Тугамайдиган «ислоҳотлар» иллюзияси

Тугамайдиган «ислоҳотлар» иллюзияси
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
«Ислоҳот» сўзи араб тилидаги «ислаҳ» ўзагидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан тузатиш, яхшилаш ва бузилган нарсани аслига ҳамда соғлом ҳолатга қайтаришни англатади. Исломий нуқтаи назардан эса, ислоҳот – жамиятдаги адолатсизлик ва бузуқликларни йўқотиб, инсонларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган эзгу амалдир. Шу сабабли, ушбу сўз айтилганда ҳар бир инсон зеҳнида табиий равишда эртанги кунга ишонч ва ҳаётнинг яхшиланиши ҳақидаги ижобий умид пайдо бўлади. Бироқ Ўзбекистондаги сиёсий реалликда бу муқаддам тушунча ўн йиллар давомида тубдан қарама-қарши мақсадларга хизмат қилдириб келинмоқда. Каримов даврида ҳам «буюк келажак» ва «мустақиллик модели» номи остида айни шу тактика қўлланган бўлса, амалдаги ўзбек режимда ҳам «янгиланиш» ва «ислоҳот» сўзлари ҳокимиятнинг ўз мавқеини мустаҳкамлаш, халқни жиловда ушлаш ва навбатдаги иқтисодий босимларни пардозлаш учун ишлатиладиган сиёсий ниқобга айланиб бўлди. Шунинг учун бугун ислоҳот деган сўзнинг қадри тушиб, умуман сийқаси чиқиб кетди. Баландпарвоз расмий баёнотлар берилади, аммо уларнинг ортидаги ҳақиқий воқелик мутлақо бошқа манзарани кўрсатади.
Бунинг биринчи яққол мисоли — энергетика ва коммунал соҳасидаги «ислоҳотлар»дир. Расмий даражада ҳукумат «бозор иқтисодиётига ўтиш, соҳани субсидиялашдан чиқариш ва узлуксиз энергия етказиб бериш» ваъдаси билан аҳоли учун тарифларни кескин оширди. Бироқ рақамларга назар солинса, 2024-2026 йиллар давомида электр энергияси нархи 1 кВт/соат учун 295 сўмдан 650 сўмгача (меъёрдан ошса 1100-2200 сўмгача), табиий газ эса 380 сўмдан 1 100 сўмгача (лимитдан ошса 2000-3300 сўмгача) кўтарилиб, деярли 3 бараварга қимматлашди. Тарифлар неча баробар оширилганига қарамай, маҳаллий газ қазиб олиш ҳажми 2018 йилдаги 61,6 миллиард куб метрдан кескин тушиб, 2026 йилнинг биринчи ярмида атиги 18,3 миллиард куб метрни ташкил этди. Соҳадаги миллиардлаб долларлик коррупцион схемалар ва имтиёзли олигархик тузилмалар дахлсиз қолгани сабабли мамлакат соф газ импортчисига айланди ва биргина 2026 йилнинг 6 ойида газ импорти 971,7 миллион долларни ташкил этиб, энергия дефицити 1,45 миллиард доллардан ошди. Электр тармоқларининг 50-60 фоизи эскириб бўлгани сабабли одамлар ҳамон қишда совуқда, ёзда иссиқда газ ва светсиз қолмоқда, соҳанинг бутун инқироз оқибатлари эса фақат халқнинг чўнтагига юкланмоқда.
Иккинчи оғриқли нуқта — «молиявий ислоҳот ва яширин иқтисодиётга қарши кураш» номи остида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимига мажбурий ўтказиш сиёсатидир. Марказий банк ва ҳукумат вакиллари буни «иқтисодиётни шаффофлаштириш ва қулайлик яратиш» деб тақдим этмоқда. Бироқ амалиётда ушбу жараён банк тизимининг монопол вазияти, хизмат кўрсатиш фоизлари ва доимий техник узилишлар фонида аҳолига қўшимча молиявий юк ва назорат занжирини пайдо қилмоқда. Аҳолининг ўз ҳалол топган маблағларини нақдлаштиришдаги чекловлар ва банк комиссиялари фонида «шаффофлик» баҳонасида фуқароларнинг молиявий ресурслари устидан пўлатдай назорат ўрнатилмоқда, бу эса аҳолини мутлақ молиявий қарамликка солишга хизмат қилмоқда.
Учинчидан, «давлат активларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш» дастурларига назар ташланса, рақобатли ва шаффоф бозор яратиш ҳақидаги ваъдалар қуруқ гаплиги аён бўлади. Мамлакатнинг энг жозибадор стратегик объектлари, йирик ишлаб чиқариш майдонлари ва шаҳар марказларидаги миллионлаб долларлик ер участкалари «инвестиция киритиш» ва «ислоҳ қилиш» баҳонасида манзилли қарорлар орқали муайян офшор компаниялар, номаълум таъсисчилар ва ҳокимиятга яқин бўлган олигархик гуруҳларга бериб юборилмоқда. «Бизнесни қўллаб-қувватлаш» номи остидаги солиқ ва маъмурий ислоҳотлар эса кичик тадбиркорларни ягона марказлашган рақамли назорат, мажбурий маркалаш ва оғир солиқ юки остида қолдирмоқда.
Шу билан бирга, режимнинг энг катта сохталикларидан бири — «камбағалликка қарши кураш» ва «ҳоким ёрдамчилари» институтидир. Расмий трибуналардан камбағаллик бир неча фоизга камайгани, юз минглаб одамлар «иш билан таъминлангани» ва монопол тузилмалар томонидан аҳолига товуқ, қуён ёки иссиқхона тарқатилаётгани ҳақида бонг урилади. Аммо реал факт шундаки, коммунал тарифларнинг 3 бараварга ошиши ва нақд пулсиз тизимдаги яширин солиқлар туфайли озиқ-овқат ва кундалик истеъмол товарларининг таннархи кескин қимматлашди. Минимал иш ҳақи ва пенсиялар инфляция ва тарифлар ўсишидан бир неча баробар орқада қолмоқда. Ҳукумат «камбағалликни қисқартирдик» деб ҳисобот топшираётган бир пайтда, реал харид қобилияти тушиб кетган миллионлаб оилалар аслида қашшоқлик чегарасидан пастга шўнғимоқда. Одамларга иш ўринлари ва эркин бозор бериш ўрнига, уларни мажбурий кредитлар ва кичик субсидиялар билан доимий қарздорликка мубтало қилиш — камбағалликни тугатиш эмас, балки аҳолининг қашшоқлик даражасини ва давлатга муҳтожлигини сунъий равишда ушлаб туриш воситасидир.
Нега бугунги раҳбарлардан ҳеч качон халққа ҳақиқий ғамхўрлик қиладиган ислоҳотлар чиқмайди? Сабаби, уларнинг зеҳнияти ва дунёқараши соф капиталистик манфаатдорлик асосига қурилган. Бу тузум ахлоқ ва адолатни эмас, шахсий фойда ва моддий устунликни ягона мезон деб билади. Капиталистик дунёқараш инсонни фақат ўз манфаатини ва яқинларининг бойлигини барча нарсадан устун қўядиган худбин мавжудотга айлантиради. Бундай тузумда мансаб ва ҳокимият — халққа хизмат қилиш воситаси эмас, капитал(сармоя) тўплаш ва ресурсларни эгаллаш қуролидир. Шу сабабли, ушбу капиталистик тузум сақланиб қолар экан, ҳокимият тепасидаги шахсларнинг алмашиши ҳеч қандай ижобий ўзгариш содир этмайди. Бир тузум ичида Каримов ўрнига Мирзиёев келадими ёки бошқа бир шахсми — моҳият ўзгармайди, чунки уларни бошқараётган тузум ва мафкура бир хилдир.
Тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳақиқий ғамхўрлик ва адолатнинг мутлақо бошқача мезонларини кўрамиз. Ислом давлатчилиги тарихида, хусусан, Рошид Халифалардан бўлмиш Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳунинг ҳаётида бунинг ёрқин мисоллари мавжуд. Халифа Умар розиёллоҳу анҳу кечалари мадиналикларнинг аҳволидан хабар олиш учун кўчаларни айланиб чиқар, «Фурот ёки Дажла бўйида бир улоқ оч қолса ёки йўқолиб қолса ҳам, Қиёмат куни Умар унинг учун жавоб беради», деб қайғурар эди. Қаҳатчилик йилида одамлар азият чекаётган бир пайтда, токи раъият (халқ) тўқ бўлмагунча ўзига сариёғ ва гўшт ейишни ҳаром(манъ) қилган эди. Бундай олийжаноблик ва адолатнинг асосий манбаи — шахсий манфаатларни жиловловчи ва раҳбарни Аллоҳ олдидаги жавобгарлик ҳисси билан тарбияловчи Ислом ақидасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда омонатларни ўз эгаларига топширишни ва адолат билан ҳукм юритишни буюриб шундай дейди:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَىٰ أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ ۚ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِ
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизни буюради…» (Нисо:58)
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ эса, ҳокимият ва раҳбарликнинг моҳиятини очиб бериб, шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагиларидан жавобгардир». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Қайси бир бандага Аллоҳ халқнинг бошқарувини омонат қилиб берса-ю, у ўз халқига холис ва ғамхўр бўлмаган ҳолда вафот этса, Аллоҳ унга жаннатнинг ҳидини ҳам ҳаром қилади». (Имом Бухорий ривояти).
Шу сабабли, Ислом раҳбарни капиталист каби «эгалик қилувчи ва фойда кўрувчи» эмас, балки «халққа масъул бўлган омонатдор» сифатида тарбиялайди.
Шундай қилиб, амалдаги ўзбек режими тақдим этаётган «ислоҳотлар» бу — жамият фаровонлиги учун эмас, аксинча ҳокимият ва унга яқин гуруҳларнинг ресурслар ва аҳоли устидан мутлақ назоратини сақлаб қолишга қаратилган воситадир. Бу жараён халқни доимий равишда «эртага ҳаммаси яхши бўлади» деган ваъдалар ва иллюзиялар билан овутиб туриш, асл муаммоларни ёпиш ва иқтисодий ресурсларни қайта бўлишиб олиш учун ишлатилаётган тугамайдиган тузоқдан бошқа нарса эмас. Токи, капиталистик тузум ўрнига Исломнинг адолатли низоми асосига қурилган Халифалик қарор топмас экан, шахслар ўзгаргани билан халқнинг аҳволи ва ислоҳотларнинг сохта моҳияти асло ўзгармайди.
Салоҳиддин
07.09.2026



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ