Эй уламолар, уммат учун қайғуриш вақти ҳали ҳам келмадими?
“Халифалик қулатилганига 100 йил тўлиши муносабати билан… Эй, мусулмонлар! Уни қайта барпо этинглар” кампанияси доирасида
Эй уламолар, уммат учун қайғуриш вақти ҳали ҳам келмадими?
Қачон бандасидан бўлган қўрқувни Аллоҳдан бўлган қўрқувга алмаштирасиз?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ҳижрий 1442 йилнинг Раджаб ойининг ўрталарида турибмиз. Ушбу ой мусулмонлар учун маҳзунлик ойи бўлиб, қалқонимиз бўлган Халифалик давлатимизнинг қулатилганлигига юз йил тўлди. Ушбу ойда бутун дунёдаги Ислом умматига хитоб қилиниб, ўз давлатимизни қайта тиклашга, Ҳақ Таолонинг ҳукмларини ер юзига қайтаришга ҳаракат қилинмоқда. Шу муносабат билан умматни бир вакиллари ўлароқ юртимиздаги барча илм аҳлларини, олимларни, меҳроб соҳибларини яна бир бор огоҳ этишни мақсад қилдик.
Ўтмишда улуғ уламоларимиз умматга ҳақни тушунтиришда иккиюзламачилик қилмаслик, золим ҳукмдорларга бўйин эгмаслик каби фазилатлари билан уммат пешволари, деган номни оқладилар. Инсонларни маъруфга буюриб, мункардан қайтардилар, қатл қилинсалар ҳам, азоблансалар ҳам Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмадилар. Масалан, Ислом тарихида чуқур из қолдирган тобеинлар саййиди Саид ибн Жубайр золим Ҳажжожга қарши тик чиқиб, ҳақни айтгани ва зулмдан қайтаргани учун қатл қилинди. Ёки Аҳмад ибн Ҳанбал халифа Маъмунга қарши тик чиқиб, ҳақиқатни баён қилди, ҳақни гапириш ва рўёбга чиқариш йўлида қамоққа ташланди ва қаттиқ азобланди. Шунингдек, сизларга таниш бўлган шу юрт фарзандларидан Абдували қори, Раҳматилло аллома, Обидхон қори, Рафиқ қори каби динимиз пешволари ҳам золим ҳукмдорларга ҳақни очиқ баён этиб суиқасдга учрадилар, қатл қилиндилар, қамоқларга ташландилар. Бу билан улар ҳеч нарса йўқотмадилар, аксинча ўз билганларига амал қилувчи олимлар номи билан ҳамон уммат уламолари, деб эъзозланмоқдалар.
Бу дунё барчамиз учун имтиҳон бўлиб, бу имтиҳонда киши ё ҳурмат қозонади ё хор бўлади. Ким бу имтиҳондан тойилса дунё-ю охиратини қўлдан бой беради. Ким собит туриб, сабр қилиб, оқибатни фикрласа, имтиҳонда зафар қучади ва ўзини ҳам, инсонларни ҳам Аллоҳнинг ғазабидан сақлаб қолади, Унинг синовидан енгил ўтишларига сабабчи бўлади. Аллоҳ уни шундай мукофот билан тақдирлайдики, у албатта бу тақдирловдан рози бўлади. Роббимиздан ўзгаси асло ундай мукофотлай олмайди. Аллоҳ Ўзининг солиҳ бандаларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва ҳеч бир инсон ақлига келмаган неъматларни тайёрлаб қўйган. Шундай экан, бу сизнинг илмни сўз ва амал билан бирлаштиришингиз учун бўлган фурсат-имкониятингиздир. Билол ибн Ҳорис Музаний р.а. ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар:
«إِنَّ الرَّجُلَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ, مَا كَانَ يَظُنُّ أَنْ تَبْلُغَ مَا بَلَغَتْ, يَكْتُبُ اللَّهُ تَعَالَى لَهُ بِهَا رِضْوَانَهُ إِلَى يَوْمِ يَلْقَاهُ, وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ, مَا كَانَ يَظُنُّ أَنْ تَبْلُغَ مَا بَلَغَتْ, يَكْتُبُ اللَّهُ لَهُ بِهَا سَخَطَهُ إِلَى يَوْمِ يَلْقَاهُ»
«Бир киши Аллоҳ рози бўладиган бир гапни гапиради, бу гапи қаерларга етиб боришини ўйлаб ҳам кўрмайди. Аллоҳ Таоло унга шу гапи учун Ўзига рўбарў бўладиган кунга қадар Ўз розилигини битади. Яна бир киши Аллоҳ ғазабланадиган бир гапни гапиради. Бу гапи қаерларга етиб боришини ўйлаб ҳам кўрмайди. Аллоҳ унга шу гапи учун Ўзига рўбарў бўладиган кунига қадар Ўз ғазабини битади». Молик ривояти.
Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган кишилардан бўлишга, яъни бир оғиз бўлса-да ҳақ сўзни айтиб Роббингизни рози қилиб олиш имкониятига эга кунда турибсизлар. Аллоҳ Таолони яхши кўрувчи эр кишилари ўзларининг мустаҳкам позицияларини тўғри белгилаб оладилар. Яъни бугунги кунда айтадиган бир оғиз ҳақ сўзингиз яқин кунда тикланажак буюк давлатнинг эълонидан кейинги йиллаб айтадиган сўзингиздан афзалдир. Ваҳоланки, сиз фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва имон келтирган киши фатҳ бўлишидан кейин худди шундай қилган киши каби бўлмаслигини яхши биласиз. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Ўз каломида шундай дейди:
وَمَا لَكُمْ أَلَّا تُنفِقُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلِلَّهِ مِيرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَا يَسْتَوِي مِنكُم مَّنْ أَنفَقَ مِن قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ أُوْلَئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِّنَ الَّذِينَ أَنفَقُوا مِن بَعْدُ وَقَاتَلُوا وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَى وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
– “Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва жиҳод қилганлар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва жиҳод қилган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат) ваъда қилди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”. (Ҳадид: 10)
Наҳотки, бу имтиҳонда зафар қучиб, ўшандай позицияларни тутишни истамайсиз, ҳолбуки, ундай позициянгиз Аллоҳ Таолога хуш келади ва сиздан рози бўлади. Бугун Аллоҳнинг даргоҳида бандасини олий даражотларга кўтарувчи бир фурсат бор. Бугунги Ислом Умматини кўринг, фикр қилинг, ибратланинг! Уларга нисбатан тўхтовсиз зулмлар қилинаётган, ёшу кекса, ҳатто аёлларгача ҳибсга олинаётган бўлса-да, жонини тиккан ҳолда Аллоҳнинг ҳукмлари олий бўлиши кераклигини баралла гапирмоқдалар. Аслида сиз уламолар бу борада ташаббусни қўлга олиб, бу умматга етакчи бўлган ҳолда олдинги сафларда туриб, бизга адашган ва адаштирувчи кимсаларни танитиб турмоқларинг керак эди. Афсуслар бўлсинки, сизлар ўша мустабид, золим ва хоин ҳукмдорлар томонига ўтиб олиб, умматнинг ярасига туз сепмоқдасизлар! Ваҳоланки, айнан ўша ҳукмдорлар – дўппи тор келиб қолган пайтда – иккала дунёда ҳам сизлардан ҳеч иккиланмай воз кечиб юборадилар:
إِذْ تَبَرَّأَ الَّذِينَ اتُّبِعُواْ مِنَ الَّذِينَ اتَّبَعُواْ
– “У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар”. (Бақара:166)
Сизлар Бану Исроилнинг залолатдаги уламоларига ўхшаб қолишдан ёки улардан ҳам ёмонроқ бўлиб қолишдан жуда-жуда эҳтиёт бўлинглар! Улар султонга Аллоҳ вожиб қилган нарсаларга мувофиқ эмас, балки ўз ҳавойи-нафсларидан келиб чиқиб фатволар беришарди, Аллоҳ вожиб қилган нарсаларни оғир санашар ҳамда ўша ҳукмдорлардан қўрқишарди, Аллоҳдан қўрқишмасди.
Ундай кимсаларни Аллоҳ Таоло Ўз каломида шундай маломат қилади:
مَثَلُ الَّذِينَ حُمِّلُوا التَّوْرَاةَ ثُمَّ لَمْ يَحْمِلُوهَا كَمَثَلِ الْحِمَارِ
– “…худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди”. (Жума:5)
Биз Росулуллоҳ ﷺнинг ушбу ҳадиси олдида нима деймиз: «Сизлардан ким мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин, бу (қалби билан ўзгартириш) эса имоннинг заифроғидир». Яна бир ривоятда «бунинг ортида зиғирча имон қолмайди», дейилган. Куфрдан ортиқ яна қандай мункар бор?!
Шундай экан, сизнинг маъруфга буюриб, мункардан қайтаришингиз қани? Қани сизнинг золимга тик чиқишингиз? Қани сизлардаги сўз ва амал бирлиги? Қани сизлардаги Аллоҳдан бўлган қўрқув ва тақвоингиз?
Бугун мазлум маломат қилиняпти, золим мақталяпти… Наҳотки, инсонлар зулмдан қийналаётганлари сабабли ҳайқирсалару, ҳайқирганлари учун маломат қилсангизлар? Наҳотки, киши қийноққа тутилаётгани сабабли ҳайқирса-ю, уни қийноққа тутаётган золимга ҳайқириш ўрнига, ўша золим ҳукумат тарафига ўтиб олиб, биргалашиб маломат қилсаларингиз?! Сизга нима бўлди, эй уламолар, қандай ҳукм чиқаряпсиз?
Наҳотки, сиз мустамлакачиларнинг “терроризм” ниқоби остида очиқдан-очиқ муқаддас динимизга ҳужум қилаётганини ҳануз англаб етмаган бўлсангиз?! Наҳотки, сизларнинг худбинликларингиз, ўз динингизга бўлган ҳамиятсизлигингиз шу даражага етиб келган бўлса?! Наҳотки, Аллоҳдан қўрқиш ўрнига, ўзларингизга ўхшаш инсонлардан қўрқсаларингиз?! Ваҳоланки, уламолар умматнинг бошқа вакилларидан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқишлари лозим эди. Аллоҳ Таоло айтади:
إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُور
– “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида уламолар (кўпроқ) қўрқади”. (Фотир:28)
Агар сиз анави фиръавнлар ва тоғутларнинг чангалидан қўрқаётган бўлсангиз, у ҳолда билингки, Роббингизнинг чангали қаттиқроқ ва аламлироқдир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَلَا يُوثِقُ وَثَاقَهُ أَحَدٌ فَيَوْمَئِذٍ لَّا يُعَذِّبُ عَذَابَهُ أَحَدٌ
– “У кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас! Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!” (Фажр:25-26)
Бас, қачонгача бу золимлардан қўрқиб ҳақни яширасизлар? Ваҳоланки, куч ва қудрат соҳиби Аллоҳку?! Дунёга харислик қачонгача, ахир ер ва осмонлар мулки Аллоҳнинг қўлидаку?! Ғамгинлик қачонгача, ахир бандасига Аллоҳнинг Ўзи кифояку?! Узундан-узоқ орзулар нега керак, ўлим сизни кутиб турибдику?! Ёки ўлмайсизларми? Наҳотки, эртага роббингиз ҳузурида ҳисобга тутилишингизни унутган бўлсангизлар? Йўқ, асло! Ҳар бир қилган заррача яхши амалингиз учун ҳам, заррача қилган ёмон амалларингиздан ҳам сўралгувчидирсизлар.
#ReturnTheKhilafah / #أقيموا_الخلافة / #YenidenHilafet
#TurudisheniKhilafah / #خلافت_کو_قائم_کرو
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими. Зайниддин
04.03.2021й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми