Мусулмон қўшинлари сафидаги Қутайба ибн Муслим авлодлари Хитой раҳбари томонидан Шарқий Туркистонда уйғур мусулмонларига нисбатан олиб борилаётган даҳшатли зулмга чек қўйсин!

Матбуот баёноти
Мусулмон қўшинлари сафидаги Қутайба ибн Муслим авлодлари Хитой раҳбари томонидан Шарқий Туркистонда уйғур мусулмонларига нисбатан олиб борилаётган даҳшатли зулмга чек қўйсин!
Хитойдаги инсон ҳуқуқлари поймол этилишини қораловчи сўнгги ахборот хабарлари тўлқини авж олган бир паллада, «Uyghur Times» нашри шундай хабар берди: «Президент Трамп 2026 йил 24 сентябрь куни Эндрюс бирлашган базасида Си Цзинпинни шахсан кутиб олиши маълум қилинди… Шунингдек, Си Цзинпин Хитой ҳукумати томонидан уйғурларга қарши тизимли равишда амалга оширилаётган қатағонлар учун шахсан жавобгардир».
АҚШ Хитой раҳбарини ноқулай аҳволга солиш мақсадида, Пекиннинг уйғур мусулмонларини тазйиқ остига олиши юзасидан билдирилаётган ошкора танқидларга кўз юмиши, ҳатто бундай танқидларни рағбатлантириши кутилмоқда. Бироқ, АҚШ бу ишни мусулмонларга нисбатан ўзининг тазйиқ ва тажовузлари Хитойникидан кам бўлмаган, балки ундан-да ошиб кетган бир пайтда амалга оширмоқда. Хитой мустабидларининг Шарқий Туркистонда Исломга қарши олиб бораётган уруши эса, бугунги Хитой—АҚШ қарама-қаршилигидан ўнлаб йиллар ва асрлар аввал бошланган.
Эй мусулмонлар!
Шарқий Туркистон бизнинг еримиз ва бизнинг масаламиздир! У Халифалик даврида фатҳ этилиб, гуллаб-яшнаган Исломий диёрдир. Умавийлар Халифалиги қўшинлари Қутайба ибн Муслим қўмондонлиги остида шарқ сари илгарилаб, Шарқий Туркистоннинг пойтахти бўлмиш Қашғаргача етиб борди ва ҳижрий 95 йилда уни фатҳ этди. Сўнгра ҳижрий 232 йилда — Умавийлар даврининг охирлари ҳамда Аббосийлар даврининг бошларида — Қорахонийлар сулоласи асосчиси бўлган Султон Сотуқ Буғрохон Исломни қабул қилди, кейин эса унинг фарзандлари ва давлатнинг юқори мартабали мулозимлари ҳам унга эргашдилар. Ўша кундан бошлаб минтақанинг барча ҳудудларида Ислом ҳукмрон бўлди; Қуръони Карим маънолари таржима қилинди, ибодатхоналар ўрнида масжидлар барпо этилди ва биргина Қашғар шаҳрининг ўзида уч юзта масжид қад ростлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Шарқий Туркистон ва унинг аҳлига Ислом неъматини ана шундай ином этди.
Эй Ислом уммати!
Хитой ҳукмдорларининг Исломга бўлган адовати асрлар оша давом этиб келмоқда ва халифалик нуфузи заифлашиб борган сари уларнинг зулми янада авж олди. 1759 йилда Туркистон мусулмонлари билан Хитойнинг Манжур ҳукмдорлари ўртасида қонли жанглар бошланиб, унда бир миллиондан зиёд мусулмон шаҳид бўлди. Сўнгра Манжур ҳукмдорлари 1862 йилгача Шарқий Туркистон устидан ўз назоратини сақлаб турдилар. Бу давр Шарқий Туркистон аҳлининг Манжур истилосига қарши шиддатли қаршилик кўрсатиши билан ажралиб турди. 1863 йилдаги ҳал қилувчи тўқнашувда мусулмонлар Манжур ҳукмдорларини ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлдилар. Бироқ улкан Хитой қўшинлари 1876 йилда бу ҳудудни қайта босиб олишга эришди. Ўша кундан бошлаб Шарқий Туркистон «Шинжон» деб аталди — бу сўз Хитой тилида «янги чегара» маъносини англатади. 1884 йил 18 ноябрда эса у расман Манжур империясига қўшиб олинди.
Эй Ислом уммати!
Биродарларимиз ўнлаб йиллар давомида Хитой Коммунистик партиясининг зулмига қарши курашиб келдилар. Хитой коммунистик ҳукумати ҳокимият тепасига келгач, Шарқий Туркистон аҳолиси Хитой истилосидан озод бўлишга ҳаракат қилди. Улар бир нечта қўзғолонлар уюштириб, икки марта муваффақиятга эришдилар: биринчиси 1933 йилда, иккинчиси эса 1944 йилда.
Бироқ Хитой 1949 йилда Шарқий Туркистонни босиб олди ва даҳшатли қирғинлар орқали коммунистик назоратини ўрнатди. Бу замин 450 та мажбурий меҳнат лагерига бўлиб ташланди; у ерда аҳолининг 98 фоизини ташкил этган мусулмон ишчи ва деҳқонлар мажбурий меҳнатга жалб этилди, уларнинг кўпчилиги шу лагерлар ичида ҳаётдан кўз юмди. Хитой «Ислом дини — афюндир» шиорини кўтариб чиқиб, 28 мингта масжид ва 18 мингта Исломий мактабларни (мадрасани) ёпиб ташлади, 730 мингта диний китоб ва исломий қўлёзмаларни ёқиб юборди. Шунингдек, 1964 йил 6 октябрдан 1996 йил 29 июлгача бўлган давр мобайнида Шарқий Туркистон саҳросидаги «Лобнор» ядровий синов базасида 45 та ядровий синов ўтказди. Бу ҳолат ҳудуднинг катта қисмига радиация тарқалишига ва ўлимга олиб келувчи саратон касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлди. Шундай бўлса-да, мусулмонлар 1949 йилдан 1968 йилгача коммунистларга қарши 45 та қўзғолон кўтардилар, аммо 360 мингга яқин мусулмон коммунистларга қаршилик кўрсатганликлари туфайли қатл этилди.
Эй мусулмонлар!
Ҳукмдорларингиз Шарқий Туркистон мусулмонларига асло ёрдам бермайдилар. Аксинча, улар ўз юртларимизда Америка иқтисодий мустамлакачилиги билан бир қаторда, Хитойнинг иқтисодий мустамлакачилигини ҳам мустаҳкамлаш учун Си Цзинпин ва у бошчилигидаги ёвуз коммунистик партиянинг жиноятларини хаспўшламоқдалар. Улар сизнинг бозорларингиз ва ресурсларингизни Хитой ширкатларига очиб бердилар, Хитой банкларидан оғир рибовий қарзлар олдилар. Бундан ҳам ёмони, улардан айримлари хавфсизлик излаб ўз юртларига қочиб ўтган уйғур мусулмонларини таъқиб қилишда Хитойга ёрдам бермоқдалар. Ҳолбуки, Ислом уммати дунёдаги энг йирик нефть захираларини ва Хитойнинг нефть танкерлари ўтиши шарт бўлган денгиз бўғозларини назорат қилиш орқали Хитой саноатининг ҳаёт томирини ўз чангалида ушлаб турибди. Индонезия, Бангладеш, Покистон, Туркия ва Мисрнинг ҳарбий-денгиз кучлари Хитойга қарши бўғувчи денгиз қамалини жорий этишга қодир бўлганидек, Бангладеш, Покистон, Афғонистон ва Эрон қўшинлари ҳам унинг қуруқликдаги ҳаёт томирларини узиб ташлашга қодирдир.
Эй мусулмонлар!
Ёлғиз қалқонимиз бўлмиш Халифаликнинг қайтишигина Хитойни сизларга ва Исломга қарши олиб бораётган урушини тўхтатишга мажбур қилади. Ўшанда Хитой ҳукмдорлари ҳарбий саркарда Қутайба ибн Муслимнинг Ғарбий Туркистондаги ишларини эсга оладилар. Ҳижрий 87 йилда Қутайба Бухоро ҳудудидаги шаҳарча бўлган Пойканд ичида мусулмонларга қарши адоват қўзғатишга чек қўйиш учун жанг олиб борди. Кун ярмига келиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мусулмонларга зафар ато этди. Ибн Касир «Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя» асарида шундай ривоят қилади: «Мусулмонларга қарши одамларни гиж-гижлаган кимса улардан бўлган бир кўзи кўр одам эди. У асирга олингач: “Мен бешта Хитой матоси эвазига ўзимни сотиб оламан (товон тўлайман), уларнинг қиймати бир миллиондир”, деди. Амирлар Қутайбага буни қабул қилишни маслаҳат бердилар. Шунда Қутайба: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, сенинг сабабингдан иккинчи бор бирор мусулмонни қўрқувга солдирмайман!” деди ва буйруқ бериб, унинг боши танасидан жуда қилинди».
Сўнгра Хитой ҳукмдорлари ўз қаршиларида Қутайбанинг Шарқий Туркистондаги ишларини кўрадилар. Шунингдек, Ибн Касир Қутайбанинг уларнинг аждодларини қандай бўйсундирганини ривоят қилиб, шундай дейди: «Сўнгра иш шунга келишилдики, у (Хитой подшоҳи) ўз фарзандлари ва шоҳлар фарзандларидан иборат бир гуруҳ билан – Қутайба оёғи билан боссин учун – ўз ерининг тупроғи солинган кенг олтин товоқларни юборди, Қутайба уларнинг бўйинларига тамға босиши (ўз ҳукмига бўйсундириши) ҳамда Қутайбанинг қасамини бажариши учун улкан миқдорда бойлик юборди».
Эй Ислом умматининг қўшинлари!
Кофирлар қаршисида ожиз бўлиб, ўз халқига(умматингизга) эса зулм-ситам ўтказаётган ҳукмдорларни ағдаринг! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:
{وَإِنِ اسْتَنصَرُوكُمْ فِي الدِّينِ فَعَلَيْكُمُ النَّصْرُ}
«Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам бериш зиммангиздадир».
Мазлумларга ёрдам бериш шарафига ноил бўлишингиз учун Халифаликни барпо этиш ва халифани тайин қилиш зиммангиздаги шаръий вожибдир. Шу сабабли Ҳизб ут-Таҳрир пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифаликни барпо этиш йўлида сиздан нусрат (ёрдам) талаб қилади; бас, эй Қутайба ибн Муслимнинг авлодлари, ижобат қилинг!
Ҳизб ут-Таҳрир Марказий Матбуот бўлими



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ