Вагнер кучлари раҳбарининг исёни ортида нима турибди?!
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Вагнер кучлари раҳбарининг исёни ортида нима турибди?!
Савол: 2023 йил 24 июн куни Россиянинг Вагнер кучлари раҳбари рус армиясига қарши исён бошлаганини эълон қилиб, мудофаа вазири ва бош штаб бошлиғи билан учрашишни талаб қилди. Вагнер раҳбари уларни қаттиқ танқид қилиб, ўз кучларининг Москва томон юриш бошлаганини билдирди. Мавзу ҳақида қисқа нутқ сўзлаган Россия Президенти Путин исённи ватанга хиёнат ва орқадан пичоқ уриш, дея баҳолади. Аммо Беларус президенти воситачилигида Вагнер кучлари раҳбарининг Беларусияга чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги келишув билан ўша куниёқ исён тўхтади. Ғарб исён кўтарилгани ва тезда тўхтаганидан ҳайратда қолди… Саволим шуки, нима учун бу исён содир бўлди? Бу Россия учун қандай оқибатларга олиб келади? Исёнда Ғарб ёки Американинг қўли борми? Саволим чўзилиб кетгани учун узр сўрайман. Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.
Жавоб: Жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
1 – Вагнер гуруҳи Россиянинг ярим ҳукумат хавфсизлик компанияси бўлиб, 2014 йилда ташкил топган. Гуруҳга миллиардер Евгений Пригожин раҳбарлик қилади. Пригожин Россия президенти Путиннинг ошпази ва яқин ишончли одами сифатида танилган. Чунки унинг Путин учун таом тайёрлайдиган ресторани бор. Вагнер Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган бўлиб, ўз аъзоларини вазирликнинг ҳарбий лагерларида машғулотдан ўтказади, қурол-яроғни ҳам ундан олади. Гуруҳ Россия давлатининг нопок ҳарбий ва хавфсизлик миссияларини ҳамда иқтисодий операцияларни бажариб келган. Вагнер худди Ироқ ишғолининг дастлабки йилларида Америка кучлари билан бирга ифлос ролларни ўйнаган АҚШнинг ёмон ном қозонган ташкилоти «Blackwater»га ўхшайди. Шунинг учун жавобгарлик ва қонуний таъқибдан ташқарида бўлиб, қотиллик, суиқасд, ҳибсга олиш ва қийноқларни ҳеч қандай жавобгарликсиз ва қонуний таъқибсиз амалга оширади. Чунки унинг миссияси ва фаолияти Россия ичкарисида эмас, ташқарисида. Лекин Россия ундан Украина урушида фойдаланди. Путин 2023 йил 27 июн куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ўтказган учрашувида «Давлат Вагнер гуруҳига 2022 йилнинг майидан 2023 йилнинг майигача жангчилар учун маош ва рағбатлантирувчи мукофотлар сифатида 86 миллиард 262 миллион рубль (бир миллиард доллар атрофида) маблағ сарфлаган»ини билдирди. Шунинг учун гуруҳ раҳбари ўзини кучли ва хоҳлаган нарсасини қила оламан, деб ҳис қилди. Пул ва қурол-яроғга эга бўлгани, ўн минглаб аъзоларга раҳбарлик қилгани ва руслар орасида шуҳрат қозонгани учун ўзини қудратли ҳис қилиб, режимни шантаж ёки таҳдид қилиши мумкин, деб ўйлади. Айниқса Вагнер қўшинлари Сурия, Ливия, Мали ва Марказий Африкадаги бир қанча мамлакатларда жойлашгани боис, энг юқори мансабларни ҳам эгаллашга қодирман, дея ғурурланиб кетди.
2 – Вагнер гуруҳи Россиянинг Украинага очган урушида, хусусан, бир неча ой давом этган Бахмут жангида иштирок этиш билан машҳур бўлди. Зеро, Бахмут жангини фақатгина Вагнер кучлари ҳал қила олгани айтилди. Вагнер раҳбари Евгений Пригожиннинг исми ҳам – айниқса, Россия мудофаа вазири ва бош штаб бошлиғини Украинадаги, хусусан Бахмутдаги жанглар пайтида Вагнер кучларини ҳарбий техника билан таъминламагани сабабли танқид қилгани учун – янгиликларда жуда кўп тилга олинадиган бўлди. Иккаласини шунчалик танқид қилдики, уларни ҳатто ватанга хиёнатда айблаб, лавозимларидан четлаштиришни талаб қилди. Армияни Украинада ўн минглаб русларнинг ўлимида ва ҳудудларни душманга топширишда айблади. У ўзининг баёнотлари ва айбловларини тарқатишда Телеграмдан фойдаланди. Бир вақтнинг ўзида, Пригожин Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушини ҳам танқид қилди. Унинг ўз исёнидан бир кун аввал 2023 йил 23 июнда Телеграмдаги саҳифасида берган баёнотида бундай дейилади: «Россия мудофаа вазири маршал унвонини ва Россия қаҳрамони медалини олиш учун Украинага уруш қилди… Украинанинг урушдан олдин НАТО билан биргаликда Россияга ҳужум қилишни режалаштиргани нотўғри. Зеро, мудофаа вазири Шойгу Украинанинг Россияга ҳужум қилиш учун НАТО билан иттифоқ тузганлиги ҳақидаги ҳикоялар билан президент Путин ва русларни алдаган… Россия кучлари Украинанинг қарши ҳужумидан сўнг Украина шарқи ва жанубидан чекинмоқда».
3 – Вагнер раҳбари 2023 йил 24 июн шанба куни эрталаб Россиянинг Украинага қарши ҳужумининг асосий маркази бўлган Ростов шаҳридаги ҳарбий округ штабига кириб борганини, ҳарбий объектлар, жумладан, аэропортни назоратга олганини билдирди. Кейин ўзининг Телеграм саҳифасида бундай гапларни айтди: («Биз ҳарбий округ штабидамиз. Соат 7:30 (Гринвич бўйича 4:30). Ростовдаги ҳарбий объектлар, жумладан аэропорт ҳам бизнинг назоратимиз остида. Украинада ишғол қилинган ҳудудларнинг катта қисми қўлдан бой берилди ва кўплаб аскарлар ҳалок бўлди». Пригожин Россия армиясини фронтдаги вазият ҳақида ҳақиқатни айтмаганликда айблаб бундай деди: «Армия ўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар ва жанг қилишдан бош тортганлардан иборат кунига мингта аскарини йўқотмоқда. Россия бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов бинога яқинлашаётганимизни билгач, қочиб кетди. Улар Вагнер кучларини тарқатиб юборишмоқчи эди». Пригожин ўз кучларининг Украина билан чегарадош Ростов шаҳрига кириб, сўнг Воронеж шаҳрига, кейин эса Россия пойтахти Москвадан тахминан 510 километр узоқликда жойлашган Липецк шаҳрига қараб йўл олганини, ҳатто Москвага тахминан 200 километр қолганини билдирди). Шунга қарамай, қайтиш учун эшикни очиқ қолдириб, Путинни очиқчасига айблашдан ўзини олиб қочди. 2023 йил 26 июнда ўзининг Телеграм саҳифасида (Президент Путинни нишонга олмаганини, ўз кучларининг Москва томон ҳаракатланишини айтган пайтда режимни ағдариш истаги бўлмаганини, гуруҳ Вагнернинг демобилизация қилиниб, мудофаа вазирлигига қўшиб юборилишига тўсқинлик қилиш учун юриш бошлаганини, аммо қон тўкилишига йўл қўймаслик учун ўз кучларига ортга қайтишни буюрганини) маълум қилди.
4 – Аммо Пригожиннинг Путинни айблашдан ўзини олиб қочгани фойда бермади. Чунки Россия президенти исён бошланганидан бир неча соат ўтибоқ уни бостириш билан таҳдид қилди. У 2023 йил 24 июн куни Россия телевидениесида қилган мурожаатида бундай деди: («Вагнер хусусий ҳарбий гуруҳининг қуролли исёни хиёнатдир. Россия армиясига қарши қурол кўтарган ҳар қандай шахс жазоланади… Хавфсизлик хизматлари терроризмга қарши кураш ҳолатини эълон қилиш тўғрисида керакли буйруқларни олишди… Россия олиб бораётган жанг биздан хорижий режаларга қарши курашиш учун бирлашишни талаб қилади… Бугун тунда барча йўналишдаги командирлар билан гаплашдим. Бу таҳдидга бизнинг берадиган жавобимиз кескин ва қаттиқ бўлади. Содир бўлган ҳодиса хиёнат ва орқадан пичоқ уришдир. Россия неонацистлар билан курашаётган бир пайтда исёндан иборат жиноий саргузаштга тортилганлар бор… Ҳар қандай ички тартибсизлик давлатчилигимиз ва рус халқи учун ҳалокатли таҳдиддир». Путин Вагнер раҳбарини «шахсий амбициялари» асосида ҳаракат қилаётганликда айблади). Вагнер раҳбари (Уларни хоин деб сифатлаш билан Путиннинг катта хато қилганини айтиб, «Путин нотўғри йўлни танлади. Тез орада Россияга янги президент бўлади», дея билдирди… Телеграм, 2023 йил 24 июн).
5 – Бу ерда вазият ёмонлашди, айниқса, Россия учун Украинадаги уруш шароитлари жуда оғирлашмоқда. Уруш Россияни ҳолдан тойдириб, моддий ва инсоний ресурсларини тугатмоқда. Россия сезиларли бирорта ютуққа эришмади, тўғрироғи, эриша олмаяпти. У ўз позицияларини ҳимоя қилиш, ҳатто баъзи позициялардан чекиниш ҳолатида. Мана шундай бир вазиятда Вагнер исёни юз берди. Бу исён Россия учун, айниқса, ўзининг ва мамлакатининг тақдирини ҳал қилувчи уруш гирдобига тушиб қолган президент Путин учун жуда ҳам ҳалокатли ҳисобланади. Бундай оғир бир паллада Россия президенти беларусиялик ҳамкасбини исённи тўхтатиш ва муаммони тинч йўл билан ҳал этиш учун воситачилик қилишга ундади. Беларусия президентлик девони баёнотида айтилишича, («Президент Лукашенко Россия президентига Вагнер раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралар натижалари ҳақида батафсил маълумот берди. Путин Лукашенкога қилган ишлари учун миннатдорчилик билдирди»). Вагнер гуруҳи раҳбарига инқирозни ҳал этиш бўйича таклиф, жумладан, хавфсизлик кафолатлари тақдим этилди. Музокаралар президент Путин билан келишилган ҳолда олиб борилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президент Путин ва Лукашенко ўртасидаги келишувнинг энг муҳим нуқталарини изоҳлар экан, жумладан бундай деди: («Дастлаб Пригожиннинг «кампанияси»да қатнашишни рад этган Вагнер жангчилари Россия Қуролли кучлари сафига қўшилиши ва Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаши мумкин… Улар ҳеч қандай жиноий жавобгарликка тортилмайди… Вагнер кучлари ўзларининг лагерларига қайтадилар… Штаб ва лагерларга қайтишни истамаганлар Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаши мумкин… Пригожинга қарши қўзғатилган жиноий иш ёпилади ва у Беларусияга кетади…». RT, 2023 йил 25 июн). Шундай қилиб, Путин исён масаласини ҳал қилишга муваффақ бўлиб, ўзини ва Россияни кўплаб йўқотиш ва тўқнашувлардан сақлаб қолди.
6 – Афтидан, Вагнер раҳбари ўзининг тузган режаларида шошқалоқлик қилган кўринади. Агар у Москвага етиб бориб, қўллаб-қувватловга эришганда, давлат ҳам унга зарба бериб, йўқ қилишга муваффақ бўлолмаганда эди, Путинни ағдариб, ўрнини эгаллашга уриниб кўрган бўларди. Афтидан, у ўз йўлини давом эттиришга журъати етмаган ва муваффақиятсизликка учрашдан қўрққан кўринади. Шунингдек, Путиннинг Беларусия орқали унга таҳдид қилиш билан бир қаторда уни афв қилиш ва Беларусияга кетишига рухсат бериши билан авраши ортидан хатардан кўра хавфсизликни афзал кўрганга ўхшайди. Ушбу келишувдан сўнг Вагнер раҳбари 2023 йил 25 июнда ўзининг Телеграмдаги саҳифасида («Ўз кучларининг қон тўкилишини олдини олиш учун лагерларига қайтиши»ни маълум қилиб, бундай деди: «Шу пайтгача қон тўкилишини олдини олганимиздан жуда хурсандмиз. 23 июн куни биз адолат маршига чиқдик. Бир куннинг ичида Москвага 200 километр яқин масофага етиб бордик»).
7 – Шу тариқа Путин вақтинча бўлса ҳам инқироздан қутулди. У 2023 йил 26 июнда мамлакат телевидениесида чиқиш қилиб бундай деди: («Биз Вагнер исёнига барҳам бериш орқали Россияда фалокатни олдини олишга муваффақ бўлдик… Беларусиянинг Вагнер исёни инқирозини тинч йўл билан ҳал қилишдаги ролини юксак баҳолаймиз… Қуролли исён ташкилотчилари ўз ватанларига хиёнат қилишди ва сўнгги воқеалар ҳар қандай провокациянинг охири албатта мағлубият эканини кўрсатди». Путин, шунингдек, «Вагнер жангчиларига армияга қўшилиш, истаганлар Беларусияга чиқиб кетиш тўғрисидаги таклифи»ни янгилади. У яна бундай деди: «Ғарб ва Киев Россияда фуқаролар уруши келиб чиқишини хоҳлашди. Хавфсизлик хизмати Россияни мудофаа қилиш борасидаги қасамёдига содиқ қолди»). Бу шуни англатадики, ушбу исён Россия давлатига таҳдид солиб, режим ва президент Путиннинг обрўси ва қудратида силкинишни юзага келтирди. Шунингдек, Россиянинг халқаро обрўсига ҳам таъсир қилиб, унинг ички аҳволи хавотирли ва беқарор эканини кўрсатди.
8 – Ғарб давлатлари позициясига келсак, кўринишидан, улар исёндан ва унинг бир зумда тўхтаб қолганидан ҳайратга тушишди. Ҳолбуки улар исён давом этишини хоҳлашган эди. Шунинг учун уларнинг барчаси асосий диққат-эътиборларини Россияда бўлаётган воқеаларга қаратиб, расмийлари ўртасида алоқа ва телефон сўзлашувлари бошланиб кетди. Чунки бундай исён Украинадаги уруш жараёнига таъсир қилиб, Россия учун вазиятни остин-устун қилиб юбориши ва эҳтимол, Ғарб ўзи хоҳлаган нарсага эришиши мумкин эди. Америка бўлиб ўтган ҳодисалар юзасидан ўз позициясини ошкор қилди. АҚШ президенти Байден ўз баёнотида («Россиядаги Вагнер гуруҳи исёнига Ғарбнинг алоқаси йўқ. Россиядаги ҳодисалар ҳокимият учун курашнинг бир қисмидир», деди. Байден, шунингдек, «Миллий хавфсизлик ташкилотига Россиядаги воқеаларни яқиндан кузатишни буюргани»ни таъкидлади. АҚШ давлат котиби Блинкен «Биз бу исённинг охирги босқичига гувоҳ бўлганимиз йўқ ҳали. Лекин ичкарида кимдир Путин ҳокимиятини курашга чорлаши ҳамда унинг Украинага ҳужум қилгани сабабларини бевосита шубҳа остига қўйиши анча жиддий иш. Гарчи можаро бошланишидаёқ тезда ҳал қилинган бўлса-да, бироқ Путин раҳбариятига зарба бўлди. Россиядаги бугунги кризис жиддий саволларни туғдириб, реал ёриқлар мавжудлигини кўрсатмоқда». Американинг CBS телеканали ва Рейтер, 2023 йил 26 июн). АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер бундай деди: («Вагнер қуролли кучларининг исёни Россиянинг ички иши бўлиб, биз унда иштирок этмадик. Шанба куни Вагнер қўшинларининг исёни пайтида «Американинг Москвадаги элчиси орқали» руслар билан алоқа каналларимиз бор эди. Евгений Пригожиннинг Украина урушининг мантиқий асосларини тўғридан-тўғри шубҳа остига олиб, урушнинг ёлғон асосга қурилганини айтиши янги ҳолат». Аlweeam.com.sa ва Рейтер, 2023 йил 26 июн). Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари томонидан чиқарилган баёнотда «Дам олиш кунлари Россияда барҳам берилган исён Москванинг Украинадаги уруши ички беқарорликни келтириб чиқараётганини ва унинг ҳарбий қудратига путур етказаётганини кўрсатди», дея таъкидланади. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Жозеп Боррел бундай деди: «Ҳафта охирида содир бўлган воқеалар Украинага қарши уруш Россиянинг ҳарбий кучини синдириб, унинг сиёсий тизимига таъсир ўтказаётганини кўрсатмоқда. Alweeam.com.sa, 2023 йил 26 июн). НАТО бош котиби Йенс Столтенберг қуйидагиларни таъкидлади: («Россиядаги ҳодисалар ички масала… Биз Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаяпмиз». Sky News, 2023 йил 26 июн).
9 – Шу тариқа, америкаликлар ва ғарбликлар исёнга ҳеч қандай алоқалари йўқлигини таъкидлашди. Бироқ, ушбу таъкидлашларга қарамай, ғарбликлар, хусусан, америкаликлар Вагнер раҳбарини у ёки бу тарзда шундай ишларни қилишга ундаган бўлишлари эҳтимолдан узоқ эмас. Чунки судланган шахслардан ташкил топган қуролли гуруҳ раҳбарининг бундай ишларни қилиши жуда қийин масала! Пригожин Россиянинг Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги биринчи президенти Ельцинга ўхшади. Чунки Ельцин ҳокимиятга эришиш ва Совет Иттифоқини ағдаришда америкаликлардан далда ва йўл-йўриқ олган ва бу кейинчалик фош бўлган эди. Ушбу масала юзасидан, Вашингтон Пост газетаси 2023 йил 15 майда ёзишича, Вагнер раҳбари Африка давлатларидан бирида Украина расмийлари билан учрашиб, Бахмутда Вагнернинг қаршисидан украиналик қўшинларни олиб чиқиб кетилиши эвазига Киевга Россия қуролли кучлари ҳақида маълумот беришга тайёрлигини билдирган. Газета бунда АҚШ разведкасининг сиздирилган ҳужжатларига ҳамда исми ошкор этилмаган америкалик ва украиналик расмийларга таянганини билдирди. Бироқ, Пригожин ўзининг Твиттердаги саҳифасида буни кескин рад этиб, уни кулгили дея баҳолади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам «Вашингтон Пост газетасида чоп этилган маълумотлар уйдирма», дея таъкидлади. Франс Пресс, 2023 йил 16 май). Бу хабарни Пригожин ҳам, Кремл ҳам инкор қилган бўлса-да, бироқ Пригожин Украинага қарши уруш бошлаш қарори мудофаа вазирлигининг қарори эмас, балки шахсан президент Путиннинг қарори эканини била туриб, Россия ҳарбий операциясини танқид қилди, мудофаа вазирини танқид қилиб, уни Путинни адаштиришда айблади. Украинага уруш қилиш қарори мудофаа вазири қарори эмас, Путиннинг қарори экани Путин ўз ҳокимиятининг барча устунларини урушдан икки кун олдин, 2022 йил 22 феврал куни йиғган ва тўғридан-тўғри «RT» телеканалида намойиш этилган йиғилишда кўриниб турарди. Вагнер раҳбарининг урушни танқид қилиши ҳамда уруш мудофаа вазирлиги қарори эмас, Путиннинг қарори эканини била туриб, уни мудофаа вазирлигининг қарори қилиб кўрсатиши тўғридан-тўғри Путинни танқид қилишдан ўзини олиб қочганини кўрсатади. Чунки Пригожин, айниқса, ўзининг урушга ишонмаслигини ва уни нотўғри деб билишини очиқ айтиб турган бир пайтда, Путиннинг қасосидан қўрқди. Унинг урушга ишонмаслигини ва уни нотўғри деб билишини очиқ айтиши Ғарбни, хусусан Американи рози қиладиган иш. Шу сабабдан ғарбликларнинг украиналиклар орқали ёки уларнинг иштирокида Пригожин билан боғланиб, уни бу ишларга ундаган бўлишлари, лекин Пригожин Путиннинг таҳдидларини кўргач, ўзига ишонмай, ортга тисарилган ҳамда жонини сақлаб қолиш ва Беларусияда сургунда яшашни афзал кўрган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
10 – Бу исён Путин учун 1999 йилда ҳокимиятга келганидан бери энг катта муаммо бўлди. Бу нарса бошқаларни ҳам исёнга ундаши мумкин. Чунки аскарларининг кўпчилиги жиноятчилардан ташкил топган қуролли гуруҳнинг раҳбари Пригожин Путиннинг обрўси ва қудратида силкинишни пайдо қила олди! Бу эса Путиннинг тасаввур қилинганидан кўра заиф эканини, боши берк кўчага кириб қолганини ва исёнчи билан келишиш йўлини танлаганини кўрсатиб турибди! Ушбу ҳодиса Путиннинг юзига тарсаки бўлиб тушди ҳамда унинг раҳбарияти ва давлатига бўлган ишончга путур етказди… Зотан, Шарқу Ғарбдаги мустамлакачи кофир давлатлар шундай, уларни ларзага солувчи бўлмагани учун оёқда тик тургандек кўринишяпти. Ажаб эмаски, тарих такрорланса, ер юзи яна Халифаликнинг нури ила мунаввар бўлиб, Халифалик бугунги куннинг форс ва румларини йўқ қилса. Зеро, Россия ва Ғарб ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мусулмонларга қарши тил бириктирган. Уларнинг ҳар бири ёвузликда, Ислом ва мусулмонларга қарши курашда бири бошқасидан кам эмас. Аллоҳ Таоло уларнинг амалларини яқинда пучга чиқариб, бир-бирларининг қўли билан уларни жазолайди ҳамда бутун инсониятни уларнинг ёвузлигидан қутқариш учун Ўз динига нусрат-ёрдам беради.
﴿إِنَّا لَنَنْصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ﴾
«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам нусрат-ёрдам берурмиз» [Ғофир 51]
13 зулҳижжа 1444ҳ
1 июл 2023м
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми