Хавфсизлик эвазига бойлик
Хавфсизлик эвазига бойлик
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида «Шарқ ва Ғарбнинг учрашув жойи» шиори остида ташкил этилган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммитида иштирок этди.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Маълумки, Венгрия бошқа Шарқий Европа давлатлари каби Европа Иттифоқи қарорларини Америка манфаатларига мослаштиришга хизмат қилувчи Америка таъсиридаги давлатдир. Буни, халқаро майдондаги қайноқ масалалар – Фаластин ва Украина масалаларида Венгриянинг позицияси, Европа Иттифоқиникидан фарқли ўлароқ Америка позициясига ҳамоҳанг эканлигидан ҳам кўрса бўлади. Масалан, ўтган йил ноябр ойида Халқаро жиноий суд (исроил) бош вазири Биньямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва ҲАМАСнинг бир неча етакчиларини ҳибсга олиш учун бир вақтнинг ўзида ордер берган эди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) (исроил)нинг юқори лавозимли расмийларини ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерлари ЕИ давлатлари учун "мажбурий" эканлигини билдирди. Бу ҳақда "Европа правда" агентлиги Europa Press'га таяниб хабар берди.
Шунингдек, Жозеп Боррель: “ХЖС қарори "сиёсий қарор эмас, бу халқаро суд қароридир ва суд қарорлари ҳурмат қилиниши ва бажарилиши керак", деб таъкидлади.
АҚШ президенти Дональд Трамп ХЖСга қарши санкциялар тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда CNN хабар берди. Трампнинг фармони ХЖСнинг Ғазо секторидаги воқеалар муносабати билан (исроил)нинг қатор юқори лавозимли расмийлари, жумладан, бош вазир Биньямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерига жавоб сифатидаги қадам бўлди.
Венгрия парламенти эса, Гаагадаги ХЖС юрисдикциясидан чиқиш учун овоз берди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто 29 апрел сешанба куни Х ижтимоий тармоғида хабар берди. Христиан-демократик халқ партияси (KDNP) раиси ва Бош вазир ўринбосари Жолт Шемьен томонидан киритилган тегишли таклиф ҳукмрон партиялар – ФИДЕС ва KDNP депутатларининг овозлари билан маъқулланди: 137 та "ёқлаб", 37 та "қарши", 7 та "бетараф".
"Ушбу қарор орқали биз ўзининг холислиги ва обрўсини йўқотган сиёсий институтнинг бир қисми бўлишдан бош тортамиз", деб ёзди Венгрия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.
Унинг таъкидлашича, ХЖС томонидан (исроил) бош вазири Биньямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун берилган ордер ушбу суд тузилмасининг сиёсийлаштирилганидан далолат беради.
Ордер чиқарилган бўлишига қарамай, Нетаняҳу 3 апрел куни Венгрияга расмий ташриф билан келди. Ўшанда бош вазир Виктор Орбан мамлакатнинг ХЖС таркибидан чиқиш ниятини маълум қилган эди.
Украина масаласида ҳам Венгрия Евроиттифоқ позициясидан фарқли равишда Украинанинг ЕИга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда. Унга кўра, Украина Россия ва Ғарб ўртасида “буфер ҳудуд” бўлиб қолиши керак, чунки Россия ўз чегарасида НАТО ёки ЕИ аъзоси бўлган давлатни ҳеч қачон қабул қилмайди. “Агар Украина буфер ҳудуд бўлмаса, Россия унга яна ва яна ҳужум қилади”, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан. (Європейська правда, 11.02.2024).
Шунингдек у: “Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши Венгрия фермерларини ҳалокатга олиб келади,” деди. (УНИАН, 23.11.2023)
Орбаннинг фикрича, Украина Россияга қарши урушда ғалаба қозона олмайди ва ҳарбий ечимлар самарасиз. “Украина урушда ғалаба қозона олмайди. Тинчлик керак, ҳар икки томон музокара қилсин”.
(Європейська правда, 23.05.2023)
Telex нашрига кўра, Орбаннинг айтишича, узоқ муддатда Украина бир миллион кишилик армияни сақлашни хоҳлайди ва "бу армияни сақлаш харажатларини биз, европаликлар, ўзимизнинг Ғарбий Европа қуролли кучларимизни мустаҳкамлаш ўрнига тўлаймиз".
Эслатиб ўтамиз, Украина раҳбарияти ва Европа Комиссияси 2025 йилда аъзолик бўйича режаларга эга эди, аммо Венгрия ветоси бунга тўсқинлик қилди. "Венгрия Украинани ЕИдан ташқарида ушлаб турмоқчи, чунки агар биз уни киргизсак, у губка каби барча ресурсларни ичиб юборади", деди бош вазир. У, шунингдек, Украина томонидан бўлаётган "энергетика таҳдиди" ҳақида гапириб, ЕИнинг Россиядан энергия ресурслари сотиб олишдан воз кечиш ниятидан шикоят қилди. Орбаннинг сўзларига кўра, Россия гази ва нефтисиз Венгрия бошқа манбалардан газ учун йилига қўшимча 800 миллиард форинт тўлашга мажбур бўлади.
Жорий йил 9 май куни Украина Хавфсизлик хизмати Венгрия ҳарбий разведкасига алоқадор "агентура тармоғини" фош этганини маълум қилди. Идора хабарига кўра, икки нафар гумонланувчи қўлга олинган. Шу воқеадан сўнг Будапешт икки украин дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди.
Энди Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) келсак, бу – СССР қулагач, Америка постсовет ҳудуддаги давлатларни ўз таъсир доирасига олиб кириш учун тузилган ташкилот ҳисобланади. Шунинг учун Американинг содиқ малайи Эрдўғон, ўз ҳожасининг геосиёсий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ТДТ имкониятларини кенгайтиришга уринмоқда. Будапешт норасмий саммити ТДТ тарихида илк бор Европа Иттифоқи ва кузатувчи давлат ҳудудида ўтказилганига келсак, 2024 йил 6 июл куни Азарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида 1 июлдан бошлаб ЕИ Кенгашида раисликни қабул қилиб олган Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этганига нисбатан: "Венгрия Туркий давлатлар ташкилоти билан муносабатларни илгари суриш учун ЕИ Кенгашидан ҳеч қандай мандат олмаган", деди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. “Европа Иттифоқи Туркий давлатлар ташкилотининг Туркия-Кипр сепаратист тузилмаси – халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган «Шимолий Кипр Турк Жумҳурияти»ни кузатувчи мақомида тан олиш ҳаракатларини рад этади,” дея қўшимча қилди Боррел.
"Бу қарор Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари томонидан ратификация қилиниши кутилмоқда, лекин афсус туғдирадики, ташкилотнинг бир неча аъзоси БМТ Низоми ва ҳудудий яхлитлик тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолатга зиддир", деди Боррел.
У сўзини шундай якунлади: “Европа Иттифоқи бир неча марта, жумладан, энг юқори сиёсий даражада ҳам, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосан, халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида фақат Кипр Республикасини тан олишини аниқ баён қилган”. Дарҳақиқат, 2025 йил 4 апрел куни Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари саммитида ТДТ аъзоси бўлган Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Шимолий Кипр суверенитетини қўллаб-қувватламагани Туркия учун жиддий зарба бўлди. Чунки Анқаранинг ТДТ доирасида Шимолий Кипрни тан олдиришга қаратилган уринишлари чиппакка чиққан эди. Бироқ Эрдўғон бу “хато”ни тўғрилаш учун айнан Европа Иттифоқи ва унга аъзо бўлган давлат ҳудудида ТДТнинг норасмий саммитини ўтказиб, унда “Шимолий Кипр Турк республикасига Турк академиясида кузатувчи мақомини бериш” қарори қабул қилинишига эришди. Бу эса, ТДТга аъзо давлатлар Шимолий Кипрни тан олганини билдиради.
"Биз туркий дунёнинг оилавий сурати Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР)сиз тўлиқ бўлмайди деб ҳисоблаймиз. Умид қиламанки, яқин келажакда ШКТРни Туркий давлатлар ташкилотимизга тўлақонли аъзо сифатида қабул қиладиган кунлар келади", деди Эрдўғон Будапештда ТДТ норасмий саммитида.
Аввалроқ, Эрдўғон Туркий дунё харитаси билан тушган суратда, нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки Россиянинг 20 та ҳудуди, Эрон, Хитой ва бошқаларнинг катта ҳудудлари ҳам акс эттирилган эди. Шунингдек, ўтган йилнинг кузида Туркия Таълим вазирлиги тарих ўқув дастурига ўзгартиришлар киритилганини, Марказий Осиё атамаси Туркистон сўзига алмаштирилганини эълон қилди. Бу таржимада «турклар юрти» деган маънони англатади.
Бундан ташқари, Будапешт саммитидаги эътиборга молик яна бир ҳодиса, Ўзбекистоннинг «Шуша декларацияси»га қўшилиши бўлди.
Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия ўртасида 2021 йил 15 июнда Шуша шаҳрида (Тоғли Қорабоғ) имзоланган «Шуша декларацияси» – стратегик ҳамкорлик ва мудофаа келишувига расман қўшилди. Яқин вақт ичида кенгайтирилган ҳужжат уч мамлакат парламентларига ратификация учун тақдим этилади.
Дастлаб, Шуша декларацияси Анқара ва Боку ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини, хавфсизлик, мудофаа, иқтисодиёт ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларини қамраб олган эди. Ўзбекистоннинг қўшилиши билан ҳужжат Марказий Осиё ва Кавказортида ҳарбий-сиёсий мувофиқлаштиришга қаратилган уч томонлама форматга эга бўлди. Дастлабки қоидаларга кўра, уч мамлакат ташқи таҳдид ёки ҳарбий можаро юзага келган тақдирда бир-бирига ёрдам бериш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, мудофаа саноати йўналишида мувофиқлаштириш, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш ва разведка маълумотлари алмашинувини кучайтиришни назарда тутади.
Бундан олдин Президент Мирзиёев 19 май куни “Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолаган эди. Икки давлат етакчилари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2024 йил 23 августда Тошкентда имзолаганди.
Мазкур шартнома томонларнинг бир-бирларига қарши қаратилган ҳар қандай блок ёки иттифоқларда қатнашмаслик ҳамда томонлардан бирининг фикри бўйича икки давлатнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатларда қатнашишдан тийилиш мажбуриятларини белгилайди.
Айни пайтда, Туркия ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни бир неча йил олдин бошлаган эди. 2022 йил март ойида Туркия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича кенгайтирилган доирадаги келишувни имзолади. ТДТ бош котиби Кубоничбек Омуралиевнинг ушбу сўзлари ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари борлигини билдирди: ”Стамбулда IDEF-2025 мудофаа кўргазмаси доирасида ташкилотга аъзо давлатларнинг мудофаа саноати раҳбарлари илк бор учрашади. Бу мудофаа-саноат комплекси кўп томонлама ҳамкорликни шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Кейинги қадам, мудофаа вазирлари учрашуви бўлади. Шу билан бирга, минтақавий таҳдидларга мувофиқ жавоб бериш ва жамоавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида «Умумий хавфсизлик концепцияси» ишлаб чиқилади”. Report.az манбаси.
Шунингдек, ички ва ташқи хавфсизлик бўйича Будапешт саммитига узвий боғлиқ ҳолда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 2025 йил 23 май куни Бокуда бўлиб ўтган ТДТга аъзо мамлакатларнинг ички ишлар вазирларининг II йиғилиши доирасида мазкур ташкилотга аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирларини қабул қилди. Учрашув давомида президент Илҳом Алиев ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги аҳамияти ошиб бораётганига эътибор қаратди. Ташкилот Бош котиби Озарбайжоннинг ТДТдаги ролини алоҳида таъкидлар экан, ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик нафақат туркий давлатларнинг фаровонлиги, балки минтақавий ва глобал тинчлик ҳамда хавфсизликка ҳам катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Агар Туркияни НАТОга аъзо эканлиги ва Эрдўғон Америка манфаатларини рўёбга чиқарувчи сиёсат юритаётгани эътиборга олинса, хавфсизлик бўйича бу каби ҳамкорликлар ортидаги ҳақиқатни кўриш мумкин бўлади. Шунга кўра, ТДТ норасмий саммити Европа ҳудудида ўтказилса-да, Европа Иттифоқига эмас, балки Америкага яқинлашишни билдиради. Бу яқинлашишга ундаётган омил эса, агар Америка билвосита бўлса ҳам хавфсизлик кафолатини берса, ТДТга аъзо Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари бу хавфсизлик эвазига иқтисодий дарвозаларини “ланг” очиб беришга тайёр эканликларидир. Чунки ўрмон қонуни ҳукмронлик килаётган бугунги оламда кучли давлатлар заиф давлатларга ўзининг ўлжаси сифатида қараб, уни қўлга киритиш учун турли тажовузкор услублар билан ҳамла қилмоқда. Заиф давлатлар эса, ўз ўрнида бундай тажовузлардан ҳимояланиш учун ҳарбий жиҳатдан ёрдам ва кафолат истаяпти. Худди шу нарса очкўз, таъмагир кучли давлатлар учун иқтисодий жиҳатдан ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, заиф давлатларнинг бор-будини талон-тарож қилишларига эшик очиб беради.
Россия Украинага қилган тажовузи фонида бирин-кетин таъсир доирасидан чиқиб кетаётган постсовет ҳудудидаги давлатларга босиб олиш билан таҳдид қилиб, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан тўлиқ тобе бўлишга мажбурламоқда. Марказий Осиё ҳукуматлари бу таҳдид ва мажбурлов остида хатари Россияникидан каттароқ, лекин “юмшоқ ёндашув” билан ҳамла қилаётган катта давлатлардан паноҳ топишга уринаётгани кўзга ташланиб қолди. Шунинг учун ҳам Американинг геосиёсий мақсадлари йўлида ташкил қилинган Будапештдаги норасмий саммитда қабул қилинган келишув ва ҳужжатларга икки жиҳат: ҳарбий-хавфсизлик ва иқтисодий жиҳатдан эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Мирзиёев саммитдаги нутқида: “Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақираман. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказишни режалаштирганмиз”, деди. ТДТ давлатлари Ўрта коридор (Транс-Каспий маршрути)ни ривожлатириш учун инфратузилмани модернизация қилиш, чегараларда рақамли ечимларни жорий этиш ва транзитни соддалаштиришга эътибор қаратмоқда. Ушбу географик ҳудудда Евроосиёнинг икки йирик транспорт лойиҳаси – «Шарқ–Ғарб» (Ўрта коридор) ва «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридори (ҲТК) туташади. Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, 2024 йил якунида Озарбайжон орқали «Шарқ-Ғарб» йўналиши бўйича амалга оширилган транспорт ташиш ҳажми 11 миллион тоннага етган. Шунингдек, 2024 йилнинг 11 ойи давомида «Шимол-Жануб» ғарбий йўналиши орқали Озарбайжон ҳудудидан ўтган транзит юклари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга ошган.
Шундай қилиб, ТДТнинг транспорт стратегияси бу – фақат туркий мамлакатлар ўртасидаги ички ҳамкорлик эмас, балки Хитой, Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқни қамраб олувчи глобал логистика занжирлари билан кўп босқичли интеграциядир. Айни пайтда Озарбайжон Каспий денгизи акваториясида элликдан ортиқ савдо кемаларига эга бўлиб, туркий давлатлар учун муҳим транзит хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бакин кемасозлик заводида 10 та янги кема қурилмоқда, бу эса минтақада денгиз орқали юк ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилади. Қозоғистон президенти Ўрта коридорни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт кўпригига айлантириш стратегик мақсад эканини таъкидлади. “Қозоғистон Қирғизистон ва Ўзбекистон билан чегаралардаги жараёнларни рақамлаштириш, транзитни енгиллаштириш ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш юзасидан чоралар кўрилмоқда”, дея хабар берди Sputnik.
Кўриниб турибдики, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари хавфсизликни ҳар қандай нархга сотиб олишга тайёр. Бунинг учун халқнинг бойлик ресурслари, ери ва ишчи кучини очиқ таклиф қилишдан уялишмаяпти, балки обрў қилиб кўрсатишяпти. Нима бўлганда ҳам, бугунги зўравон кучларнинг хавфидан ва воқелик унинг яқин қолганига далолат қилиб турган Рошид Халифалик “хавфи”дан ҳимоя сўраб, ваҳоланки ҳақиқий нажот Халифаликда бўла туриб, яна ўша зўравонга ялтоқланмоқда, шамолдан қочиб ўзини дўлга тутиб бермоқда. Бунинг сабаби, уларни на халқи ва унинг тақдири қизиқтиради, балки тахтининг сақланиши кафолатланса бас. Шундай экан, бу пасткаш ҳукуматларни ағдариб ташлаб, ҳимоя ва азизликни муқаррар таъминлайдиган Рошид Халифалик давлатини тиклаш зарур. Мана шунда мустамлакачи давлатлар, улар ҳар қанча қудратга эга бўлмасин, думини ликиллатиб инига кириб кетиши аниқ. Бинобарин, улар 13 аср давомида оламда етакчилик қилган буюк Халифалик давлатининг ҳайбатини ҳаргиз унутишгани йўқ. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
«ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيًّا، فَيَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ يَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا اللَّهُ، ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
“Кейин зўравон подшоҳлик бўлади. У Аллоҳ хоҳлаган давр туради, кейин у ҳам ўтади. Сўнгра яна Пайғамбарлик минҳожидаги Халифалик тикланади”.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Иззатуллоҳ
10.06.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми