Фарғонадаги ҳужралар рейди: Исломий таълимга нисбатан тоқатсизликнинг яна бир кўриниши

Фарғонадаги ҳужралар рейди: Исломий таълимга нисбатан тоқатсизликнинг яна бир кўриниши
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Фарғона вилоятининг тўрт туманида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган рейдлар давомида хона шароитида вояга етмаган болаларга диний таълим берилгани аниқланди. Хабарга кўра, Марғилон шаҳрида 50 ёшли шахс 10−16 ёшли қизларга, Ёзёвонда 34 ёшли шахс 6 нафар болага, Қўштепада 50 ёшли шахс ва Данғарада 62 ёшли шахс ўз хонадонларида диний таълим берган. Шунингдек, Фарғона туманида жойлашган хусусий ўқув марказида ҳам 28 ёшли шахс томонидан 28 нафар болага диний таълим берилгани маълум қилинди (gazeta.uz).
Маълумки, Ўзбекистонда Исломий таълим деб эътибор қилинадиган давлатга қарашли саноқли ўқув даргоҳлари бор. Гарчи уларнинг номи Исломдан таълим беришни англатса-да, аслида улар мавжуд ғайриисломий тузум ва ўзбек режимини қўриқлайдиган содиқ кадрлар – имом-домлалар етиштириб чиқарувчи “фабрика” ҳисобланади. Ана шулардан ташқари ҳеч ким мусулмонларга диндан таълим бериш ҳуқуқига эга эмас ва уларга “ноқонуний диний таълим” берувчилар сифатида қаралади ва қаттиқ таъқиб остига олинади. Мана шундай рейдлар Ўзбекистонда кечаётган кенгроқ муаммони, яъни ёшларга Исломий таълим беришга нисбатан қаратилган давомли ва босимли тўсиқлар мавжудлигини очиб ташламоқда.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 18 ёшгача бўлган шахсларга диний таълим бериш қатъиян тақиқланган. Бу эса шунга олиб келяптики, ёшлар ўз дини, эътиқоди, Исломий қадриятларини билишга, тушунишга ва уларда шаклланишга имкониятсиз ҳолда улғаймоқда. Ана шундай шароитда Шавкат Мирзиёевнинг “ёшларимиз илмли, тарбияли, маърифатли, инсонпарвар бўлиши керак” деган маънодаги сўзлари қайси мантиққа тўғри келади?! Ахир, Исломий таълим шунчаки Қуръон ёдлаш ёки намоз ўргатиш эмас. Шу билан бирга, у инсонда тақво, ҳалоллик, масъулият, тартиб ва ҳаётга тўғри ёндашувни шакллантирадиган туб асосдир. 18 ёшгача ўзини мусулмон санаб, бироқ динини танимаган боладан эса тақволи, ҳаёли, ҳалол инсон чиқишини кутиш худди даромадсиз ерни суғориш каби беҳуда ишдир.
Ҳукуматнинг диний таълимга қарши олиб бораётган сиёсатини жуда қаттиқ душманлик, десак муболаға бўлмайди. Чунки Фарғонадаги ва умуман республика бўйлаб ҳужраларга қарши уюштирилаётган давомли рейдлар шунчаки “ноқонуний диний таълим”га қарши кураш эмас, балки Исломий таълимга қўйилган қаттиқ чекловдир. Бу ерда Исломий таълимга – гарчи у фақат Қуръон ёдлатишга чекланган бўлса ҳам – таҳдид сифатида қараш мавжуд. Чунки ҳужраларда таълим берган одамларга шунчаки жазо берилиши билан чекланмай, уларга қарши шов-шув кўтариб, одамларни ваҳимага солишяпти. Ҳатто фарзандига оддий дуо ўргатган одам ҳам қўрқитиладиган даражага келган. Демак, ҳукумат одамларни умуман Ислом ва унинг аҳкомларига яқинлашишларидан қаттиқ қўрқади.
Бундан ташқари, хусусий Исломий таълим марказларини очишга ҳам жуда катта тўсиқлар бор. Лицензия ва рухсат олиш деярли имконсиз. Давлат мактабларида эса Исломий таълимдан асар ҳам йўқ. Адабиёт, тарих ва тил каби сақофатга оид дарсларда ҳатто Ислом ҳақида шубҳа уйғотиш ва уни хавфли қилиб кўрсатадиган мавзулар ҳам йўқ эмас. Бу эса ёшлар орасида Ислормга нисбатан салбий кайфият уйғотишга қаратилгандир. Натижада, ёшларимиз Ғарб ҳаёт тарзи ва ғояларини нормал деб қабул қилиб, динни намоз каби фақат шахсий ибодатлардан иборат деб қарашмоқда. Бу эса келажак учун жиддий хавфдир.
Кўпчилик “Исломий таълим” деганда, Қуръон ёдлаш ёки баъзи ҳадисларни эшитишни тушунади. Албатта, Қуръон ёдлаш улуғ ва мақтовга сазовор иш. Лекин Исломий таълим фақат шундан иборат эмас. Бу таълим китоб ёдлашдан ҳам кенгроқ, чуқурроқ ва ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб оладиган тушунча. Исломий таълим инсоннинг Роббиси, ўзи ва бошқалар билан муносабатини тартибга солади. У инсон қалбига тақво, адолат, ҳалоллик, сабр ва масъулият каби юксак фазилатларни сингдиради. У инсонни фақат билимли эмас, ҳалол, мустаҳкам, ҳаёли ва жамиятга фойдали шахс қилиб тарбиялайдиган кенг қамровли жараёндир. Бу жараён хусусий хонадонлар ё масжидлардагина эмас, балки давлат миқёсидаги таълим сиёсати орқали амалга оширилиши керак. Аммо Ўзбекистонда татбиқ қилинаётган динни ҳаётдан ажратишга асосланган тузум бундай юксак таълим-тарбиядан йироқ. Чунки бу жамиятда шариат ҳаёт мезони эмас.
Тўлиқ ва мукаммал Исломий таълим ҳаётнинг ҳар бир соҳасида шариатни татбиқ қилувчи Исломий давлат – Халифаликда йўлга қўйилади.
Шу ўринда биз Ҳизб ут-Таҳрир сиёсий исломий жамоасининг “Халифалик давлатида манҳажий таълим асослари” китобидан қуйидаги иқтибосни келтиришни лозим деб топдик. Унда Халифалик давлатининг таълимга бўлган қараши ва мақсадлари равшан баён қилинган:
“3. Халифалик давлатида таълимнинг умумий мақсадлари
Таълимнинг икки асосий мақсади бўлиб, ўқитиш услублари ва дарсликларини белгилашда уларга риоя этиш лозим. Улар қуйидагилар:
1. Уммат фарзандларида Исломий ақлия ва нафсиядан иборат Исломий шахсияни пайдо қилиш. Бу иш уларнинг диллари ва ақлларига исломий сақофатни ақида сифатида ҳам, тафаккур сифатида ҳам, турмуш тарзи сифатида ҳам сингдириш орқали амалга ошади. Шунга кўра, Халифалик давлатида таълим программаларини ишлаб чиқувчилар ва амалда татбиқ этувчилар шу ғояни рўёбга чиқаришга ҳарис бўладилар.
2. Мусулмон фарзандларини ижтиҳод, фиқҳ, қозилик каби Исломий илмлар соҳасида бўлсин, ёки ҳандаса, химия, физика ва тиббиёт каби аниқ фанлар соҳасида бўлсин, ҳаётнинг барча соҳаларида мутахассис олимлар қилиб етиштириш. Токи улар Ислом давлати ва Умматини кафтларида кўтариб, давлатлар ва умматлар орасидаги энг юқори мақомга олиб чиқсинлар. Токи уларнинг давлати тафаккури ва иқтисодида кимгадир қарам ёки малай бўлмасдан, етакчи ва ўз мабдаси билан таъсир кўрсатувчи давлатга айлансин”.
Мана шундай тизим, яъни ақл ва нафсни баробар тарбиялайдиган, Исломни ҳаёт асоси қиладиган ва илмни ҳар томонлама ривожлантирадиган таълим фақат Халифалик орқали амалга ошиши мумкин. Уммат фарзандлари ана шундагина ҳақиқий шахсият ва ҳақиқий қадрият соҳиби бўлади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
23.07.2025й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб