Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (ФВВ 12.06.2023й): Бугун 12 июнь куни соат 19:17 да Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Байналминал кўчасида жойлашган “Буюк ипак йўли” савдо комплекс худудидаги дўкон расталарида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра 10 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 19:25 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин ўчирилмоқда. Вазият назоратга олинган.
Изоҳ: Қўқон шаҳридаги “Буюк ипак йўли” савдо комплексида чиққан ёнғинда нафақат бозор, балки бозорга туташ 10 дан ортиқ хонадонлар ҳам буткул ёниб кетган. Хабарларга кўра, ёнғинда ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар йўқ. Биз ушбу ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорлар ва хонадон эгаларига ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз. Аслини олганда, бозорларда юз бераётган бундай ёнғинлар одатий ҳолга айланиб улгурди. Уларнинг юз беришига икки асосий сабаб бор. Биринчиси, манфаат учун қасддан уюштириладиган ёнғинлар. Иккинчиси, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаганлиги оқибатида келиб чиқадиган ёнғинлар. Бироқ ёнғинлар ушбу иккисидан қайси бири сабабли келиб чиққанидан қатъий назар, асосий айбдор ҳукуматдир. Чунки қасддан уюштирилган ёнғинларнинг бирортаси шу пайтгача фош қилиниб, айбдорлар жазоланмаган. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда қурилган бозорлардан фойдаланишга рухсат бериб келиняпти. Ваҳоланки, бундай бозорларнинг ҳар бир квадрат метри отнинг калласидай нархда сотиляпти. Бундан маълум шахслар ёки қандайдир монополист гуруҳлар фойда кўряпти ва улар бозорчиларнинг хавфсизлиги, у ердаги тижорат молларининг кафолати ҳақида умуман ўйлаб қўйганлари ҳам йўқ. Буларнинг барчасига албатта маҳаллий ҳокимият ва давлат жавобгар бўлади. Чунки давлат фуқароларининг жони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиши шарт. Чунки биринчи навбатда, Аллоҳнинг ҳузурида раийятнинг моли ва жонидан жавобгар шахс – давлат раҳбари бўлади. Қолаверса, бугун бор-йўғи бир нашид эшитгани ёки маърузага “класс” босгани учун ёшу қарини жазога тортишдан тап тортмаётган давлат, ахир шу зулмини ҳам аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилаётганини даъво қиляпти-ку?! “Нашид хатарига” хушёр давлат, наҳотки ёнғин балосидан ғафлатда қолиб кетса?! Ёки бунинг учун ҳам худди “нашид” сингари “катта оғалар” олдида ҳисобдорлик керакмикин?! Йўқ, ҳали энг катта ҳисобдорлик Аллоҳнинг олдида бўлади ва фақат юртни Ислом аҳкомлари асосида бошқарадиган ҳазрати Умар каби бошлиққа эга давлатгина фуқароларининг жони, моли ва обрўси дахлсизлигини таъминлай олади, мана бу манфаатдан бошқа нарсани билмайдиган солиқчи давлат эмас.
Хабар (qalampir.uz 13.06.2023й): 12 июнга ўтар кечаси Андижон вилояти Бўстон туманида эр хотинини темир труба билан бошига уриб, ўлдириб кўйган. Фуқарога нисбатан Ўз Рес ЖКнинг 97-модда 1-қисми билан жиноий иш очилган. Худди шундай воқеа жорий йил 28 май куни Бухоро вилоят Когон шаҳрида содир этилади. Эркак ўз хотинини рашк туфайли пичоқлаб ўлдиради ва унга ҳам 97-модда билан жиноий иш очилади. Шунингдек, 12 июн куни Фарғона вилояти Бешариқ туманида эркак никоҳидаги аёлини бўғиб ўлдиради ва сўнгра ўзини ҳам осиб дунёдан ўтади.
Изоҳ: Охирги пайтларда халқимиз орасида бундай аянчли, мудҳиш қотилликлар афсуски, тез-тез содир бўлмоқда. Албатта, бундан қалбимиз оғрийди, чунки бу қотиллик нафақат ўша эр ва хотиннинг оиласи, ота-она ва қавм-қариндошига, балки бутун мусулмон аҳолимизга ўта хижолатли ва шармандали ҳолат. Тергов ва суд хулосалари деярли ҳаммаси бир хил – оилавий можаро ва рашк туфайли содир этилган ва ҳ.к. Табиийки, ҳукумат ўша қотил эрни қамаш билан муаммога тўлиқ ечим беролмайди. Буни ўзлари ҳам билишади. Муаммонинг ечими сифатида “хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш” ҳақидаги қонун қабул қилинди. Лекин бу билан бундай машъум ҳодисалар ҳеч ҳам камайгани йўқ ва камаймайди ҳам. Аслида бу муаммонинг ечими устида бош қотиришдан олдин уни пайдо қилаётган омиллар ҳақида аниқ тўхтамга келиш зарур. Энг асосий муаммо – халқимиз, ўғил-қизларимизни диний тарбиядан маҳрум қилинаётгани ва устига устак эркинлик, гендер тенглиги, хотин-қизлар ҳуқуқлари каби турли халқимизга етти ёт бегона, менталитетимизга зид ғарбона бузғунчи фикрларга эшикларни ланг очиб қўйиб, ҳатто уларни қонунлар орқали мустаҳкамлаб қўйилаётганидир. Биз ҳақиқий айбдорлар ва иллатнинг асл илдизлари ҳақида фикрлашни бир четга суриб, ҳалиги эркакни айблашга ва жабрланувчини оқлашга ўрганиб қолдик. Биз мусулмонлар ҳамма нарсалар қатори бунга ҳам Ислом нуқтаи назаридан баҳо берсак, албатта тўғри хулосага келамиз ва муаммони тўғри ҳал қилиш сари йўл топамиз. Ҳақиқатга тик боқиб айтиш мумкинки, халқимизни бир тана сифатида қарасак, ана шу танага душман Ғарб томонидан гендер тенглиги ва яна аллам бало шиорлар остида “феминизм” аталмиш заҳри қотил вирус юқтирилмоқда. Бунинг ортидан эркак ўзининг Аллоҳ таоло томонидан белгиланган аёллар устидаги “қаввом-ғамхўр бошлиқ”лик ролидан маҳрум бўлмоқда. Халқимиз – Алҳамду лиллаҳ – ўзининг Исломий қарашлари, эркаклик шаъни ва ғурури каби қадриятларидан ҳануз воз кечгани йўқ. Динимизда даъюслик – ўз маҳрам аёлларини бегона кўзлардан қизғонмаслик қаттиқ қораланади. Табиийки, ҳалиги мусулмон эр аёлининг ножўя ҳатти-ҳаракатларидан жунбушга келиб, қони қайнаяпти ва юқоридаги каби ишларга қўл уряпти. Биз бу гапларни айнан бирор кишини оқлаш ёки қоралаш эътиборидан эмас, балки муаммонинг асл негизини ёритиш нуқтаи назаридан айтмоқдамиз. Энди муаммонинг туб ечимига келсак, бу – бизни яратган Меҳрибон Аллоҳнинг йўлига қайтиш, тушунчаларни ҳам, қонунларни ҳам, ечимларни ҳам ундан олишдир. Бундан бошқа барча йўллар, айниқса мустамлакачи Ғарб экспорт қилаётган тушунча ва қонун нормалари биз ва келажак авлодни ўзлигимиздан айириб, ҳалок қилувчи заҳри қотилдан бошқа нарса эмас.
Хабар (kun.uz 13.06.2023й): Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшаган 32 ёшли Санжарбек Мамажонов 2022 йил 21 март куни 12 нафар ИИБ ходимлари ва бир нафар маҳкум томонидан қийноққа солиниши оқибатида тергов ҳибсхонасида вафот этганди. Унинг ўлимига сабабчи бўлганларга суд ҳукми ўқилди.
Изоҳ: Мазкур мудҳиш жиноятнинг фош этилиши ва унинг айбдорлари судланишига ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ҳам анча туртки бўлди, десак адашмаймиз. Бу машъум ҳодиса иштирокчиларига суд ҳукми ўқилгани ҳам давлат сиёсатини мунтазам кузатиш ва унинг ноқонуний ишларига қарши ҳайқириш қанчалар аҳамиятли иш эканлигини кўрсатди. Зеро, давлат ўз ходимларининг иш юритиш услуби жиноят эканлигини ижтимоий тармоқлардаги эътирозлардан сўнггина тан олишга мажбур бўляпти. Ёш йигитнинг ўзи тушунмаган арабча қўшиқни тарқатгани учун 5 йилга қамаган давлат, Андижондаги бу жиноятнинг далиллари айбдорларни очиқ фош қилиб турганига қарамай, жиноий иш маҳкамасини бир йилга кечиктирди. Ва қийноққа солиб ўлдиришдек бу оғир жиноятнинг асосий айбдорларига 4 йилгина озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди ва улар кўпи билан 1,5 ёки 2 йилда қутулиб келишади. Қолаверса, айни вақтда ҳукм қонуний кучга кирмаган ва жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Агар ҳукм ўз кучида қолса ҳам, бу жазо жиноятчиларни ўз қилмишига чинакам пушаймон бўлишига сабаб бўлмайди ва жазони ижро этиш муассасаларидаги имтиёзлар улардаги шафқатсизлик ва зўравонлик хислатларини буткул йўқ қилмайди. Аксинча, уларда ҳукуматга нисбатан содиқлик ҳиссини кучайтириб халққа нисбатан нафратни пайдо қилиш эҳтимоли юқори. Барча соҳаларда бўлганидек, ички ишлар соҳаси ҳам руҳий ва жисмоний босим қўллашни иш услубига айлантирган. Ходимларни бу соҳада ишлашга ундаган омил ҳам, фаолият юритишдан кўзланган ғоя ҳам зинҳор халқни моддий ва маънавий хатарлардан ҳимоя қилиш эмас, балки мансаб ва бойлик орттириш эканлиги ҳаммага маълум. Борди-ю бу соҳа вакили адолат тарафдори бўлиб ҳақиқат учун курашса, бундай ходим ҳукумат қаршисидаги хавфли душманга айланиши турган гап. Чунки бу тизим ҳукуматнинг ҳар қандай сиёсатини халққа жорий қилишдаги қуроли ҳисобланади. Шу сабаб кучишлатар тизим ходимлар ҳар қанча жиноят қилмасин – ҳукумат сиёсатига содиқ экан – давлат уларни қўллаб-қувватлайди ва ҳимоясига олади. Шу боисдан, уларнинг халққа нисбатан зўравонлиги ва шафқатсизлиги ғайриисломий тузумдан келиб чиқяпти, алоҳида шахслардан эмас. Шунга кўра, давлат Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар асосида бошқарилса, ички хавфсизлик хизмати ҳозиргидек халққа қўрқув соладиган идора эмас, балки халқнинг ишониши ва суяниши мумкин бўлган тоғига, яхши кўриб ҳаққига дуо қиладиган ҳимоячисига айланади.
Хабар (ИМВ 16.06.2023й): Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси БМТТД, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда “Давлат муассасалари учун гендер тенглик нишони” дастури бўйича ишчи учрашуви ўтказилди.
Изоҳ: Бундан аввал Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси БМТ Тараққиёт дастури ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда давлат муассасалари ўртасида гендер тенгликни тарғиб қилиш мақсадида “Давлат муассасалари учун гендер тенгликка эришиш учун мукофот” дастури Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга туширилганди. Навбатдаги “Давлат муассасалари учун гендер тенглик нишони” дастури ҳам илк бор Ўзбекистонда амалга ошириляпти. Ғарб мамлакатларидаги давлат муассасалари ҳақида хабари бор одам биладики, у ерда ходимларнинг ярми ёки шунга яқини аёллар бўлиши кераклиги қаттиқ назорат қилинади. Энди мана шундай тартиб минтақа бўйича биринчи бўлиб Ўзбекистонда ташкил қилиняпти. Бу иш БМТ Тараққиёт дастурининг иштироки ва назоратида олиб бориляпти. Демакки, ҳукумат Ғарб давлатлари, хусусан Америкага юртимизда ғарбона демократик нормаларни, айниқса гендер тенглик сиёсатини татбиқ қилиш, унга фаол тарғиб қилиш борасида берган ваъдаларини бажаряпти. Ўзбекистон Ғарб давлатлари ҳамда халқаро молиявий ташкилотлардан олаётган қарзлари ва ёрдамларини мана шундай қилиб “оқламоқда”. Кўзланган мақсад эса аниқ – юртимиз аҳолисининг Исломий зеҳният, урф-одат ва маданиятга асосланган ҳаёт тарзини ўзгартириб, уни “катта оғалар” истагидаги қолипга солиш, янада аниқроғи ғарблаштиришдир. Гендер тенгликка эришишда, энг аввало, эътиборни давлат муассасаларига қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки энг юқори лавозимдаги мулозимлардан тортиб энг қуйи муассасалар ходимларигача “гендер тенглик” тушунчаси сингдирилиб, етарлича тасаввур шакллантирилмас экан, бу бузғунчи тушунчанинг омма халққа кўчиб ўтиши қийин кечади. Бундан ташқари, бундай дастурларнинг айнан Ўзбекистонда зўр бериб амалга оширилаётгани Американинг МОда Ўзбекистонни етакчи давлатга айлантириб, минтақани бутунича таъсир остига олишга интилаётганини кўрсатади.
Хабар (uza.uz 17.06.2023й): “Давлат ёшлар ҳимоячиси” сарлавҳасида мақола ва видеолавҳа ҳавола этилди. Унда жумладан шундай дейилади: Конституцияда ҳам кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига алоҳида устуворлик берилган.
Изоҳ: Маълумки, Ўзбекистон ёшларнинг кўплиги, ҳалқимизнинг меҳнаткашлиги, минтақада геосиёсий ўрни, табиий бойликлари, минералларга бой ерлари ва айниқса Марказий осиёда энг қулай стратегик жойлашганлиги билан албатта Россия, АҚШ, Хитой ва Ғарб давлатлари каби мустамлакачилар диққат марказида туради. Улар минтақани, жумладан Ўзбекистонни фикрий, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий жиҳатдан мустамлака қилиб ўз таъсир доирасида узоқ ва барқарор ушлаб туриши учун биринчи навбатда минтақа келажаги бўлган ёшлар онгини забт этиши, яъни ўзиники қилиши керак. Шунинг учун ёшлар масаласига давлатнинг устувор сиёсий приоритети сифатида қараляпти. Ёшлар таълим-тарбия масканлари – МТМ, ЎТМ ва ОТМларга доир таълим программалари “ўша катта акалар” ҳамкорлигида ишлаб чиқиляпти. Айнан Ш. Мирзиёев президентлиги даврида рус тилига ихтисослашган мактабларнинг сезиларли кўпайганлиги ёки иқтидорли ёшлар учун Президент мактаблари очилиб, уларга хориждан катта маошлар эвазига бўлса-да, ўқитувчи-мутахассислар – ваҳоланки, етарлича маҳаллий қадрлар мавжудлигига қарамай – жалб қилинаётгани, шунингдек АҚШ давлат котиби Блинкен ташрифи чоғида алоҳида инглиз тили бўйича ҳамкорликка тўхталиб, қониқарли кўрсаткичларга эришилаётганлигидан мамнунлигини билдиргани – буларнинг барчаси юқоридаги фикримизнинг далилидир. Таълим-тарбия соҳасини программалар тақдим қилиш, кадрлар етиштириб бериш ва маблағлар, квоталар, грантлар ажратиш орқали қўлга олиш фикрий мустамлака қилишнинг энг бирламчи ва асосий йўналишларидан ҳисобланади. Бу мусулмон ёш авлодни ўз динига қайтиши, уни ўрганиб амал қилишидан чалғитиш ва фитналашнинг сермаҳсул йўлидир. Зеро, тўғри уйғонишнинг ягона йўли бу – мафкуравий Исломни англаш ва ўша асосда фикрлашдир. Мусулмон авлоднинг ўз Исломига бу шаклда қайтиши мустамлакачи кофирларнинг оромини олиб, уларга бир лаҳза ҳам тинчлик бермаслиги аниқ ҳақиқатдир. Демак, ёшларнинг Исломга эътиқодлари, динимизга муҳаббатлари уларнинг манфаатларига бутунлай зиддир. Шу боис юқоридаги тадбирларни ишлаб чиқиб, боғчадан то олий таълим муассасаларигача пухта ва режали программалар тузилмоқда. Қисқача айтсак, бугунги ёшлар соддагина ўзбек бўлсин, фикрламасин, фикрлаганда ҳам, фақат ғарбча фикрласин қабилида жиддий ёндашилмоқда. Минг афсуски, давлат ўз фарзандларидан Аллоҳ ва Росулига муҳаббатли қорилар, олиму мужтаҳидлардан иборат Бухорий, Термизий…ларга муносиб авлодлар чиқиши орзусидаги ота-оналарнинг хоҳишлари, эҳтиёжларини қондирадиган бирор қадам ташламаяпти. Аксинча, ҳукуматнинг диндан таълим берувчи юзлаб холис даъватчиларнинг сайт ва аккаунтларини кўриш, эшитишларга тўсиқлар қўйиши дард устига чипқон бўлмоқда.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
19.06.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми