Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (04.07.2024й): 4 июл куни Тошкентда 23 нафар собиқ сиёсий маҳкумлар устидан суд ҳукми ўқилди. Улардан 15 нафарига 7 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва жазони махсус тартибли колонияда ўташ белгиланди. Қолганларига эса 4,5-5 йилгача қамоқ ва уй қамоғи жазолари тайинланди.
Изоҳ: Ушбу мазлумлар ва ҳозирда Тошкентда тергов қилинаётган 19 нафар собиқ сиёсий маҳкумлар, шунингдек, 1999-2000 йилларда қамалиб, ҳозиргача озодликка чиқарилмаётган йигитлар – буларнинг барчаси фикр ва эътиқодлари учун жазоланаётган бегуноҳ мусулмонлардир. Уларнинг халқимизга яхшиликни, юртимизга азизликни истаганликлари ва шу мақсадда Ислом даъватини кўтариб чиққанликлари аввалги золим Каримов режимига ҳам, ўша режимни “ахлат тузум” дея танқид қилган ҳозирги Мирзиёев бошлиқ ҳукуматга ҳам ёқмади. Энг тўғриси, Ҳизб ут-Таҳрир йигитлари Исломни мабда (яъни мафкура) сифатида кўтариб чиққанлари юртларимизнинг ҳар томонлама қарам ва қолоқ бўлиб қолишидан манфаатдор бўлган Америка ва Россия каби мустамлакачи давлатларга ёқмади, уларни жунбушга келтирди. Афтидан, Мирзиёев режими Каримовнинг Ҳизб ут-Таҳрирга қарши муваффақиятсиз курашидан ва дунёга шарманда бўлганидан етарлича ибрат олмаган кўринади. Ахир, кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади! Аммо бу режим халқимиз нафрати ва лаънатига қолишдан кўра, Россия, Америка каби Ислом душманларини рози қилишни кўпроқ ўйлаяпти. Бошқа томондан, “фикрга қарши фикр билан курашамиз” деяётган бу картон ҳукумат сиёсий Ислом қаршисида куч ишлатиш, зулм ва зўравонлик қилишдан бошқа йўл тополмаяпти. Ҳизб ут-Таҳрир бундай адолатсиз, зўравон сиёсатга қарши оламий кампания бошлади. Шу муносабат билан биз Ўзбекистондаги барча мусулмонларни, айниқса ҳиммат ва шижоат эгаларини унда фаол иштирок этиб, қўллаб-қувватлашлари ҳамда мазлум биродарларимиз озод бўлишлари учун ҳукуматга босим ўтказишларини сўраймиз. Зеро, мусулмонлар бир-бирларига биродардир ва ўз биродарларини ҳеч қачон ёрдамсиз ташлаб қўймагайлар! Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
المسلم أخو المسلم لا يظلمه ولا يسلمه
“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У ўз биродарига зулм ҳам қилмайди ва уни (золим қўлига) топшириб ҳам қўймайди”. (Муттафақун алайҳ ҳадис)
Зулм ва зўравонлик эса, ҳеч қачон жавобсиз қолмайди ва Аллоҳ таоло золимни икки дунёда ҳам хор қилади!
وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ
– “Золим кимсалар, яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар”. (Шуаро:227)
Хабар (president.uz 01.07.2024й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Кўксарой қароргоҳида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Изоҳ: Учрашувда Ўзбекистон БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирлар фаол амалга оширилаётгани қайд этилган. Шунингдек, тантанали маросимда Мирзиёев Гутерришга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топширган. Бугун БМТ Америка сингари йирик давлатларнинг заиф давлатларни мустамлака қилиш ва бойликларига эга чиқишдаги бир қуроли эканлиги, кучлиларни қўллаб-қувватлаб, заифларни эзишдан бошқа нарсага ярамаслигини кўпчилик тушуниб етди. Хусусан, Муборак Фаластин заминида бўлаётган воқеа-ҳодисалар бунга янада ёрқин далилдир. Зеро, БМТ Ғазодаги мусулмонларни оммавий қирғин қилаётган босқинчи яҳуд вужудини на тийиб қўя олди, на бирор таъсир кўрсата олди. Аксинча, фақат қурбонларни санаш ва сохта хавотир билдиришдан нарига ўтгани йўқ. Ўзбек ҳукумати эса жамиятимизни Исломдан узоқлаштирадиган ҳамда уни фақат заифлик ва қолоқлик сари етаклайдиган БМТ институтлари билан ҳамкорликни кучайтиряпти, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби заҳриқотил лойиҳаларни татбиқ қилишга зўр беряпти. Боз устига Бош котибни орден билан мукофотлаяпти. Бу билан аллақачон сарқитга айланган БМТнинг обрўси кўтарилиб қолармиди?! Учрашувда, шунингдек, Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилинган. Албатта, бундай муҳокамалардан мақсад – толибонни секуляр-илмоний давлат қуришга ундаш ва бу борада президент Мирзиёевнинг воситачилик қилиши эканлигида шубҳа йўқ. Шунинг учун, кофир мустамлакачи давлатлар манфаатларига хизмат қиладиган бундай халқаро ташкилотлар билан ҳар қандай ҳамкорлик асло жоиз эмас. БМТ аслида тугаб бораётган, охири кўриниб қолган ташкилот. Уни мавжуд бўлиб туриши ва мустамлакачи давлатларнинг югурдаги бўлиб юришига, Аллоҳнинг изни ила, яқинда тикланажак Халифалик давлати нуқта қўяди.
وَقُلْ جَاءَ الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ ۚ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا
– “Айтинг (эй ҳабибим): “Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (яъни куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир””. (Исро:81)
Хабар (kun.uz 02.07.2024й): Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар болаларга дунёвий билимларни ўргатиш ҳақида гапирди. “Агар биз буни ўрганмасак, болаларимизга ўргатмасак, эртага биз бошқаларга тобе бўлиб қоламиз”, – деди у.
Изоҳ: Тарихдан маълумки, мусулмонлар ўзларининг давлати – Исломий Халифалик соясида яшаган даврларда дунё халқлари ичида ҳар соҳада пешқадам уммат бўлишган эди. Ўша даврларда мусулмон уламолар, олимлар ва мутафаккирлар дунёни лол қолдирадиган даражада илмий асарлар битгани, буюк кашфиётлар қилгани маълум ва машҳурдир. Жумладан, бизнинг юртимиздан ҳадис илмида имом Бухорий, имом Термизий, табобатда ибн Сино, математикада Хоразмий, Беруний, астрономиядан Мирзо Улуғбек каби буюк олимлар етишиб чиқдилар. Буни муфтий жаноблари, албатта, жуда яхши билади. Бироқ муфтий Холиқназаров бугун мусулмонларнинг ҳар соҳада қолоқлашиб кетганлиги сабабини рўйи-рост баён қилиб, бундан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб берганида айни муддао бўларди. Аксинча, у ўзини мусулмонлар аллақачон кофир мустамлакачи давлатларга ҳар соҳада қарам бўлиб қолганидан бехабардек кўрсатди. Бундан ташқари, Исломда илм диний ва дунёвийга ажратилмаслигини, балки илм битта бўлишини, уни фақат олиш жоиз бўлган ва жоиз бўлмаган турга ажратиш мумкинлигини ҳам баён қилиб бериши керак эди. Аммо муфтийнинг дунёвий таълим тарғиботига оид гаплари ўзбек ҳукуматини ёш авлодга Исломий таълим беришга батамом тақиқ қўйиш учун қонун чиқармоқчи бўлаётган вақтда айтилаётгани жуда шубҳали. Бу билан муфтий ҳукуматнинг Исломий таълимга қарши навбатдаги қадамини – қабул қилиниш арафасида турган қонунни олдиндан оқлаб бермоқчи бўляпти, десак тўғри бўлади. Аслида, илм олиш фарзлигини ва унинг тафсилотларини, шунингдек, таълим жараёни боғчадан то олий таълимгача Исломий дастур асосида бўлиши лозимлигини муфтий билмайдими?! Ёки мусулмонларга етти ёт бегона бўлган демократик тузум ва унинг таълим дастури фарзандларимизни ҳар соҳада қолоқлик ва ахлоқий бузуқликка қараб етаклаётганини англамайдими?! Албатта, билади ва англайди. Демак, халқимизнинг бошқаларга қарам бўлиб қолиши муфтий Холиқназаровни ҳақиқатдан ташвишга солганида, мусулмонларга бор ҳақиқатларни рўйи-рост гапирган, ҳукуматнинг ғайриисломий сиёсатига хизмат қилишдан хазар қилган бўларди.
Хабар (ozodlik.org 02.07.2024й): Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликларни таъминлашга доир айрим ваъдалари устидан чиққан бўлса-да, кўплаб ваъдалар амалга ошмай қолмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти томонидан 2023 йил учун жаҳондаги диний эркинликлар вазияти юзасидан ҳисоботда сўз боради.
Изоҳ: Эътиборли томони, бу ҳисобот айни МО минтақаси устида бир томондан Америка ва Европа, бошқа томондан Россия ва Хитой каби мустамлакачи давлатларнинг геосиёсий курашлари янада кескин тус олаётган бир вақтга тўғри келмоқда. Шунга кўра, буни тасодифий ҳолат, деб бўлмайди. Демоқчимизки, Американинг мазкур ҳисоботдан кўзлаган сиёсий мақсади бор. У ҳам бўлса, Ўзбекистонга босим ўтказиш. Бу сингари ҳисоботлар аслида Американинг бошқа давлатларга босим ўтказиш учун қўллайдиган қуроли эканлиги аллақачон маълум бўлиб бўлган. Зеро, Американи Ўзбекистон ёки бошқа давлатлар халқларининг тақдири қизиқтирмайди. Унинг бирдан-бир мақсади мустамлакачилик режаларини амалга ошириш, хусусан, заиф давлатларнинг табиий бойликларини талон-тарож қилишдир. Масалан, Ўзбекистон “мустақиллик”ка эришганига 30 йилдан ошди. Бу давр ичида бундай ҳисоботлар жуда кўп эълон қилинди, бироқ Ўзбекистонда 1999 йилда диний мотив билан қамалганлардан бир қанчаси ҳозир ҳам қамоқда. Озодликка чиқарилганларини ҳам яна қайта қамаш кампанияси ишга тушиб кетди. Ҳозирги кунларда Тошкентда 23 нафар собиқ сиёсий маҳкумлар ҳибсга олиниб, суд жараёни ҳам ниҳоясига етди… Уларга қўшимча яна 19 нафар собиқ сиёсий маҳкумлар ҳам тергов қилинмоқда. Демак, Американинг диний эркинликлар ҳақидаги ҳисоботи Ислом ва мусулмонларга тегишли эмас. Бундан ташқари, диний эркинлик деган нарса демократик эркинликлардан бири бўлиб, Исломга мутлақо зид ғоядир. Чунки бу эркинликка кўра, инсон истаган динини қабул қилиши, истаса ўз динини тарк қилиб муртад бўлиши мумкин. Бироқ Исломда бундай маънодаги эркинлик йўқ. Агар мусулмон Исломдан чиқса муртад бўлади ва бу ҳолатда – агар Исломни қайта қабул қилмаса – унинг жазоси ўлимдир. Шундай қилиб, биз мусулмонлар Американинг бу каби ҳийла-найрангларига алданмаслигимиз ва Исломни мабда-мафкура сифатида ўрганиб, уни ҳаётда тўлиқ татбиқ қилишимиз лозим.
Хабар (ozodlik.org 03.07.2024й): 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистон даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатлар сафида қолди. Жаҳон банки томонидан ёйинланган ҳисобот шундан далолат бермоқда.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, Ўзбекистон 2008 йилдан бери даромади ўртача бўлган мамлакатлар қаторига киролмай келади. Жаҳон банки қайдича, ўтган йили Ўзбекистонда жон бошига ялпи миллий даромад кўрсаткичи бор-йўғи 2,3 минг долларни ташкил этган. Қиёс учун: бу кўрсаткич Марказий Осиёда Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда 10,9 минг АҚШ долларига, тобора қашшоқлашиб бораётгани айтилаётган Туркманистонда эса 7,1 минг АҚШ долларига тенгдир. Асл муаммо ЖБ ўз ҳисоботида кўрсатаётганидек, Ўзбекистондаги ЯМДнинг пастлигида эмас. Чунки бу кўрсаткич кўпайган тақдирда ҳам Ўзбекистон халқининг иқтисодий аҳволи ўнгланиб қолмайди. Чунки капиталистик иқтисод низомида тақсимотнинг адолатли бўлишига эътибор берилмайди ва бунинг оқибатида бойлар бойиб, камбағаллар қашшоқлашиб бораверади. Капиталистик иқтисодда асосий эътибор умумий даромадни кўпайтиришга қаратилади. Бу даромаддан ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжи қоняптими ёки йўқми, бунга айтарли эътибор берилмайди. Мисол учун, дунёнинг энг бой давлати бўлмиш Америкада ЯМД 2022 йилда киши бошига 77 минг долларни ташкил қилган. Бироқ 2024 йилда бу давлатда уйсиз қолган инсонлар сони 650 мингдан ошган. ЖБ масаласига келсак, Америка бу ташкилотдан Ўзбекистон каби давлатларга ўз таъсирини ўтказиш учун қурол қилиб фойдаланади. Шунинг учун ЖБнинг заҳриқотил тавсиялари, грантлари ва қарзларидан нафақат эҳтиёт бўлиш, балки капиталистик иқтисод низомини татбиқ қилишдан тамоман воз кечиш лозим. Бунинг ўрнига Ислом тузуми ва унинг иқтисодий низомини татбиқ қилишимиз зарур. Ана шундагина адолатли тақсимот натижасида халқимиз қашшоқлик ва йўқсилликдан халос бўлади. Чунки Исломий иқтисод низоми нафақат умумий бойликни кўпайтириш, балки уни адолатли тақсимлаш борасида ҳам энг тўғри ечимларга эга.
كَيْ لاَ يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ
– “Токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун”. (Ҳашр:7)
Хабар (qalampir.uz 04.07.2024й): Ўзбекистонликлар Instagram ижтимоий тармоғида электр энергияси истеъмоли учун қўйилган ижтимоий нормани бекор қилишни сўраб флешмоб ўтказмоқда. Тармоқ фойдаланувчилари “Ўзбекэнерго, 200 кВтлик лимитни бекор қилинглар” деб ёзилган постни ўз сторисларида улашяпти. Ушбу флешмобда қатнашганлар сони кун давомида 82 мингдан ошди.
Изоҳ: Аввалроқ Энергетика вазири электр энергияси бўйича янги тарифлар амалга киритилганидан сўнг истеъмол камайганлигини билдирган эди. Бироқ бу халқ устида мажбурий тежаш сиёсати ишга тушганини, одамлар энди зарур бўлса ҳам эҳтиёжлари учун электрни тежаб-тергаб ишлатишларига олиб келганини айтган эдик. Янги тарифлар амалга киритилишидан олдин, вазир бу тарифларни аҳолининг 98 фоизига таъсир қилмаслигини айтган эди. Бу ҳам асоссиз ва чалғитувчи гап эканини айтган эдик. Мана, ҳозир амалда бу сўзлар ўз исботини топмоқда. Масалан, бу борада Qalampir.uz ўзининг телеграм каналида сўровномалар ўтказган. “Бир ойда қанча электр энергиясидан фойдаландингиз?” деган саволга, сўровномада қатнашган 17,6 минг одамдан атиги 23 фоизи 200 кВт/с гача бўлган белгини кўрсатган. 201 кВт/с дан 1000 кВт/с гача 58%, 1001 кВт/с дан 5000 кВт/с гача 12%, қолган 7% 5001 кВт/с дан юқорисини белгилаган. Кўриниб турганидек, янги тарифлар аҳолининг тўртдан уч қисмига, балки ундан-да кўпроғига таъсир қилган. Шунингдек, “Электрҳисоблагичлар шаффофлигига ишонасизми?” деган саволга, сўровномада қатнашган 14,7 минг одамдан 28 фоизигина “ҳа, ишонаман”, 72 фоизи эса “йўқ, ишонмайман”, дея жавоб берган. Демак, давлат одамлардан кўпроқ пул ундириш учун ортиқча айлантирадиган электрҳисоблагичларни тиқиштирган бўлишининг эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ҳали бу ёз ойидаги аҳвол. Ҳаво совуқ бўладиган қаҳратон қишда нима бўлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Албатта, ҳукуматнинг халққа нисбатан бундай ноинсофлик сиёсати бу билан якун топмайди. Ислом татбиқи ортга сурилаверар экан, халқимизнинг боши узра бугунги зулм ва ноҳақлик сиёсати давом этаверади.
وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
– “Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса (яъни илоҳий қонунлар) билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир”. (Моида:45)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
08.07.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми