ЛАЗЗАТЛАРНИ КЕСУВЧИ (ЎЛИМ)НИ КЎПРОҚ ЭСЛАНГЛАР!”

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
ЛАЗЗАТЛАРНИ КЕСУВЧИ (ЎЛИМ)НИ КЎПРОҚ ЭСЛАНГЛАР!”
Турмуш ўртоғим билан оила қурганимизга ҳам 18 йил бўлди. Шу йиллар ичра яхши – ёмон кунларимизнинг қанчасини кўриб ўтдик. Аллоҳга шукур, жуда меҳрибон ва сабрли инсоннинг завжаси бўлишдек бахтга муяссар бўлганман. Турмуш ўртоғимда ўзим учун ибрат ва намуна оладиган сифатлар жуда кўп. Биргаликда 3 фарзандни вояга етказганмиз. Тўнғич ўғлимиз Аҳрорбек бу йил 17га тўлади. Отаси дунёвий ва диний фанларни биргаликда олиб боришлиги учун барча шароитларни яратиб берган. Ўғлим беш йил ичида араб тилини мукаммал ўрганиб, Қуръон ва ҳадис илмини яхшигина ўзлаштириб олди. Ўғлимнинг ютуқларини кўрганим сари фахрим ошиб борар, келажакда бундан ҳам чуқурроқ илм соҳиби бўлишлигини Аллоҳдан сўраб дуолар қиламан. Аҳрорбек ҳалимгина бола, отасига ўхшаб жуда меҳрибон. Укаларига ҳар доим ўзи кўз – қулоқ бўлиб юради. Билмаганларини ўргатиб, тушунтириш ишларини сабр билан олиб боради. Аммо мен учун Аҳрорбек ҳали ҳам гўдак боладек кўринаверади. Она барибир она эканда, фарзандининг ёши 50дан ошиб кетса ҳам, она учун ёш бола бўлиб қолаверса керак. Яқинда бўлиб ўтган бир воқеа ўғлимнинг қанчалик улғайиб қолганлигини намоён этди. Ҳар бир инсонни ўйланиб, фикрлаб қолишликка ундайдиган бу воқеа аслида ҳаётда ҳар куни содир бўлиб ўтмоқда. Кўпчилигимизнинг бир неча маротаба гувоҳ бўлишлигимизга ҳам сабабчи бўлгандир…
Соат кечки 8га бориб қолган бўлсада, негадир ҳали ҳам Аҳрорбекнинг дараги йўқ эди. Бунақа кеч келадиган одати йўқ эди унинг. Телефони ҳам ўчиқ. Бир – иккита яқин ўртоғига қўнғироқ қилсам, уларда ҳам шу аҳвол. Бошимда минг хил хаёл чарх урар, нима қилишимни билмас эдим. Бир соатдан кейин дадаси ҳам ишдан келади, ноилож ўша вақтгача кутиб туришга қарор қилдим. Балким у пайтгача ўғлимнинг дараги чиқиб қолар, деган фикр хаёлимдан ўтди. Аммо бир эмас, икки соат ўтса ҳам, ҳалигача Аҳрорбекдан на қўнғироқ, на хабар бўлмади. Дадаси мени сабрга чақирар, “ўғлингиз энди ёш бола эмас, сабрли бўлинг, бирор дўстининг ҳожатини чиқариб юрган бўлиши мумкин. Келинг, яна бир оз кутайлик, келмаса, ўзим излаб келаман”, дея таскин берди..
Вақт алламаҳалга бориб, энди ҳеч нарса кўнглимга сиғмай қолганди. Турмуш ўртоғим ҳам шу вақтгача яшириб келаётган хавотирини энди очиқ намоён эта бошлаганди. Кийиниб кўчага чиқишни ўйлаб турувди ҳамки, телефонига ўғлим қўнғироқ қилиб қолди:
– Дада, шаҳар касалхонасига етиб келинг. Собир оламдан ўтди.. Онасига қандай хабар беришни билолмаяпмиз…
Собиржон ўғлимнинг болаликдаги дўсти. Боғчада ҳам, мактабда ҳам бирга бўлишган. Ёшлигида отаси вафот этгач, онаси ёлғиз боши билан 5 фарзандни вояга етказди. Эрталабдан кечгача рўзғор ғами сабабли кўчада бўлган Вазирахон, баъзида болаларига етарлича эътибор қаратолмаганлигини айтиб, дардини тўкар эди. Дарҳақиқат, қаровсиз қолган болалар муҳит таъсири остиданми, анчагина эркин ўсишди. Собиржоннинг ўзи яхши бола бўлсада, аммо баъзи – баъзида дўстлари даврасида ичишни бошлаб юборганидан хабарим бор эди. Вазирахоннинг ҳам бундан хабари бор, аммо бу иллатни боладан қандай йўқотиш мумкинлигини билмаслигидан нолир эди. Вазирахон бир суҳбатимизда: “уриб ҳам кўрдим, сўкиб ҳам кўрдим. Яхши гап билан ҳам тушунтирдим, илтимос ҳам қилиб кўрдим. Қани энди бу бола ўзгарса. Бу иши билан укаларига ҳам намуна кўрсатаяпти, опа”, деб куйиниб арзи ҳол қилган эди шўрлик. Аҳрорбек ҳам дўстининг аҳволидан ачинар, неча бор диний илмларни ўргатишликка, ҳаётдаги азизлик фақатгина Исломда эканлигини, акс ҳолда икки дунёда ҳам хор ҳолатда яшаб ўтишлигини тушунтиришга ҳаракат қилган бўлсада, Собиржон дўстининг бу гапларини жиддий қабул қилмаслигини ўғлим ачиниб гапирар эди. Маҳалламиздаги масжидга чиқишлик ёшлар учун таъқиқлангани боис, ўғлим Собиржонни уйга таклиф қилар, намозни жамоий қоим қилишликка кўп чақирар эди. Аммо, афсуски, Собиржон бундай таклифларни беэътибор қолдирар эди. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандларимизни энг яхши тарбия воситаси саналмиш Ислом дини ила тарбияламас эканмиз, уларни эртаю – кеч қўриқлаб юрганимиз билан, боланинг ўз ақли ва ихтиёри билан фикрлаб туриб, ёмонликдан қайтишига нима етсин? Ўғлимнинг шикоятларини эшитиб туриб, “майли болажоним, сабрли бўлгин. Собиржон ҳам вақти келиб, англаб қолар. Ҳали ҳаёти олдинда”, дея таскин берар эдим… Энди – чи? Энди бу гапларимнинг нақадар нотўғри эканлигини, ўлим ҳеч биримиз билан ҳисоблашиб ўтирмаслигини, вақтни орқага қайтара олмаслигимизни, Собиржоннинг ҳаёти тугаб, амал дафтари ёпилганини яққол англаб турардим…
Телефондаги хабар оёқ – қўлларимни музлатиб юборди. Ночор кўзларимни турмуш ўртоғимга қаратдим. У ҳам менга ачиниш кўзлари ила боқар, гўё нима дейишини билмас эди. Ўша пайтда унинг хаёлларидан нималар кечганини билмасдим, лекин ўзим ҳозир ҳаммасидан ҳам кўра, кечагина уйимизга меҳмон бўлиб келиб, дўсти билан анчагача ўтириб, биргаликда овқат ичиб кетган боланинг бугун энди йўқлиги ҳақида ўйлар эдим. Турмуш ўртоғимнинг буйруғини ҳам кутиб турмасдан, шоша – пиша кийингани кириб кетдим…
Касалхонада ўғлимни дўстлари билан учратдик. Ўғлимнинг ранглари ўчиб кетган, кийимининг олди томонига анча қон тегиб, қотиб қолган эди. Бошларим айланиб кетди. Ўғлим бизга қарамас, нуқул ерга қарар эди.. Кўзлари бемажол, карахт ҳолатга тушганлиги яққол намоён эди. Отаси ўғлинининг елкасига қўлини қўйиб, секингина:
– Воқеа қандай содир бўлди, ўғлим? Нималар бўлди ўзи?, – дея сўради. Ўғлим секин бошини кўтариб, бир отасига, бир менга қаради –да:
– Аллоҳнинг ҳузурига ичган ҳолида кетди, ойи, – деди… Томоғимга бир нарса тиқилиб қолди. Кўзларимдан ёш қуйилиб кетар, кўксимдаги оғриқ тобора кучайиб бормоқда эди. Кўзларим хиралашиб, бошим секин айланар эди.. Ўтириб қолдим. Дадаси чуқур хўрсиниб, ўғлини ўриндиққа ўтқизиб қўйди. Аҳрорбек озгина тин олиб, ҳикоясини бошлади:
– Бугун дарсларимдан кейин Собир билан учрашишликка келишиб олган эдик. Дарсларим тугаб, уйига борсам, Вазира хола болалар қўнғироқ қилиб, туғилган кунга чақиришганини айтди. Уйга қайтмоқчи эдим, негаки бундай маросимларда албатта ичишини билардим. Аммо негадир дўстимни ўйлаб, маст ҳолида кўчаларда юришини истамадим. Орқасидан бориб, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, ўзим уйига олиб келиб қўймоқчи бўлдим. Манзилни Вазира холадан аниқлаб, ўша уйга бордим. Йўлда синфдошимиз Санжарни учратиб қолдим. Маросим тугаб, энди уйига қайтаётган экан. Собирни сўрасам, унга “камлик” қилиб, дўконга пиво олгани чиқиб кетганини айтди. Шоша – пиша дўкон сари юрдим. Дўконга етмай туриб, йўлдан ўтаётган Собирни кўриб қолдим. Мени кўриб, хурсанд бўлиб кетди, йўлидан қайтиб, менга яқинлашди. Кўзларининг ичи қизариб, икки бети ёниб турар эди. Ширакайфлиги яққол билиниб турар, шу ҳолатида ҳам “камини тўлдирмоқчи” эди. Яхши гап билан дўстимнинг қўлидан тутиб, уйга кетишликни таклиф қилдим. Собир кулиб, қўлимни қўйворди –да: “вой, менинг фаришта дўстим – ей, ичмайдиган, чекмайдиган дўстим – ей! Борингга шукур! Лекин мен ичмасам бўлмайди. Сен боравер, ўзим етиб оламан. Хавотирланма, кетавер. Ёнингда хотиржам ичолмайман, бор!”, дея, елкамдан қоқиб, орқасига ўгирилиб кетаверди. Аҳволига ачиниб кетдим. Бу ароқ инсонлар билан нималар қилмайди! Кимга айлантириб қўймайди? Ортимга қайтдим. Кўча муюлишига бурилишим билан, мошинанинг зарб билан бир нимага урилиб кетгани эшитилди. Ортидан бир аёлнинг бақириб юборгани эшитилди. Мудҳиш воқеа содир бўлганини кўнглим сезиб, орқамга бурилиб, югуриб кетдим. Воқеа жойига келсам, йўлнинг ўртасида одамлар тўпланиб, бировнинг устида туришганини кўриб қолдим. Кимдирнинг ““Тез ёрдам” чақириш керак! Қамалиб кетаман энди! Йўлнинг ўртасида нима бор эди бу болага!!!” деган овози қулоғимга чалинди. Кўнглимдан бир нарсалар ўтди, негадир қўлларим қалтирар эди. Ўзим сезмаган ҳолатда оломонни ёриб, ўртага кириб олдим. Не кўз билан кўрсам, Собир қонга беланиб ётар эди. Ҳалиги “Тез ёрдам” чақириб юрган одам ҳайдовчи эканлигини кейин англабман..
Собирни қучоғимга олиб, ҳайдовчининг мошинасига миндим, йўлга тушдик. Йўл бўйи ҳайдовчи айб Собирнинг ўзидалигини таъкидлаб келди. Қучоғимдаги дўстимга гапиришга уриниб кўрдим, кўзлари юмуқ, миқ этмас эди. Бошидан тинмай қон оқар, тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Бир вақт Собирнинг кўзлари очилаётганини пайқадим. Қалбимда бир умид уйғонди. Хурсанд бўлиб кетдим. Юзларини силаб, исмини чақирсам, аранг кўзларини очиб, менга қараб бир нималарни ғўлдиради. Тушунмасдан, қулоғимни оғзига олиб бордим, дўстим зўрға: “энди мен нима қилай? Аллоҳга нима дейман?”, дея савол берарди… Касалхонагача етиб келолмади, йўлдаёқ жони узилди… Қўлимдан ҳеч нарса келмади. Дўстим қўлимда жон берди. Аллоҳнинг ҳузурига шу аҳволда кетди. Маст ҳолида кетди!!!, – ўғлим гапини тугатиб, йиғлаб юборди… Кўзларим бир нуқтага тикилиб қолган, қулоқларим шанғиллар эди. Эшитганларим бир эртакдек туюлар, кечагина кичкинагина бола бўлиб олиб, “хола, Аҳрор уйдами?”, деб сўраб келадиган бола, энди ҳеч қачон орамизда юрмаслигини англаб, миям ғувиллар эди..
Ҳа… ўлим ҳақ. Унинг ҳақлигини ҳар бир инсон тан олади ва ҳали ҳеч ким шу вақтгача уни инкор этгани йўқ. Фақат, ўлимнинг ҳақ дея гапирганимиз билан, уни ҳис этмаслигимиз, бизларни бу дунёда анча хотиржам яшашликка, амалларда шошилмасликка, ўзгаришлигимиз учун қарилик чоғларимизни кутишликка ундар экан. Дунёда миллионлаб инсонлаб “нафақага чиқсам, ҳаёт тарзимни ўзгартираман” қабилида гаплар қилишади. Барча оламларни йўқдан бор қилиб яратиб, унинг тадбирини қилиб турган, инсонни нутфадан яратиб, тақдирини белгилаб қўйган, унинг туғилишини ва бу дунёда яшашини осон қилиб қўйган, ажали етганда вафот эттириб, қабрга киритган ва Қиёмат қоим бўлганда, агар истаса қайта тирилтирадиган Зот бўлмиш Аллоҳ азза ва жалланинг буйруқларини бир четга суриб қўйиб, нафақа ёшини пойлаб яшашлигимиз қайси ақлга тўғри келади ўзи? Нафақа ёшига етишлигимиз ҳақида Аллоҳнинг кафолатини олганмидик?! Ёки биз иймон келтирмагунча, Яратганнинг буйруқларига бўйсунишни бошламагунимизча ўлим келмаслиги ҳақида хабар келганмиди?
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ثُمَّ إِلَيْنَا تُرْجَعُونَ
Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз. (Анкабут – 57 )
Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ.. Шундай экан, ҳали ҳам бор вақтимиздан фойдаланмаймизми? Қалбларимизни Ислом нури ила равшанлантириб, ҳидоят сари ошиқмаймизми? Дунё ҳавасларини четга суриб, охират ғамида бўлмаймизми? Ўлимнинг келиши ҳақ, шундай экан, ўлимгача уйғонмаймизми? Қаердан келдик? Нима учун яшаяпмиз? Қаерга борамиз? Бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрмаймизми? Ўз аҳволимизни ўзгартириб, Аллоҳнинг ризолиги сари ошиқмаймизми? Ахир, мусулмонмиз – ку? Мусулмонликни даъво қилиб туриб, фосиқлик сари интиламизми? Унутманг, ўлим бизни бир сония ҳам кутиб турмайди. Хоҳ янги туғилган чақалоқ бўлсин, хоҳ ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина йигит – қиз бўлсин, хоҳ навқирон ёшдаги кучга тўлган пайтимиз бўлсин… унга фарқи йўқ!
Дарҳақиқат, ўлим кутилмаганда келгувчи меҳмондир. У сизга ҳар қандай ерда ҳам топиб, етиб олади.
أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ وَإِن تُصِبْهُمْ حَسَنَةٌ يَقُولُواْ هَـذِهِ مِنْ عِندِ اللّهِ وَإِن تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ يَقُولُواْ هَـذِهِ مِنْ عِندِكَ قُلْ كُلًّ مِّنْ عِندِ اللّهِ فَمَا لِهَـؤُلاء الْقَوْمِ لاَ يَكَادُونَ يَفْقَهُونَ حَدِيثاً
Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демайдилар?! (Нисо сураси, 78 – оят).
Энди, бугунги кунда Уммати Муҳаммадия ўз аҳволига бир назар солсин. Узоққа бормайликда, ўз юртимиздаги аҳволдан келиб чиқиб, хулосалар қилайлик. Устимиздаги малай ҳокимларнинг зўравон зулми ва адолатсиз ҳукмлари остида, қулоқларимизни кар, кўзларимизни кўр, тилларимизни соқов қилиб, яшаб келмоқдамиз. Мамлакатдаги ҳолатнинг нақадар абгор ҳолдалигини очиқчасига гапириб чиққанларни эса, орамиздан узоқлаштириб, “оч қорним – тинч қулоғим” қабилида ҳаёт кечириб, гапирганларга эса, “юртимизнинг тинчлиги ўзи бир бахт. Борига шукур қилиб яшаш лозим. Ахир, Ислом ҳам шунга даъват этади – ку!”, дейишликдан нари ўтмаяпмиз. Тасаннолар бўлсин бизларга!!! Зулм остида яшаб туриб, тинч ҳаётни афзал кўраяпсизми? Ҳақларингиз поймол этилаётган бир вақтда ҳам тинчлик ҳақида гапираяпсизми? Ҳаққингиз бошқа бировларнинг қўша – қўша қасрларини қуриш учун сарфланса ҳам, тинчликни даъво қилаяпсизми? Динингизни поймол этиб, аҳли аёлингизни ҳижобдан мосуво этиб туришса ҳам, ҳижоб фарз эмаслигини қўрқмай даъво қилиб туришса ҳам, тинчлик деб баралла гапираяпсизми? Зулм ичра тинчликнинг кимга кераги бор ўзи???
Сени поклайман, эй ўлим билан зўравонлар бўйнини хорликка гирифтор этган Зот!
Сени поклайман, эй ҳукмдорлар орзуларига ўлим билан чек қўйган Зот!
Сени поклайман, эй уларни ўлим сабабли қасрлардан қабрларга, саройлар ёруғидан мозорлар ёриғига, қиз-жувонлар қучоғидан қурт-қумурсқалар ўчоғига, маишатлар лаззатидан тупроғ-у лойлар ваҳшатига кўчирган Зот!!
Эй инсонлар, албатта бу ишларингиз нотўғридир. Аллоҳга қасамки, бундай кетишда Умматнинг боши ҳеч қачон хорликдан чиқмагай! Аллоҳга қасамки, инсонга бўйсуниб, унинг қонунларига жимгина рози бўлиб қўйган ва бу билан ўз Яратувчисининг қонунлари асосида яшашлик учун ҳатто ҳаракат ҳам қилмаганлар Қиёматда ўз улушларини олурлар! Аллоҳга қасамки, ўз аҳволини ўзгартиришни истамаган қавмнинг ҳолатини Аллоҳ ҳаргиз ўзгартирмагай!
Ҳорун ар-Рашид ўлим тўшагида ётар экан, атрофидаги яқинларига: «Дафн этилажак қабримни кўришни истайман», деди. Уни қабри ёнига кўтариб олиб келдилар.. Ҳорун ар-Рашид қабрга боқиб йиғлади, сўнг уни кузатиб келган кишиларга қараб: «Менга мол – дунёим асқотмади – я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди – я!», деди (Ал-Ҳақ сураси, 28-29 – оятлар). Сўнг бошини осмонга кўтариб, йиғлаган кўйи: «Эй мулку салтанати абадий бўлган Зот! Салтанати қўлдан кетган кимсага Ўзинг раҳм қилгайсан», деди..
Азизлар! Огоҳ бўлинглар, тириклигимиз – Аллоҳнинг бизга бериб қўйган неъматидир. Фурсатдан фойдаланайлик! Вақтимизни беҳудага сарфламайлик! Ўлимимизгача Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилиб олайлик! Аниқки, барчамиз йиғиладиган ўша Буюк Кунда ҳар бир жон ўзи учун тайёрлаб қўйган амалларини кўрур. Амаллари яроқли бўлса, қандай ҳам бахт! Аммо, акси бўлиб чиқса, унда ҳолингизга ҳеч ким раҳм қилмас!
وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الآنَ وَلاَ الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَـئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَاباً أَلِيماً
Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз. (Нисо сураси, 18 – оят).
Аллоҳдан барчамизнинг ҳолимизга раҳм қилишини, гуноҳларимизни кечиришини, айбларимизни беркитишини, Қиёмат куни ҳузурида турганимизда ҳам марҳаматини барчаларимизга насиб этишини сўраб қоламиз. Аллоҳ барчамизни ўлимни кўп эслайдиган, ёмон ишлардан тийилиб, фақат Ўзи рози бўладиган ишларни бажарувчилардан қилишини сўраб қоламиз. Амин!
Ўзбекистон Ҳизб ут-Таҳрирининг медиа офиси аёллар бўлими
Омина Рашидова
23.11.2013й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ