Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (gazeta.uz 08.10.2025й): Enter Engineering Ўзбекистонда АЭС қурилишига тайёргарлик ишлари учун субпудратчи сифатида танланди.
Изоҳ: АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Қалмуратовнинг таъкидлашича, Enter Engineering компанияси лойиҳага жалб этилгани сабабсиз эмас. Унинг фикрича, бу компания Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш ташкилотларидан бири бўлиб, ўз автопарки, юқори малакали мутахассислари ва лойиҳа институтларига эга. Яъни компания қурилишнинг барча босқичларини мустақил амалга ошириш имкониятига эга. Шунингдек, расмий маълумотларда ойлик маош ва меҳнат ҳақи бўйича ҳеч қандай муаммо кузатилмаслиги таъкидланган. Бироқ ҳолат аслида ҳам шундайми? Келинг, шуни кўриб чиқайлик: ҳали Россиянинг ўзида ҳам қуруқликда қўлланилмаган атом реакторларини синов тарзида Ўзбекистонда ўрнатиш режаси амалга ошириляпти ва бу билан табиийки, ҳукумат мамлакатни тажриба майдонига айланишига йўл қўйиб бермоқда. Энг ёмони, ушбу қурилишга меҳнат шароити ёмонлиги, иш ҳақларининг тўланмаслиги, шубҳали молиявий операциялари ва сифатсиз қурилиш ишлари билан танилган ҳамда россиялик ва маҳаллий ҳукумат доираларига яқинлиги билан машҳур Enter Engineering компанияси жалб қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, шубҳали обрўсига қарамай, Enter Engineering компаниясини пудратчи сифатида танлаш – бюджет маблағларининг самарасиз сарфланаётганидан далолат беради. Унинг таъкидлашича, АЭС қурилиши лойиҳаси уч марта ўз конфигурациясини ўзгартирган ва унинг умумий қиймати шаффоф бўлмаган ҳолда ортиб бормоқда. Бакиров буни очиқчасига “авантюра” деб атаган. Шунингдек, у тендерсиз Enter Engineering’га берилган учинчи мисни бойитиш фабрикаси қурилиши ҳам белгиланган муддатда (2023 йил сентябр) тугалланмаганини ва унинг нархи ҳануз “шиширилаётганини” таъкидлаган. Мутахассислар фикрига кўра, АЭС қурилиши жуда узоқ вақт ва катта молия талаб қилиши сабабли тобора самарасиз бўлиб бормоқда. Шундай бир пайтда ўрис тиқиштираётган ва ҳали синовдан ўтмаган АЭС лойиҳасини амалга ошириш жуда кўп таваккалчиликларни келтириб чиқаради. Қолаверса, у ўзини ҳақиқатда оқлайдими-йўқми, ҳукумат бу ҳақда ҳам асосли изоҳ бермай келяпти. Шунинг учун ҳам юртимизнинг ҳақиқий энергетик хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлайдиган ягона тузум бу – Ислом эканлиги яна бир бор ўз исботини топяпти.
Хабар (ozodlik.org 14.10.2025й): Ўзбекистон кўчаларини Хитойдан келган арзон маҳсулотлар босиб, ижтимоий тармоқларида улар ҳақидаги реклама ва видеолар сони кескин кўпайди.
Изоҳ: Маълумотларга кўра, кўчаларда сотилаётган товарларнинг асосий қисми Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган хитойликларга тегишли, қолган қисмини эса ўзбекистонликлар Хитойдан олиб келмоқда. Бишкеклик иқтисодий таҳлилчи Нургул Акимованинг таъкидлашича, Хитойда экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга катта субсидиялар берилади, улар учун турли қонуний имтиёзлар яратилган. Агар шундай шароитлар ўзбек тадбиркорларига ҳам таъминланмаса, улар рақобатда ютқазиши ва ҳатто фаолиятини тўхтатиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 9,7 миллиард АҚШ долларига етган – бу ўтган йилга нисбатан 21,1 фоизга кўп. Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг умумий импортининг тахминан 30 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. Савдо айланмасининг таркибига эътибор берсак, Ўзбекистон Хитойга асосан табиий газ, мис каби хомашё маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Хитой эса ўз навбатида Ўзбекистонга тайёр маҳсулотлар етказиб бермоқда. Аслида, бу фақат Хитойга хос эмас, барча мустамлакачи давлатлар Ўзбекистон билан айнан шу тарзда муносабат ўрнатган. Расмий тилда бу “савдо ҳамкорлиги” деб аталса-да, амалда эса Ўзбекистон ресурс етказиб берувчи, истеъмолчи бозор ва арзон ишчи кучи манбаи сифатида гавдаланаётган мамлакатдир. Бундан ташқари, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Хитой молия институтлари олдидаги ташқи қарзи 3,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу Хитойни Ўзбекистоннинг энг йирик қарз берувчиларидан бирига айлантиради. Шундан “тили қисилган” ўзбек ҳукумати Хитойнинг иқтисодий экспансиясига кенг йўл очиб беряпти. То давлат ўз маҳаллий саноатини ривожлантириб, ички бозор ва экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтмас экан, Хитой каби мустамлакачи давлатларга қарамликдан чиқиши мушкул. Бунга эса Исломий иқтисод низомини татбиқ қилмасдан эришиб бўлмайди.
Хабар (upl.uz 17.10.2025й): Тошкент вилоятида умумий қиймати 4,3 миллиард доллардан ошадиган янги халқаро аэропорт қурилиши бошланди.
Изоҳ: Хабарга кўра, лойиҳа Саудия Арабистонининг Vision Invest, Япониянинг Sojitz ва Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияларидан иборат халқаро консорциум томонидан амалга оширилмоқда. Президент хорижий инвесторлар билан учрашувда ҳамкорлик тузилмасини очиқлади. Консорциумдаги улушлар қуйидагича тақсимланган: Vision Invest – 45%, Sojitz Corporation – 30%, Incheon International Airport Corporation – 15%, Uzbekistan Airports компанияси – 10%. Хабарда айтилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа Ўзбекистон бюджетига йилига 770 миллион доллар даромад келтиради. Шунингдек, Янги Тошкент аэропорти учун Саудиянинг Vision Invest ва АҚШнинг Air Products компаниялари билан авиаёқилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги аэропорт темирйўл ва автомобил йўллари билан боғланиб, Ўрта коридорга уланадиган муҳим транспорт нуқтасига айланиши айтилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг: “Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз”, – деган сўзлари ҳам шунга далолат қилади. Бироқ бу йирик лойиҳа айнан Америка орбитасидаги Саудия, Япония ва Жанубий Корея давлатлари томонидан амалга оширилаётганини эътибордан қочирмаслик лозим. Чунки, маълумотлардан кўриниб турибдики, даромаднинг асосий қисми четга, яъни инвесторлар ҳисобига ўтказилади. Янада кенгроқ қарасак, Ўзбекистонда чет эл капитали асосида ташкил қилинган қайси йирик лойиҳа борки, у ҳақиқатда халқимиз манфаатига хизмат қилаётган бўлса?! Бу ўринда, мисол тариқасида, давлат бюджетига миллиардлаб долларга тушган биргина “GTL Uzbekistan” заводининг қанчалик муваффақиятсиз чиққанини эсга олишнинг ўзи кифоя. Шунинг учун халқимиз бу каби йирик лойиҳаларга эътибор бериб, унинг ортида турган ҳақиқий мақсадлар ҳақида фикрлаши лозим. Зеро, лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши, қуриб битказилиши ва эксплуатация қилинишида ташқи давлатлар аралашуви бўлмаслиги керак. Акс ҳолда юртимизнинг иқтисодий ва географик имкониятлари ҳузурини Америка каби мустамлакачи давлатлар кўришда давом этаверади.
Хабар (gazeta.uz 17.10.2025й): Наманганда 38 ёшли эркак 7 ёшли қизни зўрлади.
Изоҳ: Ён қўшнимиз Қирғизистонда 17 ёшли қиз зўрлаб ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар атрофидаги ажиотаж ҳали совуб улгурмай, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этилганлиги хабари чиқяпти. Бу икки жиноий ҳолатнинг зўрлаш билан боғлиқ эканлигидан ташқари яна бир ўхшашлиги ҳам бор. Гап шундаки, бу икки жиноятчи ҳам аввал икки мартадан аёлларга тажовуз қилишда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган. Наманганлик жиноятчи жазо муддати енгиллаштирилиши натижасида озодликка қўйиб юборилган. Албатта, мазкур ҳодиса ва айниқса жиноятчига енгиллик берилиб, озод қилиб юборилганлиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Энди Ўзбекистондаги бошқа бир ҳолатга назар ташласак, одамларни Аллоҳнинг пок дини асосида ҳаёт кечиришга даъват қилиб, жамиятни бундай иллатлардан тозаламоқчи бўлаётган мусулмонлар ҳали ҳам режим томонидан қаттиқ таъқиб остига олиниб, худди ашаддий жиноятчилардек муомала қилиняпти. Хусусан, аввалда “Роббим Аллоҳ” дегани учунгина 20 йиллаб зах қамоқларда ўтириб чиққан собиқ сиёсий маҳбусларнинг бир гуруҳи яна узоқ йилларга қамоққа ҳукм қилинди. Демак, ҳукумат назарида зўрлаш каби жирканч жиноятни содир қилганлардан кўра, Ислом билан ҳаёт кечиришга даъват қиладиганлар жамият учун хавфлироқ ҳисобланар экан! Демак, капиталистик демократия тузумида жамият учун энг хавфли шахс бу – Ислом ва унинг аҳкомларини ҳаётда татбиқ қилинишини хоҳлаган инсон экан-да! Шунингдек, мазкур жиноятнинг борган сари кўпайиб бораётгани жиноят учун фақат жазони кучайтириш билан муаммони ҳал этиб бўлмаслигини аниқ-равшан кўрсатмоқда. Гап яна айланиб Исломнинг жамиятимиздан йироқлаштирилаётганига бориб тақаляпти. Чунки ёш авлодни Исломни ўқиб-ўрганиш, иймон-эътиқод асосида тарбия топишдан маҳрум қилинаётганлиги ортидан, одамларда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси заифлашиб бориб, жамиятда бу каби иллатларнинг урчишига ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади. Дарҳақиқат, жамиятимизнинг ҳозирги ҳолатига қарасак, аянчли манзарага гувоҳ бўламиз: ҳукумат жиноятчиликка қарши курашаман, деб Исломдан бошқа ҳар қандай манбага мурожаат қилмоқда; Исломга чақираётганларни эса қаттиқ таъқибга олиб, ҳатто узоқ йилларга қамамоқда… Хўш, шундан кейин ҳам ўзбек режимининг жиноятчиликка қарши курашиб, жамиятни ҳар хил жиноий иллатлардан тозалашда астойдил эканлигига ишониш мумкинми?!
Хабар (daryo.uz 18.10.2025й): Инфляция расман камайди, ички бозордаги қимматчилик эса давом этмоқда – МБ.
Изоҳ: Марказий банк 2025 йил сентябр ҳолатига инфляция кўрсаткичлари бўйича таҳлилий инфографикани тақдим этди. Гарчи инфляция расман 8 фоизгача пасайган бўлса-да, бозорда нархлар баландлигича қолмоқда. Умуман олганда, озиқ-овқат маҳсулотларининг 68 фоизи нархи ошган, 32 фоизи арзонлашган. Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 86 фоизи қимматлашган, 14 фоизи арзонлашган. Хизматлар соҳасида эса 90 фоиз нархлар ошган, 10 фоизида пасайиш кузатилган. Агар мантиқан қарайдиган бўлсак, инфляциянинг пасайиши нархларнинг ҳам тушишига – қандайдир даражада бўлса ҳам – таъсир кўрсатиши керак эди. Чунки валюта қадрсизланиши кучайган пайтда нархлар ҳам қимматлашиб борди. Бироқ Марказий банкнинг ушбу ҳисоботидан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистонда соғлом иқтисоддан асар ҳам йўқ, иқтисоддаги оддий қонун-қоидалар ҳам ишламай қўйган. Чунки юртимиз иқтисоди деярли тўлиқ монополлаштирилган бўлиб, нархларга на инфляциянинг пасайиши ва на бошқа омиллар таъсир қила олади. Масалан, бутун дунёда нефт арзонлаган пайтда ҳам Ўзбекистоннинг “аномал иқтисоди”да бензин ёқилғиси фақат қимматлашиб борди. Энг қизиғи, ҳукумат нега бундай мантиққа тескари ишлар юз бераётганини изоҳлашни хаёлига ҳам келтириб қўймади, билиб туриб ўзини билмаганга олди. Аслида, ҳаммаси кундек равшан – юртимиз иқтисоди аллақачон соядаги бир гуруҳ монополистлар қўлига ўтиб бўлган. Талаб ва таклиф қандай бўлишидан қатъий назар, нархни ҳам, қачон ва қанча миқдорда етказиб беришни ҳам улар белгилайди. Шунинг учун Марказий банк ёки бошқа иқтисодий таҳлил марказлари бераётган маълумотлар юртимиздаги реал иқтисодий ҳолатни акс эттира олмайди. Айниқса, халқимизнинг реал турмуш даражаси ҳақидаги ишонарли маълумотларни топиш деярли инконсизлигича қолмоқда. Токи, иқтисод тўғри ва соғлом асосга қурилмас экан, маълумотлар ва реал воқелик ўртасида мана шундай улкан фарқлар ва сохталик сақланиб қолаверади. Соғлом иқтисодни эса, фақат Исломдаги Иқтисод низоми асосида барпо қилиш мумкин холос. Исломнинг иқтисодий низоми татбиқ бўлар экан, монополия ва қимматчиликка тўла барҳам берилади. Демак, Исломни ҳаётга қайтариш ўз вожиби эканини мусулмон халқимиз англаб етиши ва жиддий интилиши лозим!
Хабар (daryo.uz 20.10.2025й): Президент Админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “Миссия” лойиҳасида Ўзбекистон 2026 йил Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини маълум қилди.
Изоҳ: Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала лавҳада Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиш йўлидаги ҳаракатларини олқишлади. Саида Мирзиёева эса, жумладан, бундай деди: “Учта мамлакат розилиги қолди. 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўламиз. Охирги икки йил ичида катта ишлар қилинди. Мураккаб жараёндан ўтдик. Бутун тизимни дунё савдосига мослаштириш керак. Холис ўйин қоидалари бўлиши лозим”. Бироқ амалда бу “холис ўйин қоидалари” деган нарса ортида умуман бошқача манзара борлигини ҳукумат халқимизга очиқламай келяпти. Гап шундаки, ЖСТ ҳам Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди каби Американинг глобал таъсирини кенгайтириш ва дунё мамлакатларини иқтисодий қарамликка тортиш учун ишлатадиган сиёсий-иқтисодий қуролидир. Бугун Америка ўз миллий манфаатлари йўлида халқаро нормалар ва қоидаларни очиқча инкор этмоқда. У истаган давлатига божларни оширмоқда, чекловлар қўймоқда ва буни “миллий манфаатни ҳимоя қилиш” деб оқламоқда. Ҳолбуки, бу – ЖСТнинг асосий тамойилларига мутлақо зид. Демак, Саида Мирзиёеванинг “холис ўйин қоидалари бўлиши лозим” деган сўзлари реал воқеликда ҳеч қандай қийматга эга эмас. Чунки бу қоидаларни ўйлаб топган Американинг ўзи уларни деворга чаплаяпти ё хоҳлаган пайтида ўзгартириб оляпти. Бунинг сабаби, Вашингтоннинг жаҳон иқтисодиётидаги улкан таъсири ва у ўзини энг қудратли куч деб билаётганидир. Масалан, 2019 йилдан буён ЖСТнинг низоларни ҳал этиш тизими амалда фалаж ҳолатга келган, чунки Америка апелляция органига янги судьялар тайинланишини тўсиб қўйган. Мана шундай ҳолатда Ўзбекистоннинг ЖСТга интилишини нима дейиш мумкин?! Ахир, бу – юрт иқтисодини онгли равишда Америка сингари очкўз мустамлакачи давлат қўлига топширишни англатмайдими?! Қарийб 30 йилдан буён ўзбек ҳукумати нафақат мамлакатимизда, балки бутун мусулмон юртларида ҳақиқий мустақилликни таъминлайдиган Халифалик давлатини тиклаш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлашга даъват қилганларни “ватан хоинлари” сифатида кўрсатиб келди. Шу ўринда табиий савол туғилади: юртнинг равнақи, ҳақиқий тараққиёти учун ким жон куйдиряпти-ю, уни иқтисодий ва сиёсий қарамликка ким мубтало қиляпти?!
Хабар (qalampir.uz 20.10.2025й): Вокзал ва станциялар номлари ўзбекчалаштирилади.
Изоҳ: Вазирлар Маҳкамасининг 17 октябрда қабул қилинган қарорига мувофиқ, Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига 3 ой муддат ичида барча темирйўл вокзаллари, станциялар ва разъездлардаги пешлавҳа ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларни давлат тили қоидаларига мувофиқ, лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида ёзиш топширилди. Шу қарорга биноан, масалан, Қўнғирот туманидаги вокзал номи энди ҳужжатларда “Кунград” эмас, “Қўнғирот”, Асака туманидаги станция “Ассаке” эмас, “Асака”, Пастдарғомдаги станция эса “Джума” эмас, “Жума” деб ёзилади. Айни шундай иш ўз вақтида қўшни Қозоғистонда ҳам амалга оширилган эди. Ўшанда Россия томони бунга норасмий бўлса-да, салбий муносабат билдирган. Энди эса Ўзбекистонда ҳам ўзбек тилига давлат мақоми берилган кун (21 октябр) важи билан қозоқ тажрибасига ўхшаш йўл танланган кўринади. Бироқ бу қарорга нисбатан Москва томонидан қандай акс-садо янграши ҳозирча номаълум. Агар ҳукумат ҳақиқатда рус тилини сиқиб чиқаришни бошлади, деб қарайдиган бўлсак ҳам, лекин ҳали бунинг ўзи етарли эмас. Чунки бугун Ғарбга юзланиш фонида инглиз тилига катта эътибор қаратилаётганини ҳам эътибордан қочирмаслигимиз керак. Чунки тил билан бирга ўша миллатнинг сақофати, дунёқараши ҳам кириб келади. Демак, инглиз тили ривожи ортидан жамиятимизда Ғарбнинг бузуқ дунёқарши ҳам ёйилади ва бу, албатта, ёшларимизнинг фикр ва туйғуларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Қолаверса, ҳукумат халқимизнинг қалбига яқин ва Қуръон тили бўлган араб тилини ўрганиш учун шундай имконият ва имтиёзлар яратмаяпти, аксинча араб тилини ўрганишга улкан тўсиқлар қўйяпти. Чунки араб тили динимиз Ислом билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзбек режимининг Исломга тоқатсизлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Ваҳоланки, араб тили Қуръон тили экан, уни ҳар бир мўмин ва мўмина ўқиб-ўрганиши унинг ҳаққи ва вожибидир. Таъкидлаш лозим, фақат Халифалик давлати тиклансагина фикрий-сақофий қарамликдан озод бўламиз. Чунки бу муборак давлатимиз Исломий таълимни йўлга қўйиб, фарзандларимиз онгини ажнабий заҳарли мафкура ва дунёқарашлардан ишончли ҳимоя қилади.
Форуқ
26.10.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми