Париж олимпиадасида Ўзбекистон иштироки
Париж олимпиадасида Ўзбекистон иштироки
بسم الله الرحمن الرحيم
Ислом давлати қулатилгач, у яна қайта Ислом уммати орасида энг муҳим масала сифатида бўй чўзмаслиги учун мусулмонлар устида турли фитна ва чалғитувчи ишлар узлуксиз қилиб келиняпти. Бундай сиёсат – у халқаро ёки миллий бўлсин – биринчи навбатда, мусулмон ёшларга қаратилган. Чунки айнан ёшларнинг ғайрат-шижоати ва куч-қуввати Исломнинг ҳокимият тепасига келишида муҳим рол ўйнайди. Росулуллоҳ ﷺ: “Аллоҳ менга ёшлар туфайли нусрат берди”, – деб бежизга айтмаганлар. Шунинг учун бугун уммат ёшларини турли енгил-елпи нарсалар билан чалғитишга катта эътибор қаратиляпти, катта маблағлар сарфланяпти. Мана шундай чалғитувлардан бири спортдир. Тўғри, жисмонан бақувват бўлиш мусулмон киши учун жуда муҳим ва манфаатли ҳисобланади. Пайғамбаримиз ﷺ: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, – деганлар. Бу ҳадиси шарифдан кучли, чиниққан бўлишнинг нақадар афзаллигини тушуниб оламиз.
Бироқ ҳозир ёшларни чалғитиш ўлароқ ташкиллаштирилаётган арзонгаров спорт мусобақалари Ислом Умматини қудратли ва шавкатли қилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бундай мусобақаларда нари борса медаллар, унвонлар, пул мукофотлари ва одамлар олқишига эришилади холос. Ўзи аслида инсоннинг жисмонан бақувват ва эпчил-чапдаст эканлиги учун кўкларга кўтариб мақталиши ва мукофотланиши аслида эриш туюлади. Агар унинг бундай хусусиятлари одамларга манфаат келтирмаса, бирор ишда ёрдам бермаса, ундан қандай маъно бор? Асосийси, инсоннинг куч-қуввати унга шу неъматни ато этган Яратувчи буюрганидек сарфланмаса – энди бу ношукрликнинг айнан ўзидир!
Маълумки, спортчилар орасида олимпия ўйинлари ўта юқори нуфузли мусобақа саналади. Унда дунёнинг энг кучли спортчилари иштирок этадилар ва ким энг юқори натижани қайд этса, кучлиларнинг кучлиси сифатида эътироф этилади. Хуллас, ҳар қандай спортчининг юксак орзуси олимпиада чемпиони бўлишдир. Шунга эришса, у энг баланд чўққини забт этган ҳисобланиб, бутун дунё эътирофига сазовор бўлади. Ҳа, олимпия ўйинларидаги ғолибликни мана шундай юксак ғояга айлантириш учун кофир мустамлакачи давлатлар жуда кўп маблағ ва куч сарфладилар. Токи, бутун олам, хусусан мусулмон ёшлар ҳам шунга қизиқсинлар ва интилсинлар. Ўзларининг ғайрат-шижоати ва куч-қувватини шунга бағишлаб, ундан бошқасини ўйламасинлар.
Балки баъзи мусулмон биродарларимиз учун бу мулоҳазалар эриш туюлар. Балки уларнинг “энди осилмаган шу мавзу қолувди, сизлар нима, ўзбекистонликларнинг олимпиада ўйинларидаги муваффақиятларини кўра олмаяпсизларми? Улар юртимизни бутун дунёга танитмоқдалар, ахир. Бунинг мусулмонларга қандай зарари бўлиши мумкин” қабилидаги эътирозлари ҳам бордир. Агар мақолани ўқиш давомида сизда ҳам шундай эътирозлар туғилган бўлса, унда қуйидагиларни ҳам ўқиб кўринг. Балки фикрингиз ўзгариб қолар.
Аввало, олимпиада ўйинларининг келиб чиқиш тарихига қисқача назар солсак. Википедиядаги очиқ маълумотларда айтилишича, қадимги Юнонистонда мавжуд бўлган Олимпия ўйинларини ўтказиш анъанаси диний культнинг бир қисми сифатида пайдо бўлган. Қадимги Олимпия ўйинлари юнонлар томонидан муқаддас жой ҳисобланган Олимпияда ўтказилган. Олимпиада деган ном шундан келиб чиққан. Милоддан аввалги 776 йилдан милодий 393 йилгача 292 та Олимпиада ўтказилган. 293-Олимпиада Рим императори Феодосий I томонидан бекор қилинди ва Олимпия ўйинлари бутпарастлик сифатида тақиқланди. Булардан кўриниб турибдики, олимпиада ўйинлари Грек мифологиясидаги илоҳларни улуғлаш ва уларнинг шарафи учун ўтказилган. Албатта, бу Исломга тамоман зид бўлиб, Аллоҳга ширк келтиришнинг айни ўзидир. Мана, ҳатто бир кофир император ҳам бу мусобақани будпарастлик дея бекорга тақиқламаган бўлса керак?! Демакки, агар юқоридаги маълумотлар тўғри бўладиган бўлса, бундай ботил диний мазмун касб этган мусобақаларда қатнашиш мусулмон киши учун асло жоиз эмас.
Энди Париж олимпиадасининг очилиш маросимида намойиш этилган шармандали спектакл эса ҳаммасидан ошиб тушди. Уни таърифлашга ҳам тил ожизлик қилади. Ушбу спектаклни ҳатто ўша очилиш маросимига билет сотиб олиб кирган томошабинлар ҳам, видеосини кўрганлар ҳам қаттиқ танқид қилишди. Танқидчилар ичида мусулмонлар ҳам, ғайримусулмонлар ҳам бор. Афтидан, бундай томоша демократик эркинликлар тарафдори бўлганларнинг ҳам кўнглини айнитиб юборган кўринади. Дарвоқе, уларнинг орасида Америка президентлигига номзодлардан бири Дональд Трамп каби таниқли шахслар ҳам бор. Мана шундай қаттиқ танқидлардан сўнг ушбу шоунинг ютубдаги видеоси ўчириб юборилди. Бундан кўринадики, демократик эркинликларни тарғиботида мана шундай телбаларча муккасидан кетиш, ушбу эркинликлар тарафдорларига ҳам ёқмаган. Албатта, ёқмайди-да. Ахир, бунчалик даражада жирканчлик ва тубга шўнғиш Ғарб демократик давлатларининг “обрўси”ни тушириб, шармандаликдан бошқа нарса олиб келмайди. Чунки ҳатто ғайримусулмон халқлар ҳам инсоний табиатдан узоқлашиб, ҳайвон даражасига тушиб кетишга рози бўлмайдилар. Шундай экан, энди мусулмонлар ҳақида нима дейиш мумкин?! Уларга мана шундай мусобақаларда қатнашиш жоиз бўладими?! Ёки улар демократиянинг инсонийликдан тамомила йироқлашиб кетган, соғлом ақл кўтара олмайдиган тарғиботига сукут сақлаб, томошабин бўлиб туришлари керакми?! Нима учун?! Анави темир-терсак унвону медалларни ютиш, қарсаклару олқишларга эга бўлиш учунми?! Ўзбекистон ҳукуматига мана шундай арзон ва паст нарсалар шунчалик муҳимми?! Шу даражада муҳиммики, бунинг учун ҳатто Исломга зид ишларга ҳам индамай, рози бўлиб ўтирибди. Аксига олиб, Аллоҳга ширк келтиришга бориб тақаладиган, ҳеч қанақасига Аллоҳни рози қилмайдиган мусобақаларда мусулмон ёшларнинг иштирок этиши учун кенг йўл ва имкониятлар яратиб беряпти. Буни энди қандай тушуниш мумкин?!
Буни қуйидагича тушуниш мумкин холос. Сабаблардан бирини юқорида келтириб ўтдик. Яъни мусулмон ёшларнинг ғайрат-шижоати ва куч-қувватини мана шундай арзонгаров мусобақаларга йўналтириб юбориш. Бошқа сабаби шуки, ўзбек ҳукумати ўз бошқарувидаги қатор муваффақиятсизликларни спортдаги “ютуқ”лар орқали қандайдир даражада ямаб-ясташга уриняпти. Шу билан гўё халқ олдидаги имижини яхшилаб, уни демократик тузум келтираётган азоб-уқубатлардан бироз бўлса-да чалғитишни хоҳлаяпти. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг обрўсини оширади, дея кўрилаётган спорт мусобақаларида бирор соврин ютган спортчиларни жуда қуюқ мукофотлар билан сийланяпти. Маълум қилинишича, ҳатто Америка, Франция каби бой давлатлар ҳукуматлари ҳам совриндорларини мукофотлаш учун Ўзбекистонникига қараганда камроқ пул ва совғалар ажратишган. Ҳа, ўзбек ҳукуматининг бундай “ҳотамтой”лиги одамларни лол қолдирмоқда. Бироқ бундай “сахий”лик халқ манфаати учун эмас, баъзи тор ва ғаразли мақсадлар учун ишга тушаётгани, албатта, афсусланарли ҳолат. Ҳукумат пулни ўз ўрнига сарфлашда жуда нўноқлик қилаётганини, катта талон-тарожларнинг олдини олмаётганини халқимиз ҳам кўриб турибди. Мана шу кўкка совурилаётган бюджет маблағлари таълим, тиббиёт каби соҳаларга сарфланиши халқимизга ҳақиқий манфаат келтирмасмиди?! Ёки фан олимпиадалари ва бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиб, соврин олган ёшларни рағбатлантиришга ҳам шундай катта эътибор берилганда, балки уларнинг илм олишга қизиқишлари янада ортган бўлармиди. Бироқ ҳукумат тарафидан илм-фан борасида муваффақият қозонган ёшларга бирор қимматлироқ мукофот берилганини кўрмадик. Шундай фикрлар жамоат фаоллари ва халқимиз томонидан ҳам билдириляпти. Демак, бугун халқимизда анчагина уйғониш, фикрий юксалиш бор, тўғрини нотўғридан ажрата билиш бор, алҳамдулиллаҳ.
Аммо ҳукумат ҳақида бундай дейиш қийинроқ. Ҳаммасидан ҳам аламлиси, ҳукуматдагиларнинг Ислом умматидан, унинг дарду аламларидан узилиб қолганидир. Мана, 10 ойдирки мусулмонлар учун муқаддас замин бўлган Фаластиннинг Ғазосида мусулмонлар малъун яҳудлар қўли билан кофирлар томонидан ваҳшийларча қирғин қилиняпти. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этмоқда. Бутун Ислом уммати бу ҳолатга дод солиб, Исломий юртлар ҳукмдорларидан Фаластиндаги ака-укалари, опа-сингилларига ёрдам беришни, муқаддас ерларимизни Ғазо ва Ақсога қўшиб озод қилишни талаб қилмоқда. Лекин бу ҳукмдорлар шунчаки хавотир билдириш, яҳудларни оғизда қоралаб қўйишдан нарига ўтишмаяпти. Аммо пинакларини бузмай олимпиадага ўхшаган спорт мусобақаларида иштирок этиш, ҳар хил байрамларни нишонлаш, шоу-фестиваллар ўтказиш каби хурсандчилик қилишдан ҳеч уялишмаяпти. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ҳақида ҳам шу гаплардан бошқасини айтишнинг иложи йўқ. Яқин Шарқ, Африка, Ҳинди-Хитой минтақаларидаги мусулмонларнинг аҳволи ғоят ачинарли тус олиб, ёниб ётган бир пайтда, Исломий юртлар ҳукуматларининг парвойи фалак. Гўё улар Исломий уммат жисмидан айродек ўз ташвишлари ва муаммолари билан банд. Уларнинг юрагига олимпиадада эришилган “ютуқ”ларни кўз-кўз қилиш, фахрланиш ва хурсандчилик қилиш сиғаётган экан, уларга Ислом уммати дарди ва азоб-уқубати бегона. Демак, аслида улар худди Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ўғли ҳақида “Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас!” деганидек, бу Умматдан бегоналашиб қолган кимсалардир! Акс ҳолда, Ислом Умматининг дарди ҳам, шодлиги ҳам бир бўлиши керак эмасмиди?!
Агар Ўзбекистон делегацияси Париж олимпиадаси очилиш маросимидаги жирканчли шоудан кейин, ҳа, ҳеч бўлмаса шундан кейин, бундай шармандали мусобақада иштирок этишдан бош тортиб, уни тарк этганида эди, мана шу – ҳақиқатдан ҳам фахрланишга ва қувонишга арзийдиган, таҳсинга сазовор иш бўлган бўларди. Ўйлаймизки, мусулмон халқимиз ҳам бундай қарорни олқишлаган бўларди. Биз мусулмон халқ сифатида бундай расволикка тоқат қилишга мажбур эмасмиз. Чунки биз – мусулмонмиз! Биз учун Аллоҳнинг дини биринчи ўринда, кофирлар уюштирган ширк аралаш бундай мусобақаларда иштирок этиб, гуноҳга ботгандан ва ўзимизни шарманда қилгандан кўра, ўша медалларидан воз кечиб қўя қолганимиз минг марта афзалдир! Ҳа, мана шундай дадил сўзлар ҳукумат бошлиқлари томонидан қачон янграр экан-а?! Қачон улар Аллоҳнинг олдида юзлари ёруғ бўлиши ҳақида қайғуришни бошлар эканлар-а?!
Юқоридаги мулоҳазалардан сўнг ушбуларни айтамиз: Бундай спорт мусобақалари ёшларимизни олий Исломий мақсадлардан буриш ва уларнинг куч-қувват, ғайрат-шижоатларини кўкка совуришдан бошқа нарса бермайди. Мусулмонларнинг ҳайбати ва куч-қудратини оширишга хизмат қилмайди. Ҳатто бутун дунёдаги унвон ва медаллар қўлга киритилса ҳам, бу нарса Америка, Россия, Хитой каби душманларимиз қалбига қўрқув сола олмайди. Шунингдек, юртларимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига, саноатлашган қудратли давлатга айланишига ҳам таъсир кўрсатмайди. Азиз ва куч-қудратли бўлишга фақат Халифалик давлати яна ҳаётга қайтарилсагина эришиш мумкин. Ана шунда ёшларимизнинг ақлий ва жисмоний қувватлари тўғри йўналишга солинади, Аллоҳ буюрган жиҳод каби буюк ишларга сарф қилинади. Ана шунда Аллоҳ таоло бизни куч-қудратли қилади ва душманларимиз қалбига биздан қўрқувни солиб қўяди. Зеро, У зот мана бундай деганида ҳақ-рост сўзлади:
وَلِلّٰهِ العِزَّةُ وَلِرَسُولِه وَلِلمُؤمِنِينَ وَلَكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لا يَعلَمُونَ
– “Куч-қудрат Аллоҳники, Росулиники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмайдилар”. (Мунофиқун:8)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми