Хитой хатари ва уни даф қилиш йўли
Хитой хатари ва уни даф қилиш йўли
بسم الله الرحمن الرحيم
Сўнгги пайтларда хитойликлар тарафидан Ўзбекистонда бозор ерлари, бинолар ва уйларни сотиб олинаётгани ҳамда уларга хитойча ёзувда пештахталар ва реклама баннерлари қўйилаётгани аҳоли орасида жиддий норозиликлар уйғотмоқда. Коммунистик давлат байроғи рангларида чизилган хитойча ёзувларнинг намойишкорона тарзда ўрнатилиши, Хитойнинг Ўзбекистондаги дастлабки аннексия қадами муваффақиятли амалга ошганининг белгиси ҳисобланади. Шунингдек, бу хитойликлар Ўзбекистон аҳолиси қадриятлари ва муҳитига мослашиш ниятида эмас, аксинча ўзининг тили ва маданиятини кенг ёйиш истагида эканлигини англатади. Одатда, Хитой иқтисодий келишувлар аввалида мамлакатнинг ички сиёсатига аралашмаслик ва сиёсий ҳаракатлар билан шуғулланмаслик ваъдаси билан кириб келади. Сўнг эса, маҳаллий аҳолининг эътиқоди ва яшаш тарзини Хитой истаган шаклга солиш учун ҳукуматга талаблар қўя бошлайди. Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистонда кузатилгани каби Хитой ерларни, стратегик аҳамиятга эга иншоотларни урушсиз қўлга киритгани ҳамда у ерларга ҳарбийларини жойлаштиргани ва маҳаллий ҳокимиятларга бўлган таъсири кучайиб боргани ҳисобга олинса, халқимиз юртга ёпирилиб келаётган Хитой экспансиясига қарши норозилик тўлқинини пайдо қилиши заруратга айлангани аён бўлади.
Маълумки, золим Каримов даврида ишлаб чиқарувчиларга давлат дастак кўрсатиши тугул, уларни солиқлар ва йиғимлар билан сиқувга олиши оқибатида Хитойнинг кундалик эҳтиёж моллари билан рақобатлаша оладиган товарлар ишлаб чиқариш қийинлашган эди. Бироқ Хитой товарларига чекловлар киритилгани сабабли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан ички бозорни таъминларди. Мирзиёев даврига келиб эса, Хитой ўзининг арзон ва замонавий товарлари билан Ўзбекистон бозорларини эгаллай бошлади. 2024 йилга келиб Ўзбекистонда хорижий капиталга эга бўлган корхоналар сони бўйича Хитой етакчига айланди. Ҳозирда мамлакатимизда 3 467 та Хитой компанияси фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 44% га ўсган.
Ўзбекистонда Хитойнинг бир қатор маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Бироқ Ўзбекистон тақдим қилган солиқ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Хитой компаниялари ўз маҳсулотларини қасддан арзон нархларда сотиш орқали бозорларни монополия қилиш ҳаракатига тушишган. Шу сабабли дунёга ўзининг юқори сифатдаги сабзавот-полиз маҳсулотларини экспорт қилиши билан танилган халқимиз Хитойнинг арзон меваларини афзал кўраётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар қанчалик қувват ва тажрибага эга бўлмасин, харидорни йўқотиши ортидан қисқаришга ва касодга учрашга маҳкумдир.
Хитой экспансиясига қарши туриш масаласида ўзбекистонлик демократ иқтисодчилар инвесторларнинг турли давлатлардан бўлиши бу муаммонинг ечимидир, дейишмоқда. Ҳолбуки, Мирзиёев ҳукумати айнан улар айтаётган демократик ислоҳотларни жорий қилиши оқибатида, Ўзбекистонга сармоялари ва иқтисодий ҳамкорлик таклифлари билан кириб келган 198 та давлат ичида Хитой етакчиликни қўлга киритди.
Сўнгги маълумотга диққат қаратайлик. Шавкат Мирзиёев 25 феврал куни Сирдарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Мажлисда вилоятнинг транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Сирдарё географик жиҳатдан Ўзбекистоннинг марказий қисмида, бир нечта халқаро автомагистрал кесишмасида жойлашган. Хитой Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи мазкур вилоятда саноат зоналарини ташкил қилишга ва Хитой шаҳарчаларини бино қилиш орқали у жойга мустаҳкам ўрнашишга ҳаракат қилиб келмоқда. Сўнгги 3 йилда Хитойнинг бу вилоятга киритган инвестициялари сезиларли даражада ортди. Бироқ шунга қарамай, Сирдарё хизмат кўрсатиш соҳасининг республикадаги улуши энг паст вилоятига айланиб қолди. Бунинг боиси, Хитой инвестиция киритган соҳаларга ўзининг ишчи-мутахассисларини олиб келмоқда. Шу сабабдан, Сирдарёда ишсизлик ортишда давом этмоқда. Эндиликда саноат зоналари ва савдо шохобчаларини ташкил қилиш учун жалб қилиниши айтилган 2 миллиард долларни ҳам вилоятнинг фаол инвесторига айланган Хитой ажратиши мумкин.
Ўзбекистон сотувга қўяётган конларни ва олтин рудаси майдонларини ўзлаштиришда Хитой етакчилик қилмоқда. Бу конларда қазиб олинган бойликларга солиқ солинади. Шу сабабдан Хитой компаниялари қазилмаларнинг турларини ва миқдорини яшириши эҳтимоли юқори.
Яна бир улкан фожиалардан бири, Хитойдан олинаётган фоизли қарзлардир. Ўзбекистон Хитойдан олаётган қарзларга оид шартномалар матнини ошкор қилмай келади ва улардаги шартларни ҳам аниқ кўрсатмайди. Шу сабабли, Тожикистон ва Қирғизистон мисолида кўрадиган бўлсак, Пекин кредит беришда пул сарфланадиган лойиҳанинг камида 50 фоиз ускуналари ва хизматларини Хитойдан сотиб олишни шарт қилади. Қарз ва унинг фоизлари ўз вақтида тўланмаган тақдирда, Хитой стратегик активлар устидан назоратни қўлга киритади. Аниқроқ қилиб айтганда, табиий ресурсларга бой ерларни ва конларни тортиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қарзларнинг ўзини эмас, балки фоизлари тўланаётган даврдаёқ Хитой қарздор ҳукуматларни сиёсий, маданий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорликка ундайди. Бу ҳолат, айниқса Қирғизистон мисолида яққол кўринди. Берилган бу қарзлар Хитойга ШХТ ташкилоти воситасида Қирғизистон билан суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга имкон бермоқда. Тажрибалар алмашинуви номи остида Қирғизистон судьяларига Хитой томонидан таълим берилиши йўлга қўйилди. Бундай ҳамкорлик оқибатида кимнинг устидан қандай ҳукм чиқариш, қайси иш мақбул ёки номақбуллиги, хусусан, кимни “террорчи” ва “экстремист” деб белгилаш масаласи Хитойнинг талабларига мувофиқ юритиладиган бўлиб қолди.
Илм-маърифат соҳасини эгаллаш мақсадида Хитой тили, адабиёти ва маданиятини зўрлаб тиқиштириш ҳаракатлари ҳам ўзининг аччиқ самараларини бермоқда. Қирғизистон телеканалларида Хитой кўрсатувлари ва фильмлари пайдо бўлди. Хитой китоблари қирғиз тилига таржима қилинди, 4 та Конфуций институти очилди. Ислом дини ривожланаётган Бишкек, Ўш ва Жалолободда 20 дан ортиқ Конфуций синфлари ташкил қилинди. Ҳозирда бу жойларда 10 мингдан зиёд талабалар тарбияланмоқда. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Хитойдан олган қарзларининг ўзини эмас, фоизларини тўлаш жараёнидаёқ мамлакатнинг қийматли ерларидан, турли минералларга бой конларидан ҳамда ички ва ташқи сиёсатдаги эркидан маҳрум бўлди. Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари қўл урган асрий хиёнатларни Ўзбекистон ҳам такрорлаб, 2024 йилнинг декабр ойида расмий Пекиннинг қизиқиш билдириши ортидан Хитой билан 30 кунлик визасиз режимни жорий қилди. Маданий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириб, ўтган йилнинг октябр ойида Тошкентда Хитой тили ва маданияти фестивали ўтказилди. Ҳозирда Ўзбекистонда Хитой университетлари билан ҳамкорликда ишлаётган Конфуций университетида минглаган талабалар таҳсил олмоқда ва Тошкент шаҳридаги Хитой тилига ихтисослашган 59-ўрта мактабда хитойсевар ёшлар етиштириб чиқарилмоқда. Бу омиллар, албатта, Хитойнинг маданий таъсири кучайишига хизмат қилмасдан қолмайди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки, Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодига ва ўзбек жамиятига келтирадиган зарарлари олдида унинг келтирадиган “фойдаси” арзимас бўлиб қолади. Уйғур ва бошқа мусулмонларга қарши геноцид жиноятини юритаётган бу худосиз коммунист давлат юртимизда ҳам Исломга қарши кураш кучайишига сабабчи бўлади. Мирзиёев ҳукумати табиий бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлашга маблағ, вақт ва куч сарфлашдан қочиб, Ўзбекистоннинг бебаҳо ресурсларини ташқи инвесторлар ихтиёрига топшириб қўйяпти. Бу узоқни кўзламай юритилаётган сиёсат ортидан Ўзбекистонни чет давлатларга бўлган қарамлиги кучайибгина қолмай, балки халқимизнинг диний қадриятлари ва ёшларимизнинг одоб-ахлоқига салбий таъсир ўтказадиган бузуқ муҳит юзага келмоқда.
Хитой Ўзбекистон ҳукумати учун табиий бойликлардан тушган даромадларни ва қарз маблағларини яширинча оффшор банкларга етказиб бериши билан қулай инвестор бўлиши мумкин. Бироқ у берган қарзларини пул кўринишида эмас, Ўзбекистон ўзининг муҳим ерларини ва йирик конларни бериш ҳисобидан тўлашни шарт қилади. Айрим манбаларда айтилишича, Хитойнинг инвестицияга доир шартномаларида махсус банд бор. Мазкур моддага кўра, давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан, Хитойни халқаро судга бериш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.
Хитой оғир саноатни ишга солиши ортидан бугунги иқтисодий ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу кофир душман давлатнинг Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш инфратузилмаларини янгилаётгани ва замонавий технологияларни олиб кираётгани юртимизнинг тараққий этишига хизмат қилмайди. Аксинча, импортга қарам истеъмолчи халқ ва аграр давлат бўлиб қолишимизга олиб келади. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг хомашё базаси бўлиб қолишдан қутулиш уринишларига тўсиқ бўлади. Бундай шароитда халқимиз илғор технологияларга эга бўлиб, рақобатбардош сифатли моллар ишлаб чиқариш имкониятига ҳеч қачон эга бўлмайди. Қачонки халқимиз ҳар жиҳатдан мустақил бўлиб, ўзининг оғир саноатига эга Рошид Халифалик давлатига етишсагина энг янги технологиялардан тўла баҳраманд бўлади. Негаки, Халифалик ўзининг асоси бўлган Ислом аҳкомлари талабига кўра, ҳар соҳада дунёнинг етакчи давлати бўлишга ва таянч сифатида халқини танлаш ва уни юксалтиришга асосий эътиборини қаратади. Шу мақсадда, ҳар бир фуқаросининг қобилияти ва қизиқишларига кўра, ўзлари танлаган соҳаларда билим олиши, ўша касбнинг эгаси бўлиши ва иш-фаолиятини йўлга қўйишида дастак беради.
Энди конларни қазиб олиш масаласига келсак, Рошид Халифалик табиий бойликларни Уммат мулки деб қабул қилади. Шу сабабдан табиий ресурсларни хусусийлаштирмайди ва қўшимча даромадлар олиш учун йиллик шартномалар асосида ажнабий ширкатларга сотмайди. Балки кончиликка оид моддий-техника базаси етишмаса, четдан сотиб олади. Мутахассисга эҳтиёж туғилса, ойлик маош бериш тартибида четдан одам ёллайди. Ва муҳим аҳамиятга эга бу соҳани давлатнинг ўзи юритади. Барча соҳаларни оғир саноат асосига қурувчи бу давлатнинг қудратли армияси бўлиши табиийдир. Шундагина, уйғур ва бошқа мусулмонларни репрессия қилаётган Хитой каби мустамлакачи давлатларни тийиб қўйиш амалга ошади.
Бугун Хитой узоқ йилларга мўлжалланган мустамлакачилик режалари билан юртимизга ёпирилиб кириб келаётган бир пайтда, Мирзиёев ҳукуматини бугунги муаммолардан чиқиш ва ҳокимиятини мустаҳкамлашгина қизиқтирмоқда. Ўзбекистон ҳозирги ҳолатда Хитойнинг нуфузи остига кирганича йўқ. Агар халқимиз Хитойнинг фаоллашувига бефарқ қараса, ортга қайтариб бўлмас йўқотишларни бошидан кечиради. Унутмаслик керак, бозорлардаги хитойча ёзувлар босқинчининг илдиз отаётганидан далолатдир. Унинг илдизига болта уриш эса, Хитой билан тузилган ва шаръан ҳаром ҳисобланган шартномаларни бекор қилиш билан бўлади. Бу юртнинг ҳақиқий эгалари сифатида биз мусулмонлар Аллоҳ олдидаги жавобгарликни чуқур ҳис қилиб, Ислом диёри ҳисобланган юртимизни, табиий бойликларимизни худосиз хитойлар эгаллашига қаттиқ қаршилик кўрсатишимиз зарур. Шунингдек, хитойликларга норозилик ва бетоқатликни кўрсатиш зарур. Чунки улар уйғур биродарларимизни ҳозирда ҳам мунтазам қатағон қилиб келмоқда. Бу ишда ўзини мусулмон санаган ва юртни душман эгаллашига қарши бўлган ҳар бир инсон имкониятидаги барча воситаларни ишга солиши зарур. Одамлар билан юзма-юз суҳбатларда ва интернет тармоқларидаги расмий сайтларга Хитой хатари ҳақида фикр билдиришлари керак. Ижтимоий тармоқлардаги билдирилган битта фикр ҳам муҳимлигини унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمْ أَوْلِيَاءَ تُلْقُونَ إِلَيْهِم بِالْمَوَدَّةِ وَقَدْ كَفَرُوا بِمَا جَاءَكُم مِّنَ الْحَق
– “Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!” (Мумтаҳана:1)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
05.03.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми