Мюнхен-2026: Ғарб мафкуравий ниқобларининг йиртилиши ва капиталистик иттифоқларнинг заволи

Мюнхен-2026: Ғарб мафкуравий ниқобларининг йиртилиши ва капиталистик иттифоқларнинг заволи
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
1963 йилда Эвальд-Ҳайнрих фон Клейст томонидан асос солинган Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) дастлаб “Мудофаа соҳасидаги давлатлар учрашуви” сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг асл стратегияси – Иккинчи жаҳон урушидан кейинги совуқ уруш даврида Ғарбий иттифоқчилар ўртасидаги ҳарбий режаларни мувофиқлаштириш ва капиталистик давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун махсус майдон яратиш бўлган. Ўнлаб йиллар давомида ушбу конференция Ғарб мафкурасининг глобал “стратегик компаси” вазифасини ўтаб келди. Бироқ шуни теран англаш лозимки, бу каби анжуманлар ҳеч қачон мусулмон дунёси ёки Марказий Осиё каби минтақаларнинг ҳақиқий манфаатлари учун хизмат қилмаган. Аксинча, улар Ғарбнинг ўз ҳукмронлигини ниқоблаш ва бошқа халқлар устидан назорат ўрнатиш механизми бўлиб келган.
2026 йилнинг феврал ойида “Bayerischer Hof” меҳмонхонасида бўлиб ўтган 62-Мюнхен конференцияси эса, бу ҳақиқатни ҳар қачонгидан ҳам очиқроқ намойиш этди. Бу йилги тадбир Ғарбнинг йиллар давомида ишлатиб келган “тинчликпарварлик” ниқобини улоқтириб, куч ишлатиш орқали янги дунё тартибини ўрнатиш ва ўз ички зиддиятларини бошқалар ҳисобига ҳал қилиш истагини очиқ эълон қилувчи минбарга айланди. Айнан мана шу минбарда АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг нутқи конференция тарихидаги энг кескин ва фикрий эътирофларга бой чиқиш сифатида янгради. Рубио дипломатик хушмуомалалик пардасини бутунлай йиртиб ташлаб, дунёни “тинчлик ва халқаро ҳуқуқ” ҳақидаги пуч хаёллар билан алдаш даври тугаганини, миллий манфаатларни глобал тартиб билан алмаштириш ғояси ўзини оқламаганини ва бу катта хато бўлганини очиқ тан олди. Унинг “Биз инсон тарихини эътиборсиз қолдириб, халқаро ҳуқуқ ва тинчлик доимо устувор бўлади деб хато қилдик, бу хавфли иллюзия эди” деган сўзлари, Ғарбнинг йиллар давомида бошқа халқларни бўйсундириш учун ишлатган “демократия” ва “инсон ҳуқуқлари” ниқобини ўз қўли билан йиртиб ташлашидир.
Рубио АҚШнинг “заиф иттифоқчилар”га тоқати қолмаганини, чунки бу Вашингтонни ҳам заифлаштиришини таъкидлаб, Европага нисбатан очиқ босим ўтказди. У АҚШ “Ғарбнинг бошқариладиган таназзулини” шунчаки андишали ва итоаткор кузатувчиси бўлиб томоша қилишдан манфаатдор эмаслигини кескин баён қилди. Унинг фикрича, Ғарб цивилизацияси иқлим сиёсатига кўр-кўрона берилиш ва оммавий миграция туфайли таназзулга юз тутмоқда ва уни қутқариш учун фақат кучга таянган Америка етакчилиги зарур. Бу эътироф шуни англатадики, Вашингтон энди халқаро қоидалар ёки иттифоқчиларнинг андишасини қилиб ўтирмайди, балки ўз манфаатлари йўлида ҳар қандай шафқатсиз чораларга тайёр. Бироқ бунга жавобан Европа Иттифоқининг олий вакили Кая Каллас “уйғонган Европа цивилизациявий йўқ бўлиш хавфи остида эмас” дея АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясига эътироз билдирди.
Ғарбнинг бу ички низоларини Эрон Ташқи ишлар вазири Арагчи “Мюнхен цирки” деб атаб, Европа Иттифоқининг Яқин Шарқда бирон-бир геосиёсий вазнга эга эмаслигини ва “периферия”га (яъни ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган иккинчи даражали чекка куч) айланиб қолганини очиқ айтди. Арагчига кўра, Европа Иттифоқи бутунлай вазнсиз бўлиб қолган. Унинг ўрнига минтақавий кучлар ҳеч нарса таклиф қила олмайдиган “евротрио”дан кўра самаралироқ бўлиб чиқди. Украина президенти Владимир Зеленский эса Европанинг тинчлик музокаралари столида йўқлигини “катта хато” деб атади. Унинг фикрича, Путин Европа билан гаплашишни истамаяпти, Вашингтон эса бунга йўл қўйиб беряпти. Бу эса Европанинг ўз хавфсизлик тизимини тўлиқ қайта қуришга мажбур эканидан далолатдир.
Ушбу глобал баҳслар фонида Ўзбекистон делегациясининг иштироки ҳам ўзига хос бир аччиқ ҳақиқатни очиб берди. Гарчи Ўзбекистон халқаро майдонда дунё тақдирини белгиловчи таъсир кучига эга мамлакат бўлмаса-да, унинг бу анжумандаги иштироки Ғарбнинг Марказий Осиё минтақасига бўлган стратегик иштиёқи ва минтақа давлатларининг катта кучлар тўқнашуви орасида омон қолиш илинжини ифодалайди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Марказий Осиё давлатлари муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг намунасини кўрсатаётгани ҳақидаги гаплари, Рубионинг “халқаро ҳуқуқ иллюзия эди” деган таҳдидлари қаршисида нақадар вазнсиз эканини кўрсатади. Бу иштирок шуни англатадики, мусулмон ўлкалари ўзларининг мустақил мафкуравий лойиҳаларига эга бўлмас эканлар, улар фақат катта кучларнинг стратегик ўйинларидаги восита бўлиб қолаверадилар.
Профессор Александр Вольфнинг таҳлилига кўра, 1989 йилдаги “ўзгаришлар шамоли” умид берган бўлса, 2026 йилдаги шамол Ғарбни ичкаридан емириб, унинг хавфсизлик статикасини титратмоқда. Канцлер Фридрих Мерц Мюнхенда “Бой берилган ва исроф қилинган етакчилик” ҳақида гапириб, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тартиб энди мавжуд эмаслигини, дунё “катта кучларнинг шафқатсиз ва олдиндан айтиб бўлмайдиган рақобати” даврига кирганини тан олди. У Европанинг эркинлиги энди ўз-ўзидан маълум нарса эмаслигини таъкидлади. Германиянинг мудофаа харажатларини 5 фоизгача ошириши ва Франция президенти Макроннинг Европа учун янги “ядровий зонтик” қидириши – Ғарбнинг эндиликда фақат “қурол кучи” билангина омон қолишга уринишидир. Дания бош вазири Метте Фредериксеннинг Гренландия устидаги АҚШ таҳдидларини “қизил чизиқ” деб аташи эса иттифоқчилик алоқаларининг нақадар емирилганини кўрсатди. Трампнинг Гренландияни куч билан назоратга олиш истаги ўзгаришсиз қолгани иттифоқчилар ўртасидаги ишончни бутунлай йўққа чиқарди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса Европанинг “ўзаро мудофаа” тўғрисидаги 42(7)-моддасини қайта жонлантириш вақти келганини айтиб, Европани 800 миллиард евролик мудофаа дастурига чақирди. Бу Европанинг АҚШга бўлган стратегик қарамликдан чиқишга бўлган умидсиз уринишидир.
Ғарб учун альянслар (иттифоқлар) азалдан мафкуравий ниқоб бўлиб келган бўлса, бугунга келиб улар ҳар қандай пардадан воз кечиб, совуқ манфаат устига қурилган вақтинчалик битимларга айланди. Илгари Ғарб ўз геосиёсий мақсадларини “муқаддас ваъда” ва “умумий қадриятлар” деган баландпарвоз даъволар остида тақдим этарди. Энди эса бу ниқоблар улоқтирилиб, иттифоқларнинг соф тижорий ва прагматик табиати юзага чиқди. Мюнхенда янграган фикрлар шуни англатадики, энди ҳар бир шерикка фақатгина “бизга нима фойда келтиряпсан?” деган мезон билан қаралади. Манфаат тугаган жойда эса “муқаддас ваъда” ҳақидаги сафсаталар ўз-ўзидан кучини йўқотади. Бу ҳолат капиталистик мафкуранинг энг катта заифлигини – унинг ҳеч қачон собит ахлоқий пойдеворга эга бўлмаганини ва фақат моддий фойда устига қурилганини фош қилди. Иттифоқчилик тизими илгари ҳимоя кафолати сифатида реклама қилинган бўлса-да, бугун у кучли давлатнинг ўз шеригини мустамлака қилиш ёки босим ўтказиш воситаси сифатидаги асл қиёфасини намойиш этмоқда. Профессор Вольф айтганидек, “ностальгия – бу хавфсизлик сиёсати концепцияси эмас”. Европа энди “Америка ҳаммасидан устун” деган шафқатсиз мантиқ билан юзма-юз қолди.
Ҳизб ут-Таҳрир сиёсий партиясининг асосчиси, аллома Тақиюддин Набаҳонийнинг “Ислом низоми” китобидаги мафкуравий таҳлиллар нуқтаи назаридан қарасак, Рубионинг кучга таяниши, Мерцнинг тартиб тугаганини тан олиши, Арагчининг “цирк” ҳақидаги гаплари ва Европанинг ядровий довдираши капиталистик тизимнинг инқироз ҳолатидаги турли кўринишларидир. Муаллиф ушбу асарида капиталистик мафкуранинг инсон табиатига зид эканини ва унинг пойдевори фақат манфаат устига қурилганини асослаб берган. Бугун Мюнхенда гувоҳи бўлаётганимиздек, капитализмда “хавфсизлик” – бу ўзларидан бошқа ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқини тан олмаслик ва бошқа миллатларни ўз фойдасига ишлатиш демакдир. Бири куч билан ўз ҳукмронлигини сақламоқчи бўлса, бошқаси Ғарбнинг мафкуравий банкротлигини фош қилмоқда.
Дунё бугун ҳеч қачон бўлмаган даражада Холиқнинг ваҳйисига асосланган, инсонни нафс қуллигидан ва “кучлилар диктатураси”дан озод қиладиган ҳақиқий Ислом мабда-мафкурасига муҳтождир. Капитализм Мюнхенда ўз иттифоқчиларига ишончсизлик билдириб, дунёни янги урушлар ва ядровий авантюралар билан парчалаётган бир пайтда, ҳақиқий нажот фақат мустаҳкам ва адолатли илоҳий низомда экани янада ойдинлашмоқда. У низом эса, Ислом низомидир… Зеро, Мюнхендаги бу эътирофлар ва ўзаро айбловлар – ботилнинг ўз заифлигини тан олиши ва Ҳақиқатнинг келиши яқин эканидан далолатдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَقُلْ جَاءَ الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ ۚ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا
– “Айтинг: “Ҳақ келди ва ботил йўқ бўлди. Чунки ботил йўқ бўлгувчидир””. (Исро:81)
Салоҳиддин Ўзбекий – Ҳизб ут-Таҳрир Марказий Матбуот бўлими учун



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб