Аёл – она, уй бекаси ва ҳимояси вожиб бўлган номусдир

Аёл – она, уй бекаси ва ҳимояси вожиб бўлган номусдир
2-қисм
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бугунги кунда Америка бошчилигидаги кофир мустамлакачи давлатлар Ислом Умматини ўзлигидан айириш учун фикрий, сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ҳужумларини асло сусайтиргани йўқ, балки янги-янги услуб ва воситалар ёрдамида зарбалар беришда давом этмоқда. Мусулмонлар зеҳнларини мафкуравий забт этиш ва вужудини буткул парчалаб ташлаш учун “гендер” ва “феминизм” каби жирканч тушунчалари билан шахсий ва оилавий ҳаётимизгача ўз таъсири билан кириб келди. Бунга эса, Исломни тушунишда зеҳнларимиздаги фикрий заифлик сабаб бўлди.
“Гендер” атамаси 1960-70 йилларда АҚШдаги феминистик ҳаракатлар ортидан пайдо бўлиб, инсон ўзини эркак ёки аёл сифатида эмас, истаганча “идрок қилиши” мумкинлигини, оила эса, табиий жараён эмас, балки ижтимоий “келишув” эканлигини ифодаловчи фикрлар тизимига айланди. Унга кўра, инсоннинг эркак ёки аёл бўлиши туғма, яъни табиий эмас, балки жамият томонидан “белгиланган рол” деб талқин қилинди. Яъни инсон ўзини қандай идрок қилса, шундай бўлади: эркак ёки аёл, ёки иккиси ҳам эмас, ёки умуман бошқача. Буни ўзи белгилайди, яратилиш табиати эмас.
“Гендер” тушунчаси бўйича оила ҳам инсон фитратидан келиб чиқадиган табиий жараён эмас, балки жамият ўйлаб топган одатдир. Истасанг бошқача яша: икки эркак, ёки икки аёл, ёки боласиз, ёки умуман ёлғиз – барчаси дуруст.
“Феминизм” эса, аёл ҳам, эркак ҳам инсон, барча нарсада тенг бўлиши керак ҳамда аёлларни эркакларга нисбатан иккинчи даражали қилиб қўядиган ҳар қандай қонун, одат ва фикрларни йўқ қилиш керак, деб талқин қилинди.
Натижада, ЛГБТ ҳаракати кучайди, “Мен ўзимни аёл ёки эркак деб ҳис қилмайман” деган одамлар кўпайди ва айрим давлатларда паспортга “учинчи жинс” (X) қўшиш бошланди.
Ислом “гендер” ва “феминизм” қарашларини мутлақо инкор қилади ва бу тушунчалар Шариатга тамоман зиддир. Чунки Аллоҳ таоло инсонни аёл ёки эркак қилиб яратди. Аёлнинг аёллиги, эркакнинг эркаклиги туғма, яъни табиийдир. Шу билан бирга, аёл ҳам, эркак ҳам инсондир, улар инсонийлик жиҳатдан бир-биридан фарқ қилмайди, бирор нарсада ажралиб турмайди. Зеро, иккисида ҳам ақл ва фикрлаш қуввати мавжуд, шунингдек, эркак ҳам, аёл ҳам очлик, ташналик каби узвий эҳтиёжлар ва яшаш учун курашиш, диндорлик каби ғариза(ғариза)ларга эга. Шунинг учун, Аллоҳ таоло аёл ва эркакка инсон сифатида тайин этган шаръий ҳукмларни бир хил шаръий ҳукм қилганини кўрамиз. Масалан, Ислом даъватини кўтариб чиқиш, намоз, рўза каби ибодатларни бир хил вазифа қилиб белгилади, эркак ва аёл ўртасини ажратмади. Бироқ буни “тенглик” ёки “тенгсизлик” дейилмайди, исломий қонунчиликда бу баҳс қилинадиган муаммо ёки мавзу қилиб қўйиладиган масала ҳам эмас. Балки эркак ҳам, аёл ҳам инсон деган эътиборда белгиланган шаръий ҳукмлар бўлиб, улар иккиси учун баб-баробардир. Энди қачонки, аёлнинг аёллик ёки эркакнинг эркаклик табиатига нисбатан бурч ва вазифалар юклатилганда, масалан, хайз, туғиш ва эмизиш каби аёлга хос шаръий ҳукмларни, шунингдек, нафақа, ҳимоя ва раҳбарлик каби эркакка хос шаръий бурчларни белгилади.
Аллоҳ таоло инсонни аёл ёки эркак қилиб яратиб, одамзот ўз наслини сақлаш қолиши учун ҳар иккисига насл қолдириш ғаризасини ато этди. Бу ғариза фақат аёл билан эркакнинг жинсий жамланиши билан қондирилгандагина мақсадга олиб боришини ўзгармас қонуният қилиб қўйди. Шунга кўра, аёл ва эркак жинсий муносабат орқали фарзандли бўлиб, оила шаклида яшаши табиий ҳолат ҳисобланади.
Ислом эркак билан аёл ўртасидаги эркаклик ва аёллик алоқаларини фақат эр-хотинлик ҳаётига, яъни никоҳга чеклаб қўйди. Бинобарин, эр-хотинлик ҳаёти, оила аъзолари билан ўз уйидаги “хос ҳаёт” ва жамиятда одамлар орасидаги “умумий ҳаёт”ни шаръий ҳукмлар билан шундай тартибга солдики, натижада насл қолдириш ғаризасининг қўзғалиши ва қондирилиши фақат эр-хотинлик ҳаётига чекланишини ва бу қондириш инсон наслини сақлаб қолиш мақсадига олиб боришини кафолатлади. Буни қуйидагича тушуниш керак:
Инсонда очлик ва ташналик каби қондирмаса ҳалокатга олиб борадиган узвий эҳтиёжлар бор. Шу билан бирга, насл қолдириш, яшаш учун курашиш каби қондирмаса изтиробни келтириб чиқарадиган, лекин ҳалокатга олиб бормайдиган ғаризалар мавжуд. Узвий эҳтиёжларни қўзғатувчи омил ички бўлса, ғаризаларни қўзғатувчи омил эса ташқи: моддий воқелик ва фикрдир. Ташқи омилни бошқариш мумкин, яъни исталган пайтда омилни пайдо қилиш ёки аксинча уни бартараф қилиш ва бу билан ғаризани насл сақланиши томон йўналтириб, бошқа томонларга кетиб қолишини тўсиб қўйиш мумкин. Бошқача айтганда, эркак ёки аёл шаҳватни қўзғатадиган фикр ва моддий воқеликни ўзидан йироқ қилиши ёки аксинча, уни яқинлаштириши мумкин. Мисол учун, мафтункор аъзолари очиқ бегона аёлга эркакнинг тасодифий кўзи тушганда, Росулуллоҳ ﷺнинг: “Қарашни қарашга эргаштирма. Чунки биринчиси сенинг фойдангга бўлса, кейингиси фойдангга эмас” – деган сўзларига амал қилиб, қарашни давом эттирмай, кўзини тўсса, ўзини қўзғатувчи моддий воқеликдан сақлаган бўлади ва ғариза қўзғалмайди. Ёки аксинча, бегона аёлнинг мафтункор аъзоларига завқланиб қараса, ғариза қўзғалиб, қондиришни талаб қилади. Эркак бу ҳолатда қондирмаса изтиробга тушади ёки қондириш учун фаҳш-бузуқликка қадам қўяди.
Шундай қилиб, Ислом шариати эркак ва аёл жамланиши зарурат бўлмаган ўринларда жамланишни тақиқлаб, зарурат бўлган ўринларда эса, жамланишга рухсат берар экан, ушбу жамланиш жинсий муносабат томон бурилиб кетишига йўл қўймади. Натижада, оила аъзолари даврасидаги хос ҳаётда бўлсин ёки жамиятдаги умумий ҳаётда бўлсин, эркак ва аёл жамланишини жамият ва шахс учун яхшилик келтирувчи ва покликни кафолатловчи ҳамкорлик бўлишини таъминлади. Бу билан, жинсий муносабатни фақат эр-хотинлик алоқаларига чеклаб, инсон наслининг сақланиши никоҳ асосидаги покиза муҳитда амалга ошишига шароит яратиб берди. Қуйида, бу борадаги баъзи шаръий ҳукмларни келтирамиз:
1. Ислом эркакни ҳам, аёлни ҳам бир-бирига тикилиб қарамасликка буюрди. Аллоҳ таоло айтади:
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ (30) وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ
– “Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!” (Нур:30-31)
2. Барча зийнат ўринларини яшириб турадиган одми, оддий либос кийишни аёлларга буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ
– “Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!” (Нур:31)
Яъни юз ва кафтларидан бошқа зийнат ўринларини химор (рўмол) ва жилбоб билан тўссинлар.
3. Бир кеча-кундузлик масофадаги жойга маҳрамсиз сафарга чиқишни аёлга ман этди. Пайғамбар ﷺ дедилар: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг бир кеча-кундузлик масофадаги жойга маҳрамсиз сафар қилиши ҳалол эмас”. (Муслим ривояти).
4. Аёл киши маҳрами билан бирга бўлмаган ҳолда бегона эркак билан бир жойда холи қолишини ман этди. Пайғамбар ﷺ дедилар: “Аёл маҳрами билан бирга бўлмаса, бегона эркак у билан асло ёлғиз қолмасин”. (Бухорий ривояти).
5. Аёлга эрининг изнисиз уйидан чиқишни ман қилди. Чунки унинг устида эрнинг ҳақлари бор. Шунга кўра, эрининг изни билангина уйидан чиқиши мумкин. Унинг изнисиз чиқса гуноҳкор бўлади. Ибн Батта “Аёллар ҳукмлари” китобида Анасдан ривоят қилади: “Бир киши хотинининг кўчага чиқишини ман қилиб, сафарга кетди. Аёлнинг отаси касал бўлиб қолганда, отасини кўриб келгани Расулуллоҳ ﷺдан рухсат сўради. Расулуллоҳ ﷺ унга дедилар: “Аллоҳдан қўрққин. Эрингга қарши чиқма”. Кейин унинг отаси вафот этди. Аёл унинг жанозасига бориш учун Расулуллоҳ ﷺдан рухсат сўради. Унга дедилар: “Аллоҳдан қўрққин. Эрингга қарши чиқма”. Шунда Аллоҳ Пайғамбар ﷺга ваҳий қилдики: “Эрига итоати туфайли унинг гуноҳларини мағфират этдим”.
Мана шундай ҳукмларни ҳукумат даражасида татбиқ қилган Халифалик давлати муслима аёлларни хонадон бекаси, Аллоҳ ва Росули ﷺга муҳаббатли солиҳ ва солиҳа фарзандларнинг онаси ҳамда кофирлар асрлар давомида уруш қилиб, иффат-ҳаёсига чанг сола олмаган Умматнинг номуси сифатидаги мақомини сақлади ҳамда исломий жамиятни поклик ва эзгулик ўчоғига айлантирди. Аллоҳ изни ила яқинда тикланажак Рошид Халифалик давлати соясида ҳам ана шундай гўзал ҳаётнинг қайта барпо бўлиши ҳамда муслим ва муслималарни буюк мақсадлар сари етаклаши муқаррар. Аллоҳ таоло айтади:
أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ
– “Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ёрдами (ғалаба) яқиндир”. (Бақара:214)
Иззатуллоҳ
12.12.2025й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб