ИНСОНЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ
بسم الله الرحمن الرحيم
ИНСОНЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ
Муборак Пайғамбарлик сийратидан
لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ
«Сизлар учун Росулуллоҳда гўзал намуна бордир»
КАТТА БАДР ҒАЗОТИ
Бу ғазот ҳижратнинг саккизинчи йили рамазоннинг 17-куни юз берди ва кичик Бадр ҳодисасидан фарқ килиши учун Катта Бадр ғазоти деб ном олди. Кичик Бадр ҳодисаси ҳам Катта Бадр ғазотидан аввал, худди шу йилнинг ўзида жумодул-охир ойида бўлиб ўтган эди. Унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг яйловда ўтлаб юрган чорва молларига ҳужум қилган Карз ибн Жобирни излаб чиққан эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр ёнидаги Сақвон деб аталмиш водийга етиб бордилар. Шунинг учун бу ҳодиса кичик Бадр деб аталади.
Катта Бадр жанги улуғ ғазот бўлиб, у мусулмонлар шарафининг, Қурайш устидан ғалаба қозонишларининг бошланиши бўлган эди. Бу жангда оз сонли мўъминлар кўп сонли мушриклар устидан ғолиб келдилар. Бу уруш Ислом тарихига биринчи катта жанг сифатида кирганлиги, унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари раҳбарлик қилганлари учун ҳам улуғ ғазот ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча сўзлари, қилган ишлари ва иқрорлари ҳукмлар чиқариб олинадиган шаръий далиллардир. Шунинг учун мен буюк Пайғамбарнинг баъзи таъсирли муносабатларини, уларнинг нимага далолат қилишини ва улардан чиқариладиган ҳукмларни баён қилиб ўтишни лозим топдим. Бундан мақсад шу муносабатларнинг, иншаАллоҳ, келаётган Халифалик давлати учун олиб борадиган жангларда йўлимизни ёритиб берувчи машъал бўлишидир. Мен имкони борича тарихни бирма-бир сўзлаб ўтишдан қочдим, фақат ҳукмларни кўрсатиб бериш учун зарур бўлган миқдорда сўз юритдим.
Биринчи муносабат: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг Қурайш савдо карвони билан келаётганини эшитганларидан кейин мусулмонларни шояд Аллоҳ уни сизларга ўлжа қилиб берса, деб унга чиқишга ундадилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг савдо карвонини қутқариб кетганини ва Қурайшнинг жанг қилиш учун қўшин билан чиққанини эшитгач, бу ишни мусулмонлар муҳокамасига ташладилар. Шунда муҳожир саҳобаларнинг бири: Юриш қилаверинг, ё Росулуллоҳ, биз сиз билан бирга борамиз. Аллоҳга қасамки, биз сизга Бану Исроил Мусога сен ва Роббинг бориб жанг қилинглар, биз шу ерда кутиб турамиз, деганидек демаймиз, балки сиз ва Роббингиз боринглар, биз ҳам сизлар билан бирга бориб жанг қиламиз, деймиз. Сизни ҳақ билан юборган Зотга касамки, агар сиз бизни ғаммод денгизи сувларига бошлаб борсангиз ҳам, албатта биз сиз билан бирга бориб, ўша ерда саваш қиламиз, деди. Сўнгра ансорлардан бири туриб: Ё Росулуллоҳ, нимани ирода қилган бўлсангиз ўша ишни қилаверинг. Биз сиз билан биргамиз. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар сиз бизни ана шу денгизга рўбарў қилсангиз ва унга шўнғисангиз, биз ҳам албатта сиз билан шўнғиймиз.
Мана шу биринчи муносабатдир. Бу муносабат Исломий давлатнинг, амалда уруш ҳолатида бўлган давлатлар билан муносабатини акс эттиради. Бу уруш алоқаси бўлиб, уларнинг қони ва мол-мулклари ҳалол эканлигини билдиради. Чунки бунда буюк бир лашкарбоши қўшинни тайёрлаганлиги ва мусулмонлар қўшини душманлари билан жанг майдонида учрашишга, уларни мағлуб қилиш, шавкатини синдириш учун ошиққанлари кўриниб турибди. Мана шу нарса пок, муборак еримизни ва унинг атрофларини босиб олган, амалда уруш ҳолатида бўлган яҳуд давлатига нисбатан қилиниши вожиб бўлган шаръий ҳукмдир. Яъни мусулмонлар қўшини, Фаластинни ва мусулмон мамлакатларининг босиб олинган ҳар бир қисмини Ислом диёрларига қайтариш учун яҳудлар билан жанг майдонида учрашишга ва уларни жисман йўқ қилиб ташлашга шошилишлари вожибдир.
Иккинчи муносабат. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр атрофидаги сувнинг яқинига келиб тушдилар. Шунда Ҳуббоб ибн Мунзир келиб, Ё Росулаллоҳ, бу манзилга сизни Аллоҳ туширдими? Агар ундай бўлса, бу манзилдан олдинга ўтиб кетишга ҳам, ортга қайтиб кетишга ҳам бизнинг ҳаққимиз йўқ. Ёки бу нарса уруш чораси ва ҳийлами, деди. Пайғамбар: Бу бир чора ва ҳийладир, дедилар. Ҳуббоб: Ё Росулаллоҳ, ундай бўлса, бу ер яхши манзил эмас, одамларни қўзғатинг, сувга яқин борайлик ва ўша ерда манзил қурайлик, сўнгра унинг ортидаги қудуқларни бузиб ташлаб, устига ҳовуз бино қилайлик. Уни сувга тўлдириб оламиз, сўнг ғаним билан урушаверамиз. Бизнинг сув ичишга имконимиз бўлади, улар эса ичолмай қоладилар, деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Жуда яхши раъйни (ўзининг фикри) кўрсатдинг, дедилар.
Бу иккинчи муносабатдир. У учта ишни баён қилиб беряпти:
1. Уруш санъати ва стратегия ишларида тажрибали мутахассисларнинг мавжуд бўлиши қўшинда жуда катта аҳамиятга эга. Чунки уларнинг фикр билдиришлари жуда қимматли, муҳим нарсадир. Шунинг учун давлат ана шундай тажрибали мутахассисларнинг бўлишига жуда катта аҳамият бериши лозим. Бугунги кунда мусулмон мамлакатларидаги ана шундай тажрибали мутахассисларга нисбатан эътиборсиз караганидек муносабатда бўлмаслик керак. Бу эътиборсизлик уларни ер юзида тарқалиб кетишга ва билим-тажрибаларини мусулмон мамлакатларига бериш ўрнига уларга эҳтиром кўрсатгани учун кофир давлатларга баҳшида этишга ундади.
2. Ҳарбий саноат ишлари тажриба ва билимга муҳтождир. Бу тўғрида шу соҳанинг билимдон-тажрибали кишиси раъйи билан иш юритилади ва халифани кўпчиликнинг раъйига қўшилишга мажбур қилинмайди, чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уруш ишларида тажрибали, тўғри фикрга эга бўлганлиги учун Ҳуббобнинг раъйига суяндилар.
3. Мусулмон одам таянадиган асос шаръий ҳукмда маҳкам туриб, унинг сарҳадидан ўтиб кетмасликдир. Чунки Ҳуббоб ўз фикрини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдиришидан олдин бу манзилга — қўшин келиб тушган жойга — Аллоҳдан келган ваҳий билан келиб тушилдими, деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. Агар Аллоҳнинг ваҳийси билан тушилган бўлса, албатта бўйсунишини ва ҳеч қандай эътироз билдирмаслигини айтди. Чунки тўғри иш фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбари кўрсатиб берган ишдир. Қачонки Ҳуббоб бу иш ваҳий орқали бўлмаганлигини, балки уруш тадбири ва ҳийласи эканлигини билгандан кейингина ўз раъйи-фикрини билдирди.
Энди учинчи муносабатга келсак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш хабарларини билиб келиш учун хуфяларни юбордилар. Бу билангина кифояланмасдан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бориб душманнинг хабарларини билиб келишга муваффақ бўлдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр билан бирга отга миниб, душманнинг ишидан хабардор бўлиш учун бордилар ва бир кекса арабнинг олдида тўхтадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз донишмандликлари билан Қурайш келиб тушган манзил ва жойни билиб олишга муваффақ бўлдилар. Бунга кекса араб билан бўлган савол ва жавоб кифоя қилди. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи асҳобларини Бадр сувининг олдига маълумот олиб келиш учун юбордилар. Бу асҳоблар Қурайшнинг сув ичадиган жойига келиб қолдилар. У ерда икки ёш йигитча бор эди. Уларни ушлаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келдилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламу иккаласидан Қурайш қўшинининг сонини билиб олдилар.
Мана шу муносабат, душманни кузатиб жосуслик қилишнинг аҳамиятини ва унинг Аллоҳ Таъолонинг:
وَلا تَجَسَّسُوا
— „Жосуслик қилманглар“ [49:12]
деган сўзида келган жосусликнинг ҳаром эканлиги тўғрисидаги ҳукмдан мустасно эканлигини очиқ кўрсатиб беряпти. Чунки ўзининг мусулмон халқини жосуслик қилиб кузатиш ҳаром ва Исломда гуноҳи кабирадир. Аммо душманни жосуслик қилиб кузатиш эса бундан мустаснодир. Шунинг учун агар бугунги кунда мусулмон мамлакатларидаги юз бераётганидек бу иш ўз ўрнида бажарилмас экан, бу нарса душманни қўрқувга солиш ва заиф жойларини фош қилиш ўрнига, ўз мусулмон аҳолисини қўрқувга солиш ва тирноқ остидан кир излаб, унинг айбини қидиришни келтириб чиқаради. Бу эса ер юзида фитна ва жуда катта фасоддир.
Тўртинчи муносабат. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр кунида асҳобларининг сафларини тўғриладилар ва уларнинг сафларини жипслаштириб ҳамда вазифаларини аниқ белгилаб бериб, жанг ўринларидаги жой-жойларига қўйиб чиқдилар. Уларнинг жангга тайёр эканликларига амин бўлганларидан кейингина ўша ердаги қўмондонлик маркази сифатида қурилган чодирга кирдилар. Абу Бакр ҳам у киши билан бирга кирди. Шундан сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қила бошладилар ва Мавло Субҳанаҳу ва Таъолодан Ўзи ваъда қилган нусратни беришини ёлвориб сўрай бошладилар. Дуони кўп қилдилар. Абу Бакр эса эй Аллоҳнинг пайғамбари, Роббингизга шу дуоларингиз кифоядир. Албатта Аллоҳ сизга ваъда қилган нарсани рўёбга чиқариб беради, дер эди.
Дуо қилиш Исломда мана шундай тарзда бўлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча тайёргарликни кўриб, шундан сўнг чодирга кириб дуо қилдилар. Чунки дуо ибодатнинг мағизи, моҳиятидир. Унинг ажри жуда улуғдир. Лекин у душманни мағлуб қилишнинг тариқати (йўли) эмас. Балки мусулмон киши барча тайёргарликни кўриши, сабабларга киришиши, ишга қатъий бел боғлаши ва ишини пухта қилиши лозим. Худди шу вақтнинг ўзида Аллоҳ Субҳанаҳуга ёлвориб дуо қилиши ва дуода астойдил бўлиши зарур. Урушда ҳам, бошқа ишларда ҳам шундай бўлиши керак. Шунинг учун Халифаликни тиклашда фақат дуонинг ўзи кифоя қилмайди, балки бу ишга қаттиқ киришилади ва айни вақтда дуо билан ҳожат сўралаверади. Яҳудларни мағлуб қилишда ҳам дуонинг ўзи кифоя қилмайди, балки қўшинларни жанг учун ҳаракатга келтирилади ва дуо ҳам қилинади. Барча ишларда мана шундай йўл тутилади.
Баъзи муносабатлар мана шулардан иборатдир. Биз уларни, ана шу буюк ғазот орқали, яъни Аллоҳ Ўз бандаси бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нусрат-ғалаба берган ва унинг қўшинини ғолиб қилган буюк ғазот орқали баён этдик. Барча ҳамду сано ҳамма оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
Ал-ваъй (Онг) журналининг 153-сонидан олинди.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Абдуллоҳ
27.02.2018й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми