Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (gazeta.uz 29.07.2024й): Президент Шавкат Мирзиёев дзюдочи Диёра Келдиёровага қўнғироқ қилиб, уни Париждаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритгани билан табриклади.
Изоҳ: Хабарларга кўра, президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева ҳам Диёра Келдиёрова билан учрашиб, унга ўхшаган спортчилар келгусида жамиятдаги гендер ҳақсизликка қарши қаратилган бир қанча лойиҳаларнинг асосий юзи бўлишини билдирди. Бундан тушуниш мумкинки, ҳукумат демократиянинг заҳриқотил иллатларидан бири бўлган гендер тенгликни мусулмон халқимиз орасида тарғиб қилишда, жумладан, спортчи аёллардан ҳам фойдаланмоқчи. Бу эса мусулмон ёшларимизни Аллоҳнинг аёл табиатига хос бўлган ҳукмларидан узоқлаштириб, ўрнига Ғарбнинг бузуқ қадриятларини тиқиштиришга уринишдан бошқа нарса эмас. Бошқа томондан, ёшлар зеҳнига спорт мусобақаларидаги ғолиблик энг юксак мақсад бўлиши кераклигини сингдириш режаси ҳам бор. Токи, бу ёшлар ўз ғайрат ва шижоатини арзимас нарсаларга сарфлаб юборсин ва динини тушунмай, ундан узоқ юрадиган кимсаларга айлансинлар. Шунинг учун ҳам ўзбек ҳукумати спортда қандайдир ютуққа эришган ёшларни қуюқ мукофотлар билан сийлаяпти, бошқаларга ибрат-намуна қилиб кўрсатяпти. Масалан, биргина Париждаги олимпиада учун миллиардлаган маблағларни кўкка совуряпти. Бироқ спортдаги қандайдир “ютуқ”лар мусулмонларни ҳозирги қолоқ ва заиф аҳволдан қутқара олмайди. Шунингдек, ёшларнинг ақлий ва жисмоний қувватлари ҳам беҳудага совурилади. Энг муҳими, дунёда мусулмонлар устидаги зулм-зўравонликлар кучайиб кетган, айниқса, Фаластинда аксари аёллар ва болалардан иборат ўн минглаган мусулмонлар лаънати яҳуд вужуди томонидан қирғин қилинаётган бир пайтда, қаёқдаги мусобақалардаги ғолибликдан хурсанд бўлиш ва фахрланиш – Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган инсонга асло ярашмайди. Агар мусулмонлар оламдаги барча унвону медалларга эга чиқсалар ҳам, Фаластинда дарё бўлиб оқаётган ака-ука, опа-сингилларининг қонидан бир томчисини ҳам юва олмайдилар… Ҳа, ҳақиқат мана шу – эй ёшлар, фикр юритинг ва уйғонинг!
Хабар (gazeta.uz 29.07.2024й): Олий таълим муассасаларида 2024/2025-ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари эълон қилинди. Қиймат ўтган ўқув йилига қараганда 15 фоизга оширилган.
Изоҳ: Масалан, бакалавриатда энг оммабоп ва арзон Педагогика йўналишида тўлов миқдори 6 412 610 сўмдан 7 400 000 сўмгача кўтарилган. Энг қиммат Ҳуқуқ йўналишидаги тўлов миқдори 9 809 260 сўмдан 11 250 000 сўмгача ошган. Стипендиялар миқдори эса 2021 йилдан буён ўзгаришсиз қоляпти. Умуман олганда, Ўзбекистонда бутун таълим тизими абгор аҳволда эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Энди эса мана шундай яроқсиз таълим янада қимматлашди. Албатта, таълим қанчалик қиммат бўлса, саводсизлик ҳам шунчалик юқори бўлишини ўзбек ҳукумати яхши англаса керак. Шунинг учун ҳукумат бу билан ёш авлоднинг янада саводсиз бўлиб қолишни истаяптими, деган табиий савол туғилади. Аммо масалага Ислом нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ҳар бир шахс – хоҳ у эркак, хоҳ аёл бўлсин – ҳаёт майдонида зарур билимларга эга бўлиши фарз ҳисобланади. Хусусан, бошланғич ва ўрта босқичларда таълим олиш барчага мажбурийдир. Таълимни барчага бепул таъминлаш давлат зиммасидаги иш бўлади. Олий таълимни ҳам имкон қадар барчага бепул таъминланади. Агар қисман пулли қилишга тўғри келса ҳам, ҳозиргидек қиммат эмас, балки ҳамманинг қурби етадиган даражада енгил қилинади инша Аллоҳ.
Хабар (gazeta.uz 29.07.2024й): Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклади.
Изоҳ: Мирзиёев ўз табригида ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга қаратилган ишларни янги босқичга кўтариш талаб этилаётганини таъкидлаб ўтди. Президентнинг ушбу сўзлари собиқ сиёсий маҳкумлар қайта қамалаётгани, шунингдек, ушбу зулмга қарши Ҳизб ут-Таҳрир Исломий сиёсий партияси томонидан ўтказилган ““Воо Умматимоо!” Ўзбекистондаги фикр маҳбусларидан нидо!” номли кенг кўламли кампания якунига етганидан сўнг айтилмоқда. Мирзиёев ёт ғоя деганда, Халифалик давлатини тиклаш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлашни назарда тутганига шак-шубҳа йўқ. Жумладан, оқимлар деб, бутун Ислом умматини ана шу соф Исломий ғоя атрофида бирлашишга чақираётган Ҳизб ут-Таҳрирни ҳам назарда тутди. Демак, аҳоли, айниқса ёшлар орасида ушбу даъватга қизиқиш, уни қабул қилиб, янада кенгроқ тарқатишга рағбат кучайиб бораётгани Мирзиёев бошлиқ ўзбек ҳукуматини қаттиқ хавотирга солмоқда. Қандай хавотирга солмасин, ахир унинг Америка ва Россия каби “катта оға”лари сиёсий Исломга қарши курашни қаттиқ талаб қилиб келишяпти. Бироқ шуниси аниқки, ботил йўлдагилар ҳар қанча уринишмасин, ғалаба доим ҳақ эгалари томонида бўлганлиги Пайғамбарлар тарихидан ҳам, Росулуллоҳ ﷺ сийратларидан ҳам маълум ва машҳурдир. Шундай экан, Росулуллоҳ ﷺ тариқатларини маҳкам ушлаган Ҳизб ут-Таҳрир ва унинг даъватига фақат ночор ҳукуматлар ва жоҳил кимсаларгина қарши чиқишлари мумкин.
Хабар (qalampir.uz 01.08.2024й): Япония Бош вазири Фумио Кисида август ойида Қозоғистонда Марказий Осиёнинг беш мамлакати етакчилари билан учрашув ўтказади ва минтақага иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилади. Бу ҳақда япон ҳукумати расмийларига таяниб, “The Japan Times” нашри хабар берди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, ёрдам режасига кўра, Япония Каспий денгизи орқали Марказий Осиё ва Европани Россиясиз боғлайдиган савдо йўлини ўрнатишга кўмаклашади. Шу орқали Япония барқарор экспорт йўли минтақага иқтисодий мустақиллик беришига умид қилмоқда. Албатта, булар минтақага мустақиллик бериш, деганда мутлақ мустақиллликни эмас, балки Россиядан мустақил бўлишни назарда тутади. Демак, минтақанинг мустақил бўлиши ҳақидаги даъво ёлғондан бошқа нарса эмас. Чунки Япония Америка таъсири остидаги давлат. Шунга кўра, Япониянинг бу қадами Американинг қадами ҳисобланади. “The Japan Times” газетаси “МО минтақасида Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда” деб ёзган хабари сўзларимизни тасдиқламоқда. Энг ачинарлиси, кофир давлатлар мусулмонлар юртларини йиртқичлар ўлжа талашгандай талашмоқда. Тоғут ҳокимлар эса арзимас ушоқларга рози бўлиб, аҳолини ёлғон ислоҳотлар орқали алдаш билан кофирларга кенг йўл очиб беришмоқда. Шунинг учун уммат Ислом мабдасини татбиқ қилувчи Халифалик давлатини тиклашга ҳаракат қилаётган Ҳизб ут-Таҳрирни қўллаб-кувватлаши зарур. Ёлғиз Халифалик давлатигина Ислом умматини мустамлакачи кофирлар ва малай ҳокимлар кишанидан озод қилади ҳамда юртларимизни тўлиқ ҳимоя қилади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ: “Имом (яъни халифа) қалқондир. Унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”, – дедилар.
Хабар (qalampir.uz 01.08.2024й): Бир неча кун олдин Адлия вазирлиги “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамалар порталига жойлаштирди.
Изоҳ: Таъкидланишича, жамоатчилик фаоллари ва мутахассислар ушбу янги қонун лойиҳасида жиддий камчилик ҳамда “лазейка”лар борлигини айтиб, бу хусусий мулкни янада хавф остига қўйиши мумкинлигини билдиришмоқда. Ҳақиқатан, мазкур қонун ҳар қандай хусусий мулк дахлсизлигини бузиб, ўзгалар томонидан эгаллаб олинишига кенг йўл очиб бериши мумкин. Буни билиш учун мутахассис бўлиш ҳам шарт эмас. Ўзи шундоқ ҳам халқимиз “снос” деб аталмиш катта балодан азият чекиб келяпти. Қанчадан-қанча одамларнинг катта пул ва меҳнат сарфлаб қурган уй-жой ва бинолари бузиб ташланиб, тортиб олиняпти, компенсация тўланиши ҳам ҳокимиятдагиларнинг “кайфияти”га боғлиқ бўлиб қолган, хоҳласа тўлайди, хоҳламаса йўқ. Албатта, бундай ҳолат қонун-қарорлар билан ўнгланмайди, чунки татбиқ қилинаётган демократик тузумда манфаат биринчи ўринда туради. Исломда эса бунинг акси ўлароқ, хусусий мулк юксак даражада ҳимоя қилинади. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Мусулмоннинг жони, моли ва обрўси мусулмон учун ҳаромдир”. Масалан, Умар р.а. ўз халифалиги даврида Пайғамбаримиз ﷺнинг масжидларини кенгайтирмоқчи бўлиб, унинг ён-атрофидаги уйларни сотиб олади. Фақат бир уйнинг эгаси уйини сотишга рози бўлмайди. Ҳолбуки, халифа Умар р.а. уй учун катта нарх таклиф қилган эди. Улар қозига бордилар ва қози уй эгасининг фойдасига ҳукм чиқарди. Чунки у ўз хусусий мулкини сотиш ё сотмасликка ҳаққи бор эди. Ҳа, Ислом ҳукмлари татбиқ этилган даврларда ҳар қандай инсоннинг мулк дахлсизлиги кафолатли ҳимоя қилинган эди. Демак, фақат Исломий ҳукмлар амалда татбиқ бўлиши орқалигина мулк дахлсизлиги тўлиқ таъминланишига эришиш мумкин.
Хабар (uza.uz 02.08.2024й): 34 йил аввал қотилликда айбланиб қамалган америкалик Кристофер Данн айбсиз, деб топилди. Бу ҳақда “Midwest Innocence Project” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.
Изоҳ: Бу хабарни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатди. Шунга ўхшаш хабарлар бошқа маҳаллий ОАВларда ҳам чиқиб турибди. Қизиғи шуки, бу ахборот воситалари минглаб километр йироқдаги ҳеч ким танимайдиган бир ғайримусулмон кимса ноҳақдан фалон йил қамалиб чиқди, деган хабарларни тарқатишяпти-ю, бироқ бурнини тагида бўлаётган ишлардан кўз юмишяпти. Ёки улар Ўзбекистонда 1999-2000 йиллардан бери туҳмат ва ёлғон айбловлар билан қамоққа ташланиб, ҳозиргача озодликка чиқарилмаётган сиёсий маҳбуслар борлигини билишмасмикин?! Ёки яқинда 23 нафар йигит қўлга олиниб, улардан 15 тасига нисбатан адолатсиз равишда 7 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилганидан бехабар қолишдими?! Булар ҳам аввалда 20 йиллаб оғир шароитли қамоқларда бўлганлари учун яримжон бўлиб чиқишган эди. Бундан ташқари, ҳозирда яна 19 йигит устидан тергов ҳаракатлари кетмоқда. Хўш, булар ҳақида маҳаллий ОАВларнинг хабари йўқми?! Йўқ, албатта, хабарлари бор. Агар хабари йўқ дейдиган бўлсак, аслида уларни таҳқирлаган бўламиз. Чунки қандай қилиб хабари бўлмаслиги мумкин…?! Қолаверса, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошқа машҳур маҳаллий интернет-нашрларга бу воқеа-ҳодисалар ҳақида тўлиқ маълумот берилиб, улардан халқимизни хабардор қилиш сўралган хатлар жўнатилган эди. Афсуски, улардан бирортаси ҳам хатга жавоб бермади, сўровни ҳам жавобсиз қолдиришди. Ҳолбуки, ахборот майдонига чиққан ҳар қандай нашр ўз ишига холислик ва масъулият билан ёндашиши лозим эди. Бироқ ҳозирги ахборот воситаларининг деярли барчаси иккиюзламачи, бачкана ва шунингдек, ҳукумат манфаати учун хизмат қилувчи нашрлар эканлиги янада очиқроқ кўриниб қоляпти. Албатта, улар бунинг оқибатини халқимиз эътиборидан бутунлай қолганларида ва эртага Аллоҳнинг олдида ҳисоб берганларида кўрадилар!
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
05.08.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми