Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (ozodlik.org 09.06.2024й): “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, Тошкентдаги судда, “кўча”да тартиб ўрнатишни давлат ташкилоти сўради, деб кўрсатма берди.
Изоҳ: Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, одамлардан махфий тутилган ишлар очилмоқда, яширилган сирлар фош бўлмоқда. Албатта, Аллоҳ таоло бу каби махфий тутилган қинғир ишларни Ўзи хоҳлаган пайтда очгувчидир. Аслида, ўзбек ҳукумати ва унинг хавфсизлик органларининг жиноят олами авторитетлари билан тиғиз алоқада эканлиги янгилик эмас. Янгилик – омма-халқдан сир тутилган бундай алоқалар бутун мамлакатга очиқ судда фош қилингани бўлди. Бу ёғига энди ҳукумат ҳам, хавфсизлик органлари ҳам мана шундай шармандалик доғини кўтариб юришга мажбурлар. Золим Каримов даврида ҳам экстремизм ва терроризмда ноҳақ айбланиб 10 йиллаб қамоққа ҳукм қилинган мазлум мусулмонларни Аллоҳнинг тўғри йўлидан қайтариш, уларнинг саботини синдириш учун жиноят оламига тегишли жирканч кимсалардан фойдаланилган эди. Каримов режими ва ўша пайтдаги МХХ қора ишларни бажаришда айнан мана шундай шахслар “хизмати”дан фойдалангани ҳақида жуда кўплаб рад этиб бўлмас далиллар бор. Қамоқда қанчадан-қанча “Роббим Аллоҳ” деган бегуноҳ мусулмонлар ғайриинсоний қийноқлар остида айнан мана шу қаттоллар қўли билан шаҳид қилинди. Судда жиноят олами “авторитети”нинг “кўча”да тартиб ўрнатишни давлат ташкилоти сўраганлигини очиқлагани ҳам Каримов режими давридаги қинғирликларни яна бир карра исботлади. Шунингдек, Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг ҳам бунга барҳам берилмагани, аксинча ҳукумат идоралари ва жиноят олами ўртасидаги алоқалар маълум даражада давом этиб келаётганини кўрсатади. Яна шуни алоҳида таъкидлаймизки, ҳукуматнинг ғайриисломий сиёсатига хизмат қилаётганларга мана шу иш ҳам ибрат бўлиши лозим. Ҳукумат дўппи тор келганда ўзларига қанчалик содиқ хизмат қилган бўлмасин, ҳар қандай ювиндихўр югурдагидан осонгина воз кечиб юборади. Шунинг учун қуллик ва итоат фақат Яратувчи – Аллоҳ таолога бўлиши лозим. Зеро, фақат Аллоҳнинг ваъдасигина ҳақдир!
هُوَ أَهْلُ التَّقْوَىٰ وَأَهْلُ الْمَغْفِرَةِ
– “У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари – қўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират эгасидир”. (Мудассир:56)
Хабар (president.uz 11.06.2024й): Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июн куни Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Кэтрин Тайни қабул қилди.
Изоҳ: 26-27 май кунлари Россия президенти Путиннинг Ўзбекистонга ташрифига жавобан Америка ҳам “отни қамчиламоқда”. Тошкентда 5 июн куни ўтказилган “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги юқори даражадаги конференцияга ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ҳам ташриф буюрган эди. Айтилишича, бу ЖСТ бош директорининг кузатувчи давлатга илк ташрифи бўлган. Шу куни Мирзиёев ЖСТ бош директорини қабул қилган. Шундан сўнг Мирзиёев Эрдўғоннинг таклифига биноан Туркияга сафар қилди. Икки президент ўртасида қабул килинган баённомалар ичида ЖСТга қўшилиш учун техник хизмат кўрсатиш ҳам ўрин олган. Туркия Америка таъсири остидаги давлат бўлгани сабабли Мирзиёевни Туркияга ташрифи ҳам Америка манфаати учун бўлди, дейиш мумкин. Мана шу ишлардан кейин АҚШ Савдо вакили Кэтрин Тай ташриф буюрди. Кэтрин Тайнинг Мирзиёев билан учрашувида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, “C5+1” формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган. Бу очкўз мустамлакачи давлатлар ўз нуфузини юртимизда кенг ёйиш бўйича ташлаётган қадамлари биз мусулмонларга ҳеч бир яхшилик келтирмайди. Улар худди оч бўрилардек устимизга ташланиб, табиий бойликларимизга эга бўлишни, хорлик ва мутелик сиртмоғини бўйнимизга илишни хоҳлашади. Айниқса, мана бу Россия ва Американинг ҳам қўллари мусулмонларнинг қонлари билан булғанганлигини бутун дунё билади. Токи, ўз ақидамиз – Исломдан келиб чиққан тузум билан ҳаётимизни тартибга солиш учун Халифалик давлатини тикламас эканмиз, Америка, Россия каби кофир давлатларнинг босимларидан, сиёсий ўйинларидан ҳеч қачон омонда бўлмаймиз. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Хабар (qalampir.uz 12.06.2024й): Америкалик режиссёр томонидан суратга олинган ўзбекистонлик фоҳиша қиз ҳақидаги фильм 77-Канн кинофестивалида “Олтин пальма япроғи” билан тақдирланди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, ушбу фильм бош қаҳрамони Анора исмли қиз тунги клубда раққоса ва фоҳиша бўлиб ишлаши кўрсатилган. Россиялик таниқли киношунос Сергей Сичёв сўзларига кўра, фильмда асосий эътибор қизга қаратилади. У эса ўзбек. Бунинг устига интим ҳаёт вакиласи сифатида талқин қилинмоқда. Минг афсуски, Ўзбекистондек мусулмон мамлакатдан Америкага бориб фоҳишалик қилган қиз сюжети асосида бир кофир режиссёр бемалол кино олаверадиган кунларга ҳам етиб келдик. Ва бундай ҳолат ўзбек ҳукуматини ташвишга солмаётгани дард устига чипқон бўляпти. Чунки бу ҳукумат мусулмон халққа қандай қилиб демократияни тиқиштириш устида бош қотиришдан бошқа нарсани ўйламайди. Зеро, демократияга кўра, тўртта эркинлик муқаддас ҳисобланади ва улар ҳимоя қилиниши шарт. Бу эркинликлардан бири шахс эркинлигидир. Унга кўра инсон ўзи хоҳлаганидек яшаш ҳуқуқига эга. Хоҳласа ЛГБТ, хоҳласа фоҳиша, хоҳласа диндор бўлсин ва ҳоказо. Муҳими, бошқа инсонларнинг эркинликларига тажовуз қилмаса бўлгани. Шундай экан, ўзига демократияни йўл қилиб тутган ҳукумат ва унинг таркибидаги вазирликларни ор-номус масаласи ўйлантирармиди. Масалан, чет элда ёки мамлакат ичида тирикчилик баҳонасида фоҳишалик билан шуғулланаётган қанчадан-қанча Ўзбекистонлик аёллар фош бўлаётганини янгиликлардан кўряпмиз. Бироқ ор-номусни ортга сурган бу ҳукумат бирор марта бу ҳолатларнинг олдини олиш тугул, жўяли муносабат ҳам билдириб қўйгани йўқ. Қайтанга у муслима ўқувчи қизларнинг ҳижобларига осилишда, диний тарбия олишдан маҳрум қилишда жуда илдам ва шижоатлидир. Ҳа, минг афсуски, бу демократия деган бало ўзбек ҳукуматини мана шундай шарафсизлик ва ғурурсизлик, ёшларимизни номуссизлик кўчасига етакламоқда. Бу катта мункарни жамиятимиздан даф қилиш учун ҳаракат қилмасдан томошабин бўлиб туришимиз эса ўта оғир гуноҳдир. Аллоҳ таоло дейди:
كَانُوا لَا يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ ۚ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ
– “Улар бир-бирларини қилган мункар-нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (Моида:78)
Хабар (kun.uz 13.06.2024й): Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея президенти Юн Сок Ёл рафиқаси Ким Гон Хи билан биргаликда 13 июн куни ташриф буюрди.
Изоҳ: Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифидан кейин, Америкалик мулозимлар ҳам бир қанча ташрифлар ва тадбирларни амалга оширишди. Албатта, бу ташрифлардан Ўзбекистон устида кураш авж олаётганини тушуниб олиш қийин эмас. Жанубий Корея президентининг ташрифи ҳам айнан шу кунларда амалга оширилаётгани шунга далолат қилади. Мақсад – минтақадан имкон қадар Россия таъсирини минималлаштириш. Чунки биламиз, Жанубий Корея Америка таъсири остидаги давлатдир. Бундан ташқари, президент Юн Сок Ёл ушбу ташриф олдидан Ўзбекистон ТИВнинг “Дунё” АКга берган интервьюсида ўз давлати тараққиётининг сабабларидан бири айнан иқтисодиётни либераллаштириш бўлганини таъкидлаб ўтган. Бу билан гўё ўзбек ҳукуматини ҳам шундай ислоҳотга чақирмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш эса ЖСТнинг ғояси ва учинчи олам давлатлари учун тузоқдир. Шунингдек, ўзбек ва корейс президентлари музокаралари доирасида имзоланган 17 ҳужжат ичида ЖСТ доирасида ҳамкорлик баённомаси ҳам эътиборга моликдир. ЖСТ ҳам ХВЖ, ЖБ ташкилотлари қаторида Американинг мустамлака қилиш қуролларидан ҳисобланади. Яна бир эътиборли жиҳати, президент Юн Сок Ёл ўз интервьюсида Марказий Осиёда XXI асрнинг инновацион Ипак йўлини яратишга умид қилаётганини айтиб ўтган. Демак, айтиш мумкинки, Америка Ўзбекистондан нафақат Россия, балки бир вақтнинг ўзида Хитойнинг ҳам таъсирини заифлаштиришни режалаштирмоқда. Чунки бу Хитойнинг “бир камар бир йўл” лойиҳасига қарши ишлаб чиқилганида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўзбекистон учун Корея сингари давлатлар билан ҳамкорлик қилиш – агар ўзаро манфаатли савдо алоқалари бўлса – фойдали бўлиши мумкин. Бироқ Корея кўпроқ Америка манфаатларини рўёбга чиқариш учун алоқалар боғлайди. Шунга кўра, Кореяга манфаатли шерик сифатида ишониб қолиш сиёсий некбинлик эмас. Халқимизга ҳануз оғир юк бўлиб қолаётган Американинг (GM Uzbekistan) компанияси ҳам юртимизга Жанубий Корея (UZ-Daewoo) орқали кириб келганини унутмаслигимиз лозим. Шунинг учун биз Кореяга, мусулмонларнинг биринчи рақамли душмани бўлмиш Америка таъсири остидаги давлат, деган эътиборда қарасак тўғрироқ бўлади.
Хабар (qalampir.uz 13.06.2024й): Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни Ҳаж зиёратига ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Изоҳ: Ҳаж мавсуми бошланиши олдидан ва ҳозир ҳам Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб одамлардан пул олган фирибгарлар ҳақида ОАВда бот-бот хабарлар чиқишда давом этяпти. Диний қўмита, диний идора ва бошқа идоралар томонидан Ҳаж зиёратига ноқонуний бориш ва ташкиллаштириш ўзбек ва саудлар ҳукуматлари томонидан қаттиқ жазоланиши ҳақидаги огоҳлантиришларга тўлиб кетди. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Ҳаж зиёратини адо этишни қаттиқ назорат қилиб келади ва буни монополия қилиб, даромад манбаига айлантириб ҳам олган. Назорат қилишдан мақсад, юртимиз ҳожилари Ҳаж зиёрати давомида бошқа юрт мусулмонлари билан ўзаро фикр алмашиб, Ислом Уммати тушиб қолган бугунги оғир аҳволдан чиқиш йўллари ҳақида бош қотиришлари… олдини олишдир. Шунинг учун ҳам ҳукумат Ҳаж зиёратига фақат давлат назорати остида боришдан бошқа йўл қолдирмаяпти ва “ноқонуний” йўл орқали борганларни фирибгар жиноятчига чиқаряпти. Тўғри, ҳақиқатдан фирибгарлик қилаётганлар ҳам топилади, бироқ бунга шароит яратаётган мана шу ҳукуматларнинг ўзи бўлади. Айнан шу ҳукуматлар Аллоҳ мусулмонларга вожиб қилган амални адо қилишларига катта тўсиқлар қўйиб, яна устига-устак бундан даромад манбаи сифатида фойдаланишдан ҳам уялмаяпти. Зеро, жорий йилдаги Ҳаж зиёрати нархлари ўтган йилгидан ҳам ошиб, 74 миллион сўмга етди. Албатта, ҳукуматнинг бу қадар ноинсофлигини таърифлашга тил ожиз. Халифалик давлати тикланмас экан, мусулмонларга Ҳажга ўхшаш Аллоҳ вожиб қилган амалларни бажаришлари учун қимматдан-қиммат харажатлар, ҳар турли машаққатлар юкланаверади ва улар ҳеч қачон барҳам топмайди.
Хабар (president.uz 15.06.2024й): Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик сўзини йўллади.
Изоҳ: Шу кунларда биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ислом Умматига берган энг буюк неъматлардан бири – Ийд Қурбон байрамини нишонлаймиз. Минг афсуслар бўлсинки, сўнгги бир аср давомида мусулмонлар ушбу байрамни Халифалик соясида, қалблари ҳақиқий қувонч ва шодиёналарга лиммо-лим тўлиб нишонлашдан маҳрум бўлиб келмоқдалар. Табрик сўзини ҳимоячи қалқонимиз бўлмиш халифадан эшитиш бахтидан ҳам мосуволигича қолмоқдалар. Аксинча, мусулмонларга табрик йўллаётган ҳозирги раҳбарлар Ийд Қурбон байрамининг мазмун-моҳиятини англамаётганлари сўзларидан билиниб турибди. Хусусан, табрик сўзида демократик ислоҳотларни тилга олиш ҳар бир иймон эгасининг энсасини қотирмай қолмайди. Зеро, демократия динни ҳаётдан ажратишни, Аллоҳ билан ҳақ талашишни ва Унга итоатсизлик қилишни яққол намоён этади. Ҳолбуки, Қурбонлик ҳодисаси Аллоҳга сўзсиз итоат этиш, Унинг буйруқ ва тақиқларига қатъий риоя қилиш, ҳукм Аллоҳгагина хослигини тан олишнинг ёрқин намунасидир. Зеро, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғига сўзсиз итоат қилган ҳолда ўзининг суюкли ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг бўйнига пичоқ тортди. Бу иймон ва итоат синови эди. Сўнг жаннатдан бир қўй туширилиб уни қурбонлик қилиш буюрилди. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларни бундай имтиҳон қилиш билан одамларга Ўзига бўлган иймон ва итоат қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. Агар улар Аллоҳга мана шундай тақволи ва итоатгўй бўлсалар, албатта, икки дунё саодатини қўлга киритадилар. Қурбонлик ҳодисаси биз мусулмонларга шуниси билан ибрат бўлиши лозим. Яъни бугун Ислом Уммати Аллоҳга исённи ифода этувчи, Унинг динига мутлақо зид бўлган демократия каби бузуқ тузумларни татбиқ қилинишига чек қўйиш учун жидду жаҳд билан ҳаракат қилишлари зарур. Мана шунда Ийд Қурбон байрамини нишонлашдан кўзланган мақсад амалга ошади, унинг мазмун-моҳияти идрок қилинган бўлади. Юртимиз мусулмонларини Ийд Қурбон байрами билан табриклаган ҳолда, Аллоҳдан бу байрамни Халифалик байроғи остида ишонлайдиган ва табрик сўзларини имом-халифамиздан эшитадиган кунларни тезлатишини ёлвориб сўраймиз!
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
17.06.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми