Зайдийнинг Сурияга ташрифи ва минтақавий кучлар мувозанатининг қайта шакллантирилиши

Зайдийнинг Сурияга ташрифи ва минтақавий кучлар мувозанатининг қайта шакллантирилиши
Ироқ Бош вазири Али Фолиҳ аз-Зайдийнинг ўтган октябрь ойи охирида Сурияга қилган ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни қайта тартибга солиш жараёнида муҳим босқич бўлди. Бу ташриф Асад режими ағдарилганидан кейин юзага келган кескинликдан сўнг амалга оширилди. Уни минтақавий ўзгаришлар ва минтақада нуфуз учун кечаётган халқаро курашдан, шунингдек, Америка мусулмонлар юртларидаги сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий иттифоқлар ҳамда муносабатлар харитасини қайта чизишга қаратилган уринишларидан айри ҳолда кўриб бўлмайди. Зеро, Американинг бу уринишларидан мақсад — минтақадаги ҳукмронлигини давом эттириш, унинг имкониятлари, бойликлари ва географик жойлашувини назорат қилишдир.
Кузатувчиларнинг фикрича, ташриф асосан учта муҳим масалага — сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларига қаратилган. «Ал-Ҳурра» телеканали ва бошқа оммавий ахборот воситалари Мувофиқлаштирувчи ҳошиядаги раҳбар манбалар ҳамда Зайдийгa яқин кишилардан олинган маълумотларга таяниб, Американинг Ироқ ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак ташрифни бевосита ташкил этиш ва мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олганини хабар қилди. Агар бу маълумотлар тўғри бўлса, бу ҳолат Американинг минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни йўналтиришга қанчалик аралашаётганини яққол кўрсатади. Шунингдек, бу давлатлардаги сиёсий қарорларнинг ҳақиқатан мустақиллиги ва уларнинг ҳаракатлари Америка ҳисоб-китоблари ҳамда режаларига қай даражада бўйсунаётгани ҳақида жиддий саволларни ўртага ташлайди.
Сиёсий жиҳатдан Америка минтақадаги кучлар мувозанатини қайта шакллантириш, Эроннинг яккаланишини кучайтириш, унинг Ироқ ва Шом ўлкаларидаги таъсири ҳамда қўлларини заифлаштиришга интилмоқда. Шу билан бирга, Ироқ, Сурия ва Иорданияни, Ливандаги ўзига алоқадор кучларни ҳам қамраб оладиган, Ғарбга таянган минтақавий ўқни барпо этишга ҳаракат қилмоқда. Бу орқали Эроннинг минтақадаги воқеалар ривожига таъсир кўрсатиш имкониятини чеклаш кўзланмоқда.
Шундай қилиб, бу ҳаракатлар қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган оддий уринишлардек кўринмайди. Аксинча, улар халқаро ва минтақавий кучлар ўртасидаги нуфуз учун кураш доирасида амалга ошмоқда. Америка ўз манфаатларига хизмат қиладиган тарзда минтақа вазиятини қайта тартибга солишга ҳаракат қилмоқда ва мавжуд режимларни сиёсий битимлар, иқтисодий шерикликлар ёки хавфсизлик келишувлари орқали ўз сиёсатини амалга оширишга жалб этмоқда. Натижада мусулмон юртлари ҳисоб-китобларни ҳал қилиш ва нуфузни ўзаро алмашиш майдони бўлиб қолмоқда, Умматнинг ўз қарорларига эгалик қилиш ва тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқи эса четга сурилмоқда.
Иқтисодий жиҳатдан эса Америка Ироқ ва Халиж нефтини Сурия ҳудуди орқали ташиш учун муқобил йўналишларни очишга интилмоқда. Бу энергия таъминоти узлуксизлигини таъминлаш ва Эроннинг энг муҳим босим воситаларидан бири бўлган Ҳурмуз бўғозига қарамликни камайтиришга қаратилган. Америка ва Эрон ўртасидаги уруш оқибатида денгиз қатнови издан чиқиши ва энергетика инқирози юзага келиши, бунинг натижасида кенг кўламли иқтисодий оқибатлар келиб чиқиши шароитида мазкур йўналишларнинг аҳамияти янада ортди.
Зайдий ва Аҳмад аш-Шараъ Киркук — Банияс нефть қувурини қайта тиклаш лойиҳасини, шунингдек, савдо йўлакларини ривожлантириш ва минтақавий боғланишни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу Ироққа ўз нефтини Ўрта ер денгизи орқали экспорт қилиш учун қўшимча йўлларни очиш имконини беради. Музокараларда савдо, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам кўриб чиқилди.
Бу ерда бир саволни ўртага ташлаш зарур: ушбу лойиҳалар мусулмон юртларининг ҳақиқий иқтисодий мустақиллигига эришишни кўзлаяптими ёки улар халқаро кучлар, хусусан, Америка манфаатларига хизмат қиладиган тарзда энергетика ва савдо йўналишларини қайта тақсимлаш доирасида амалга ошириляптими? Аллоҳ мусулмон юртларига ато этган бойликлар Уммат ва унинг манфаатлари йўлида хизмат қилиши лозим. Улар буюк давлатлар ўртасидаги курашда савдо воситасига ёки уларнинг минтақа бойликлари устидан нуфузи ва ҳукмронлигини кучайтириш қуролига айланмаслиги керак. Шунингдек, нефть экспорти йўналишларини ўзгартириш қисқа муддатли иқтисодий фойда келтириши мумкин, аммо иқтисодий ва сиёсий қарорлар ташқи нуфуз тизимига қарам бўлиб қолар экан, бу қарамликдан халос бўлишни англатмайди.
Хавфсизлик соҳасида эса Суриядаги ўтиш даври ҳокимияти терроризмга қарши халқаро коалицияга қўшилди. Шунингдек, «ҚСД» кучлари бошқарувида бўлган қамоқхоналарда сақланаётган «Давлат» ташкилоти аъзоларидан минглаб киши Америка назорати остида амалга оширилган хавфсизлик келишувлари доирасида Ироққа кўчирилди. Америка кечагина бир-бирига қарама-қарши томонларда турган кучлар, жумладан, Асад режимини қўллаб-қувватлаган энг йирик кучлар ва милициялардан бири бўлган Ҳашд аш-Шаъбий билан ҳам хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашувни кенгайтиришга интилмоқда.
Бу ҳолат Зайдий ва Аҳмад аш-Шараъ ўртасида Дамашқда бўлиб ўтган расмий музокараларда ҳам намоён бўлди. Унда Ироқнинг юқори даражали хавфсизлик делегациясини Сурияга юборишни ташкил этишга келишилди. Делегация таркибига хавфсизлик идоралари ва Ҳашд аш-Шаъбий вакиллари кириши, чегаралар хавфсизлиги масалаларини кузатиб бориши ҳамда ҳамкорлик ва мувофиқлашув механизмларини ривожлантириши кўзда тутилди.
Бу ўзгариш эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган саволларни келтириб чиқаради: кечагина можаронинг бир томонида турган кучлар қандай қилиб қўшма хавфсизлик келишувларининг иштирокчиларига айланмоқда?! Бу келишувларнинг хусусияти ва мақсадларини ким белгиламоқда? Бу ишлар минтақа аҳолисининг манфаатлари ва хавфсизлигидан келиб чиқиб амалга ошириляптими ёки можароларни жиловлаш ва мавжуд кучлардан ўз стратегияси манфаати йўлида қайта фойдаланишга интилаётган Америка ҳисоб-китобларига мувофиқми?
Халқаро коалицияга бошчилик қилган, Ироқ ва Сурияга ҳарбий ҳамда сиёсий жиҳатдан аралашган Америка минтақа халқларининг кўнглини олиш учун ҳаракат қилмаяпти. У мустамлакачилик манфаатларидан келиб чиқиб иш тутмоқда ва хавфсизлик ҳамда сиёсий келишувларни белгилашда энг юқори сўз ўзиники бўлиб қолишини таъминлашга интилмоқда. Хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашувга бу ҳақиқатдан айри ҳолда қараш ёки терроризмга қарши курашни хорижий нуфузни мустаҳкамлаш ва мусулмон юртларини халқаро кучлар иродасига бўйсундириш учун баҳона қилиб кўрсатиш хатодир.
Албатта, музокаралар фақат сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалалари билан чекланмади. Уларда Суриядаги шиалар зиёратгоҳларига диний зиёратларни фаоллаштириш ва осонлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу зиёратларни енгиллаштириш ва зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни ўрганадиган қўмита тузиш масаласи муҳокама қилинди.
Бу масалага икки давлат ўртасидаги муносабатларни қайта меъёрлаштириш ва аввалги қулаган режим даврида мавжуд бўлган муносабатлар шаклларини тиклашга қаратилган кенгроқ жараённинг бир қисми сифатида қараш мумкин.
Шунингдек, бу жараён Асад режимини ағдариш учун улкан қурбонликлар берган, ўзгариш ва истибдод ҳамда қарамликдан халос бўлишни талаб қилиб майдонга чиққан Сурия инқилоби аҳлида асосли хавотирларни уйғотмоқда. Уларнинг қурбонликлари шунчаки ўткинчи бир босқичга айланиб қолиши, кейин эса қиёфалар ва шиорлар ўзгаргани ҳолда, мамлакат улар қарши чиққан ўша сиёсат ва иттифоқларга қайтиши асло мақбул эмас.
Инқилоблар дуч келиши мумкин бўлган энг катта хавф — уларни ўз домига тортиб, мазмун-моҳиятидан маҳрум қилиш ва фақат айрим шахсларни алмаштириб, янги шиорларни кўтариш орқали улар қарши чиққан сиёсий тизимни қайта тиклашдир. Инқилоб аҳли ўтиш даври ҳокимияти қулаган режим билан боғлиқ кучлар ва иттифоқларга яна эшик очаётганини, халқаро кучлар мувозанатига асосланган ўша муносабатларни қайта тиклаётганини кўрса, бу уларда чуқур умидсизликни келтириб чиқариши ва ўзлари қон ҳамда қурбонликлар эвазига эришмоқчи бўлган ўзгаришни амалга ошириш имкониятига бўлган ишончини сусайтириши мумкин.
Умматнинг муаммоси мустамлакачилик ўрнатган чегаралар билан бўлиб ташланган тузилмалар ўртасидаги муносабатларни яхшилашда ҳам, Америка нуфузини Эрон ёки бошқа кучлар нуфузидан устун қўйишда ҳам эмас. Аксинча, муаммо барча мустамлакачи кучларга қарамликдан халос бўлиш, Умматнинг султонлиги ва ўз қарорларини қайта тиклашдадир. Бу эса мусулмон юртларини бирлаштирадиган ҳақиқий сиёсий бирлик орқалигина амалга ошади. Ана шу бирлик Умматнинг мавқеини қайта тиклайди, Исломни бошқарув, сиёсат ва муносабатларнинг асосига айлантиради ҳамда Умматни парчаланган, бойликлари талон-торож қилинган ва қарорлари бошқаларга қарам ҳолда сақлаб қолмоқчи бўлган ҳар қандай кучнинг йўлини тўсади.
Шундай экан, инқилоблар самараси юртларимизда мустамлакачилик нуфузини қайта тартибга солиш бўлмаслиги керак. Балки улар Умматнинг мустамлакачилик ҳукмронлигидан халос бўлиши, ўз бирлиги ва султонлигини тиклаши ҳамда пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифаликни барпо этиши учун бошланиш нуқтаси бўлиши лозим. Зеро, Уммат ўз азизлигига фақат шу орқали қайта эришади, ўз қарорларига эгалик қилади ва бойликларини муҳофаза этади.
Устоз Аҳмад ас-Сувроний
Роя газетасининг 2026 йил 11 ноябр чоршанба кунги 625-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ