Аллоҳ мусулмонларни бу хорликдан қутқариб, азизликка мушарраф қилсин (амин)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Аллоҳ мусулмонларни бу хорликдан қутқариб, азизликка мушарраф қилсин (амин)
Мен 1990 йилда куз ойларида Ўзбекистоннинг ғарбий вилоятларининг бирида дунёга келдим. Оилада тўнғич фарзандман. Ота-она бағрида — Аллоҳ улардан рози бўлсин, яхши тарбияларини олиб улғайдим. 1998 йилда 1- синфга бордим. Мен дунёвий ҳаётда тентираб мақсадсиз, ҳаёт шу эканда деб юрар эдим. Баъзан ўлим ҳақида ўйлаганимдагина, оҳират, дин ва савол — жавоб куни борлиги ҳақида ўйлаб қўяр эдим холос.
Биз уч дўст эдик. Биз бошқа маҳалладаги мактабда ўқиганимиз учун доимо бирга юрар эдик. Бир куни учинчи дўстимиз Фаҳриддин ўзгариб қолганини ҳис қилдим. Бизга қўшилгиси келмай қолди. Қизлар ҳақида гапирсак, бизга қарши чиқардида, бу зино деб насиҳатлар қиладиган бўлиб қолди. Биз эса: “мулло бўлиб қолибсанми?” деб устидан кулардик.
Бир куни Фаҳриддинни қидириб уйига бордим. Чиқиб кетган экан. Акаси Асадуллоҳ чиқиб келди. Асадуллоҳ ака диндор бўлгани учун жиддий муомалада бўлар эдим, уни ўзимга яқин олмас эдим. 5 минутча гаплашиб қолдик. Мен гапни нимадан бошлашни билмай: “DVD диск борми, диний кинолар бўлса менга беринг” дедим. Шундай қилиб дин ҳақида суҳбатимиз бошланди ва у менга саволлар берди.
— биз мусулмонмиз тўғрими?
— ҳа, мусулмонмиз.
— ручканг борми?
— йўқ ёнимда эмас.
— менда бор. Мана мендан бирортаси ручканг борми деб сўраса, бор мана деб кўрсата оламан. Биз мусулмонмиз деяпсан, агар бир кофир келиб, сен мусулмонсан, Аллоҳим бор деяпсан, қани менга Аллоҳни кўрсат, уни борлигини исботлаб бер деса, Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб исботлаб берамиз?
Мен нима дейишимни билмай қолдим. Асадуллоҳ ака деди:
— масалан мана шу ўрик дарахтидан Аллоҳнинг борлигини исботлаб бера оласанми? — деб ўрикни кўрсатди.
— сен яхшилаб ўйлаб кўр, кейин яна гаплашамиз, деди ва ишлари борлигини баҳона қилиб суҳбатга чек қўйди.
Мен бу ҳақида ўйлаб ўйимга етолмас эдим. Бошим қотиб қолган эди. Аҳир мусулмон бўлсагу, наҳотки, мана ручкам бор деб, ручкани кўрсатгандек, мусулмон бўлиб Аллоҳни борлигини кўрсатиб, исбот қилиб беролмасак?
Кейин уйга келиб онамдан, дадамдан, кўчада қанақа яқин танишим бўлса, бу саволни берар эдим. Ҳеч ким дуруст жавоб бера олмади.
Кечга яқин бошим оғриб кетди. Кейин эрталаб бўлсин, бориб Асадуллоҳ аканинг ўзидан сўраб билиб оламан дедим ва ётиб ухладим. Эртаси куни Асадуллоҳ акани ёнига бордим ва жавоб тополмай қийналиб кетганимни ва ўзи жавоб беришини сўрадим. Асадуллоҳ ака менга инсон, ҳаёт, коинот ҳақида бир қанча мисоллар билан тушунтириб берди. Бир данакни ерга суқсанг, у пўстлоғини ёриб ўсиб чиқади, дарахт бўлиб яна мева солади, бунда на қуёшнинг, на сувнинг, на ернинг ҳеч қандай таъсири йўқлигини бу фақатгина Аллоҳнинг буйруқлари билан бўлаётганини тушунтириб берди. Бундай қудратга фақат ёлғизгина Аллоҳ эга эканлигини исботлаб берган эди.
Сўнгра тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Мени ўзи билан бирга бошқа болаларни даъват қилиш учун у ер, бу ерларга олиб борар эди. Мен эса у билан даъват қилиш учун бориб, ўзим у ердан даъватланиб қайтар эдим. Баъзан оқшомлари уйимизга келар, ва биз болаларни қандай даъват қилсак, кимга қандай муомала қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашар эдик. У бизга фикрнинг даражаси уч ҳил бўлишлигини тушунтириб берди.
1. Саёз фикр.
2. Чуқур фикр.
3. Ёрқин фикр.
Инсонга муаммолари бўйича савол бериб, унинг фикрини ўрганиб кейин унинг муаммоларига қараб даъват қилишлик кераклигини уқтирар эди. Мен Асадуллоҳ акадан ажрала олмай қолдим. Икки ой давомида бутунлай бошқа одамга айланган эдим. Онамнинг нияти мени ўзининг амакисининг қизига уйлантириш эди. Иккинчи ниятлари эса, тоғамдек катта доктор бўлишимни ҳоҳлашар эди. Исломий фикрларни олиб ўзгарганимдан кейин, уйланмоқчи бўлган қизим менга ёқмай қолди. Чунки у қиз коллежда ўқир, ярим яланғоч кийиниб юрадиган замонавий бой оиланинг фарзанди эди. Онажонимнинг иккинчи орзулари бўлган медицина коллежида ўқишдан ҳам воз кечдим. Чунки ҳозирги кунда медицина олий ўқув юртларидаги гуруҳларда 30 боладан 25 таси қиз бола, қолгани ўғил бола эди. Мен ўқимайман деб туриб олдим.
Ота-онам мени ўзгариб қолганимдан ҳавотирлана бошлашди. 2007 йил март ойининг охирлари эди. Асадуллоҳ ака дўсти билан келди. Кечки соат 9лар атрофида эди. У дунёдаги бўлаётган воқеалар ҳақида гапира бошлади ва ўзимизда бўлаётган бузғунчиликлар, ичкилик, зинокорлик ва ҳоказо. Буларни қандай қилиб ўзгартириш мумкин, нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашдик. Шунда Равшан ака кошкийди Халифалик давлати бўлсайди, деб қолди. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Ахир Халифалик ҳақида маълумотим йўқ эдида. Халифалик деганда “террорист”лар деган нарса кўз олдимга келар эди. Кейин Халифалик ҳақида гапириб беришди. Халифалик қачон, ким тарафидан, қандай қилиб йиқитилганлигини хикоя қилиб беришди. Халифалик йиқитилгандан кейин шайхлар йиғилиб, қандай қилиб Халифаликни қайтадан тиклаш ҳақида маслахатлашиб, барча шайх ўз фикрини айтганлигини ва уларниниг ичидан биттаси тўғри фикр айтганлигини, қолганларининг фикрлари хато бўлганлигини исботлаб берди.
Ўша шайх бир жамоат тузганлигини ва бу жамоат ҳозиргача харакат қилаётганлигини айтди. Мен: “Бундай харакат Ўзбекистонда борми, уларни қандай қилиб топишимиз мумкин, унга қўшилсак бўладими?” деб сўрадим. Равшан ака билмайман деб қисқагина жавоб берди. Бироздан кейин бизга иккита йўл борлигини; биринчиси чет элдаги давлатларга чиқиб кетиб, уларни ўша ердан қидириб топиб, уларга қўшилишимиз мумкин.
Ёки иккинчи йўли шу ерда туриб ўзимиз харакат қилишимиз кераклигини айтди. Ҳафтада бир марта исломий дарс берилаётганини, ҳоҳласам қўшилишим мумкинлигини айтди. Мен рози бўлдим.
Бир ҳафтадан сўнг дафтар олиб дарсга бордим, жуда бошқача кун эди. Мушрифим билан учрашдим. Ҳайратда қолдим, чунки у ердаги болалар бегона эмас эди; синфдошим ва қишлоқдаги дўстларим эди. Мушриф бизга халқа, шайх Тақийюддин Набаҳоний эканлиги, уюшманинг номи “Ҳизб ут-Тахрир” эканлиги ҳақида маълумот берди. Шу тариқа менинг фаолиятим бошланган эди.
Бизни китоб муаммоси қийнар эди. Китоб фақатгина битта бўлиб, у мушрифнинг қўлида турар, биз аввал ўтадиган дарсимизни ёзиб олиб, кейин халқани бошлар эдик.
Менинг ўзгариб қолганлигим оиламдагиларга ёқмади, тазйиқлар бошланди. Мени “ваҳҳобийлик”да айблаб, уйдан чиқармай қўйишди. Ҳалқам бор кунлари бирор баҳона қилиб чиқар, ёки уйдан яшириниб, қочиб чиқар эдим. Оиламдаги тазйиқлардан қутилиш учун, Самарқанд чет тиллар лицейига ўқишга кирдим, қишлоқдан узоқда бўлгани учун уйга ҳафтада бир марта келар эдим. Биринчи курсда ўқиб юрган вақтларимда компьютер соҳасида уч ойлик курсни тамомладим ва компьютерда ишлашни яхшигина ўзлаштириб олдим. Кунлар шу тарзда ўтиб борар эди.
2009 йилнинг ноябрь ойига келиб китоб муаммоси жуда ҳам қийнаб қўйди. Ҳа, биз ҳизбнинг асосий қатламидан узилиб қолган эдик. Юқоридагилар билан боғланиш мақсадида билган адресларга, яъни Ўзбекистоннинг бошқа шахар ва вилоятларига 2, 3 нафар биродарларни қидириб бордик. Афсуски, сўраб борган биродарларимиз, баъзилари вафот этган, баъзилари қамалиб кетишган эди.
Китоб муаммосини ҳал қилиш мақсадида китоблар чириб йўқолиб кетмасдан туриб, компьютер олиб, ёзиб чиқаришимиз керак эди. Пул йиғиб компьютер олдик. Қишлоқ жойларда свет йўқлиги учун шаҳарлик бир биродаримиз Исмоил ака (у олдин наркотик билан шуғулланганлиги учун адашмасам, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди, 5 йил деганда амнистияга тушиб, озодликка чиқиб келган, зонада даъватланиб Ҳизбни қабул қилган эди) шаҳардаги уйини бизга бўшатиб берди. (Аллоҳ рози бўлсин ундан). Ўзи эса хотин болаларини олиб, отасининг уйида яшаб турди. Мушрифим ва мен икки ой деганда “Ислом низоми” китобини ёзиб чиқардик. Шу икки ой ичида мен ҳаётимдаги энг гўзал кунларни яшадим.
Ўзимиз чиқарган “Ислом низоми” китобини илк маротаба қўлга олганимизда, мушрифим севинчдан йиғлаб юборди. Иккаламиз ҳам хурсандликдан кўз ёшимизни тўхтата олмас эдик. Ахир китобни ўзидан ўқиб ўрганиш орзуйимиз эди. Болаларга тарқатдик, улар ҳам жуда хурсанд бўлишди. Ишимиз шу билан тўхтаб қолмади. Бошқа китобларни ҳам ёзиб чиқдик. Интернетдаги ҳизбнинг ўзбекча сайтлари ёпиқлиги сабабли арабча ёки русча сайтлардан мавзу хабарларни олиб, ўзбекчага таржима қилиб, варақалар чиқарар эдик. Ҳар ҳафта ёки баъзан икки ҳафтада бир марта махсус вазифа ўлароқ компьютерда ёзиш ва баъзи болаларга мен тарқатар эдим. Бир куни ўқишдан уйга келган эдим, кўйлак ва шимимни ювиб қўйишларини онамга айтиб, болалар билан учрашгани кўчага чиқиб кетдим. Орадан 3-4 соат ўтар ўтмас, онам телефон қилиб уйга зудлик билан етиб келишимни айтди. Уйга келсам онамнинг ва дадамнинг ота-оналари келишган, онажоним йиғлайвериб кўзлари қизариб шишиб кетган эди. Кирларни юваётиб, чўнтагимдан варақаларни топиб олган, кейин эса сумкамни текшириб кўриб “Ислом низоми” китобини топиб олган, кейин эса ота-оналарини дарҳол чақиртирган экан. Мени шаҳарда ўқиб “ваҳҳобий”ларга қўшилиб қолибди деб, “ваҳҳобийлик”да айблашди. Ҳаттоки қасам ичиришди. Мен ҳам қасам ичиб “ваҳҳобий” эмаслигимни айтдим, чунки мен ҳизбий эдимда. Сўнгра мени тоғамлар олиб кетишди, икки ой уй қамоғида сақлашди. Тўлиқ икки ой. Бир синфдошим уйланаётган экан, таклифнома жўнатди. Шу сабаб бўлиб уйга келдим. Тўйдан кейин тоғам яна мени олиб кетмасин деб уйдан қочдим. Қишлоқ болаларидан бири бошқа туманда бир цеҳда ишлар эди. Мен ўшани ёнига бордим. 27 кундан кейин уйга қайтиб келдим.
Мени яна қочиб кетиб қолмасин деб, ҳеч қандай тазйиқ кўрсатишмади. Бу орада лицейдаги ўқишни ҳам ташладим. Компьютерни яхши билганим учун қишлоғимизда пайнет очдим. Кундузи ишлар, кечаси эса қоровул бўлиб дўконда ётиб қолар эдим. Пайнет ишида қўлим келди. Ишим жуда ривожланди. Бу орада фаолиятимиз ҳам ва сафимиз ҳам кенгайиб қолган эди.
Фаолият учун электр токи ва ксерокопия муаммо бўлганлиги учун 2, 3та ноотбук олган эдик. Варақа тарқатиш, интернетдан маълумот олиш ишлари менга топширилган эди. Ёз ойларини ҳеч ҳам ёқтирмас эдим. Чунки болалар ишлаш учун Россияга кетиб қолишар эди. Керакли одамларни тополмай қолар эдим……..
Бир куни кеч соат 23:00 атрофида эди. Дўконда ётган эдим. Дўкон эшиги таққиллади. “Тез ёрдам” машинаси Йўлдош деган болани уйини сўради. Йўлни кўрсатиб юбордим. Эрталаб эса, Йўлдош Россиядан келаётганида, аэропортда милиция ходимлари уни сўроқ қилишган. Сўнгра уни “айбингни тан олмасанг ўлдирамиз” деб роса дўппослашган. Калтак ва зарбларни кўтаролмай ўша кечаси вафот қилган. Йўлдош ҳизбий фикрларни олган мард, исломда собитқадам эди. (Аллоҳ ундан рози бўлсин, рахматига олсин). Бу воқеадан кейин 2-3 ой ўтгач ҳеч қандай сабабсиз ниқобли СНБ ходимлари қишлоғимиздан намозҳон болаларни олиб кета бошлашди.
Олиб кетилган намозхонлардан кўплари қайтиб чиқишди, лекин менинг биродарларим чиқмади. Ҳаммани олиб кетишди, энди навбат менга келганлиги яққол кўриниб қолган эди.
Ҳаттоки қишлоқда мени олиб кетган деган гаплар тарқалиб кетди. Астағфируллоҳ, одамлар қаердан олади бу гапларни, аҳир мен очиқда юрибманку, Аллоҳ, Аллоҳ.
2013 йил 22 февраль синглимнинг тўйи куни уйдан ҳар доимгидай йўл очгани Хитойга кетаяпман деб чиқиб кетдим. Шаҳарлик биродарларимникида яшаб турдим, аҳвол яхшиланиш ўрнига ёмонлашиб кетди. Мен бироз кўринмай турай деб уйдан чиқиб турган эдим.
Афсуски аҳвол ёмонлашгач, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Шаҳарлик укамизнинг қайнонаси чет эл давлатларининг бирида ишлар эди. Биродарим мени қайнонасининг ёнига жўнатди. 2013 йил 22 мартда мен ўша давлатга келдим. Бир ҳафтадан кейин шаҳарлик биродарларимизни ҳам ушлаб кетишди.
7 ой давомида ҳаётнинг турли қийноқларини бошдан ўтказдим. Мен уйга қайтмоқчи эдим. Бу ерда юргандан кўра, Ўзбекистонга қайтганим яхши, қамалсам ҳам биродарларим билан бирга бўламан деган фикр миямга ўрнашиб қолган эди.
Лекин мени бу ерда ушлаб турган нарса, бир биродаримизнинг менга айтган гапи сабаб бўлди: “Қамоқхонада биз бормиз, бу ерга эмас, очиқда кераксизлар” деган эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳга ҳамдлар айтиб, Яратганнинг Ўзи қаерда бўлишилигимни ирода қилган бўлса, ўша ерда фаолиятимни давом эттириб юрибман. Ва ин ша Аллоҳ умримни охирги нафаси қолгунича Аллоҳнинг розилигини топмоқлик учун, фаолиятимда собитқадамлардан бўламан. Амин!!!
Абдуллоҳ
30.03.2014й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми