Бир чимдим ақл кифоя…

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Бир чимдим ақл кифоя…
بسـم الله الرحمن الرحيم
Бир укамиз бўларди, илми саёзроғу, аммо давраси доимо гавжум. Аристонларнинг ўғри-ю тўғриси уни эшитиб завқланарди. Нималарни гапиради билмадиму, лекин эшитгувчилар суд залидаги адвокатни эшитаётгандек юзлари ёришарди. Гоҳо, гап орасида аристонлар тиззаларига шапатилаб олқишлаб, укамизнинг елкасига “қойил” маъносида муштлаб қўйишарди. Кунига икки маҳал саноқ(проверка)да унинг ёнида ўтириш талаш бўлиб кетарди. Ётоғимиз бошқа, иш сменамиз фарқли бўлгани учун кам гаплашардик. Фақат дам олиш кунлари чойлашиб қоламиз. Нимагадир анави давраларда жағи тинмайдиган кишининг бизни олдимизда бўлганида “мум тишлаб туриши” мени ҳайрон қолдирарди. Ундан бир гал бу ҳақида сўраганимда “сизлардан олганимни уларга ўзларининг “тилида” айтиб бераман” деган эди. Негадир ўшаларнинг “тили”га қизиқишим кучайди. Бир куни у обод қилаётган даврага танқис ширинликлардан олиб бориб қўшилдиму, лекин мен кўзлаган мақсад ҳосил бўлмади. Назаримда қувноққина баҳс даврасида мен гўё “аталадан чиққан суяк” каби бегона кўриндим. Хуллас, унинг ўзгаларни моҳирона жалб қилиш услуби менга қоронғу бўлиб қолаверди.
Бир куни зонага диний қўмитадан бир гала домлалар келиб “адашганлар” қўшиғини роса куйлашди. Муллаларнинг фикри бизларга қанчалар таъсир қилганини ўрганиш мақсадида зона катталари штабга навбатма-навбат чақира бошлади. Омадим келиб ўша укамиз билан режим бошлиғи кабинетига чақирилдик. Доимо тунд башарали майор Машрабни кўриб негадир чеҳраси ёришиб кетди. Кабинетда гўё мен йўқдек у билан савол-жавоб бошлади.
– Энди нима дейсан “девона”? (Девонаи Машрабга ишора қилмоқда – муал.) Келган домлалар бир нарсани билмаса сенларни ҳизбингга тош отмаса керак? Ҳар ҳолда олимлар сенлардан кўра билимлироғу, тўғрими?
Машраб менга бир қараб олди-да, бошлиққа эски қадрдонлардек исми билан мурожаат қилди:
– Эээ, Тўлқин ака, қизиқсиз-да, сиз одамнинг гапини тўғри ё пачақлигини елкасидаги юлдузчаларга, бошидаги салласига қараб ажратасизми? Пагони серюлдуз ва семизроқ бўлса, уни гапини тўғри, дейсизми? Буйруқ берса бўлди, орқа-кетига қарамай бажараверасизми?
Мен унинг автоматдан чиқаётган ўқдек гапларидан бор-йўқ аҳволга тушдим. Тепа-теп ва изолятор ҳидини сеза бошладим. Лекин майорда ажойиб юмшоқ табассумни кўриб, ичимда қўзғолган қўрқув бироз ортга чекингандек бўлди. У Машрабнинг киноясини эшитмагандай:
– Эд-девона! Сен Қашқадарёнинг ит топмас жин кўчаларидан бўлсанг, улар мадраса кўрган олим бўлса..?
– Кўпам ит топмас жойдан эмасман ака, ҳамкасблариз мени топди-ю, – деган эди, майор ўрнидан туриб иш столини айланиб ўтиб, Машрабнинг рўбарўсига келди-да, ичидан қўзғолган кулгу вулқонлек портлади. Мен укамизнинг гапидаги кинояга майорнинг бундай реакция беришини кутмагандим. У:
– Ҳамкасбларимни итданам баттар дейсан-да, – деб яна бир муддат кулгусида давом этди-да:
– Сен катта гапирма бола, ноннинг каттаси қоринни тўйдиради, лекин гапнинг каттаси белингни синдиради. Хўш, жаа ақлли экансан, Қуръондан қанча илминг бор, ўша салласи семизлардан кўпроқ эмасдир? – деди.
– Ҳа, энди, уларчалик бўлмаса ҳам, ўзимга яраша биламан.
– Уларчалик билмасдан туриб, Халифалик деб, сиёсатга аралашиб ўлиб кетасан бу кетишда. Аввал ўқи, ўрган, кейин сиёсатга бурнингни тиқасан.
– Хўп ака, ўқийман. Лекин сизга ўхшаб мен ҳам китоб титгани дангасароқман. Мана сиз, жазони ижро этиш қонунларида ёзилган 78-моддани биласизми?
– …
– Ана кўрдизми, билмейсиз! Шунақа бўлсаям зонада режим бошлиғисиз! Лекин ўғил бола гап шуки, оқ ва қорани ажратиш учун жааа катта илм шартмас, бир чимдим ақл кифоя!
– Гапир, гапиравер!
– Қозонга энг дефицит нарсалар ташласагу, лекин бир чимдим тузни унутсак, овқатимиз бемаза бўлганидек, анави саллалигу раҳбарлар гапига бир чимдим ақлни ишлатмасак, уларнинг гапини тўғри деб, қозондаги тузсиз овқатга коса тутган кишидек юраверамиз-да, – деди.
Унинг шу гапидан кейин майор кулгидан тўхтади ва кутилмаганда менга қараб: “сен чиқиб тур”, – деб мени чиқариб юборди. Мен эшик ортида, кабинетда бўлиб ўтган суҳбатни бирма-бир, қайта-қайта эслашга улгурдим. Анчадан кейин эшик очилиб укамиз чиқди. Навбатим келди, деб эшикка интилгандим, укамиз “юринг кетдик ака, майор тушлик қиларкан, кетаверинглар деди” деб, мени етаклади. Мен йўл-йўлакай бор гапларни ундан эшитиб келдим. Гапини тугатгач: “Ука, сиз майордан сўраган 78-моддада нима дейилган эди?”, – деб сўрагандим, у кулимсираб елкамни қучиб: “Билмайман ака, лекин майор ҳам билмаслигини тахмин қилувдим, тўғри чиқиб қолди, ака машҳур бир гап бор-ку “девонани ишини Худо ўнглайди” деган”, – деб мени роса кулдирди.
– Мен сизни ўғрилар “тилини” биласиз десам, мелисаларнинг “тили”дан ҳам хабардор экансиз-да, дегандим, у кулимсираб:
– Ака, аслида уларнинг тили бир-биридан унча фарқ қилмейди, чунки касби бир-бирига яқин, деб мени яна бир бор ҳикматли иборасидан баҳраманд қилди.
Секторга кирганимизда унинг келишини кутиб ўтирган улфатлари чойга таклиф қилишди. Укамиз мени ҳам “юринг” деб қистаганди, унамадим. Чунки яна бир бора уларнинг суҳбатига ҳалақит бергим келмади.
(Бир чимдим ақли билан Ҳақни топган укамизни эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
12.11.2023й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ