Британиянинг стратегик яқинлашув ниқобидаги ёвуз сиёсати
Британиянинг стратегик яқинлашув ниқобидаги ёвуз сиёсати
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2026 йилнинг 26 феврал куни Британия пойтахти Лондон шаҳрида Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари ҳамда Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича Давлат котиби Иветт Купер иштирокида “Марказий Осиё – Британия” (CA5+UK) форматидаги илк вазирлар мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашув якунида томонлар иқтисодий ҳамкорлик, транспорт коридорларини ривожлантириш ва стратегик хомашё ресурслари бўйича шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилди.
Ушбу жараёнлар Марказий Осиё дипломатияси тарихида зиддиятли ва ўта муҳим бир саҳифа сифатида муҳрланди. Лондондаги ушбу мулоқот XIX асрда Британия ва Россия империялари ўртасида минтақа устидан ҳукмронлик учун кечган тарихий рақобатнинг бугунги кундаги янги ва анча маккорона кўриниши сифатида намоён бўлмоқда. Тўғри, Британия бугунги кунда дунёда биринчи мақомдаги давлат эмас, унинг ҳарбий ва сиёсий қудрати аввалгидек эмас. Бироқ шунга қарамай, мустамлакачилик сиёсати ҳамон Британия ташқи сиёсатининг асосий пойдевори бўлиб қолмоқда. Лондон молиявий тизимлар, технологик стандартлар ва “ақлли назорат” воситалари орқали ўз мустамлакачилик амбицияларини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ушбу ташрифни савдо диверсификацияси ва стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун мазмунли платформа деб атаган бўлса, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ермек Кошербаев минтақанинг Европа ва Осиё ўртасидаги транзит боғловчи ролига алоҳида тўхталиб, стратегик аҳамиятга эга бўлган рақамларни очиқлади. Бироқ ушбу баёнотлар ва “стратегик шериклик” ҳақидаги кўтаринки хабарлар замирида анча мураккаб ва хавфли геосиёсий манзара ётибди. Саммитнинг кун тартибида халқаро транспорт коридорлари, саноат кооперацияси ва стратегик хомашё ресурсларини рўёбга чиқариш каби масалалар турганда, амалий қадамлар Британия корпорацияларининг минтақа иқтисодиётининг энг нозик ва стратегик нуқталарига тизимли равишда кириб бораётганини фош этмоқда.
Вазир Бахтиёр Саидовнинг Лондонга ташрифи дастури ўта тиғиз ва кўламли бўлиб, у Британиянинг энг юқори сиёсий ва бизнес доиралари билан учрашувларни ўз ичига олди. Хусусан, 25 феврал куни Саидов Британия инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд билан учрашиб, саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, муҳим фойдали қазилмалар, соғлиқни сақлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди. Шунингдек, Британия ҳукумати томонидан ташкил этилган расмий қабулда “Rio Tinto”, “Rolls-Royce”, “International Hospitals Group” ва “Intertek” каби корпорациялар вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилди. Британия Бош вазири ўринбосари Дэвид Лэмми билан ўтказилган музокаралар эса, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий устувор йўналишларни илгари суришга қаратилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон вазирининг суҳбатдошлари орасида “Standard Chartered” банки бош директори Саиф Малик ҳам бор эди. У билан йирик саноат лойиҳаларини молиялаштириш, “яшил” энергетика ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва банкнинг Ўзбекистон ички молия тизимига интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш бўйича шериклик алоқалари кўриб чиқилди. Архитектура ва дизайн оламида машҳур “Benoy” компанияси бош директори Том Картлеж билан учрашувда эса, Ўзбекистон бўйлаб ҳудудларни режалаштириш, “Янги Тошкент” қурилиши, мастер-режаларни ишлаб чиқиш ҳамда транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
27 феврал куни Бахтиёр Саидов Британиянинг Экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) бош ижрочи директори Тим Рид билан учрашиб, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича Англашув меморандумини имзолади. Худди шу куни нефт ва газ гиганти BP (British Petroleum) катта вице-президенти Ариэл Флорес ва компания бошқарув кенгаши аъзолари билан “Устюрт” лойиҳасини изчил ривожлантириш, қўшимча нефт ва газ имкониятларини ўрганиш ҳамда қайта тикланадиган энергия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳзода Эдвард билан учрашув эса, таълим ва ёшлар алмашинуви орқали “юмшоқ куч” таъсирини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бироқ Қозоғистон ТИВ раҳбари Кошербаевнинг Европа ва Осиё ўртасидаги қуруқликдаги юк ташишнинг 85 фоизи айнан минтақа (хусусан Қозоғистон) орқали ўтиши ва 13 та йирик транзит йўлаги мавжудлиги ҳақидаги баёноти Лондоннинг минтақага бўлган геоиқтисодий иштаҳасини янада аниқроқ ёритиб беради. Британия учун Марказий Осиё нафақат хомашё базаси, балки глобал таъминот занжирларини назорат қилиш учун муҳим транзит боғламага айланиб қолмоқда. Бу ерда Марказий Осиё Британия таъсирига тўлиқ ўтиб бўлганлиги эмас, балки Лондоннинг минтақани ўз иқтисодий ва технологик “занжири”га боғлаб олиш стратегияси бошлангани тушунилади. Британия минтақани ўз назоратидаги “коридор”га айлантириш орқали уни ўзга қудратлардан иҳоталашни кўзламоқда.
Британиянинг бугунги фаоллиги замирида учта асосий стратегик мақсад ётибди. Биринчидан, ресурслар устидан назорат. “Rio Tinto” ва “BP” каби корпорацияларнинг фаоллашуви Лондоннинг “яшил” ўтиш даври учун зарур бўлган Марказий Осиёнинг камёб металлари ва энергия заҳираларини назорат қилиш истагини билдиради. Бу XIX асрдаги ҳудуд талашиш сиёсатининг замонавий “ресурс талашиш” шаклига кўчишидир. Иккинчидан, логистик ҳукмронлик. 13 та транзит йўлаги ва юк ташишнинг 85 фоизи ҳақидаги маълумотлар Британия учун минтақани глобал таъминот занжирларининг янги марказига айлантириш ва ушбу йўлларни ўз стандартлари асосида бошқариш имкониятини англатади. Учинчидан, молиявий ва интеллектуал қарамлик. “Standard Chartered” банки ва “Benoy” каби компаниялар орқали минтақанинг молиявий тизими ва шаҳарсозлик қиёфасига кириб бориш – келажакдаги иқтисодий қарорларнинг Лондон манфаатларига мослаштирилишини таъминлайди. Бугунги Британия биринчи мақомдаги давлат бўлмаса-да, у ўз молиявий ва институционал кучидан фойдаланиб, собиқ мустамлакачилик анъаналарини янги шаклда давом эттирмоқда.
Бу “муқобил танлов” аслида мустамлакачилик мантиқига асосланган неоколониализмдир. Бу мантиқнинг тарихий илдизлари 1893 йилда Британия томонидан чизилган “Дюранд чизиғи”га бориб тақалади. Ўшанда Лондон Марказий Осиёда Россия империясининг кенгайишини тўхтатиш учун Афғонистонни сунъий “буфер зона” сифатида ажратиб, минтақанинг табиий иқтисодий йўлларини кесиб ташлаган эди. Бу чизиқ паштун қабилаларини иккига бўлиб, минтақани жанубий портлардан узоқлаштирган ва изоляция қилган бўлса, бугунги “транзит коридорларини стандартлаштириш” ва “молиявий интеграциялар” Марказий Осиёни Британиянинг технологик ва молиявий назоратига солиш орқали янги геосиёсий тўсиқларни яратмоқда. Лондон учун минтақа ҳануз иқтисодий модернизация субъекти эмас, балки стратегик хомашё омбори ва транспорт боғламасидир.
Бироқ бу сиёсий ва иқтисодий юришларнинг энг хавфли жиҳати Британиянинг Ислом оламига нисбатан тарихий ва мафкуравий позициясида яширинган. Тарих гувоҳлик берадики, Британия империяси мусулмон халқлари учун ҳеч қачон хайрихоҳ шерик бўлмаган, балки энг шафқатсиз ва маккор душман сифатида намоён бўлган. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Яқин Шарқни бўлиб ташлаган ва бугунги кундаги барча қонли низоларга сабаб бўлган Сайкс-Пико келишувидан тортиб, Фаластин заминида “исроил” давлатини вужудга келтирган Бальфур декларациясигача – барчаси Британия дипломатиясининг мусулмон умматини парчалашга қаратилган заҳарли мевасидир. Бугун ҳам ўз пойтахтида экстремистик ва исломофоб гуруҳларга бошпана бериб, мусулмон давлатларининг ички ишларига “инсон ҳуқуқлари” ниқоби остида аралашиб келаётгани унинг мустамлакачилик сиёсати ҳамон ташқи сиёсатининг асоси бўлиб қолаётганидан ва мусулмонларга нисбатан қанчалик қаттиқ душман эканидан далолат беради.
Марказий Осиё мусулмонлари учун Британиянинг бугунги таклифлари аслида маънавий ва мафкуравий таҳдиддир. Шаҳзода Эдвард орқали таклиф этилаётган “таълим дастурлари” ва “академик мобиллик” – бу минтақа ёшларини ўзлигидан, исломий қадриятларидан узоқлаштириш ва уларни Британия манфаатларига хизмат қилувчи кадрларга айлантиришнинг юмшоқ воситасидир. Профессор лорд Олдердайснинг Навоий ва Олмалиқ каби йирик саноат марказларига ташрифи ҳамда Британиянинг UKEF орқали лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрлиги – бу хайрия эмас, балки Британия компанияларининг минтақа ички бозорига кириб келиши ва йирик инфратузилмаларни қарздорлик занжири орқали назорат қилиш механизмидир.
Британиянинг Марказий Осиёдаги бугунги қадамларини фақатгина иқтисодий лойиҳалар сифатида баҳолаш сиёсий калтабинликдир. Тарих гувоҳки, Лондон мусулмон умматини бирлаштириб турган ягона сиёсий қалқон – Халифаликни парчалашнинг бош меъмори бўлган. Ўшанда мусулмонларни миллий ва ҳудудий чегаралар билан бўлиб ташлаган Британия бугун ҳам минтақа халқларининг исломий бирлиги қайта тикланишига йўл қўймаслик учун бор кучини сафарбар этмоқда. Унинг ташқи сиёсати ҳамон Халифалик меросига қарши курашиш ва мусулмон ўлкаларини ўз назоратидаги “бўлаклар” сифатида сақлаб қолишга асосланган. Таклиф этилаётган молиявий занжирлар ва маданий дастурлар аслида минтақа ёшлари онгидан Халифалик ғоясини ўчириш ва уларни Ғарб дунёқарашига маҳкум қилиш учун қўлланилаётган замонавий қуролдир.
Салоҳиддин
04.03.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми