Ўзбекистон ҳукуматининг таълим соҳасидаги “ислоҳот” лари – келажагимиз таназзулидир

بسم الله الرحمن الرحيم
Ўзбекистон ҳукуматининг таълим соҳасидаги “ислоҳот” лари – келажагимиз таназзулидир
Мақоламизни бундай номланиши бежиз эмас. Биз бу мақоладаги фикрларимизни далиллар билан асослаб беришга ҳаракат қиламиз. Сабаби, ҳукуматнинг таълим соҳасида олиб бораётган “ислоҳот” лари натижасида келажагимиз бўлган ёшларни илмсиз, фикрий қолоқ ва тубан инсонларга айланиши нафақат бугуннинг, балки келажагимизнинг таназзули бўлади. Ҳаётимиздаги иқтисодий, сиёсий инқирозларнинг таъсирида давлатнинг ривожланиши маълум йилларга ортга кетиши мумкин, лекин бу ўнглаш мумкин бўлган муаммо. Бироқ таълим соҳасидаги инқирознинг таъсири асрлар давомида ўнглаш мушкул бўлган муаммодир. Жумладан, Ҳизб ут-Таҳрирнинг “Исломда иқтисод низоми” китобида шундай жумлалар келтирилган:
Фикрлар қайси умматда бўлмасин, агар ёш, навқирон уммат бўлса, ўз ҳаётида эришган энг катта бойлик ва агар илгаридан ёрқин фикр юритиб келган кўҳна уммат бўлса, кейинги авлод ўз аждодларидан олган энг катта туҳфа ҳисобланади.
Моддий бойликлар, илмий кашфиётлар, саноат соҳасидаги ихтиролар ва шу кабиларнинг фикрларга нисбатан тутган мавқеи анча паст бўлиб, уларга эришиш ҳам, уларни сақлаб қолиш ҳам фикрларга боғлиқдир. Чунки агар умматнинг моддий бойлиги йўқ қилинсаю, лекин уммат ўз фикрий бойлигини сақлаб қолган бўлса, моддий бойликни тезда тиклаб олиш мумкин. Аммо агар уммат моддий бойлигини сақлаб қолган бўлсаю, лекин фикрий бойлигидан айрилган бўлса, у ҳолда бу бойлик ҳам тез орада қўлдан кетади ва уммат қашшоқлик ҳолатига тушиб қолади. Шунингдек уммат агар фикрлаш тариқатини йўқотмаган бўлса, ўзи кашф қилган, бироқ кейинчалик йўқотган кўпгина илмий ҳақиқатларни қайтадан қўлга киритиши мумкин. Аммо агар самарали фикрлаш тариқатини йўқотган бўлса у ҳолда уммат тезда қолоқлашади ва ўзи эришган кашфиёт ва ихтиролардан ҳам маҳрум бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати ўз “ислоҳот” лари билан айнан шу ҳолатни юзага келтириш учун узоқ йиллардан бери режали ҳаракат олиб бормоқда. Бугунги кунга келиб бу “ислоҳот” лар ўз самарасини бера бошлади. Келинг, Ўзбекистон ҳукуматининг таълим соҳасида олиб бораётган “ислоҳот” ларини таҳлил қилиб чиқайлик.
Энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонуни «Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 12 октябрдаги 198 (693)-сонида эълон қилинган. Шу билан қонун кучга кирди ва ўн йил ичида тўлиқ татбиқ қилиниши қонунда кўрсатиб ўтилди. Лотин ёзувини киритиш қандай натижага олиб келди?
Биринчидан, Ўзбекистондаги халқ тафаккурини заифлаштириш учун Каримов режимининг пухта ўйлаб амалга ошираётган режасига жуда фойдали қадам бўлди. Бу сўз муболаға эмас, айни ҳақиқатдир. Сабаби, қонун кучга киритилган вақтда лотин ёзувида бирон дона илмий адабиёт йўқ эди, бугунги кунда ҳам йўқ. Таълим соҳасига тааллуқли адабиётлар шошма шошарлик ва хатоликлар билан кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўгирилиб, амалга киритилди. Бунинг оқибатида ўша даврдан бугунги кунгача фарзандларимизни саводсиз қилиш учун олиб борилган пухта режали “ислоҳот” ўз самарасини берди. Бугунги ёшларимиз орасида саёз фикрли, дунёқараши тор ва илмсизлари кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг бундай ҳолатга келишига сабаб, лотин ёзувидаги илмий адабиётларнинг йўқлиги ва кирилл ёзувидаги илмий адабиётлардан фойдалана олмаслиги бўлди.
Эътиборли жиҳати шуки, ҳукуматнинг ўзи эса шу кунгача барча ишларни кирилл алифбоси асосида юритмоқда, шунингдек, Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги қонун 1989 йили қабул қилинганига қарамай, президент девонидан тортиб деярли барча вазирликларда иш юритиш рус тилида олиб борилади. Бу ҳолат лотин алифбоси халқни саводсиз қилиш учун киритилган, деган фикримизни қувватлайди.
Иккинчидан, таълим соҳасидаги самарали “ислоҳот” лар натижасида малакали ва тажрибали ўқитувчилар таълим соҳасидан кетишга мажбур бўлдилар, ҳукумат томонидан олиб борилаётган халқни камбағаллаштириш сиёсати туфайли, таълим соҳасида ўқитувчиларга берилаётган ойлик иш ҳақининг озлиги сабабли ўқитувчилар бошқа соҳаларга ўтиб кетишди. Бу ҳолат таълим соҳасида жуда катта йўқотиш бўлиб, сифатли таълим бериш, ёшларимизни илмли қилиб тарбиялашга нуқта қўйди.
Учинчидан, ҳукумат томонидан сунъий иқтисодий ночорликни келтириб чиқариш орқали мактабдан то олий ўқув юртларигача чуқур коррупция ботқоғига ботирилди. Мактаблардаги турли йиғимлар, жумладан синф фонди, кўргазмали қурол, металолом, ремонт ва бошқа шу каби баҳоналар билан ўқувчилардан ва ўқитувчилардан пул йиғиш шу даражада авж олдики, фарзандларимиз буни оддий ҳол деб қабул қиладиган бўлишди. Энг катта таназзул мана шу, сабаби барча муаммони ечими пул деган тушунча фарзандларимизнинг онгига мактабдан сингдирилмоқда. Бундай тушунча билан шаклланган фарзандларимиз учун лицей, коллеж ва олийгоҳлардаги порахўрликлар оддий ҳол сифатида тушуниладиган бўлиб қолди. Ҳатто пора олмайдиган баъзи ўқитувчилар уларнинг кўзига ёмон одамдек кўриниб қолиш даражасига етди.
Тўртинчидан, ҳукуматнинг самарали “ислоҳот” лари натижасида олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги коррупция жуда чуқур илдиз отди. Жумладан, ўқишга киришдан бошлаб то битиргунича ўқувчиларнинг ҳаёли “қандай қилиб чуқур илм олсам экан” деган фикр билан эмас, “оралиқ, якуний назорат ва семестрни ёпиш неча пулга тушаркин” деган фикр билан банд бўлади. Ҳа, бугунги талабаларимизнинг асл муаммоси ким қайси илмни қай даражада ўзлаштиргани хусусида эмас, ким сессияга қанча пул сарфлагани хусусида бўлиб қолди. Энг ачинарлиси, ўз иқтидори ва илми билан ўқишга интилган, имтиҳонларни ўз илми ва кучи билан топширишга ҳаракат қилган талабалар, айрим нопок ўқитувчилар томонидан имтиҳонга пул бермагани учунгина иқтидорини сўндиришга уриниши оддий ҳолга айланди. Бу нопок ўқитувчилар учун талабанинг илми эмас, ундан келадиган моддий манфаат аҳамиятли. Бунинг натижасида, жамиятимиз муҳтож бўлган иқтидорли кадрлар тайёрланиши барбод бўлмоқда.
Бешинчидан, ҳукуматнинг таълим соҳасидаги энг самарали “ислоҳот” ларидан бири “контракт” асосидаги ўқишни жорий қилгани бўлди. Буни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ, сабаби бу Ўзбекистонда илмли ва иқтидорли кадрлар тайёрлашни “олдини” олувчи пухта режа асосидаги “ислоҳот” бўлиб, бугунгача ўз самарасини кўрсатиб бўлди. Энди илми ва иқтидори бор йўқлигидан қатъий назар, пули бор ўқийди, илми ва иқтидори бўлгани ҳолда пули бўлмаса ўқишни ҳаёлига ҳам келтирмаса бўлаверади. Бугунги Ўзбекистондаги иқтисодий ҳолатдан келиб чиқсак… Хулосани ўзингиз қилиб олаверинг.
Олтинчидан, “ислоҳот” лар Ўзбекистонда раҳбар кадрларни тайёрловчи академияларда ҳам кенг қулоч ёйган коррупцияни юзага келтирдики, “Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси”, “банк – молия академияси”, “солиқ академияси” ва шунингдек “Ҳарбий академия”, “ИИВ академияси” да таҳсил олиш учун бериладиган йўлланмалар ҳам маълум “хизмат ҳаққи” эвазига берилади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бу академияларни битирган раҳбарлар давлат ва жамият ривожи учун эмас, юрт бойликларини талон-тарож қилиш орқали шахсий бойлик орттириш учун ҳаракат қилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда пора олмайдиган раҳбар бўлмаса керак. Бу ҳам ҳукуматнинг пухта режа асосидаги “ислоҳот” лари самараси.
Биз юқорида таълим соҳасидаги умумий ҳолатни умумий шаклда изоҳлашга ҳаракат қилдик, эънди эътиборингизни “Озодлик радиоси” сайтида 2016 йил 16 март куни эълон қилинган бир хабарга қаратмоқчимиз:
Ўзбекистон олий ўқув юртларида нақд пул тақчиллигини ҳал қилиш учун шу пайтгача талабалар баҳоларини пасайтириш усулидан фойдаланиб келинаётган эди. Бу усул билан Олий таълим вазирлиги ойига миллиардлаб сўм пул иқтисод қилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.
Андижон Давлат тиббиёт институтида стипендиялардан тежаб қолишнинг прогрессивроқ йўлини топишди. Бунда талабанинг баҳосини пасайтириш шарт эмас, фақат биринчи уринишда талаба имтиҳондан ўтказилмаса бўлди. Иккинчи марта имтиҳон топширган талаба, ҳатто бешга топширса ҳам, унга уч баҳо олган талаба билан теппа-тенг стипендия берилади. Озодликка олийгоҳ факультетларидан бирининг 3-босқич талабалари номидан келган мактубда ёзилишича, шу кунларда якунланган имтиҳон мавсумида 250 га яқин 3-босқич талабаси қайта имтиҳон топширишга жўнатилган.
“Ҳозир бизга янги ректор тайинланган, у яқинда 3-курс талабаларидан 249 болани “12А шаклига” (қайта имтиҳон топширадиганлар рўйхати-таҳр.) киритди. Лекин бу талабаларнинг барчаси имтиҳонни топширди. Бу нима гап, деб домлаларга мурожаат қилсак, ректорга айтинглар, деяпти. Қайта имтиҳон топширганларга икки ой стипендия берилмайди”, дея шикоят қилишди бўлажак тиббиётчилар.”
Мана сизга ҳукуматнинг таълим соҳасидаги “ислоҳот” ларининг намунаси, шунингдек юқоридаги хабарда яна бизнинг диққатимизни тортган нарса шу бўлди:
Нақд пул тақчиллиги вазиятидан чиқиш воситаси ўлароқ талабалар баҳосини пасайтириш тўғрисида оғзаки кўрсатма борлигини Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси Озодликка тасдиқлаган эди. Февраль ойидаги суҳбатда ўқитувчи талабаларга баҳо қўйишда “қаттиққўлроқ бўлиш” тўғрисида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг оғзаки кўрсатмаси борлигини билдирган эди.
“Беш баҳони имкон қадар қўймаслик тўғрисида махсус кўрсатма бор, бу рост. Бунга бир-икки йил бўлиб қолди. Сессия пайтида ўқитувчиларга алоҳида эслатилади бу ҳақда. Лекин барибир, бу аълочилар бўлмасин, дегани эмас. Бизнинг факультетда аълочилар бор, лекин уларнинг сони чекланган, саноқли”, деган эди университет домласи.
Иқтисодий қийинчилик шу даражага етибдики, ҳукумат ҳатто талабаларнинг стипендиясидан ҳам тежашдан уялмаяпти. Лекин масаланинг бошқа томони хавотирлидир, яъни аълочи ўқувчиларни камайтириш ҳақидаги кўрсатма айнан мақоламизда сизларга етказишга ҳаракат қилаётган муаммолардан биридир. Ахир бу ёшлар бизнинг келажагимизку. Илмли ва иқтидорли талабаларни иқтисоддаги қийинчиликни баҳона қилиб имтиҳондан асоссиз йиқитиш унинг илм олишга бўлган интилишини сўндирмайдими? Албатта шундай. Чунки ҳукуматнинг таълим соҳасидаги “ислоҳоти” айнан шунга қаратилган. Ҳукуматнинг “кадрлар тайёрлаш миллий дастурини” илмли ва иқтидорли кадрларни йўқ қилиш режаси сифатида тушунсак тўғрироқ бўлади. Юқоридаги ҳолат Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг барчасида бор.
Энди юқоридаги ишлар ҳақиқатда маблағ тақчиллиги сабабли эмас, ҳукумат томонидан халқни саводсизлаштириш мақсадида амалга оширилаётганини фактлар асосидаги исботини ҳавола қиламиз:
Ўзбекистон республикаси молия вазирлигининг давлат бюджетининг 2005 йилдан 2015 йилгача ижроси ҳақидаги ҳисоботларини йилма-йил таҳлил қилсак, таълим соҳасига ўн йил мобайнида 58 625,77 млрд сўм сарфланганини кўрамиз, яъни:
2005 йили 991.5 млрд сўм;
2006 йили 1 285.07 млрд сўм;
2007 йили 1 726.7 млрд сўм;
2008 йили 2 475.6 млрд сўм;
2009 йили 3 332.7 млрд сўм;
2010 йили 4 464.1 млрд сўм;
2011 йили 5 582.9 млрд сўм;
2012 йили 7 130.4 млрд сўм;
2013 йили 8 803.3 млрд сўм;
2014 йили 10 673.5 млрд сўм;
2015 йили 12 160.0 млрд сўм.
Жами 58 625,77 млрд (58 триллион 625 миллиард 770 миллион) сўм
Қизиқ савол чиқади, таълим соҳасига сарфланган шунча маблағ қаерга кетдики, ҳукумат бугунга келиб талабаларнинг стипендиясидан тежамоқда?
Буни жавоби шуки, бу маблағлар ҳукуматдаги раҳбарлар томонидан ўзлаштирилмоқда ва бу талабаларнинг стипендиясидан тежашлик учун сабаб эмас, чунки бу иш Каримов режими иқтидорга келганидан буён давом этиб келаётган иш. Фақат бугунги кунда яна ҳам кучлироқ авж олди. Бундай дейишимизга сабаб, бюджет параметрларини соҳалар бўйича ижросини текшириб кўрсак, таълим соҳаси учун режалаштирилган барча сарфлар маблағ билан қопланганлигини кўрамиз, яъни ойлик иш ҳақи, стипендия ва бошқа ҳаражатлар тўлиқ маблағ билан қопланган. Агар шу кўрсаткичлардан хулоса қилсак, талабаларнинг стипендиясидан тежашликка асло эҳтиёж йўқ. У ҳолда бундай ишлар нима учун қилинмоқда? Бунга жавоб шуки, ҳукумат узоқ йиллардан буён ёшларни саводсиз, фикрий қолоқ, дунёқараши тор қилиб шакллантириш мақсадида сунъий равишда илм олишни қийинлаштириб, маълумотсизлик қамалида (информационная блокада) ушлаб туришга уриниб келмоқда. Бунинг учун ОАВ ва телевидение орқали чалғитувчи ёлғон маълумотлар тарқатиш, ижтимоий тармоқлардан тўсиш, маълумот олишни қийинлаштириш ва чеклаш каби ишларни тинмай олиб бормоқда. Бу ҳукуматга теран фикрлайдиган, дунёқараши кенг, билимдон фуқароларнинг кераги йўқ, сабаби саводсиз, фикрий қолоқ, дунёқараши тор, тубан инсонларни бошқариш осон.
Сўзимизни Ҳизб ут-Таҳрирнинг “Исломда иқтисод низоми” китобидаги қуйидаги фикр билан якунламоқчимиз:
Исломий Уммат бугунги кунда фикрларни йўқотган уммат ҳисобланади, демак у табиийки, фикрлашнинг самарали тариқатини ҳам йўқотган. Чунки ҳозирги авлод ўз аждодларидан на исломий ва на ғайриисломий фикрларни қабул қилиб олди, табиийки у фикрлашнинг самарали тариқатини ҳам қабул қилиб олмади. Бу авлоднинг ўзи фикрларни касб ҳам этмади ва фикрлашнинг самарали тариқатига ҳам эришмади. Шунинг учун юртларида моддий бойликлар беҳисоб бўлишига қарамай қашшоқликда яшаши, кашфиётлар ва ихтироларни назарий жиҳатдан ўрганса-да, уларни эшитиб ва кўриб турса-да, уларга эриша олмаслиги ва улардан баҳра олмаслиги табиий эди. Чунки қачон уммат фикрлашнинг самарали тариқатига эга бўлсагина, яъни ҳаётда ишлатиб янгилик ярата оладиган фикрлар унда мавжуд бўлсагина, шунда бу кашфиёт ва ихтироларга бўлган интилиш ўз самарасини бера олади. Шундан келиб чиқиб, демак, мусулмонлар ўзларида фикрларни ва фикрлашнинг самарали тариқатини вужудга келтиришлари шарт. Шундан сўнггина улар шу фикрлар ва тариқат асосида моддий бойликни қўлга киритиш сари қадам ташлашлари, илмий ҳақиқатларни кашф этишлари ва саноат соҳасида ихтиролар қилишлари мумкин бўлади. Агар бундай қилмас эканлар, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайдилар ва бўм-бўш доира ичида бефойда айланиб юраверадилар, бу айланишларида ўзларидаги бор ақлий ва жисмоний кучларни сарфлаб тугатадилар-у, бироқ оқибатда ҳаракатларининг бошланғич нуқтасига яна қайтиб келаверадилар.
Албатта, мақоладаги фикрларимиз хусусидаги хулосани ўзингизга ҳавола қиламиз, фақат бир нарсани эслатиб ўтамизки, бугунги лоқайдлигимиз ва қўрқувимиз учун келажак авлод бизни кечирмайди.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси Салоҳиддин
21.03.2016й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!