Инсон ўзлигини шаръий бошқарувсиз асло сақлаб қололмайди
Инсон ўзлигини шаръий бошқарувсиз асло сақлаб қололмайди
بسم الله الرحمن الرحيم
(Эркаклар аёлтабиат бўлиб, хотинлар эса эркакшода бўлиб ўзгаришига Аллоҳнинг динини қўйиб инсонлар тарафидан тузилган қонунларга ўтгач йўлиқдилар)
Қайси оиладан шариат кетган бўлса, ўша хонадонда инсоний ўзлик йўқолди. Шундай бўлиши муқаррар нарсадир. Чунки Аллоҳга ва Росулига муҳаббатли оилада шариат ҳакам бўлади. Шариатни Росулуллоҳ ﷺ орқали юборган Шореъ таоло оилада эр кишини ўрнини мукаммал кўрсатиб қўйди. Аёлнинг ҳам оиладаги мақоми (статуси) қатъий белгиланди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар”. (Бухорий, Абу Довуд ривояти)
Бугунги кунда барча Ислом юртларида омматан аёлни оиладаги ўрнини максимал даражада ўзгартириш ишлари шиддат билан юргизилмоқда. Бу кураш Бухорийлар юртига ўрис тумшуғини тиққан даврдаёқ бошланган. Аллоҳнинг лаънати ёғилгур Ленин “санъатлар ичида (диний ўлчовларни ўзгартириш учун) энг муҳими кинодир” деган фалсафани юртимизда шакллантиришга зўр берди. Бу фалсафани “Ўзбекфильм” ижодкорлари яхшигина англаганлар. Ўша даврларда кенг тарқалиб ҳозиргача давомли намойиш этилаётган “Мафтунингман”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ёр-ёр” каби фильмлар халқимиз зеҳниятини бузишда ҳамон қўлланиб келинмоқда. Ўша даврдаёқ фильмдаги кийинишларга, эр-хотин муносабатларига, актёр ва масхарабозларга кўр-кўрона тақлидлар бошланган эди. Эркакларга аёллар карашмалари ва аёлларга эркаклик аломатларига тақлидлар сингдирилди. Бугунга келиб эса ўша бузуқлик ижодкорларининг фаҳш ва ҳаёсизликлари улар қолдириб кетган шогирдларида давом этиб келмоқда. Кулги жамоаларининг турли номлардаги чиқишларида ҳаёсизлик бугуннинг ёшу қарисини тубанликка тобора қулатмоқда. Унда эркак қилиғидаги қизлар ва аёлдек нозланувчи эркаклар бор истеъдодини инсоний ўзликни бузишга сарф қилмоқдалар. Биз бу бузғунчиликни касб қилиб олганларнинг яқин орада ўзгариб ислоҳ топишига ишончимиз оз бўлса-да, лекин ҳаққа даъват қилишда одам танланмаслик эътибори билан баъзи насиҳатларни қилмоқчимиз. Зеро, улар ҳам мусулмонлик даъвосидаги шу Умматнинг бир қисмидир. Аммо афсуски улар устозлари йўлидан кетмоқдалар. Шундай бўлса-да уларга эслатамиз! Зора, эслатма олсалар.
“Расулуллоҳ ﷺ аёлсифат эркакларни ва эркакшода аёлларни лаънатлаганлар”. (Бухорий ривояти).
Биламизки, кийиниш ва гапиришда эркакларга ўхшайдиган аёлларга эркакшода аёллар дейилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар кийимини киядиган эркакни ва эркаклар кийимини киядиган аёлни лаънатладилар”. (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким).
Шу муборак ҳадисга кўра, агар аёл киши эркакларга хос бўлган либосларни кийса, у ўзини эркакларга ўхшатган ҳисобланади ҳамда Аллоҳ ва Расулининг лаънатига дучор бўлади. Эри ҳам агар унинг шундай юришига имкон берса, яъни рози бўлса ва қайтармаса, у ҳам малъундир (лаънатлангандир). Чунки у аёлини Аллоҳга итоат этишга ундаши ва гуноҳ ишлардан қайтариши лозим эди. Зеро, Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг олтинчи оятида шундай баён қилади:
يٰۤاَيُّهَا الَّذِيۡنَ اٰمَنُوۡا قُوۡۤا اَنۡفُسَكُمۡ وَاَهۡلِيۡكُمۡ نَارًا وَّقُوۡدُهَا النَّاسُ وَالۡحِجَارَةُ عَلَيۡهَا مَلٰٓٮِٕكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَّا يَعۡصُوۡنَ اللّٰهَ مَاۤ اَمَرَهُمۡ وَيَفۡعَلُوۡنَ مَا يُؤۡمَرُوۡنَ
– “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар. (Таҳрим:6)
Бу оятда эр кишига оиладаги ишларни тартибга солишни буюриш баробарида, ҳар бир шахснинг ўрнини ва ўзлиги ифодаси баён қилинмоқда. Яъни эрларга қарата, уларга одоб ва таълим беринг, Аллоҳга итоат этишга буюриб, гуноҳ ишлардан қайтаринг, ўзингизга ҳам худди шундай муносабатда бўлинг, дейилмоқда. Ислом давлатини Мадинада барпо қилиб, уни Аллоҳ юборган шариат билан бошқарган ҳамда ўн тўрт асргача олам давлатларини мувозанатда, шаръий меъзон ўлчовлари билан бошқарилишига ўрнак ва намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ айтганлар: “Ҳар бирингиз нозир ва ўз раъиятига масъулдир. Эркак киши ўз аҳли оиласига нозир ва қўл остидагиларга масъулдир”. (Муттафақун алайҳ).
Эй, Ислом билан азизликка эришган буюк Умматнинг бир қисми бўлган Бухорий авлодлари! Сиз ўзлигингизни ва аввалги азизлигингизни соғинмадингизми?! Эй, сиз улуғ алломалар бешикларини тебратган оналар юртининг муслималари! Унутмангки, оилада ўзлик ва ўринларнинг алмашиши хорлик эшигини очгувчи иллатдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Эркаклар аёлларга итоат этган вақтларида ҳалок бўлдилар”. (Ҳоким ривояти).
Ва сиз алломалар юртининг эркаклари ҳам асло унутмангки, зиммангизда эрлик бурчингиз бор. Уни тарк этиб икки дунёда бадбахт кимсалардан бўлиб қолманг! Ҳасан розияллоҳу анҳу айтганлар: “Аллоҳга қасамки, киши хотинига унинг ҳавойи нафси тилаган нарсаларда итоат этса, Аллоҳ таоло уни дўзахга улоқтиради”.
Эй азиз ўқувчи, огоҳ бўлинг, сиз бу мавзуда, бузуқлик-расволик асосчиларининг умматга етказаётган даҳшатли тубанликка чорловидан яна бир бора огоҳ бўлдингиз! Энди ҳулоса қилиб Сарвари коинот ﷺнинг шу кунларни чизгиларини баён этган ҳадисларидан айримларини келтирамизки, бу билан кимларнинг аслида ким эканлигидан қайта огоҳ бўлинг: “Мен кўрмаган икки тоифа борки, улар дўзах аҳлидандир: Сигир думига ўхшаш қамчилари бўлиб, у билан одамларни урадиган тоифа ҳамда кийим кийган яланғоч (яъни кийими ичидаги авратларини яширишга қодир бўлмаган либосли, йўлдан урувчи) йўлдан озган аёллар. Уларнинг бошлари туянинг ўркачи каби. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Ҳолбуки, унинг ҳиди мунча-мунча йўллик масофадан келиб туради”. (Муслим ривояти). Яна у зот ﷺ айтганларки: “Ўзимдан кейин эркаклар учун аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим”. (Муслим ривояти).
Аллоҳ таолодан бизни аёллар фитнасидан сақлашини ва Ўз фазлу марҳамати ила уларни ҳам, бизни ҳам ислоҳ этишини сўраймиз.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
10.04.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми