Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар: Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жорий йил 9 май куни 23 нафар мусулмон йигитлар устидан суд жараёни бошланган. Маълум қилинишича, прокурор суддан уларга 7 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.
Изоҳ: Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай йирик суд жараёни мамлакатдаги бирор ОАВ томонидан ёритилмаяпти. Бу ўринда, балки омма эътиборини ҳозирда бундан бошқа шов-шувли суд жараёнлари билан чалғитиш ҳам бордир. Чунки криминоген вазиятни яхшилаш доирасида ўтказилган рейдлар давомида қўлга олинган ўнлаб гумонланувчиларнинг суд жараёнлари ҳам шу кунларга тўғри келяпти. Уларнинг орасида “Бахти ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев каби жиноят олами авторитетлари ҳам бор. Нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу 23 йигит устидан ўтказилаётган суд ими-жимида, мумкин қадар омма эътиборини жалб қилишдан сақланган ҳолда ўтказиляпти. Чунки судланаётганлар собиқ сиёсий маҳбуслар бўлиб, уларнинг деярли барчаси 10 йилдан ортиқ, бир нечаси ҳатто 20 йил ва ундан ортиқ қамоқ жазосини ўтаб чиқишган. Ушбу 23 нафар мусулмон йигит умумий ҳисобда 407 йиллик қамоқ жазосини ўташган ва ҳеч бир далил-исботсиз, ҳатто судсиз 43 марта “раскрутка” қилинган. Улар қамоқда ҳам ўта оғир шароитларда, доимий руҳий ва жисмоний босимлар остида бўлишган. Айтиш мумкинки, уларнинг қамоқдан тирик чиққанлари ҳам бир мўъжизага ўхшайди. Бу тақволи ва покдомон йигитлар золим Каримов режимининг зулм машинаси қурбонлари эди. Ҳокимият тепасига Мирзиёев келгач, улар белгиланган қамоқ жазосини охиригача ва баъзилари ошиғи билан ўтаб чиқиб, ниҳоят озодликка чиқарилган эди. Оилалари бағрига қайтиб, ҳаётларини йўлга қўйишга киришишган ҳам эдики, уларнинг тепасида яна қора булутлар қуюқлашди. Уларга шунча йиллик ноҳақлик ва адолатсизликлар етганига қарамай, ҳукумат “ахлат тузум” дея қораланган даврни яна титкилашни бошлади. Шу йилнинг январ ойида мазкур 23 нафар йигит хавфсизлик ходимлари томонидан “маска шоу” билан яшаш жойларидан олиб кетилди. Уларга яна ўша “ахлат тузум”да бўлгани каби руҳий ва жисмоний босимлар, таҳдидлар қилинди. Олдиндан тайёрлаб қўйилган айбга иқрор бўлиш ҳақидаги иқрорномага қўл қўйишлари учун ҳатто бир йигитнинг аёлини олиб келиб кўз ўнгида зўрлаш билан таҳдид қилинган. Бошқасига эса иқрорномага қўл қўймаса ўғлини қаматиб юбориш билан таҳдид қилинган… Уларга қаттол Каримов режими давридаги яна ўша “навбатчи” модда – 159-модда билан айблов эълон қилинган. Албатта, ҳозирги ҳукуматнинг бу иши ўта шармандали ва инсофсизликдир. Ахир, узоқ йиллик қамоқнинг оғир шароитлари оқибатида яримжон бўлиб чиққан, аслида аввалги қаттол режим қурбонлари сифатида узр сўралиши керак бўлган бу мазлум йигитларни яна қамоққа тиқишни қандай тушуниш мумкин?! Мана энди ҳозир прокурор уларга 7 йилдан 17 йилгача қамоқ жазосини сўраяпти. Биз ўзбек ҳукуматини бундай разил ишдан тийилишга ва уларни зудлик билан озод қилишга чақирамиз. Шунингдек, яқин кунларда турли вилоятлардан олиб келинган яна 16 нафар собиқ маҳбуслар устидан ўтказилаётган тергов жараёнини тўхтатишга чақирамиз. Ўзбек ҳукумати диктатор Каримов режимининг шармандали йўлини тутишдан ҳазар қилмоғи лозим. Ҳолбуки, зулм қиёмат кунининг зулматидир.
وَلَا تَحْسَبَنَّ اللَّهَ غَافِلًا عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ ۚ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الْأَبْصَارُ
– “Сиз ҳаргиз: “Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил”, деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос”. (Иброҳим:42)
Хабар (gazeta.uz 23.06.2024й): 23 июнь куни Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси Лувсандорж Болорцетцег ҳамроҳлигида Ўзбекистонга ташриф буюрди, дея хабар бермоқда бош вазир матбуот хизмати.
Изоҳ: Маълумки, Мўғулистон географик жиҳатдан икки йирик куч – Россия ва Хитой давлатлари ўртасида жойлашган. Албатта, мўғул давлатининг халқаро сиёсатда ҳеч қандай таъсири йўқ. Шунга кўра, у кўпроқ қайсидир йирик давлатлар манфаатига хизмат қилувчи ролини ўйнаши мумкин. Мўғулистон раҳбарининг Ўзбекистонга келиши Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмероннинг апрель ойида МО ва Мўғулистонга ташрифидан сўнг амалга ошмоқда. Шунингдек, бу Мўғулистон президентининг Ўзбекистонга илк ташрифи. Бунгача икки давлат раҳбарлари ўртасида ҳеч қандай расмий ташрифлар бўлмаган. Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам ушбу ташриф доирасида очилди. Шулардан хулоса қилинса, мўғул давлатини Ўзбекистон билан алоқаларни йўлга қўйишга Англия ундаган кўринади. Бу билан инглизлар Хитой ва Россия ўртасида жойлашган, нисбатан демократик Мўғулистонни Марказий Осиё билан боғламоқчи бўляпти. Албатта, бундан мақсад – минтақада Россия ва Хитой таъсирини имкон қадар камайтириш. Кэмерон ўзининг Мўғулистонга ташрифи давомида бу мақсадни яшириб ўтирмаган эди. Энди Англия билан Мўғулистон ўртасидаги алоқаларга келсак, Британия ва Австралия ҳамкорлигидаги Rio Tinto компанияси дунёда мис ва олтин қазиб олиш бўйича энг катта шахталардан бири – Мўғулистондаги Оюу-Толгой шахтасига эгалик қилади. Мўғулистон президенти ташрифи давомида ҳам геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақида сўз борганлиги эътиборга молик. Чунки Англия каби мустамлакачи давлатларни Ўзбекистоннинг табиий бойликлари қизиқтириши табиий. Хуллас, Мўғулистон президентининг ташрифига МО, шу жумладан Ўзбекистон устида йирик давлатлар олиб бораётган геосиёсий курашнинг бир қисми сифатида қараш ўринлидир.
Хабар (qalampir.uz 25.06.2024й): Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда. Қонунчиликдаги тегишли ўзгариш кўзда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 25 июнь куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ: Ўзбек ҳукумати бу қонунни қабул қилиш билан фарзандларимизга Исломий таълим-тарбия беришни мутлақо тақиқлаяпти, деб бемалол айтиш мумкин. Лекин бу қонуннинг жуда қалтис, бутун бир авлод тарбияси ва келажагига дахлдор масала эканлигини мусулмон халқимизнинг ҳаммаси билиб, тушуниб турибди. Негаки, энди ҳар қандай ота-она фарзандига ҳатто “бисмиллаҳ…”ни ўргатиб қўйса ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ўринда қонун муаллифлари бунинг моҳияти ва оқибатларини тушунмай, билмай қилишди, дейиш ноўрин. Эътиборлиси, қонун лойиҳаси ИИВ томонидан илгари суриляпти. Шунинг учун бунда Россиянинг қўли борлиги билиняпти, дейиш мумкин. Чунки Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ҳозиргача Россиянинг таъсиридан тўлиқ қутула олгани йўқ. Бундан ташқари, ушбу қонун муҳокамаси кетаётган бир пайтда, муфтий Холиқназаров фарзандларга Исломий таълим-тарбия бериш ҳақида ваъз ўқиди. Савол туғилади, ўзбек ҳукумати бундай телба-тескари сиёсат билан кимни алдамоқчи ва нимага эришмоқчи бўляпти? Аниғи шуки, бу ёш авлод келажагига, ўзимизнинг бугунимиз ва эртамизга болта уришдан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ҳукуматнинг “баркамол авлодни тарбиялаш” ҳақидаги даъволари сохта эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топяпти. Чунки у ёшларимизни аждодларга муносиб авлод қилиб тарбиялаш дастурига эга эмаслигидан ташқари, ота-оналар ўз фарзандларига Исломий таълим-тарбия беришига ҳам тўсиқ қўймоқда. Наҳотки, мусулмон халқимизнинг шундан кейин ҳам кўзи очилмаса?! Аслида ҳукумат ақидапарастлик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш ниқоби остида сиёсий Исломга қарши кураш олиб бораётган эди. Энди эса мазкур қонун орқали жамиятимиздан Исломни батамом узоқлаштириш сиёсати кетаётганини англашимиз мумкин бўлади. Албатта, фарзандларимизга Исломий таълим-тарбия беришга нафақат йўл очиб бериш, балки уни фарз даражасида талаб қилиб олиш – шаръий аҳкомларни тўлиқ татбиқ қиладиган Халифалик давлатида амалга ошади. Зеро, Халифалик – ёшларнинг комил мусулмон шахс бўлиб етишишлари кафолатидир. Демак, Исломий Хилофат давлатини тиклаш йўлида ҳаракат қилиш бугун ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарздир. Чунки “Вожибга (яъни фарз) олиб борадиган иш ҳам вожибга айланади”.
Хабар (president.uz 25.06.2024й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди.
Изоҳ: Айтилишича, учрашувда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли экспертиза соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев яқинда Доғистонда содир этилган террорчилик хуружи оқибатида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оила аъзоларига ҳамдардлик ва далда сўзларини билдирган. Таъкидлаш лозимки, болаларга Исломий таълим-тарбия беришни мутлақо тақиқлаш бўйича қонун муҳокамаси айни Колокольцев келган вақтга тўғри келди. Шунингдек, Озодликнинг хабар беришича, 24 июнь куни Бош вазир Арипов раислигида ўтган ҳукумат йиғилишида аҳоли томонидан қурилган, аммо Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган 400 дан ортиқ масжид ва хонақоҳларни бузиш, уларнинг айримларини ишлаб чиқариш мақсадида тадбиркорларга бериш топширилган. Бу ишлар айнан Россия ички ишлар вазирининг ташрифи пайтига тўғри келаётгани бежизга эмасдек кўринади. Бу билан ўзбек ҳукумати жамиятдан Исломни узоқлаштириш учун чоралар кўраётгани, гўё “мана, биз тек турганимиз йўқ, Исломийлашувга қарши курашяпмиз” демоқчи бўляпти. Руслар Доғистонда рўй берган воқеалардан ҳам – худди Крокус воқеасида бўлганидек – Россиянинг МО ва Ўзбекистонда ўз таъсирини сақлаб қолиш, хусусан Ислом ва мусулмонларга қарши курашни янада авж олдиришда фойдаланишга уриниши аниқ. Зеро, экстремизм ва терроризмга қарши кураш – Ислом ва мусулмонларга қарши кураш эканлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бундан ташқари, учрашувда меҳнат муҳожирлари масаласи ҳам муҳокама қилинган. Жумладан, Колокольцев Россиядаги мигрантлар текшируви сиёсий мотивларсиз амалга оширилаётганини таъкидлаган. Албатта, бу гапларда бир чимдим ҳам ҳақиқат йўқ, ҳаммаси ёлғон ва сохтакорликдан иборат. Буни ўзбек ҳукумати ҳам яхши билади, бироқ у мутелик ва хорликка кўникиб қолганлиги, ожизлиги учун буни очиқ-ойдин айта олмайди.
Хабар (president.uz 26.06.2024й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, Анқара шаҳрига 5-6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Гарчи турк амрияси дунёдаги энг кучли армиялардан бири бўлса-да, бироқ ҳозиргача унинг мусулмон уммати учун ҳеч қандай нафи тегмаётганига Сурия ва Ғазодаги қирғинлар фонида гувоҳ бўлдик. Чунки мусулмон юртлари бошида мустамлакачи давлатларга малай ҳокимлар турибди. Бу раҳбарлар мусулмонлар хавфсизлигини эмас, балки ўз тахти давомийлиги ва хожалари манфаатини ҳимоя қилмоқдалар. Масалан, ўзбек ҳукуматининг Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер билан ҳам, 25 июндаги Россия ИИВ Владимир Колокольцев билан ҳам айни экстремизм ва терроризм масаласини муҳокама қилиши сўзимизга очиқ далилдир. Чунки терроризм ва экстремизм деганда фақатгина мусулмонлар, хусусан Исломни тузум сифатида ҳаётга олиб келиш учун ҳаракат қилаётганлар назарда тутилади. Бундан ташқари, шаръий ҳукм бўлган соқол ва ҳижоб ҳам терроризм рамзларига айлантирилди. Бунга сабаб эса Халифалик давлатининг йўқлигидир. Чунки тарихдан маълумки, Халифалик бор даврларда мусулмонлар кофирларнинг зулмларидан омонда бўлганлар. Яқинда тикланажак Халифалик давлати Ислом умматининг бошида тўпланиб қолган қора булутларни тарқатиб юборади ва мусулмонларни ҳар қандай зулм-зўравонликлардан, туҳматлардан ҳимоя қилади иншаАллоҳ. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Хабар (kun.uz 27.06.2024й): 11 ёшли қизни зўрлаб келган эркак қўлга олинган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда. Хабарда воқеа қачон, қайси ҳудудда рўй берганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ: Хабарда айтилаётган жиноятчи кимса ким эканлиги очиқланмай, аксинча у ўша зинони ўзининг шаръий никоҳидаги аёлининг фарзанди, яъни ўгай қизи билан қилиб келганлигига урғу берилган. Демакки, бу хабарни тарқатишдан мақсад, катта эҳтимолда “кўпхотинлик” деб қораланаётган Аллоҳ таолонинг шаръий ҳукмига қарши ташвиқотдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон қонунчилиги демократияга асосланган бўлиб, унга кўра зино жиноят ҳисобланмайди ва зино қилган кимса ҳеч қандай жазога ҳам тортилмайди. Чунки ушбу тузумга кўра, ҳар бир инсон – у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – ўзининг жинсий эҳтиёжини истаганидек қондириш ҳуқуқига эга. Демак, бугун жамиятда зино сингари турли бузуқликларнинг урчиб кетаётганига демократик эркинликлар сабабдир. Ўзбекистонда 18 ёш вояга етиш ёши қилиб белгиланган. Мана шу ёшга етгандан кейин инсон ўз жинсий эҳтиёжларини қандай йўл билан қондириши унинг ихтиёридаги иш бўлиб қолади. Бинобарин, зино билан қондирса ҳам жиноят ҳисобланмайди. Юқоридаги хабарда ҳам агар қиз вояга етган бўлиб, ўз ихтиёри билан зино қилганида, бу нарса жиноят деб эътибор қилинмасди. Чунки демократик тузумда зино, бузуқлик, деган тушунчаларнинг ўзи йўқ ва у ҳар қандай ҳолатда ҳам жоиз ҳисобланади. Фақат бу ўринда мажбурлаш бўлмаса бўлди. Бу бузуқ демократик тузум таъсирида мусулмонларда зино Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ўта оғир гуноҳлардан бири эканлиги ҳақидаги тушунчаларга путур етди. Шунингдек, зино учун жазонинг йўқлиги ва ҳалол никоҳнинг қийинлаштириб қўйилгани сабабли бу қабиҳ иллат жамиятда кенг тарқалмоқда. Албатта, жамиятимиздан бундай балони даф қилиш учун Ислом тузуми татбиқ қилиниши лозим. Зеро, Исломда зинога оғир гуноҳ ва қаттиқ жиноят сифатида қаралиб, кескин жазо чоралари қўлланади. Биринчи навбатда эса, одамлар бу иллатдан ўз-ўзидан тийилишлари учун Исломий билим-сақофат орқали тақво ва покликни кучайтиришга қаттиқ эътибор берилади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
01.07.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми