Ўзбекистон режимидан ўлиб қутилган навбатдаги шаҳид!

Ўзбекистон режимидан ўлиб қутилган навбатдаги шаҳид!
بسم الله الرحمن الرحيم
Мана чорак асрдирки, Ўзбекистон ҳукумати Ҳизб ут-Таҳрир исломий сиёсий партияси аъзоларини таъқиб қилиб келмоқда. 1998-1999 йилларда золим Каримов барча диний уламоларни ва уларга эргашган оддий мусулмонларни турли атамалар билан оммага қораотлиқ қилиб қамаб юборди. Ўша йиллардан бери қанчадан-қанча олим ва сиёсатчи йигитлар терговларда қатл қилинди ва ҳануз уларнинг зиндонлардан жонсиз таналари оилаларига қайтарилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 30 май куни тошкентлик устоз олим, етук сиёсатчи Валиев Ҳамидуллоҳ аканинг Бухородаги махсус ёпиқ режимли зонадан жонсиз жасади оиласига қайтарилган эди. Шу йилнинг 6 июнида эса 1973 йили Тошкентда туғилган Исҳақов Дилруҳ оғир касалликка чалиниб, Сангородда вафот этгани хабари чиқди.
Каримовнинг бошқарув даврида золим Сталин қирғини юртимизда том маънода қайта такрорланди. Юртнинг энг сара мард ўғлонлари оммавий қамоққа олинди. Юртимиз вилоятларининг ҳар биридан энг ноёб қобилиятли сиёсатчилар терговлардаёқ ўлдирилиб, уйларига калтакдан қорайиб кетган жасадлари ташлаб кетилди. Кофир, золим Сталин боболаримизни оммага ватан хоини, халқ душмани деб танитиб ваҳшийларча отиб ташлаган эди. Золим Каримов ҳам кейинги яхшиларимизни элимизга халқ душмани, ватан хоини, террорчи, экстремист дея танитиб, ўрис қаттолидан фарқли ўлароқ уриб ўлдирди. Зиндонларда етакчи кишиларнинг баъзилари қайноқ сувларда қатл қилинди (тошкентлик Авезов Музаффар 2002 йили Жаслиқ зонаси ертўласида устидан қайноқ сув қуйиб шаҳид қилинган) ва айрим олимларнинг тишлари суғурилиб, тирноқлари юлиб олинди. Эсламоқ оғриқли бундай даҳшатли сиқувлар ва қатллар даврини кейинги раҳбар “ахлат тузум“ деб жуда тўғри номлади. Аммо мусулмонларга нисбатан муносабатда унинг ўзи ҳам охирги йилларда ўша “ахлат тузум”дан андоза ола бошлади. Бугун ушбу “Янги Ўзбекистон”да мусулмонларга муносабат яна эскича тус олди. Йигирма йиллар давомида зулм тегирмонларидан омон чиққанлар яна зиндонларга қайтарилмоқда. Айни дамда Тошкентда 23 нафар Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларининг қайта суди бўлмоқда. Улар аввалда 20 йиллик умрларини зиндонларда ўтказган азизларимиз эди. Улар яна қайта қамоққа олиниб, терговлардан сўнг суди бўлмоқда. Бундан ташқари, турли вилоятлардан аввалда узоқ йиллар давомида зиндонларда умри ўтган йигитларимиздан бир қанчаси Тошкентга олиб келиниб, ҳозирда терговлари кетмоқда. Айтиш лозимки, бу азизларимизни оммага “ношукрлар” дея танитмоқдан ҳукумат ходимларининг юзлари қизармади ҳам.
Шу ўринда, сиз ўқувчиларга чорак асрдан буён зиндонларда қолиб кетаётган юртимизнинг мард ўғлонларининг “жиноятлари” билан таништириб ўтамиз. Улар Ҳизб ут-Таҳрир исломий сиёсий партияси аъзоларидир. У азизларнинг фикрий ва сиёсий курашларидан дунёдаги етакчи АҚШ, Англия ва уларнинг ялоқдошлари “Исроил” яҳудийлари ҳамда зулмда ҳамкор Россия ва Хитой каби бузғунчи давлатларнинг минтақа устидаги мустамлакачилик сиёсатларига кучли зарбалар етмоқда. Шу боис, бу партия аъзоларини ўз юртларида зимдан таъқиб этса-да, аммо Ўрта Осиё давлатларидаги малайлари қўли билан юртнинг сара йигитлари йўқ қилинмоқда. Ҳизбнинг эзгу ғояларини эса хоин имомлар тили билан бузғунчи деб оммага танитилмоқда. Маълумки, ушбу Ҳизб оламийдир. Деярли барча давлатлар бу партия фаолиятини ўзларига жиддий хатар деб билади. Аммо инсониятнинг зиёли ва ўта зийрак қатлами бутун инсониятнинг нажоти шу ғояларнинг амалга оширилишида дея тушуна бошлади. Бу эзгу ғояларнинг хатари эса бузғунчи ва мустамлакачи капиталистик режим манфаатларига қарши эканлиги ҳам бугун ойдинлашиб қолди. Аммо ҳукуматнинг маддоҳ югурдаклари содда халққа бу йигитларни бузғунчи ғоя кишилари деб танитмоқдан ҳеч жағи тинмай қолди. Ташвиқотлар ёлланган имомлар ва режимга тобе сиёсатчилар томонидан кенг олиб борилмоқда. Шу боис, чорак асрлар зиндонда бўлиб чиққан йигитларни қайта қамаётганларга нисбатан оммада бирор норозилик кайфияти кўринмаяпти. Эҳтимол, куни келиб нажас хитойлар халқимизнинг бошига уйғур биродарларимиз кунини солгач кўзлари очилар?! Аммо ачинарлиси, халқимиз ҳатто мусулмонликнинг оддий кўриниши бўлмиш рўмол ва соқолга қарши курашаётган ҳукуматнинг шармандали сиёсатига бепарво қолаётганидир. Ва фаҳшнинг кенг ёйилишига, халқнинг тобора тубанлашишига сукути ҳам ўта аянчли ва хавотирли ҳолат. Шундай бепарволик туфайли бойликлар талон-тарож, халқнинг навқирон йигитлари ўзга юртларнинг қора ишчилари, ораларидан мард ўғлонларини олиб кетсалар ҳам кўзлари юмуқ… Минг афсуски, юртимизнинг барча яхшилари бугун зиндонга яна қайтарилмоқда, қувғин қилинмоқда ва ҳатто қамоқлардан ўлиги чиқмоқда. Ўзбекистоннинг бугунига диққат қилган ҳар қандай холис киши айта оладики, бу юртнинг режимидан мардларимиз ўлиб қутилмоқда ёки юртимизни манави бир ҳовуч золимларга ташлаб ўзга юртларга кетиш билан тирик қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу яқин кунларда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида 1965 йилда туғилган Бойназаров Муҳаммадрасул ҳам умрининг 20 йилдан ортиқ вақтини Ўзбекистон зиндонларида ўтказган эди. Биродаримиз 1999 йилнинг 24 октябрида бир гала ҳукуматнинг формали-формасиз ходимлари томонидан яшаш жойидан олиб кетилган. 2000 йили суд ҳукми ўқилгач, Навоийдаги 64/46 зонага этап қилинган. Расулжон ўзига берилган жазо муддатининг 20 йилидан 15 йилини камера режимидаги Жаслиқда ва Бухородаги Қоровулбозор қамоқларида ўта оғир шароитларда ўтказди. Даҳшатли қийноқлар ва зўравонликларни бошидан кечирган бу биродаримиз йигирма йилдан кейин озодликка чиқди. Ва ўша зулм уммонидаги қийноқлар туфайли вужудига илашган оғир касаллик уни қувватдан қолдирди. Муолажалар фойда бермади. Биродаримиз 12.09.2024 йил пайшанба куни бу аламли дунёни тарк этиб, Оламлар Роббисига қайтди. Зонадан илашиб чиққан бундай касаллиги ортидан шаҳид кетганлар ҳам йигитларимиз орасида пайдо бўла бошлади. Бундан аввал Жиззахлик Норматов Жалолиддин ҳам шу касаллик билан озодликка чиққач, бир йилгина яшаб Аллоҳнинг ҳузурига қайтган эди. Юртимизнинг мард кишилари учун бу диёр зулмхонага айланиб қолди. Бу раҳбарлар зулмидан кимдир юртдан чиқиб кетиб, яна кимдир ўлиб қутулмаса, мард кишилар учун бошқа имконлар қолмади. Нега шундай?! Нима учун?! Уларнинг айби юрт кишиларига динимизни танитганлигими?! Ва ёки инсонлар ҳар бир муаммоларини Аллоҳнинг шариати асосида тартибга солиши вожиблигидан хабар бергани учунми?! Ахир, бундай кишилар ҳақида Аллоҳ таоло Фуссилот сурасининг 32-оятида:
وَمَنۡ اَحۡسَنُ قَوۡلًا مِّمَّنۡ دَعَاۤ اِلَى اللّٰهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَّقَالَ اِنَّنِىۡ مِنَ الۡمُسۡلِمِيۡنَ
– “Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва “Албатта, мен мусулмонларданман!” деган кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!” – демаганмиди?! Тўғри, сиз халқимизга ўша азизларни бузғунчи дея танитдилар. Масжидларимизнинг минбарларида эса бу мардлар шаънига турли хил бўҳтон ва туҳматлар ёғдирилди. Шу боис, узоқ йиллар шундай мардларингизни танимоқдан чалғидингиз. Аммо, наҳотки, ўз ғоясидан заррача воз кечмай 20 йиллик азоблардан кейин шаҳид кетаётган кишиларнинг тарихи сизга бирор ҳақиқатни англатишга ярамаса?!
Эй азизликка ҳақли юртимиз оқиллари! Атрофимизда халқимиз орасидан кимдир ҳукуматнинг бирор ноҳақлигини ижтимоий тармоқларда ошкор этса ва ҳукумат тарафидан у кишига огоҳлантириш сифатида 15 суткалик жазо тайинланганида, ўша блогернинг ўз “қилмиши”га “тавба” қилиб ҳукуматдан узр сўраб чиққанларига кўп маротаба гувоҳ бўлдик. Ўн беш сутка қамоқ жазоси ўзи кўтариб чиққан ҳақиқатдан воз кечишига етарли бўлди. Энди ўйлаб кўринг, ахир, Ҳизб ут-Таҳрир йигитлари ўз ғояларига садоқат билан 25 йилдан бери зиндонларда қолиб кетмоқда. Қийноқларда шаҳид қилинмоқда. Озодликка чиққанлари ҳам ўша зиндонларда орттирган касалликлар ортидан вафот этмоқдалар. Йигитларимиз 20 йиллардан кейин ҳам яна қайта шу ғоялари учун зиндонбанд қилинмоқда. Шундай экан, бу қайта қамашлар сиз азизлар учун уларнинг жон фидо қилишга арзигулик эзгу ғояларини ўрганишингизга етарли туртки эмасми?! Акс ҳолда сиз ҳам ўша золимларнинг зулмига шерик бўлиб қолишдан хавотир олмайсизми?! Зеро, зулмга сукут қилиш ўша зулмга шерикликдир! Ушбу мақоламни Пайғамбаримиз ﷺнинг ушбу муборак ҳадислари билан ниҳоялайман, шояд эслатма олсангиз! У зот ﷺ дедилар:
ثم قال : كلا والله لتأمرن بالمعروف ولتنهون عن المنكر ولتأخذن على يد الظالم ولتأطرنه على الحق أطرا ولتقصرنه على الحق قصرا } زاد في رواية { أو ليضربن الله بقلوب بعضكم على بعض ثم ليلعننكم كما لعنهم
“…Сўнгра дедилар: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, маъруфга буюриб, мункардан қайтарасиз ҳамда золимнинг қўлидан тутиб унинг бўйнини ҳаққа эгасиз ва ҳаққа чекланишига мажбур этасиз” (бир ривоятда қўшимча қилинадики) ёки акс ҳолда Аллоҳ баъзиларингиз қалбини баъзиларингиз билан уради (яъни қалбларингизни бир-бирига ўхшайдиган тошқалб қилиб қўяди), сўнгра сизни ҳам (худди Бани Исроилни сингари) лаънатлайди”.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
23.09.2024й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ