақида эди.
Аммо фойдаси умумий бўлган (омма халққа тегадиган) ёлланма ишчиларга келсак, уларнинг хизматлари давлат одамларга тўлиқ таъминлаб бериши лозим бўлган манфаатлардан бири ҳисобланади. Чунки қайси манфаатнинг фойдаси айрим шахсларнинг ўзигагина тегмасдан, балки жамоатчиликка ҳам тегадиган бўлса ва жамоатчилик унга эҳтиёж сезса, бу манфаат омма манфаатларидан ҳисобланиб, давлат ҳамма одамларга уни тўла таъминлаб бериш учун байтулмолдан сарфлаши лозим бўлади. Бунга масалан, амирнинг одамлар ўртасида қозилик қиладиган кишиларни ойлик белгилаб ёллаши, идоралар ва муассасалар ходимларини ёллаш, муаззинлар ва имомларни ёллаш кабилар киради. Давлат ҳамма одамларга хизмат қилувчи кишиларни ёллаб бериши вожиб бўлган соҳаларга таълим ва медицина (табобат) ҳам киради.
Энди таълим соҳасига келсак, саҳобалар муаллимларга байтулмолдан маълум миқдорда иш ҳақи ажратиб беришга ижмо қилганлар. Расулуллоҳ с.а.в.нинг кофир асирларга асирликдан халос бўлиш учун ўлжа сифатида тўлов тўлаш ўрнига мусулмонлар фарзандларидан ўнтасига таълим беришни шарт қилиб қўйишлари ҳам бунга яна бир далилдир. Ваҳоланки ўлжа сифатида тўланадиган ўша тўлов барча мусулмонларнинг мулки эди.
Аммо медицина (табобат) соҳасига келсак, Расулуллоҳ с.а.в.га бир табиб ҳадя этилган пайтда, пайғамбаримиз уни барча мусулмонлар хизматига қўйган эдилар. Демак, Расулуллоҳ с.а.в.нинг ўзига келган ҳадядан фақат ўзларигина фойдаланмай ва ўзигагина олиб қолмай барча мусулмонлар фойдаланиши учун беришлари бу ҳадя фақат ўзи учун эмас, балки мусулмонлар оммаси учун эканлигига далилдир. Чунки Расулуллоҳ с.а.в.га бирон ҳадя келиб, уни мусулмонлар оммаси хизматига қўйсалар, бу ҳадя мусулмонлар оммасига тегишли нарса бўлади. Шунга кўра, демак, табиб (врач) ва муаллимларга байтулмолдан маош ажратилади. Шунинг учун, гарчи шахс ўзига табиб ёки муаллим ёллаши жоиз бўлса ҳам, бироқ давлат барча фуқароларга медицина ва таълим хизматини тўла таъминлаб бериши лозим. Бу тўғрида мусулмон билан зиммий, бой билан камбағал ўртасида фарқ йўқ. Чунки бу азон айтиш ва қозилик каби фойдаси барчага тегадиган ва одамлар муҳтож бўлган ишлардан ҳисобланади. Демак, бу ишлар омма манфаатларидан ва давлат фуқароларга таъминлаб бериши лозим бўлган ишлардан бўлиб, бу ишларга байтулмолдан ҳақ тўланиши лозим.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
20.06.2018й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ