ХАЛИФАЛИК ДАВЛАТИ ЖИҲОЗИ
ХАЛИФАЛИК ДАВЛАТИ ЖИҲОЗИ
(Бошқарув ва идора)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ўнинчи: Идорий жиҳоз (одамлар манфаатлари)
(3)
Бошқармаларни идора қилиш сиёсати
Бошқармаларни идора қилиш сиёсати содда тартиб, ишларни зудлик билан бажариш ва хизматчининг иқтидорлилиги, малакалилигига асосланади. Бу асослар манфаатни ҳосил қилиш воқеидан олинган. Манфаатдор шахс ўз манфаатининг мумкин қадар тез ва мукаммал амалга ошишини истайди. Муслим Шаддод ибн Авс йўлидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар ﷺ шундай деганлар:
«إِنَّ اللَّهَ كَتَبَ الْإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ, فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا الْقِتْلَةَ, وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذَّبْحَ…»
«Аллоҳ ҳар бир нарсани чиройли қилишни буюрган. ўлдирсангизлар, чиройли ўлдиринглар. Сўйсангизлар, чиройли сўйинглар…». Демак, шариат ишларни пухта бажаришга буюради. Манфаатларни рўёбга чиқаришда пухталикка эришиш учун эса, бошқарувда қуйидаги уч сифат топилиши лозим. Биринчидан, содда тартиб. Негаки, соддалик қулайликка, мураккаблик эса, қийинчиликка олиб боради. Иккинчидан, ишларни зудлик билан бажариш. Чунки тезлик манфаатдор шахсга қулайлик туғдиради. Учинчидан, иқтидорлилик ва малакалилик. Бу сифатларсиз ишни пухта, чиройли бажариб бўлмайди.
Идорий жиҳозда ишлашга ҳақли бўлган одамлар
Эркак ёки аёл, мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъий назар, фуқароликни олган ҳар бир иқтидорли одам идорий жиҳоздаги бирор бошқармага бошлиқ этиб тайинланиши мумкин.
Бу нарса ёллашга доир ҳукмлардан олинган. Зеро, давлатдаги мудирлар ва амалдорлар ёлланган кишилардир. Ёллаш хусусидаги ҳужжатлар умумий маънода келгани учун эркак ёки аёл, мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро ёлланиши мумкин. Аллоҳ Таоло айтади:
فَإِنْ أَرْضَعْنَ لَكُمْ فَءَاتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ
– “Энди агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар (яъни ўзларининг сизлардан бўлган болаларини эмизсалар), у ҳолда уларнинг (эмизганликлари учун) ажр-ҳақларини беринглар!” (Талоқ:6)
Бу ердаги буйруқ мусулмонгагина хос бўлмай, умумий маънода келган. Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилишича, Пайғамбар ﷺ шундай деганлар:
«قَالَ اللَّهُ تَعَالَى ثَلاَثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ… وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِهِ أَجْرَهُ»
«Аллоҳ Таоло айтади: Уч тоифа борки, Қиёмат кунида Мен уларнинг даъвогариман… Бир одамни ёллаб, ёлланган одам ишни тўла бажаргач унинг ҳаққини бермаган киши». Бу ердаги гап мусулмон ёлланувчигагина хос бўлмай, умумийдир. Қолаверса, Пайғамбар ﷺнинг ўзлари Бану Дайлдан бир кишини ёллаганлар. Ҳолбуки, у ўз қавмининг динида бўлган. Бу нарса номусулмонни ҳам худди мусулмон каби ёллаш мумкинлигини кўрсатади. Шунингдек, далилларнинг умумий ва мутлақ келганлигидан келиб чиқиб, худди эркакни ёллагани каби аёлни ҳам ёллаш мумкин. Хуллас, аёл ҳам, номусулмон ҳам бирор бошқармага бошлиқ, бирор идорага мудира ёки мудир бўлишлари жоиз. Чунки улар ёлланган кишилардир. Ёллаш хусусидаги далиллар эса, умумий ва мутлақ келган.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими
19.10.2021й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми